Жорий йилнинг 16 февралида Тошкент шаҳридаги Гейдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказида Ўзбекистонда «Низомий Ганжавий йили»нинг очилиши маросими бўлиб ўтди. Очилиш маросимида олимлар, педагоглар ва маданият арбоблари, Тошкент шаҳридаги йирик олий таълим муассасалари (Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент транспорт институти) ўқитувчилари ва талабалари, етакчи олий таълим муассасалари мутахассислари, Ўзбекистон Миллий Фанлар академияси раҳбарияти, Ўзбекистон ёзувчилар Кенгаши аъзолари, йирик ахборот-кутубхона марказлари («Турон» ва «Навоий») раҳбарияти ва мутахассислари, Дўстлик жамияти раҳбарияти, таржимонлар иштирок этди.
Қизил тасма кесилганидан сўнг, Озарбайжон Маданият маркази вестибюлида қатнашчилар «Низомий Ганжавий йили»га бағишланган махсус кўргазма ва Низомийнинг еттита асари қаҳрамонлари иштирокидаги композиция билан танишдилар. Шунингдек, шоирнинг ўзбек тилида яқинда чоп этилган асарлари тақдим этилди. Маданият маркази бадиий тўгарак аъзоларининг суратлар кўргазмаси бўлиб ўтди, буюк шоир шоир Низомийнинг миниатюралари ва ҳикматли сўзларини яратиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Тадбир иштирокчиларига Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари томонидан буюк Низомий Ганжавий асарларидан тайёрланган бадиий композиция тақдим этилди.
Ўзбекистонда «Низомий Ганжавий йили» нинг очилиш маросимида сўзга чиққан Гейдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббасов Озарбайжон Республикаси Президент Илҳом Алиев томонидан 2021 йилнинг «Низомий Ганжавий йили» деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистонда кўплаб тадбирлар ва лойиҳалар амалга оширилишини таъкидлади. Унинг айтишича, ўзбек матбуоти орасида Озарбайжон учун эълон қилинган танловнинг асосий тоифаларидан бири «Низомий Ганжавий - Озарбайжон ва жаҳон шеърияти даҳоси» мавзусидир. Йил давомида Тошкентда турк оламининг низомийшунос олимлари иштирокида "Низомий Ганжавий ҳаёти ва ижоди" мавзусида халқаро илмий анжуманлар, Марказий кўргазмалар залида Низомийнинг Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркияда сақланаётган асарлари асосида миниатюралар нусхалари кўргазмаси бўлиб ўтади.
Дипломат, шунингдек, Низомий Ганжавий мероси дунёда кенг тарғиб қилинаётганини айтди. Улуғ шоир таваллудининг 840 йиллиги милат етакчиси Гейдар Алиевнинг раҳбарлиги остида ва иштирокида, 2011 йил эса Президент Илҳом Алиев фармони билан нишонланган. Самир Аббасов Низомий Ганжавий ижоди, Низомий ва Навоий ўртасидаги адабий алоқалар, буюк шоирларнинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида маъруза қилди.
«Ўзбекистон-Озарбайжон» Дўстлик жамияти ижрочи директори, Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика университети профессори Эркин Нуриддинов ўз нутқида 2021 йил Озарбайжон ва ўзбек халқлари учун аҳамиятли эканлиги, Низомий Ганжавийнинг 880 йиллиги ва Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланганини таъкидлади. Шунингдек, у ҳар икки шахс ҳам туркий оламнинг фахри эканлигини ва келажак авлодлар ўз ижоди ҳақида кўпроқ билиб олишлари муҳим эканлигини айтди. Э. Нуриддинов Низомий Ганжавий шахсининг кейинги шоирлар ижодига ва озарбайжон-ўзбек достончилигига таъсири ҳақида сўз юритди.
Озарбайжон Маданият вазирлигининг расмий вакили, вазирлик маслаҳатчиси Элнур Алиев ўз видеохабарида вазир Анар Каримовнинг тадбир иштирокчиларига табригини етказар экан, Ўзбекистон билан алоқаларнинг муҳимлигини, қардош халқларнинг тарихий яқинлигини таъкидлаб, Низомий Ганжавийнинг бутун туркий дунёнинг шоири эканини таъкидлади.
Элнур Алиев Ўзбекистондаги Гейдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази лойиҳаси доирасида 2015 йилда ишга туширилган Низомий Ганжавийнинг "Ҳамса" сини ўзбек тилига таржима қилишни тарихий воқеа деб атади ва унга юқори баҳо берди. Тадбирда муваффақият тилаган ҳолда вазирлик вакили Низомий Ганжавий мероси бутун туркий ва ислом дунёси учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини ва халқларимизни янада яқинлаштиришини таъкидлади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси муовини, шоир Ғайрат Мажид, Ўзбек тили, адабиёти ва фолклор институти директори, профессор Низомиддин Маҳмудов, Беруний номидаги Тошкент шарқшунослик университети доценти Атҳамбек Алимбеков Низомий асарлари қайта-қайта ўзбек тилига таржима қилинганини, лекин Низомий Ганжавий меросини ўзбек тилига тўлиқ таржима қилиш биринчи марта Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол маданий маркази томонидан амалга оширилганини қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистонда Низомий Ганжавий ижодига қизиқиш катта эканли, Тошкентда улуғ шоирнинг бюсти ва унинг номи билан аталадиган Педагогика университети борлиги алоҳида таъкидланди.
Озарбайжонлик туркшунос олим, профессор Рамиз Аскар тадбирга видео хабар билан қўшилиб, Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий асарлари ва уларнинг адабиётимизга қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди. У Шарқ оламида шеър жанрига янгича услуб олиб кирган Низомийнинг "Хамса" си ўзига хослигини таърифлаб, халқимиз Низомий каби буюк шахсга эга бўлганидан хурсанд эканлигини таъкидлади.
Сўнгра "Низомий Ганжавий йили" га бағишланган видеоролик намойиш этилди. Видеоматериалда буюк етакчи Гейдар Алиевнинг даҳо шоирга бағишланган тадбирлардаги иштироки, Президент Илҳом Алиев ва биринчи вице-президент Меҳрибон Алиеванинг дунёнинг етакчи шаҳарларидаги Низомий Ганжавий ёдгорликларини намойиш этишдаги иштироки, шунингдек, "Низомий Ганжавий йили"га бағишланган режалаштирилган тадбирлар акс этган.
Тадбир сўнгида меҳмонлар ва иштирокчиларга Ўзбекистонда таниқли ва севимли мақом устаси, халқ қўшиқлар ижрочиси Даврон Қодировнинг Низомий асарларидан келтирилган сўзлар ижроси тақдим этилди ва бу иштирокчилар томонидан қизғин кутиб олинди.
Ўзбекистонда «Низомий Ганжавий йили»нинг расмий очилиши бўлиб ўтди
Озарбайжон Республикаси Президент Илҳом Алиев томонидан 2021 йилнинг «Низомий Ганжавий йили» деб эълон қилиниши муносабати билан Гейдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази буюк шоирга бағишланган қатор чора-тадбирлар ва лойиҳаларни амалга ошириш ниятида.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Маданият
|
Калит сўзлар