close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом ва унинг маданиятга таъсири ҳамда инсониятга бўлган фазлу марҳамати

بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, оила аъзоларига ва барча саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Мавзунинг кенг ва оламшумуллиги ҳақида:
"Исломнинг инсоният маданиятидаги таъсири" нафақат Муҳаммад соллолоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар этиб юборилиши, Ислом дини рисолати ва таълимотларига, балки воқеъликка, башариятнинг бугуни ва келажагига, Ислом умматининг маданият тузилиши ва уни йўналтиришдаги фаол ўрнига чамбарчас боғлиқ бўлган ҳаётий мавзудир.
Кўриб турганингиздек бу каби катта мавзуда баҳс юритиш бир шахс эмас, балки бутун бир академия шуғулланишга лойиқ мавзудир. Зеро, бу инсоний оламшумул мавзу ҳаётнинг барча майдонларида давомли ҳаракат этиб келди. Ислом ҳаракати замон ҳам, чегара ҳам билмасдир. Замоний майдонда Ислом дини, биринчи Ислом асридан то ҳозирги кунимизгача ҳаётда давом этиб келмоқда. Бундан кейин ҳам давом этади. Маконий майдондаги ҳаракатига келсак, Ислом дини шарқу ғарбгача етди ва етажак. Ислом дини маънавий майдонда ақидадан тортиб то одоб ахлоқ, юриш туришгача, ижтимоий ва шахсий майдондан тортиб то сиёсат, қонун ва халқаро алоқаларгача, халқ касби ҳунаридан тортиб то меъморчилик, адабиёт, шеърият ва беназир дид-фаросат майдонларида ўзлигини намоён этди.
Мазкур майдонларнинг ҳар бири бир қанча томонларни ўз ичига олган кенг майдондир. Бу майдонлар билан атрофлича танишиш эса ҳар бир мавзуга тегишли соҳада  забардаст мутахассис устозларга эга илмий академиялар вазифасидир. Академияда ҳар бир соҳа ўз мутахассисига топширилади. Мисол учун: бир устоз ақида ва исломий фикрлар ҳақида тадқиқот ишлари олиб боради. Иккинчиси ижтимоий соҳада Исломнинг ўрни ҳақида, учинчиси қонун ҳақида, тўртинчиси ҳуррият ва тенглик ҳақида, бешинчиси аёллар ҳуқуқи ва аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида ва ҳакозо.. натижада Исломнинг инсон маданиятидаги ҳиссаси ҳақида бир китобча ёки китоб эмас, балки бутун бошли энсиклопедия вужудга келади.
Ушбу китобчам ана шундай улкан мавзуга қисқа муддат ичида, тиқилинчда қўшган ҳиссамдир, холос. Улуғларимизнинг:й
 ما لا يدرك كله لا يترك جله                                             
(Барчасини идрок қилиб бўлмаган ишни бор-йўғидан кечиб юборилмайди = яъни эшаги унмаса тушови унар)
- деган ҳикматли сўзлари бор. Аллоҳ таолонинг: ( Энди агар унга шаррос қуйган ёмғир тегмаган бўлса, майдалаб ёққан ёмғир ҳам кифоя қилади. Оллоҳ қилаётган амалингизни кўргувчидир), деган сўзи эса юқоридаги ҳикматдан-да етук маънолидир. (Бақара 265).
Энг оғир ва  мураккаб амалиётлар:
Назаримда, энг оғир ва мураккаб амалиёт: бир бирига химикатлар сингари бирикиб кетган маданиятни таҳлил этиш, турли замон ва муайян вақтларда бир-бири билан аралашиб кетган маданият унсурларини ажратиш, ҳар бир унсурни ўз аслига қайтириш, унинг миқдори, таъсири ва мақбуллигини белгилаш, инсоният маданиятидаги ижобий бурилиш ва уни тубдан ўзгартиришда фазлу-марҳамат қайси миллатга қайтишини тайин этиш бўлса керак.
Бу амалиётнинг машаққатлигини унсурларнинг маданият тузилиши билан башарият жамиятида нақадар чуқур ўрнашиб кетганидан ҳам билсак бўлади. Унсурлар ва таъсирларнинг маданият тузилиши билан башарият жамиятининг ич-ичигача кириб, қон билан жон мисоли аралашиб, ўзаро таъсир ўтказиши оқибатида: ижод омиллари, тарбия, атроф-муҳит, шахс ҳаётида озуқ-овқатнинг аҳамияти ҳамда ҳар бир шахс ўз шахсиятига эга бўлиш масалаларида Ислом маданиятига хос ҳолат-табиат пайдо бўлди.
Лекин афсуски, ҳозиргача тарихни таҳлил қилишга қодир химия лабараторияси ҳам, маданиятнинг бу даражада шаклланишида рол ўйнаган бўлакларни катталаштириб кўрсатувчи микраскоп ҳам ихтиро этилганича йўқ.
Шундай экан, ҳар бир халқ, миллат, давлат ва жамиятнинг ўтмиши ва ҳозирини таққосламоғимиз керак. Ислом даъватининг эътиқодларни ўзгартириш, тузатиш, жоҳилият қолдиқлари, бутпараст фалсафалар, аждодлардан  ўтган урф-одатларга барҳам бериши, фикрий ҳаракатни бир томондан иккинчи томонга буриши, урф-одатлардаги қўзғолоний ўзгартиш ҳамда маданиятларни тартиблаш ва такоммиллаштиришдаги даъват ҳаракатини билишимиз учун халқлар тарихини чуқур ўрганмоғимиз лозим. Табийки, бу нарса биздан чинакам ўрганишни, ҳам  жисмоний, ҳам маънавий заҳмат кечишни талаб қилади. Лекин ҳар қанча куч сарфлансада, бу мавзу машаққатга арзугулик қимматли мавзудир. Юнескога ўхшаш илмий муассаса ёки европа ва Америкадаги бирон бир академия бу каби улкан ишнинг уддасидан чиқолмайдиган бўлса, у ҳолда бу вазифа Ислом шарқи пойтахтларининг биридаги илмий академия ёки Исломий Университетлардан бирига юклатилиши шарт.  
 
Ислом маданияти таъсир ўтказган майдонларни белгилашнинг мушкуллиги:
Инсоният маданиятида Ислом таъсир ўтказган майдонларни аниқлаш ва белгилаш мушкул. Чунки Ислом динининг инсоният маданиятига таъсири қон билан жон мисоли аралашиб, сингиб кетгандир. Ер куррасидаги турли миллат ва элатлар Ислом маданиятидан таъсирланганликларини сезмайди. Улардаги инсоний маданиятлар аслида ёт, Исломий маданият эканини ҳеч вақт хаёлига келтирмайди. Чунки, Исломий маданият унсурлари аллақачон ҳамма миллатнинг ажралмас бир бўлаги, фикрлаши, маданияти ва ҳаётига айланган. Шу ўринда мен: "Мусулмонлар таназзули сабабли олам нима зиён кўрди", номли китобимдан, Ислом маданияти ва унинг башарият йўналишидаги таъсири ҳақида ёзганларимдан иқтибос келтираман.
Бутун дунёнинг Ислом маданиятидан таъсирлангани ҳақида:
"Одамлар табиати ва ақллари ўзлари билиб, ё билмаган ҳолда худди инсон билан ўсимликлар табиати баҳор фаслидан таъсирлангани сингари Исломдан таъсирланиб борарди. Ислом таъсирида тошбағрлар юмшай бошлади, қаттиқ дилларда синиқлик пайдо бўлди. Ислом асослари ва ҳақиқатлари одамлар онгига сингиб бораверди, нарсалар қиймати одамлар назарида ўзгара бошлади, эски ўлчовлар ўрнини янги ўлчовлар эгаллаб бораверди.. жоҳилият қолоқликда, жоҳилият тарафдорлари эса аҳмоқликда айбланадиган даражага етди. Ислом дини эса янгилик ва тараққиёт рамзига айланди. Мусулмонлар ақллилар ва донолар, дея танилдилар. Нафақат умматлар, балки забонсиз ер ҳам аста секин Исломга яқинлашарди. Лекин ер устидагилар қуёш атрофида айланганларини сезмаганларидек, ўзларининг Исломга яқинлашаётганларини ҳам сезмасдилар. Ислом таъсири турли миллат ва элатларнинг фалсафаларида, динларида, маданиятларида намоён бўлар, ички дунёлари эса буни фош этарди. Мусулмонлар таназзулидан кейин ислоҳот ҳаракатларини ғайримуслимлар олиб боргани, уларнинг Исломдан таъсирланганидан дарак берарди".

Ўнта муҳим ҳадялар ва асосий тортиқлар
Биз Ислом маданиятининг дунёга таъсирини мухтасар шаклда, дунё халқларининг ҳаёти ва маданиятида яққол намоён бўлган ўнта муҳим ҳадялар ва асосий қимматли тортиқларда кўрсатишимиз мумкин. Бу ўнта ҳадя инсониятни тўғри йўлга бошлашда, инсоният ислоҳоти, уйғониши ва тараққиётида катта рол ўйнаган асосий омиллар ҳисобланади. Бу ўнта ҳадя инсониятнинг қоронғу ўтмишидан бутунлай ўзгача янги нурли ҳаёт яратди. Бу ўнта ҳадя қуйидалардан иборат:
1-    Соф тавҳид ақидаси.
2-    Инсоният бирлигининг асоси ва башариятнинг тенглиги.
3-    Инсоннинг мукаррам ва олийлигини эълон қилиш.
4-    Аёлларга ҳуқуқ ва ҳурматини қайтариш.
5-    Ноумидлик ва  бадбинликка қарши кураш, ҳар бир инсон қалбида умид, ишонч ва улуғлик уруғини сочиш.
6-    Дин билан дунё орасини жамлаш ва тарқоқ жамоатларни бирлаштириш.
7-    Дин билан илм ўртасида доимий муқаддас алоқани вужудга келтириш, дин билан илмнинг оқибатини бир-бирига боғлаш, илмни улуғлаш, илм олишга қизиқтириш ва Аллоҳ ризосига етказувчи илм йўлини кўрсатиш.
8-    Ақлни ишлатиш, диний масалаларда ақлдан фойдаланиш ҳамда инсонни ўз вужудидаги ва коинотдаги оятларга назар қилишга чорлаш.
9-    Ислом уммати ўзининг бутун дунёга васийликларини, одоб-ахлоқ, йўналишлар, шахслар ва миллатларни яхшиликка буюриб, мункар ишлардан қайтарувчи эканини қабул қилиш, адолат ўрнатиш ва Аллоҳ учун гувоҳ бўлиш масъулиятини зиммасига олишларидир.
10-       Халқаро маданиятли ақидавий бирлик.
Юқоридаги унвонларнинг ҳар бирини зимнида маданиятлар, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар этиб юбирилишларидан олдинги жоҳилият асрлар ҳамда Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам юборилгандан кейин дунёга келган инсон ҳаётини батафсил ва ўта ишончли тарзда баён этувчи узундан узоқ қиссалар ўрин олади.  Бинобарин, мазкур унвонларнинг ҳар бири мустақил китоб бўлишга арзигулик мавзулардир.
Энди, Ислом дини сўзсиз таъсирини ўтказган майдонлар ҳақида бирин-кетин сўз юритамиз. Ислом динининг таъсири ҳамда Исломнинг халқаро инсоний таълимотларини қисман ёритамиз.

 Аниқ, соф тавҳид ақидаси

Исломнинг биринчи ҳадяси, ҳазрат Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг тилларда достон энг катта сифати: Ислом динининг инсониятга бебаҳо, соф тавҳид ақидасини тортиқ этганидир. Тавҳид ақидаси: ҳаракат, муъжиза, куч ва ҳаётга лиқ тўла, вазиятларни бутунлай ўзгартирувчи, ботил илоҳларни парчаловчи ақидадир. Инсоният бунга ўхшаш ақидага бундан илгари етолмаган ва то қиёматга қадар етолмайди ҳам. Унга етказувчи ягона йўл эса Исломдир.

Ширк ва бутпарастликнинг инсон ҳаётидаги асари:
Инсон боласининг табиати қизиқ. У бир вақтнинг ўзида энг кучли ва энг заиф махлуқдир. Ўзини доно билиб шеър, фалсафа, сиёсат ва ижтимоий соҳаларда бекорчи фикрлар, пуч даъволарни кўтариб юрувчи ҳам у. Турли миллат ва давлатларни тўхтовсиз қул қилувчи ҳам у. Тошдан гўзал гул ундирган, тоғларни ёриб дарё оқизган ҳам унинг ўзидир. Гоҳида ҳаддидан ошиб "Худо"ликни даъво қилган ҳам шу инсондир. На фойда беришга ва на зарар етказишга қодир бўлмаган, мол мулк беролмайдиган ёки Аллоҳ берган неъматларни қайтара олмайдиган арзимас нарсаларга сажда қилувчи ҳам шу инсондир. Аллоҳ таоло айтди: ( Эй инсонлар, бир масал айтилгандир, бас унга қулоқ тутингиз! — Аниқки, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар, агар чивин улардан бирон нарсани тортиб олса уни (ўша чивиндан ҳам) қутқариб ола билмаслар). (Ҳаж 73).
Инсон зоти ўзи ясаган нарсага сиғинар, қўлида ясаган нарсадан қўрқар ва ундан яхшилик умид қиларди. У нафақат баланд тоғлар, тошқин дарёлар, дарахлар, ҳайвонлар, руҳлар, шайтонлар ва бошқа табиатдаги баҳайбат нарсаларга, балки ҳашаротлар ва қуртларга ўхшаш арзимас нарсаларгача сиғинди. Умрини қўрқув, васваса, хаёл, ваҳима, тинчлик ва орзулар оғушида ўтказди. Охир-оқибат эришган нарсаси қўрқоқлик, заифлик, фикрий бўшлиқ, нафсий беоромлик, ишончсизлик, беқарорлик бўлди. Хусусан, Ҳиндистон бароҳималари  бошқа миллатлардан маъбуд ва илоҳларининг кўплиги билан ажралиб турарди. Тарих манбаларида 6-милодий асрда ҳинд бароҳималари маъбудларининг сони 330 миллионтага етгани қайд этилган . Улар кўзлари тушган баҳайбат ёки фойда берадиган нарсани "маъбуд" қилиб олишарди.

Тавҳид ақидасининг ҳаётга таъсири:
Сўнгги пайғамбарга нозил этилган сўнгги самовий китоб Қуръони-карим ва суннати Росулуллоҳ бизларга бу олам эгасиз ёки бир қанча подшоҳлар орасидаги шерикли давлат эмас, балки бу оламнинг ягона эгаси борлиги ва У Аллоҳ эканини билдирлар. Бу оламнинг Яратувчиси, Ясовчиси, Ҳокими ва Тадбиркори ягона Аллоҳдир. Яратиш ҳам, буюриш ҳам, ҳукм ҳам Уникидир. Аллоҳ таоло айтди: (Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам Ёлғиз Уникидир). (Аъроф 54). Бу оламда бирон иш Унинг буйруғи ва қудратидан ташқари содир бўлмайди. Аллоҳ бу оламни Ўз хоҳиши ва қудрати ила яратди. Коинотдаги бутун борлиқ Аллоҳга бўйинсунган, амрига итоат этган ҳолда пайдо бўлди. Аллоҳ таоло айтди: (Ахир осмонлару Ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйинсуниб турибди-ку). (Оли Имрон 83). Бинобарин, ирода ва ихтиёрга молик барча жонзот ўз хоҳиши ила Аллоҳга сиғиниши шарт. Аллоҳ таоло айтди: ((Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис Дин Ёлғиз Аллоҳникидир ( яъни, Ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилишга лойиқ Зотдир)). (Зумар 3).
Тавҳид ақидасининг инсон ақлига кўрсатган дастлабки таъсири: бутун оламнинг ягона марказ ва битта низомга тобеълигини англатиш бўлди. Инсон бу оламнинг қайси бўлагига қарамасин, унинг ягона низомга боғлиқлигини кўради. Бу олам ўз-ўзидан пайдо бўлмаганини фаҳмлаган инсонгина яшашдан мақсад нималигини тушуниб етади. Бу борлиқда фикри ва амалини ҳикмат ва илм асосида тўғирлай олади.
Сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам инсониятга бебаҳо бойлик инъом этдилар. У зот ҳимматларни чархловчи, яшашдан мақсадни англатувчи осон, соф ақидани тақдим этдилар. Натижада бундан баҳраманд бўлганлар қўрқувдан қутилди. Бу ақидани англаган инсон Аллоҳдан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмас - ботирга айланди. Зарар етказувчи ҳам, фойда берувчи ҳам, бойлик берувчи ҳам, уни ман қилувчи ҳам Ёлғиз Аллоҳ эканига, Унинг бандаларига ҳожатбарор эканига чин дилдан ишонди. Янги маърифат ила бутун олам бу инсон назарида ўзгача тус олди. Ислом ақидаси сабабли инсон қулликдан, банда бандачилигидан, махлуқлардан умид қилиш ёки қўрқишдан, ҳар қандай фикрига халал берувчи нарсалардан сақланди.         
Инсон бу борлиқда ўзининг бирлигини сезди, ўзини махлуқотлар султони, Аллоҳнинг ердаги халифаси эканини билди. Буни билган банда табиийки,  Парвардигори ва Яратувчиси бўлмиш Аллоҳга итоат этади ва Унинг буйруқларини бажаради. Шу билан у узоқ замонлардан бери дунё юзини кўрмаган инсоний олий шарафини рўёбга чиқарди.

Тавҳид ақидасининг оламга таралган садоси ва унинг бошқа динлардаги таъсири:
Сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилиши инсониятга жуда ноёб туҳфа тақдим этди. Дунёдаги турли ақидалар орасида номаълум ва мазлум бўлган Тавҳид ақидасини инъом этди. Кейинчалик бу улуғ ақиданинг садоси оламни тутди. Дунёдаги фалсафа ва даъватлар беистисно озми-кўпми бу ақидадан таъсирланди.
  Ширк ва кўпхудоликка асосланган катта диёнатларга Ислом қон билан жон мисоли қоришиб кетолди. Бу нарса мушрикларни оламлар Парвардигори Ёлғиз Аллоҳ эканини шивирлаб бўлсада, тан олишга мажбур этди. Натижада мушриклар ўзларининг ширкий эътиқодларини ширк ва бидъат туҳматидан покловчи, айни пайтда Исломнинг тавҳид ақидасига ўхшатувчи фалсафий таъвил излай бошладилар. Ҳатто бошқа турли дин пешволари ширкларидан уяладиган, хижолат бўладиган даражага етдилар. Ширкий низомларнинг бариси хор ва шармисор бўлди. Шунга кўра, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилиши ила инсониятга бахт улашган соф ақида инсониятга ато этилган бебаҳо туҳфа саналади.
Устозимиз аллома Сулаймон Ан-Надавий бу нозик ақидавий ҳақиқатни ва унинг инсоният тарбиясидаги ўрнини "Сийратун Набий" номли машҳур китобида баниҳоят гўзал суратда кўрсатишга муваффақ бўлганлар. У киши мазкур китобида жумладан қуйидаги сатрларни келтирганлар: "Тавҳид ақидасидан бехабар умматлар одамийлик маъносини деярли тушунмасди. Улар кучли кўринган нарсаларга ўзларини қул-банда, деб билардилар. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам келтирган тавҳид ақидаси онгида қаттиқ ўрнашиб қолган қўрқинч ҳиссиётлардан инсонни озод этишга муваффақ бўлди. Инсон тавҳид ақидасининг фазлу марҳамати ила Аллоҳдан ўзга бирон нарсадан қўрқмас, ҳур инсонга айланди.
Инсон зоти илгари қувват манбаи ҳисоблаб сиғиниб келган қуёш, ер, дарё, денгиз ва ҳакозо.. улкан махлуқотлар инсонга мусаххар этилганини, инсон махлуқотларга эмас, аксинча ўша махлуқотлар инсонга бўйинсундирилганини билди. Тавҳид ақидасидан бохабар хар бир шахсда одамлар устида ҳукм юритувчи ҳокимлар ва подшоҳлардан "худо"дан қўрққандек ҳайиқиш тамоман йўқолди. "Мен сизларнинг энг буюк парвардигорингиздирман", дегувчи Бобил, Миср, Ҳиндистон ва Эрон маъбудлари, сиғиниладиган "худолар" эмас, аксинча халқни ҳимоя қилувчилар, халқнинг хизматкорлари экани маълум бўлди. Ўша подшоҳларни мансабларига кўтарувчи ёки аксинча мансабларидан туширувчилар ботил маъбудлар эмас, балки инсон зоти экани аён бўлди.  
Ёлғиз Аллоҳни қўйиб, турли маъбудларга бўйинсунивчи башарият жамиятининг яшаш тарзи йўлдан чиққан, тарқоқ ва халқи турли табақаларга бўлинган, улар устида золим урф-одатлар ҳукмрон эди. Золим урф-одатларга кўра кимдир олий табақа, яна кимдир қуйи табақага мансуб эди. Улар эътиқодида олий табақага мансубларни "Бармишур" (Ҳиндостоннинг катта маъбуди) бошидан яратган. Шу боис улар ҳукмдор олий табақа бўлиб дунёга келган ҳисобланарди. Қуйи хизмакорлар табақаси оёқларидан яралганлар. Ўрта табақага мансублар эса қўлларидан яратилганлар. Бунингдек уруғ ва сулоласига қараб турли табақа ва тоифаларга бўлувчи ақида таъсирида яшаб келган башарият жамияти инсоният тенглиги, инсоний улуғлик, инсон ҳуқуқлари ва тенг ҳуқуқлик каби маъноларни тушунмаслиги табиий ҳол. У даврдаги ҳаёт тушунчаси ўзаро курашлар ва табақаларнинг  фахрланишидан иборат эди. Исломнинг тавҳид ақидаси жоҳилият зулуматини тарқатди. Ислом ақидаси орқали одамлар илк бор тавҳид ақидаси ва инсоний биродарлик маъносини тушуниб етдилар. Ислом ақидаси таълим берган инсоний ухувват – биродарлик тўқима ўлчовларга барҳам берди, ана шу ақида орқали инсон зоти тенг ҳуқуқлигини билди. Ислом ақидасининг ижобий натижаларига, турли миллат ва халқларнинг бу ақидадан нақадар таъсирланганига тарих шоҳиддир. Барча миллат ва диёнатлар Ислом ақидасининг маъноси, ўлчовларни ўзгартиришдаги фаоллигини тамоман идроқ қилмасаларда, аммо Исломий ақиданинг фазлу марҳаматини истасалар, истамасалар тан олмасдан ўзга чоралари йўқ.
Тавҳид ақидаси асосларига ишонмаган халқлар ҳозиргача ҳам инсоний тенгликнинг ҳақиқий манбасига етолмасдан гаранглар. Чунки инсоний тенгликни нафақат уларнинг жамият ва мажлисларида, балки ибодатхоналарида ҳам учратиш амримаҳол. Ҳатто ибодатхона қатновчилари пратакол асосида қаршиланадиган жамият аъзолари тавҳид ақидасини қандай тушунсин, ахир.
Шак-шубҳасиз, биз мусулмонлар катта неъмат устидамиз. Дарҳақиқат, биз мусулмонлар тавҳид ақидасини бизга Ёлғиз Парвардигоримиз, Олий ва Қодир Зотнинг фазлу марҳамати ила ўн уч аср олдин билдик. Биз мусулмонлар одамлар ўз олдиларидан тўқиб олган ясама ўлчов-меъёрлар ва даражадалар бундан ўн аср бурун қўтилган эдик. Ислом динида одамлар тароқ тишлари сингари тенгдирлар. Одамларни ўзаро бирлаштирувчи нарса тавҳид калимасидир. Одамлар Ислом динида рангги, ирқи, ватани ва миллатига қараб ажратилмайди. Мусулмонлар ҳаётда бир-бирлари билан тенг ва аслзодалар каби муомалада бўладилар. Уларнинг ўзаро ортиқлиги имонига қараб бўлади. Аллоҳ таоло айтди: (Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир). (Ҳужурот 13).  

Исломий тавҳид ақидасининг Ҳиндистондаги таъсири:
Ҳиндистонлик таниқли тадқиқотчи К.М. Паникар (K.M.Panikkar) Исломий тавҳид ақидасининг Ҳиндистон халқи ва диёнатларига ўтказган таъсирини бундай тасвирлайди:
"Ислом ҳукм юритган даврда Исломий тавҳид ақидасининг ҳиндий диёнатларига ўтказган чуқур таъсири чин ҳақиқатдир. Аслида, ҳиндикийлардаги Аллоҳга ибодат қилиш фикри Исломдан олингандир. Ҳозирги даврдаги фикр ва дин пешволари ўз маъбудларини нима деб аташлашларидан қатиий назар, халқини Аллоҳ ибодатига даъват қилганлар. Илоҳ ёлғиздир, фақат ягона Илоҳ ибодатга ҳақлидир, нажот ва саодат Ундан тиланади, деб очиқ айтганлар. (Bhagti) ва Дас каттасининг даъватига ўхшаш Ислом ҳукм этган даврда юзага келган ҳиндистондаги диёнат ва даъватларда Ислом ақидасининг таъсири яққол кўзга ташланади.  /
Ҳиндистоннинг сиёсий, аскарий ва ижтимоий майдонларида катта рол ўйнаган "Сийх" (sikhs)  тоифасининг аҳволи ҳам юқорида зикр этилган тоифалардан фарқ қилмасди.
Сийх тоифасининг тарихидан шу нарса маълум бўладики: ҳиндикуйлар диёнатида бу тоифанинг пайдо этилишидан асосий мақсад: диний эътиқодларни поклаш бўлганидан дарак беради. Сийх мазҳабининг асосчиси Ислом таълимотидан таъсирланган "Баба Нанак" исмли кишидир. У сабоқлари ва дин илмини художўйлиги ила танилган Саййид Ҳасан исмли кишидан форс тилида таълим олади. Тиришқоқ Баба Нанак устози Саййид Ҳасаннинг эътибори ва меҳрибончилигига сазавор бўлади. Баба Нанакнинг Саййид Ҳасандан ташқари мусулмон ва ғайри муслим олтита устози бор эди. Баба Нанакнинг икки ҳарамни зиёрат қилгани, бир неча кун Боғдодда тургани ҳам ривоят қилинади. Унинг Панжоблик тариқат шайхларидан бири шайх Фарид билан ҳам алоқаси бўлган.
Баба Нанакнинг даъват ва таълими асосан тавҳид ақидаси, инсоният тенглиги, бут ва санамлар ибодатидан четланишга қаратилган .
Профессор Тарачанд (D. R Tarachand) "Исломнинг ҳиндлар маданиятидаги таъсири" номли китобида (Influence of Islam on India culture)  (Barith) нинг "ҳиндийлар диёнати" китобидан иқтибос келтирган жумлаларида бундай ёзади:
"Шуни таъкидламоқ жоизки, Ҳиндистон жанубидаги диний ва фалсафий мадрасалар истисносиз қадимий низомдан олингандек кўринади. Лекин умумий қаралганда, бу мадрасалар Ислом таъсирининг кўзгусидир. Демак, ҳиндистон мадрасаларининг Исломдан таъсирлангани мантиқийдир".

Тавҳид ақидасининг масиҳий (насроний)лар оламидаги таъсири:
Устоз Аҳмад Амин бундай ёзади: "Масиҳийлар орасида Исломдан таъсирланганликдан дарак берувчи баъзи мойиллик намоён бўлди. Мисол учун: саккизинчи милодий, иккинчи ва учинчи ҳижрий асрларда Септамания (Septimania)  да епископлар олдида гуноҳларни тан олишдан бош тортиш ҳаракати бошланди.  Епископларнинг гуноҳларни мағрифат этишга ҳақлари йўқ. Инсон гуноҳлари учун ёлғиз Аллоҳга тавба-тазарруъ қилиши керак, деган эътиқод олға сурилди. Исломда эса поплик ҳам, роҳиблик ҳам, донишмандлик ҳам йўқ. Боз устига  Ислом динида гуноҳ учун Аллоҳдан ўзгадан мағфират сўралмаслиги ҳам маълум.
  Масиҳийлар орасида диний сурат ва ҳайкалларни (Iconoclast) парчалашга даъват этувчи ҳаракат Ислом ақидасининг масиҳийларга ўтказган таъсирининг маҳсули эди. Саккиз ва тўққизинчи мелодий, учинчи ва тўртинчи ҳижрий асрларда масиҳийларда сурат ва ҳайкалларни муқаддаслаштиришга қарши мазҳаб пайдо бўлди. Руминия императори "Лю" уч, 728 милодий йили сурат ва ҳайкалларни муқаддаслаштиришнинг ҳаромлиги ҳақида фармон чиқарди. Орадан икки йил ўтиб 730 ҳижрий йили бу иш билан шуғулланиш бутпарастлик ҳисобланиши ҳақидаги кейинги фармони ҳам эълон қилинди. Папа Грегорий 2 ва 3, Константиния патриархи Журмонис ва императора Ирина хонимларнинг суратлар ибодатини қўллаб-қувватлашларига қарамасдан Константин 5 "Лю" 4 ҳам сурат ва ҳайкалларга сиғинишга қарши эди. Масиҳийларнинг бу икки тоифаси орасидаги кураш шиддатли кечди. Бу ўринда бизга муҳими масиҳийлар орасида кечган ўзаро кураш эмас, балки баъзи тарихшуносларининг: сурат ва ҳайкаллар ибодатини тарк этишга ундовчи масиҳийлар даъвати Ислом таъсирининг натижаси эди, деб ёзганларини эслатишдир.           
Ривоятларда келишича, 828 милодий, 213 ҳижрий йили Торин епископи этиб тайинланган Андалусда туғилиб-ўсган Кладуюс (Claudius) сурат ва ҳайкалларни ёққан ва ўз епископлигида сурат ва ҳайкаллар ибодатидан қайтарган экан. Ҳайкал ва жонли нарсалар суратларига сиғиниш Исломда ҳаромлиги ҳаммага маълум.
Имом Бухорий ва Муслимлар Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда, Оиша онамиз бундай дедилар: "Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сафаридан қайтишларига, хонамиз даричасига расмли кашта тутиб қўйгандим. Кўзи каштага тушган заҳоти, уни юлиб олдилар ва ранглари учган ҳолда: эй Оиша! Қиёмат кунида азоби қаттиқ бўладиган кишилар, Аллоҳнинг яратишига ўхшаш яратганлардир, дедилар. Бундан кейин биз ўша каштани (парда) йиртиб, ундан бир, иккита ёстиқ қилдик". Бу борада ворид бўлган ҳадислар талай.
Масиҳий (насаро)лар  орасида учлик ақидасини бирлик – тавҳидга яқин маънода шарҳлаб, Ийсо алайҳис саломнинг худолигини инкор қилган тоифалар ҳам чиққан.  
 Европанинг диний ва масиҳий каниса тарихи билан танишган киши амалдаги епископга қарши чиққан ислоҳотчи ва қўзғолончилар ҳаракатида Исломнинг ақлий таъсирини кўриши мумкин. Муҳтарам масиҳий ёзувчи (J.Bass)нинг айтишича ўн олтинчи милодий асрдаги Лосер (Lother)  даъватида Ислом таълимотлари ҳамда Ислом динининг истлоҳотдаги ўрни оз миқдорда бўлсада, инъикос этди. Бунга илова, йироқда бўлишига қарамасдан ўрта асрлардаги эски удумлар ва каниса босимига тобеъликдан иборат митин тўсиқларни тешиб ўтувчи нур инъикоси ҳам гоҳо жилоланарди.  
Арнест Ди Бансаннинг (Ernest de bunsen)  фикрича, Павел(paul) (A.D. 56-10)нинг масиҳийларга ўтказган қаттиқ нуфузи ва унинг фикрларига ва насронийлар ақидасидаги тафсирига масиҳийларнинг сўзсиз бўйсунишларига қарамасдан, одамларни каниса зулмидан озод этувчи Ислом ақидасидан таъсирланган зиё жилоланарди.
Лосир етакчилик қилган протестант мазҳаби дунёвий ва диний ишлар, ҳар бир шахсга эҳтиром ҳурррияти, ишларда ҳукм чиқариш ҳуқуқи ҳамда диний ўзаро кечиримлик ҳуқуқи берилишига ўхшаш ҳур фикрларга эга эди. Бу нарса ўз-ўзидан ўша даврдаги тақлидчилик ва диний ҳокимиятга тамоман зид саналарди. Протестант мазҳаби бошқаларга зид равишда: ҳар бир шахс фақат Аллоҳ олдида жавобгардир, каниса олдида эмас, деган тушунчани олға сурди.
Бу ўринда, ундоқ бўлса, нега бунга ўхшаш ҳаракатлар ижобий натижага эришолмади?-деган савол туғилиши табиий.
Кези келганда, ўта муҳим, айни замонда барча динлар тарихи тасдиқлаб, барча миллатлар руҳан тан олган бир ҳақиқатга урғу бермоғимиз айни муддаодир. Бу ҳақиқат шундан иборатки: барча динларда кўтарилган қўзғолонлар ислоҳот ҳаракати, қўзғолон раҳбарияти ва даъватчиларининг ихлос ва жонбозликларига қарамасдан самара бермаган. Бунга сабаб: ўша ҳаракатларнинг ўзгартирилган ёки тамоман тўғри йўлдан чиққан дин-эътиқоддан бутунлай ажрамаганлиги ва мустақил эътиқодга эга эмаслиги эди. Шу боис, бу гуруҳлар даъвати диёнатларнинг катта диний жамиятида қумга сепилган сувдек сингиб кетарди. Ислоҳот қўзғолони ҳаракатининг бирдан бир иши: узоқ асрлардан бери ўзгартирилган ёки тўғри йўлдан чиққан диёнатлардаги муҳим ақидаларни инкор этишга қаратиларди. Қўзғолон ҳаракати раҳбарияти асрлар оша давом этиб келаётган ўзгартирилган ёки тўғри йўлдан тамоман чиққан дин вакиллари билан келишишдан ўзга чора топмагач, ноилож ўзаро кечиримлик асосини маҳкам ушлаб олардилар. Натижада нотўғри ақидага қарши кўтарилган ҳаракатлар самарасиз қолар, сарфланган бор куч-ҳаракат ҳавога совурилгандек бекорга кетарди.  Масиҳий ва ҳиндийлар диёнатларига қарши чиққан тавҳид ақидаси ва башарият тенглигига чақирувчи қўзғолон ҳаракатларининг самара бермаганлигини боиси шудир.
Демак, халқни тўғри ақидага даъват қилишдан олдин, даъватчиларнинг ўзлари бузуқ, нотўғри ақидадан бутунлай ажраган ва йироқ бўлишлари шарт. Барча пайғамбарларнинг даъват йўли ва тарихидан шу нарса маълумки: улар бузуқ ақидадан тамоман ажраган ва мустақил ҳолда халқини ёлғиз Аллоҳ ибодатига чақирганлар. Пайғамбарлар ва Ислом динининг даъвати чигалсиз, аниқ-равшан ва кучли бўлган. Бунга далил саййидимиз Иброҳим халил пайғамбар ва унга эргашган мўминларнинг замондошлари бўлган мушрикларга айтган ушбу сўзларидир. Аллоҳ таоло айтди: Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Оллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар ёлғиз Оллоҳга иймон келтиргунларингизча сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар. Фақат Иброҳим ўз(ининг кофир бўлган) отасига: «Албатта мен (Оллоҳдан) сен учун мағфират сўрайман, (лекин) сенга Оллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсани (азобни қайтаришга) молик эмасман», (деган сўзларигина сизларга намуна бўлмасин)?
И з о ҳ. Иброҳим алайҳис-салом оталарининг иймонга келишидан умидвор бўлиб, унга Оллоҳ таолодан мағфират сўраш ҳақида ваъда қилган эдилар. Аммо унинг иймонга келмаслиги аниқ маълум бўлгач, Иброҳим пайғамбар ундан юз ўгирганлар. Бу ҳақда «Тавба» сурасининг 114-оятида баён қилингандир.
(Иброҳим ва у билан бирга бўлган мўминлар яна шундай дуо қилган эдилар): «Парвардигоро, ёлғиз Ўзингга таваккул қилдик ва Ўзингга инобат-тавба қилдик. Ёлғиз Сенгагина қайтишимиз бордир.(Мумтаҳана 4).
Аммо шу нарса маълум бўлсинки, абул анбиё Иброҳим алайҳис саломнинг мазкур сўзлари, ўз замонига хос эмас, балки у зотдан кейингилар ҳам юриши шарт бўлган йўлдир. Шу боис, у зот ўзидан кейингиларни ўз йўлига даъват этганини Қуръон қуйидагича баён қилди: Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. 27. Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (ҳақ динга) ҳидоят қилажак». 28. У (Иброҳим) ўшани (яъни ўзининг ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиши ҳақидаги сўзни ўзидан кейин келадиган зурриёт-авлодлари ҳам унга) қайтишлари учун ўз ортида қолгувчи сўз қилди. (Зухруф 26-28).
Абул анбиё Иброҳим алайҳис-салом дуоларининг барокати ила Ислом динининг таълимотлари то қиёматга қадар очиқ-ойдин ҳолда сақланадиган бўлди. Аллоҳ таоло айтди: (Лекин Оллоҳ ҳалок бўлгувчилар (яъни, кофирлик йўлини тутгувчилар) очиқ ҳужжат билан (яъни, Оллоҳнинг мўъжизасига гувоҳ бўлган ҳолларида) ҳалок бўлсинлар, тирик қолгувчилар (яъни, иймонига келувчилар) ҳам очиқ ҳужжат билан тирик қолсинлар, деб қилинувчи бўлган ишни (яъни, мусулмонларнинг ғалаба қозонишлари, кофирларнинг мағлуб бўлишларини) амалга ошириш учун (Сизларни тасодифан тўқнаштириб қўйди). Шак-шубҳасиз, Оллоҳ эшитгувчи, билгувчидир). (Ал-Анфол 42).  

Инсоният аслининг бирлиги ва башариятнинг тенглиги

Инсониятнинг биродарлиги ҳақидаги мисли кўрилмаган тарихий нидо
Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг иккинчи тилларга достон, инсоний фазилати: инсоният бирлигини инсон тасаввурига сиғдиришларидир.
Сўнгги пайғамбар эълонидан илгари одамлар қабила, ирқ, миллат, уммат ва давлатларга мансуб эдилар. Табақачилик ва ирқчилик кенг таноб отган, одамлар табақасига қараб юқори ёки қуйи саналар эди. Кимдир обид, кимдир маъбуд, кимдир ҳур, кимдир қул эди. Одамлар мансуб табақалари ва миллатларига қараб бир-биридан ҳайвон билан одам каби тафовут қилардилар. Табиийки, бу каби жоҳилият жамиятда бирлик ва тенглик ҳақида ўй-фикр бўлиши мумкин эмасди. Бирлик ва тенглик ҳақида асрлар оша ҳеч ким чурқ этмагани ҳам ҳаққи-ростдир. Ҳазрат Пайғамбаримизнинг бу борада дунёга жар солиши, ақлларни шоширди, вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди. Пайғамбарлар хотами: "Эй одамлар! Барчангизнинг Парвадигорингиз ҳам, отангиз ҳам бирдир. Барчангиз Одамга қайтасизлар. Одам эса тупроқдан яралган. Сизларнинг Аллоҳ наздида энг ҳурматлироғингиз энг тақводорроғингиздир. Арабнинг ажамдан устинлиги фақат тақво биландир",  деб, инсониятнинг асли бирлиги ва Аллоҳ наздида тенглигини эълон қилдилар.
Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу эълони ҳамма вақт, ҳамма жойда хавфсизлик ва тинчлик асоси бўлган икки муҳим асосни ўз ичига олди. Бу икки асос: Парвардигорнинг Бирлиги ва башариятнинг асли бирлигидир. Демак, инсоннинг инсон билан биродарлиги икки томонлама экан. Биринчидан: Барча инсонларнинг Яратувчиси Бирдир, ёлғиз Аллоҳдир. Иккинчидан: барча инсониятнинг отаси Одам алайҳис саломдир. Аллоҳ таоло айтади: (Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Оллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Оллоҳ устингизда кузатувчи бўлган Зотдир). (Нисо 1). Оллоҳ таоло айтди: (Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Оллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Оллоҳ билгувчи ва огоҳдир). (Ҳужурот 13).
Ҳазрат пайғамбаримиз марҳамат қилдилар: "Дарқаҳиқат, Аллоҳ сизлардан жоҳилият ирқчилиги ва оталар билан (насл-насаб) фахрланишни кеткизди. Инсон икки кишининг биридир: ё пок мўмин ёки бадбахт фожирдир. Барча инсонлар Одам боласидир. Одам эса тупроқдан яралгандир. Арабнинг ажамдан устинлиги фақат тақво биландир".
Шу нуқтаи назардан Ислом дини барчанинг бирдек ҳаққи, турли миллатлар, халқлар, ирқлар, жинслар, оилалар, қишлоқ, шаҳар ва давлатларнинг тенг бойлигига айланди. Яҳудийларда диндорлик Бани Ловийга хос, Ҳиндистонда эса бароҳималарга хос эди. Ислом дини эса барчанинг бирдек мулки ва динидир. Ислом динида бир халқ ёки шахс бошқа халқ ёки шахсдан насл-насаби ёки миллати билан эмас, балки динга бўлган қизиқиши, илмий савияси, кўрсатган хизмати, дин йўлида қилган жиҳод ва ижтиҳоди билан устун саналади. Бунга далил Имом Аҳмад муснадида ривоят қилган ушбу ҳадисдир. Ҳазрат Пайғамбаримиз: "Бордию илм сурайё юлдузида бўлганида, уни форслардан бўлган кишилар илиб кетган бўларди", дедилар.
Араблар Исломдан кейин асрлар оша шариат илмларини чуқур эгаллаган, забардаст олимларга тан беришиб, уларни имомларимиз ва раҳномаларимиз, деб эътироф этганлар. Забардаст Ислом уламоларининг кўпчилиги асли араб бўлмасаларда, араблар уларга, ўз арабларига бермаган илмий унвонларни бердилар. Имом Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардазбаъ ал-Жуъфий ал-Бухорийга ҳадис илмида мўминлар амири, деган унвон бердилар. У киши ёзган саҳиҳ китобни эса Қуръондан кейинги энг саҳиҳ китобдир, деб тан олдилар. Шунингдек, 468 ҳижрийда вафот этган имом Абул-Маъолий Абдулмалик ал-Жувайний ан-Найсабурийга икки ҳарам имоми, деган унвон бердилар. Ҳижрий 505 йилда вафот этган Абу Ҳомид Муҳаммад бинни Муҳаммад ал-Ғазолийни эса ҳужжатул-Ислом, деб атаганлар.
 Биринчи Ислом асрининг охирларидаёқ насл-насаби араб бўлмаган Ислом уламолари катта Ислом мамлакатида илм манбаига айланган эдилар. Фатво, фиқҳ ва ҳадис илмларида энг етук уламолар ажамлар бўлганликлари тарихда маълум ва машҳур. Табақот, сияр, тарожим ва Ислом маданияти тарихи ҳақида битилган китоблар араблар ҳукм юритган Исломнинг олтин асрларида забардаст уламоларнинг кўпчилиги ажамлар бўлганликларини тасдиқ этади. Машҳур араб алломаси Ибн Халдун Мағрибий, (808 ҳижрий йилда вафот этган) бундай ёзади: "Ҳаётдаги ажаб ишлардан бири: Ислом миллатида шаръий ва ақлий илмларда етук олимларнинг кўпчилиги ажамлар эканидир, яъни араб жинсидан бўлмаганлардир. Ислом шариати араб тилида, шариат соҳиби ҳазрат Муҳаммад алайҳис саломнинг араб бўлишига қарамасдан, Ислом уламоларининг кўпчилиги ажам бўлганлар. Улардан баъзилари арабларга нисбат берилсада, она тили, туғилиб-ўсган жойи, ҳатто дарс берган машойихларича ажам бўлганлар. Наҳв илми, яъни араб грамматикасининг асосчилари саналмиш Себавайҳ, ал-Форисий ва Зажжожлар насл-насабда араб эмаслар.. шунингдек ҳадис, усулул-фиқҳ, калом илми ва муфассир уламоларнинг кўпчилиги ажамлардир.
Ҳазрат Пайғамбаримизнинг ҳажжатул-вадода тенглик ва бирлик ҳақида айтган рўй-рост сўзлари, тоабад сақланажак сўзлар эди. Бироқ, у замонда бутун дунё бу янглиғ очиқ-ойдин ва бундай салмоқли сўзларни кўтариб, ҳазм қила оладиган табиий ҳолатда эмасди. Шунинг учун бу сўзлар ер юзини ларзага келтирганди. (Узоқ асрлардан бери инсоният тенглик ва бирлик тушунчасини унутган, бу нарса умуман тилга олинмас, ҳатто бу ҳақда ўйлаб кўрилмаган эди. Шу боис, бу эълон шиддатли зилзила каби дунёни ларзага солди). Одамзоти оғир юкни аста-секинлик билан кўтаришга қодир. Аммо баъзи нарсалар инсон тоқатидан ташқаридир. Инсон ўралган электр токини ушлаши мумкин, очиқ электр симини ушлашнинг аянчли оқибати ҳаммага маълум. Ё қаттиқ ток уради, ё бир йўла ўлдиради. Тенглик ва бирлик ҳақидаги чақириқ аста-секин, поғонама-поғона эмас, балки бир йўла эълон қилингани боис, уни эшитиш очиқ электр симини ушлаган сингари дунёни қаттиқ ларзага солганди.
Илм, тушунча ва инсоний фикрлашларда то ҳозирги кунимизгача етган узоқ масофани инсоният Ислом даъватининг фазли-марҳамати, Исломий жамиятнинг устунлиги, Исломий даъватчилар, мураббийлар ва ислоҳотчиларнинг бетиним жидду-жаҳдлари орқали босиб ўтди. Натижада жоҳилият диёрлари, ширк, бутпарастлик ва ирқчилик қурғонларини ларзага келтирган Исломнинг инсоният тенглиги ва бирлиги ҳақидаги эълони бугунга келиб дунёдаги сиёсий ва ижтимоий муассасалар чақирадиган кунлик ҳақиқатга айланди. Замонамиздаги ана шундай муассасалардан бири, БМТнинг байроғи остида фаолият юритувчи: (Human Rightes charter) ташкилотидир.
(Бундан ўн тўрт аср бурун Маккада, ҳажжатул-вадода эълон қилинган инсоният тенглиги ва бирлиги ҳақидаги дунёни ларзага келтирган чақириқ) бугунга келиб оддий масалага айланди. Инсон ҳуқуқлари ва инсоният тенглигига давлатлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари чақирмоқда.

Исломдан бурунги ижтимоий ҳолат

Сулолалар ва шахсларни муқаддаслаштириш:
Аниқки, инсоннинг устига замондан баъзи уммат ва оилаларнинг олий, улар башарлик мақомидан устундир, деган эътиқод ҳукм сурган вақт-муддат ҳам келди. Ҳатто баъзи оила ва сулолалар қуёшга, ойга ва Аллоҳга нисбат қилинарди.   (Аллоҳ) улар айтган нарсадан пок ва ниҳоят даражада юксакдир). (Исро 43).
Қуръони карим бизларга яҳудий ва насороларнинг: «Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз», (Моида 18)-деган ёлғон даъволарини ҳикоя қилиб берди. Миср фиръавнлари эса ўзларини қуёш илоҳи бўлмиш "Рай" 'RAY'нинг инсон суратидаги кўринишимиз, деб ўйларди.
Ҳиндистонда эса "Сурж бинсий" ҳамда "Жандар бинсий", яъни қуёш ва ой болалари, деган иккита машҳур оила бўлган. Эрон "Кисро"лари, томирларимизда илоҳ қони юради, деб даъво қиларди. Эронликлар ўз ҳокимлари "Кисро"ларга илоҳ, деб қарардилар. 590-628 милодий йилларда яшаб ўтган кисро Абравизнинг жумладан бундай сифатлари бор эди: "Илоҳлар орасида фоний бўлмас инсондир, башар орасида эса у тенгги йўқ илоҳдир. Сўзи устун, олий мақомдир. Зиёси ила қуёш билан таралади. Қоронғу тунларни нури ила ёритади".
Қайсарлар илоҳлар, деб эътибор қиланарди. Мамлакат бошқарувчиси: (Augustus) – ҳайбатли ва улуғ, деб аталарди.
Хитойликлар императорларини "Осмоннинг ўғли", осмон эркак жинсидан, ер эса аёл жинси, иккаласининг қўшилиши натижасида борлиқ вужудга келган. Император "Хата" 1, ана жуфтликнинг тўнғичидир, деб эътиқод қилардилар.  
Араблар, араб жинсидан бўлмаганларни ажам ҳисоблашарди. Арабларнинг аслзода қабиласи ҳисобланган Қурайшликлар, ҳаж мавсимида ўз имтиёзларига эга эдилар. Ҳаж амалларини бошқаларга қўшилмасдан бажарарди. Қурайшлар ҳаж ибодатида ҳарам ҳудидидан чиқмас, ҳожилар билан бирга Арафот майдонига бормасдан, Муздалифада қоларди. Биз "Ҳумс" лармиз, Байтуллоҳда яшовчилар, Аллоҳ шаҳридаги Аллоҳнинг оиласимиз. Шу боис, ҳарам ҳудидидан чиқмаймиз, деб даъво қилардилар.            
Ҳиндистон қўшни давлатлар ва бошқа қитъалардан халқ табақачилигида, одамлар орасини ажратишда катта фарқ қиларди. Одамлар орасини ажратиш ақида ва динга асосланган шавқатсиз низом эди. Бу низом босқинчи орийлар, диёнат ва муқаддасликни ўз мулки қилиб олган бароҳималар фойдасига хизмат қиларди. Бу низомда ҳунармандчилик ва саноат наслдан наслга ўтиш ва ирқчиликка асосланган эди. Бу низом диний сифатга эга бўлган Ҳиндистон қонунчилари томонидан тузилган бўлиб, фуқоро, сиёсат ва диний қонунга тобеъ эди. Айни чоғда Ҳиндистон аҳолисини тўрт табақага бўлувчи бу низом жамиятнинг умумий қонуни - ҳаёт дастурига айланганди. Қонун буйича ҳиндистонда одамлар қуйидаги тўрт табақага бўлинарди:
1-    Фолбин ва диндорлар табақаси. "Бароҳима".
2-    Аскар ва уруш одамлари. "Шаҳтарий".
3-    Деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланувчилар. "Виш".
4-    Хизматкорлар "Шавдар".
Шавдарларнинг энг паст табақа бўлишига сабаб: коинотни яратган зот, уларни оёғидан яратган эмиш. Шунинг учун бу табақа қолган уч табақага хизмат қилиши шарт эди.
Ҳиндистон қонунида бароҳималарга хос мақом берилган бўлиб, у мақомга бароҳимадан ташқари ҳеч бир табақа ҳақли эмасди. Бароҳималарнинг хато иши тўғри ҳисобланарди. Бароҳималар бегуноҳ-маъсум, деб эътиқод қилинарди. Бароҳималардан бири қолган уч табақани қириб ташлаган тақдирда ҳам, барҳамийни ўлдириш ёки ундан тўлов ундириш мумкин эмасди. Бунинг муқобилида шавдарлар мол-дунё орттириш, пул топиш, бойиш, барҳамийлар билан бирга ўтириш ёки барҳамий билан қўл бериб куришиш ёки муқаддас китобларни ўқиш ҳуқуқига эга эмасдилар.  
Тўқувчи, балиқфуруш, қассоб ва ипчиларга ўхшаш ҳунармандлар, шаҳарни тозаловчи фаррошлар Мани Самарти ҳукмларига мувофиқ шаҳар қалъасининг ичида яшашдан ман этиларди. Улар шаҳарга фақат иш вақтида киришар, қуёш ботиши билан шаҳардан чиқиб кетишарди. Ана шу табақачилик қонуни сабабли ҳунармандлар шаҳар шароитидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум, ўта қолоқ, саҳройиларча ҳаёт кечиришга маҳкум эдилар.
Башарият тенгилигини барқарорлаштиришда Исломнинг ўрни ва Исломнинг оламий таъсири:
Башарият тенглиги борасида Ислом дини одамлар ўзаро тақво ва маънавий фазилатлари ила фарқ қилишларини, бойлик ва насаблар нисбий эканини очиқ-ойдин, тушунарли иборалар билан баён қилди. Аллоҳ таоло айтди:  (Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Оллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Оллоҳ билгувчи ва огоҳдир). (Ҳужурот 13).
Ғарб зиёлилари, машҳур шарқшунослар ва бир қанча тадқиқотчилар Ислом динининг башарият тенглиги асосларини исломий жамиятларда амалий ижро этгани ҳамда инсоний тенгликнинг барқарорлашига қўшган беқиёс ҳиссасини эътироф этганлар. Машҳур ёзувчи H.A.R. Gibb "Ислом томон" (Whither Islam?) китобида қуйидагиларни келтиради: "Бирон бир башарият жамияти турли асрларда табақачилик ва иш имконияти бўлишига қарамасдан тенгликни барқарорлаштиришда Ислом диничалик муваффақият қозонмаган.
Африка, Ҳиндистон ва Индонезия каби катта исломий жамиятлар ёки Япониядаги тор доирадаги исломий жамият аҳволига назар ташланадиган бўлса, асрлар оша, тарихда давом этиб келаётган урф-одат ва авлодлардаги ихтилофларга барҳам беришга Ислом динининг қанчалик қодир экани намоён бўлади. Демак, шарқ ва ғарбдан иборат бу икки жамият орасига хусумат ва кураш уруғини сочиш ўрнига, улар орасида ҳиссий ҳамкорликни ўрнатмоқ керак. Буни амалга ошириш учун эса бевосита Ислом дини таълимотига таяниш ва ундан ёрдам сўраш шарт.  
Тарихчи, файласуф A. J. Toyanbee "Маданият имтиҳонда" (Civilzation on Trial) номли китобида: "Сулосачилик билан қонли ирқчиликка барҳам бериш Исломнинг фахридир. Биз яшаётган асрда энг муҳим ва долзарб нарса ана шу фазилатга муҳтожлигимиздир. Шубҳасиз, инглиз тилида сўзловчи халқлар халқларни бир-бирига боғлашда баъзи ютуқларга эришди. Инсоният оламига яхшилик ва раҳм келтирди. Аммо инглиз тилида сўзловчи халқлар сулола ва миллатчилик ҳиссаётларига барҳам беришда ижобий натижага эришолмагани чин ҳақиқатдир.  
Ғарб ёзувчиларидан бири Ларинс (Lawrence – e – Browne) (The Prospects of Islam) номли китобида жумладан бундай ёзади:
"Ислом дини эълон қилган биродарлик воқеъий масала, айни пайтда шарқ халқларида илгари бўлмаган янги ҳодиса эди. Сурия масиҳийларининг Эрон масиҳийлари билан муносабати, Суриялик мусулмонларнинг эронлик диний биродарларига бир оила аъзоларидек самимий муомалада бўлмаганида шубҳа йўқ.
Бу мавзуни Ҳиндистон қитъасида донг таратган, инглиз тилида шеър битган адиба, Ҳиндистон булбули, дея танилган, ҳиндистоннинг катта вилоятларидан бири: шимолий вилоят ҳокими мансабида фаолият кўрсатган ҳиндикий Sarojini Naidu хонимнинг сўзлари ила хотима айлаймиз. Хоним "Лексия ва мақолалар" номли китобида жумладан шундай ёзади:
"Ҳақиқатда, Ислом дини демократияга даъват қилиб, демократия асосларига амал қилган биринчи диндир. Масжидда азон чақирилиши билан Аллоҳга ибодат қилмоқчи бўлганлар дарҳол тўпланадилар. Бир кунда беш вақт бир сафда, ёнма-ён туриб намоз ўқийдилар. Бир имомга иқтидо қилиб, рукуъ ва сажда қиладилар. Исломий тенглик намозда энг чиройли суратида намоён бўлади. Мен Ислом динининг турли миллатга мансуб шахсларни биродарлик тизимида бирлаштирувчи амалий кучлигини бир неча бор ҳис этдим. Лондонда мисрлик мусулмонни учратасизми, жозоирлик, ҳиндистонлик ёки турк мусулмонни учратасизми, уларга қаердаликларидан кўра мусулмонликлари муҳимлигини биласиз. Уларни бир-бирларига боғловчи омил: диний биродарликдир.
Ҳиндистонда:
    Юқорида айтганимиздек, ирқчилик ва умрбод табақачилик низомини маҳкам тутган Ҳиндистонга мусулмонлар келтирган энг ажойиб ва ғаройиб нарса: Ҳиндистонда асло эшитилмаган инсон тенглиги эди. Мусулмонлар юқори кўтарган инсоний тенгликнинг шиори қуйидагиларни ўз ичига оларди: табақачилик низоми, хор табақалик, туғилиш билан ифлос саналиш, бесаводлик, ҳунар ва саноатларни абадий тақсимлашлар йўқолсин.. ҳамма бир жойда яшайди.. бирга овқатланади.. бирга таълим олади.. ҳамма хоҳлаган ҳунари ва касбини танлайди..
Исломий шиорлар ҳиндистонлик шахснинг ақлига ва ҳинд жамиятига қаттиқ зарба берганди. Аммо лекин шубҳасиз Ҳиндистонга катта фойда ҳам келтирган эди. Урф-одатга айланган табақачилик низомини юмшатди. Айни чоғда табқачилик низомига қарши кучли омил, даъватчиларни ижтимоий ислоҳот ва хор табақачиликка барҳам беришга чақиришга ундовчи эди.    
 Профессор Торожанд Бобурийлар даврида ҳиндистонда халқ билан жамият орасидаги алоқа ҳақида бундай ёзади:
"Бобурийлар даврида бир қанча фикрий мадарасалар таъсис этилди. У мадрасалар қўзғолоний фикрлар даъватини маҳаллий тилда олиб борарди. Даъват асосан паст табақалар атрофида бўлар, уларнинг ривожланишга интилиши ва маҳрум этилган ҳуқуқларига етишдан маҳрум этилган оломон фикрини намоён этарди. Айни пайтда бу фикр соҳиблари асосан инсоннинг азизлиги, инсоният ҳурматига эътибор қаратдилар. Чунки улар: ҳар бир инсон, ким ва қайси табақадан бўлишидан қатиий назар, ҳаракат қилса олий мартабаларга эриша олади, деб эътиқод қилишар ва шу фикрни олға сургандилар. Фолбинлар табақасини, бут ибодатхоналарини зиёрат қилишни ва халқ орасида кенг тарқалган урф-одатларни бутунлай рад этардилар. Уларнинг даъвати: ҳар бир инсон Аллоҳни таниш ва Унга бевосита ибодат қилишга қодир эканини тушунтиришга қаратилганди. Бу андозадаги даъват Ҳиндистонда милодий ўн бешинчи асрда бошланиб, то ўн еттинчи асрнинг ярмигача давом этди. Сўнг аста-секин сўна бошлади. Бу даъват етакчилари ҳиндистоннинг турли минтақаларидан бўлишларига қарамасдан, уларнинг таълим ва эътиқодларида Ислом асари кўзга яққол ташланарди.
Бу тарихий ҳақиқатни ҳиндистоннинг собиқ бош вазираси Жавоҳир Лал Неҳру хоним тан олиб, бундай деганди:
"Ҳиндистоннинг шимолий ғарбидан келган ғозийлар билан Ислом динининг ҳиндистонга кириши, Ҳиндистон тарихида катта аҳамият касб этди. Ислом дини ҳиндикий жамиятида кенг тарқалган фасодни очиб ташлади. Ҳиндистондаги табақачилик, хор табақалик ва дунёдан ажраб яшашни яхши кўриш каби иллатларни фош этди. Мусулмонлар иймон келтириб, ҳаётга татбиқ этган исломий биродарлик ва тенглик назарияси ҳиндуслар ақлида чуқур асар қолдирди. Бу назарияга эргашганлар асосан ҳинд жамияти тенглик ва инсон ҳуқуқларидан маҳрум этган фақирлар эди.

 Инсоннинг азиз-мукаррамлиги ҳақидаги эълон

Ислом динининг инсоният оламига тақдим этган учинчи улкан ҳадяси: инсоннинг азиз-мукаррамлиги ва инсоният олийлиги ҳақидаги эълон эди. Пайғамбарлар хотами ҳазрат Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар этиб юборилгунгача инсон зоти васфидан тил ожиз хорлик ва зорлик ботқоғига ботган эди. Ер юзида инсондан кўра тубан нарса йўқ эди. Афсона ва асоссиз эътиқодларга асосида муқаддаслаштирилган баъзи ҳайвон ва дарахтлар, сиғинувчилари наздида инсондан кўра азиз ва мукаррам эди. Маъбудларни ҳимоя қилиш инсон ҳимоясидан кўра авлороқ саналарди. Бутлар ҳимояси учун бегуноҳ қонлар тўкиларди. Бутларга одам қони ва гўштидан қурбонликлар тақдим этадиган бутпарастларни виждон азоби қийнамасди. Одам суйиб бутларига ибодат қилардилар. Минг афсуски, мана шундай жирканчли одатларнинг баъзи намунасини йигирманчи асрда ҳиндистонга ўхшаш ривожланган давлатда ўз кўзи билан кўрдик.
Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис салом инсониятга азизлик ва улуғлигини қайтардилар. Бу коинотдаги энг азиз борлиқ ҳам, энг бебаҳо гавҳар ҳам инсондир. Бу дунёда инсонда кўра азизроқ, улуғ, севилишга лойиқ ва ҳимоя қилинишга ҳақли нарса йўқлигини билдирдилар. Дарҳақиқат, инсониятнинг мартабаси улуғдир. У Аллоҳнинг ердаги халифаси, олам инсон учун, инсон эса Аллоҳ учун яратилгандир. Аллоҳ таоло айтди: (Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва улар¬ни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик.  (Исро 70).
Инсоннинг азиз-мукаррамлигига ва инсоният ҳожатини чиқариш улуғ ибодатлигига энг катта далил имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ушбу ҳадисдир. Ҳазрат Росулллуллоҳ алайҳис салом айтдилар: "Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни: эй Одам боласи! Бетоб бўлдим, бориб кўрмадинг! –дейди. Банда: эй Роббим! Сен барча оламлар Парвардигори бўлсанг, Сени қандай бориб кўраман!-дейди. Аллоҳ айтади: фалончи бандам бетоб эди, бориб кўрмадинг-ку? Бордию, зиёратига борганингда Мени унинг олдида топган бўлардинг! Эй Одам боласи! Сендан таом сўрадим, лекин сен Менга таом бермадинг!-дейди. Сен барча оламлар Парвардигори бўлсанг, қандай қилиб Сенга таом берай!-дейди банда. Аллоҳ: фалончи бандам сендан таом сўраган эди, сен унга таом бермадинг-ку? Бордию ўша бандамга таом берганингда, буни Мени ҳузуримда кўришингни билмадингми? Эй Одам боласи! Сендан сув сўрадим, аммо сен Мени суғормадинг! Банда: эй Роббим! Сен барча оламлар Парвардигори бўлсанг, Сени қандай қилиб суғораман?-дейди. Аллоҳ айтади: фалончи бандам сендан суғоришингни сўради, аммо сен уни суғормадинг, бордию ўша бандамга сув берганингда, буни Мени ҳузуримда топишингни билмасмидинг?
Шиори тавҳид-ягона Аллоҳга сиғиниш бўлган Ислом динининг инсон улуғлиги ҳақидаги эълонидан кўра фасоҳатлироқ ва очиқроқ эълон бўлиши тасаввур қилинадими? Аслида бирон диёнат ёки фалсафада- хоҳ қадимда бўлсин, хоҳ ҳозирда инсон бундай олий мақомга эришганми ўзи?
Ҳазрат Пайғамбармиз соллолоҳу алайҳи ва саллам угитларида бандаси Аллоҳнинг раҳматига эришиши учун, у ўз жинсидан бўлган бандаларга раҳм қилмоғи шартлигини уқтирганлар. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда ҳазрат Пайғамбармиз: "Раҳм қилувчиларга Роҳмон Зот раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилингиз, сизларга осмондаги Зот раҳм қилади"-деб марҳамат қилдилар.  
Пайғамбарлар хотами инсоният тенглиги ва инсон азизлиги ҳақидаги даъватни овоза қилишлари ва бу йўлда жонини Жобборга бериб ҳаракат қилишларидан олдин дунёнинг ижтимоий ва сиёсий ҳолати қай аҳволда эканига бир назар солмайсизми?
Ҳазрат Муҳаммад алайҳис саломга ваҳий қилинишидан илгари бир шахснинг шаҳвати ва ҳавои нафси мингларча, балки юз мингларча кишилар жонидан қимматроқ турарди. Қайсидир аҳмоқ подшоҳ ёки шаҳватга муккасидан кетган император мулкий худбинлиги ёки сиёсий рағбатини қондириш учун давлатларни босар, одамларни қул қилар, экин-тикин ва наслларни ҳалок қилар ва ҳўлу қуруқни куйдирар эди. Макидониялик Искандар буюк (Alexander The Great) (324-356 м.олдин) ҳарбий юришида эронни, сурияни, соҳилий давлатлар, Мисрни ҳамда туркистоннинг аксар қисмини босиб олган. Унинг қўшини Ҳиндистоннинг шимолигача етганди. У йўл-йўлакай дуч келган атиқа маданият намуналарини аямасдан вайрон қилди.
Рум императори Юлюс (Julius Caesar) (44й м.олдин), Ҳенбал қартожий (Hanibal) (138-247й. М.олдин) ва шуларга ўхшаш фотиҳ ва саркардалар одамларни очкўз овчи ўрмонда ҳайвонларни аёвсиз овлагани сингари шафқатсиз қирганлар. Одамларни қатлиом этиш ва инсон иззатини поймол этиш Ийсо алайҳис салом юборилгандан кейин ҳам тўхтамади. Қонхўр саркардаларнинг қора номлари тарих саҳифаларида башарият қотиллари, қонхўрлар ва қаттиққўл золимлар, дея муҳрланди.
Мисол учун Нерон (Neron) (68й. м.олдин) ўз халқини қирган, у ўлдиртирган кишилар орасида ўз онаси ва хотини ҳам бўлган. Ромадаги катта ёнғиндан асосий жавобгар ҳам Нерондир. Пойтахт оловда қоврилаётган бир пайтда у музика ва қўшиқ эшитиш билан банд эди.   
Ўн бешинчи асрда ҳаракатга келган ғарбий ва шарқий готлар, виндаллар ва бошқа ҳакозо европалик ваҳший қабилаларнинг касби қотиллик, машқи разиллик, обод пойтахтларни куйдириш, ерда бузғунчилик қилиш ва ғалаён кўтаришлар бўлган. Сувдаги бузғунчилик-фасодларининг ҳадди-ҳудуди йўқ эди.  
Арабларда ҳам аҳвол ачинарли эди. Улар назарида инсон ҳаёти қийматсиз эди. Шу боис, арзимас нарса учун уруш бошланар, оқибат сон-саноқсиз бошлар бесабаб танадан жудо этилар эди.
Воилнинг икки ўғли Бакр билан Тағлуб орасида бошланган уруш роппа-роса қирқ йил давом этган ва кўплаб қон тўкилишига сабаб бўлганди. Урушнинг бундоқ бошланганди: Маъд қабиласининг раиси Кулайб, Басус бинти Мунқиз туясини елинига ўқ отади. Туянинг сути қони билан аралашиб кетди, деган баҳонани рўкач қилиб Жассос бинни Мурра Кулайбни ўлдиради. Шу билан икки ака-укалар орасида уруш бошланиб кетади. Кулайбнинг иниси Муҳалҳал бу ҳақда: "Икки овул ҳам тугади. Оналар боласиз, болалар эса отасиз қолди. Кўз ёшлари узилмади, ўликлар дафнсиз қолди"-деган экан.
Арабларда бўлиб ўтган Доҳис билан Ғабро(икки отнинг номи) уруши ҳам арзимас сабабга кўра бошланган эди. Қайс бинни Зуҳайрнинг оти Доҳис Қайс бинни Зуҳайр билан Ҳузайфа бинни Бадр томонидан қўйилган гаров учун мусобақага тушган эди. Ҳузайфанинг имо-ишораси билан Асадий номли киши Қайси бинни Зуҳайрнинг қаршидан келиб, юзига тарсаки туширди. Тарсаки билан овора бўлиб, от қўлдан кетди. Аммо от кетишга кетдию, от кетидан ўлим келди. Оила ва қабилалар орасида уруш бошланиб кетди. Натижада мингларча кишилар қурбон бўлдилар.  
Энди, ҳазрат Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзлари бошқарган 27 ёки 28 ҳарбий юриши, Пайғамбаримиз иштирок этмаган 60 та отрядлар тарихи билан танишадиган бўлсак, пайғамбаримиз саркардалигида олиб борилгган ҳарбий юришлар тарихида энг оз қон тўкилган урушлар эканини маълум бўлади. Мазкур юришларда икки томондан бор йўғи 918 киши ҳалок бўлган. Чунки Исломдаги ҳарбий юришлардан мақсад аямасдан қон тўкиш, одамларни қириш эмас, балки имкон қадар қон тўкмаслик, башариятга манфаатли мақсадларни амал оширишдир. Исломдаги урушлар одоб-ахлоқ ва шафқатли таълимотларга бўйинсунган ҳолда олиб борилгани боисидан, у кўпроқ урушдан кўра таълим тарбияга ўхшарди.  
Ислом динида ҳар бир мусулмонга Исломнинг одоб-ахлоқга тегишли инсоннинг азизлиги ва улуғлигини ҳис эттирувчи иймоний таълимотлар хўб ва кўп берилади. Натижада у бу борада ўта зийрак ва диққатли иш тутадиган кишига айланади. Одамийликда бу даражага етган мусулмон ҳеч қандай ҳолатда ўз жинсидан бўлган инсонга ҳайвондек муомала қилмайди. Устун ёки ғолибман, деб кучсизларни қул қилмайди. Ўзга миллатданлиги учун хорламайди ва қийнамайди. Кези келганда, башарият тенглиги ва инсоният иҳтиромига алоқадор, ибратга молик бир ажойиб қиссани эътиборингизга ҳавола қиламиз:
Улуғ саҳобий Анас бинни Молик розиёллоҳу анҳу айтдилар: Умар бинни Хаттоб ҳузурида эдик. У зотнинг ҳузурига мисрлик бир киши кириб: эй амирал-мўмимин, ҳузурингизга паноҳ сўраб келдим!- деди.
Ҳа.. тинчликми?-деди Умар бинни Хаттоб. Аъмр бинни Ос мисрда от пойгаси ўтказган эди-деб гап бошлади мисрлик. Қарамасам, мени отим олдинда экан. Халойиқни кўзи олдиндаги отда эди, Муҳаммад бинни Аъмр бинни Ос ўрнидан сапчиб туриб: Каъба Роббининг номига қасамки, мени отим!-деди. Яқинлашгач, отимни танидим ва мен ҳам: Каъба Роббининг номига қасамки, мени отим!-дедим. Шундай дейишим билан устимга бостириб келиб: мен азизлар боласиман, деб бақирганча мени савалаб кетса бўладими.
Анас айтдилар: Аллоҳга қасамки, Умар мисрлик аризачига бор йўғи бир оғиз сўз айтди: марҳамат ўтиринг дедилар. Сўнг қўлига қалам олиб шу пайтнинг ўзида Аъмр бинни Осга бундай деб мактуб ёздилар: "Мактубимни олган заҳоти ўғлингиз Муҳаммадни олиб ҳузуримга келингиз!"
Аъмр бинни Ос ўғлини чақириб: тинчликми, бирон кор ҳол рўй бердими? Ёки бирон жиноятга қўл урдингизми?-деб сўрадилар. Ўғли Муҳаммад йўқ-деди. Ундоқ бўлса, Амирул-мўминин Умар сени нега ҳузурига чақиртирибди?- дедилар.
Анас розиёллоҳу анҳу айтди: Аъмр бинни Ос Умар бинни Хаттоб ҳузурига келганда, Аллоҳга қасамки, мен ҳам Умар ҳузурида эдим. Биз Аъмрни ридо ва изорда кўрдик. Умар Аъмрнинг ўғлини кўриш учун у ёқ бу ёқ аланглади. Баногоҳ, у отасининг орқасида қимтиниб турган экан. Шунда Умар: ҳалиги мисрлик қани?-дедилар. Мисрлик: мен шу ердаман, деб жавоб берди. Дуррани олиб, ана у азизлар боласини ургин!-деб буюрдилар. Мисрлик Муҳаммад бинни Аъмрни хўб деганча дўппаслагач, Умар мисрликка: энди Аъмрнинг калбошига ҳам ургин! Ўғли сени шу отасига суяниб урган, дедилар. Шунда мисрлик: эй амирал мўминин! Мени урган кишидан ҳақимни олдим, етади-деб чекинди. Унга Умар: бордию урганингда хоҳланингча қўйиб берардим! Эй Аъмр, оналаридан ҳур туғилган одамларни қачондан бери қулга айлантирадиган бўлдиларинг!-дедилар. Сўнгра мисрликка қараб: яхши боринг, мобода яна хизмат чиқадиган бўлса, менга мактуб йўлларсиз!-деб у киши билан хайрлашдилар.

Аёлларга эътибор ва ҳуқуқларини қайтариш

Ислом дини аёлларга тақдим этган ҳақ-ҳуқуқларни билмоқ учун авваламбор аёлларнинг Исломдан олдинги аҳволи билан танишган маъқул. Бу масалада аёллар мавзусини чуқур ўрганган устоз Аббос Маҳмуд ал-Аъққоднинг: "ал-Маръату фил-Қуръон"- "Қуръондаги аёл" номли китобидан парчалар келтираман.
 Муаллиф қадимги диёнат ва жамиятларда аёл ўрни қай даражада бўлгани ҳақида жумладан ушбу сатрларни ёзади:
"Ҳиндистондаги Ману "шариати" ида аёл зоти ота ёки эри вафот этса, отаси, эри ва фарзандидан мустақил ҳақ-ҳуқуқга эга бўлолмасди. Агар отаси ҳам, эри ҳам, боласи ҳам вафот этадиган бўлса, у ҳолда эрининг яқинларидан бирига нисбат қилинишга мажбур эди. Ҳар қандай ҳолатда мустақил бўлолмасди. Бундан ҳам ашаддийси, эри-хотинликда ҳам мустақил бўлолмагани эди. Эри ўлган аёл эри билан бирга ёқилишга маҳкум эди. Узоқ асрлардан бери давом этиб келган барҳомийларнинг бу маданияти ўн еттинчи асргача давом этди. Кейинчалик бу маданият дин арбоблари хоҳламасада ботилга айланди.
Ироқнинг Бобил шаҳрида шуҳрат қозонган Ҳомуробий шариати аёл зотини чорва-мол ҳисобларди. Ҳомуробий шариатининг аёл зотини нақадар эъзозлашини, шундан билсак бўладики, бу шариат бўйича: бировнинг қизини ўлдириб қўйган киши, қизи ўлган кишига хунига ўлдириши ёки авф этса мулк қилиб олиши учун ўз қизини топшириши шарт эди. Кўпинча хунга берилган қиз шариат ҳукмига биноан ўлдириларди.  
Қадимги юнонликларда ҳам аёл зоти ҳеч қандай ҳуррият ва ҳуқуқга эга эмасди. Аёллар катта йўлдан йироқ, деразаси оз, қуриқланадиган уйларда яшардилар. Эркаклар хотинлари, болаларини оналарига эътибор бермай қўйганликлари, хотинларини тўй-тамошаларга етакламаганликлари сабабидан, шаҳарларда бузуқхонлар сероб эди. Файласуфлар йиғилишида эса аёл зоти умуман қатнашмасди. Бузуқликда  ном чиқарган аёллар бор эди-ю, аммо илмда донг таратган аёл умуман йўқ эди.
Арасту Испарта аҳлини аёлларга муросаликда, аёлларга мерос, талоқ, ҳуррият ҳуқуқи ва ҳаддан ташқари кўринишларига рухсат берганликда қоралаганди. У Испартанинг қулаб, сунишини, ана шу ҳаддан ошиқ даражада берилган ҳуқуқларга боғлаганди.
Қадимги руминияликларнинг мазҳаби ҳам аёл зотини камсатиш ва таҳқирлашда қадимги ҳиндийларникидан қолишмасди. Румонларда ҳам аёл зоти отаси, эри ва болаларига боғланган эди. Уларнинг маданият изидан айтган машҳур шиори: аёлнинг кишани ечилмайди, истибдоддан қутилмайди.
Бу борада Катонинг: (Nunguam Exuitur Servitus Mulie Brio) кетма-кет қўзғолон ва исёнлар кўтариш натижасида қуллар озодликка чиққан кун, руминия аёли ҳам ҳурриятга эришди. Чунки бу пайтда ёш йигит-қизларни қул қилишнинг иложи бўлмаганидек, аёлларни чўри қилишга ҳам мажол қолмаган эди.
Устоз Аббос Маҳмуд ал-Аъққод қадимги миср маданиятида аёллар эга бўлган баъзи ҳуқуқлар ҳақида гапиргандан кейин қуйидаги жумлаларни келтиради:
"Бироқ миср маданияти билан шариат-қонунлари Ислом асридан олдин заволга юз тутди. Қулоғигача маишат ва фасодга берилган Руминия давлати қулагач, ўрта шарқ осмонини ҳаётдан безиллатувчи қора булут қоплади. Бу вақтда одамлар яшашдан тўйган, зурриёт қолдиришдан нафратланадиган даражага етгандилар. Айни замонда тарки дунёлик ҳамда аёл зотининг нажаслигига имон келтириш эътиқоди тарқалганди. Аёл гуноҳ манбаи, зарурати бўлмаган кишининг аёлдан йироқ бўлиши ибодат ҳисобланарди.
Ўрта асрлардаги қоронғуликнинг баъзи қолдиғи ўн бешинчи асрдаги илоҳиётчиларни аёлзотининг таркиби ҳақида жиддий баҳс юритишга ундади. "Макон" академиясида: аёл зоти бор-йўғи бир жуссами ёки нажот ва ҳалокатга алоқадор жонли жасадми?-деган масала кўтарилди. Йиғилганларнинг аксарияти: аёл зотининг нажот руҳидан холи жасад экани, магар Ийсо пайғамбарнинг онаси Марям бундан мустасно, деган фикрни қўллаб-қувватладилар.
Руминияликлар давридаги бу қоронғулик аёллар борасидаги мисрнинг аввалги маданиятига тегишли ҳамма нарсани босганди. Руминияликларнинг мисрликларга зулм-ситами ошган сайин, мисрликларнинг роҳиблик ва тарки дунёликлари ортарди. Мисрлик обидларнинг кўпчилиги роҳибликни ибодат ва шайтон васвасаларидан узоқлашиш, шайтон васвасасининг бошланиши аёлдир, деб ҳисоблардилар.
 Ғарб тарихчиларининг орасида: Ислом дини шариат-қонунларини Исломдан олдинги шариатлардан, хусусан Мусо пайғамбар шариатидан кўчирган, деган даъво айланиб юради. Бу даъвонинг асоссизлигини исбот қилиш учун энг осон йўл: аёллар ҳуқуқлари борасида Таврот билан Қуръонда келган далил-ҳужжатларни солиштириб кўришдир. Шу билан ғарб тарихчиларининг гапи асосли ёки асоссизлиги ойдек аён бўлади.
Мусо алайҳис саломга нисбат қилинган китобларда ворид бўлган хабарларда: қиз фарзанд отасидан мерос олади, башарти вориснинг эркак меросхўри бўлмаса, мана шу очиқ ҳукмдан ташқари ҳукмлар ҳадя эътибор қилинади. Ота ҳаётлигида қизига мол-мулкидан хоҳлаганича ҳадя қила олади, бироқ ота вафотидан кейин қизнинг мерос олиши шаръий ҳуқуқлар остига кирмайди.
Мерос ҳақидаги ҳужжатли ҳукмда: эркак насли тугагунгача қизлар меросдан маҳрум этилади. Мерос теккан қизнинг ўз наслидан бўлган бирига турмушга чиқиши мумкин эмас, меросини наслидан бўлмаган кишига беришга ҳам ҳаққи йўқ, дейилади. Бу ҳукмни таврот китобларининг ҳаммасида бир неча бор учратиш мумкин.
Энди, Қуръон даъвати илк бошланган араб жазираси-кўрфазидаги аёллар аҳволи билан танишадиган бўлсак, халқларнинг бир-биридан йироқ бўлишига, урф-одатлар, тилларнинг фарқ қилишига қарамасдан, аёлларга нисбатан бутун ер юзида тақрибан бир хил муомала қилинганига гувоҳ бўламиз. Араб жазирасининг минтақалари ва қабилалари бир-биридан фарқ қилиши, табиий. Баъзи минтақаларда аёллар дунёдаги энг обгар ҳолда кун кечирардилар. Умуман олганда, араб жазирасида ҳурматга сазовор аёллар ҳам аёлликлари учун иззат-икром этилмас, балки баҳайбат қабила раисининг хотини ёки фистончи суюкли ўғилнинг онаси бўлгани учун ҳурмат қилинарди.
  Аёл зотини отаси, эри, ўғли ёки ака-укаси ўз ҳимоясидаги нарсалар қаторида ҳимоя қиларди. Чунки арабларда қарамоғидаги хотинларнинг хорланиши ёки қўл остидаги нарсаларга бошқаларнинг тажовуз қилиши айб саналарди. Шунга кўра, улар аёлларни ҳудди қўл остидаги туя, чорва-моллари, қудуқ ва яйловлари қаторида қўриқлашарди. Яъни, аёл зоти аёллиги ва оналиклари учун ҳимоя қилинмас, аёл зоти туя ва қўйчалик қийматга эга эмасди. Балки, аёл зоти ор саналар, мол-мулк, туя ва отлар сингари мерос олинарди. Аёл зоти ор саналгани боис, ота ўз қизини тириклайин кўмарди. Қизларини гўдаклигида ўлдирмаганлар эса, қизларига чўриларидан кўра яхшироқ қарар, яхши едириб-ичирар эдилар. Бунга сабаб: тирик қолган қиз отадан болаларга қоладиган меросдан бир улуш, фойда келтириш ёки қарзни тўлаш учун сотиладиган ёки гаровга қўйиладиган бойлик эди. Уни бу хорликдан қарамоғидаги нарсаларни жон бериб қуриқлайдиган қавмнинг азиз-мўътабар аёли бўлиши ҳам ҳимоя қилолмасди.   
Энди, юқоридаги зикр этилган мисолларни аёлзотига инсоният жамиятида ўзига хос ҳурмат-эътиборини қайтириб, ноҳақ қонунлар, золимона удумлар ва эркаклар худбинлигидан озод этишдаги Исломнинг беназир, янги ўрни билан солиштириб кўринг. Аёлларни жоҳилият қонунлари қандай баҳолагани билан Ислом динининг аёлзотига берган баҳоси орасидаги катта фарқни билиш учун Қуръонга мурожаат қилиш кифоядир. Чунки шахсий хулқ-атвор ҳамда шаръий ва ижтимоий қонунлар ана шу баҳолашга асосланади ва шундан келиб чиқади.
 Жамиятнинг тенг ярми, балки кўпроғини ташкил этувчи аёл зоти ҳақида ворид бўлган Қуръон оятлари аёл зотининг жамиятдаги мавқеъи, Аллоҳ наздидаги даражаси, дин, илм, Исломга хизмат қилишда, эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлиги ҳамда порлоқ жамият қуришда қўшадиган ҳиссасини кўрсатиш орқали аёл зотига катта ишонч уйғотди. Қуръон оятларида амалларнинг Аллоҳ наздида мақбуллигида, нажот, саодат ва охиратдаги ютуқларга эришишда аёллар эркаклар билан бирга зикр этилди. Аллоҳ таоло айтади:  (Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас). (Нисо 124). Аллоҳ таоло айтади: (Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро бировингиз бировингиздандирсиз. (Яъни эр¬как аёлдан, аёл эркакдан дунёга келган). (Оли Имрон 195).
Ислом дини аёлларни нафақат фаравон турмуш шароитини яратиш ва яхши амаллар қилишда эркаклар билан бирга зикр этди, балки аёлларга иззат-икром, розилик ва хотиржамликларга ўхшаш бир қанча гўзал сифатларни ўз ичига олган бахтли ҳаёт – покиза ва фаравон ҳаётни ваъда қилди.  Аллоҳ таоло айтади: (Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз). (Наҳл 97).
Қуръони карим олий сифатлар, яхши амаллар ва диннинг асосий бўлимлари зикр этилган оятларда, бу амалларда аёллар эркаклар билан бирдек ажри савобга эришадилар, деб хабар бериш билан кифояланмади. Балки эркаклар сифатланган сифатлар билан аёллар ҳам сифатланишини аёл номини алоҳида зикр этиш билан таъкидлади. Бақувват ва беҳожат эркаклар сифатларига аёлларнинг шериклигини – хоҳ у диний, хоҳ адабий бўлсин - қадимий диёнатлар, фалсафалар ва жамиятлар соясида улғайган кишининг ақли бовар қилолмасди. Чунки қадимги диёнат, фалсафа ва жимиятларда аёлларнинг эркаклар билан бирдек амал қилишлари у ёқда турсин, аёллар давомли равишда эркаклардан ажратилиб келинарди. Аллоҳ таолонинг бу сўзига қаранг-а:  (Албатта муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилгувчи эркаклар ва сабр-қаноат қилгувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайру-садақа қилгувчи эркаклар ва хайру-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Оллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Оллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар — улар учун Оллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир). (Аҳзоб 35).
Қуръони карим олим, бақувват, олийҳиммат, мустаҳкам иродали, машаққатларга бардошли эркакларга аёллар нафақат ибодатларда, балки амри-маъруф, наҳи-мункарда ҳам бирдек ҳамкор, эркаклар билан аёллар бир-бирига жипслашган яхшилик ва тақво йўлида ҳамкор жамоат эканини баён қилди. Аллоҳ таоло айтади: (Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир). (Тавба 71).  
Ислом дини инсоннинг жинси ва насл-насабидан қатиий назар энг олий инсоний мартабага эришиш шарти: ТАҚВОдир, деб белгилади. Аллоҳ айтди: (Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Оллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Оллоҳ билгувчи ва огоҳдир). (Ҳужурот 13).
Юқорида зикр этилган оятлар аёллар ҳимматини сайқаллашга, аёлликлари билан фахрланишга ҳамда янги илмин-нафсда (психология) ингилизчасига: (inferiority Complex), яъни: ўзини камситиш дардидан қутилишга кафилдир. Қуръони каримнинг фазлу марҳамати билан сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар этиб юборилган асрдан бошлаб то яқин асргача муҳтарама муслималар, муаллималар, муриббиялар, мужоҳидалар, ҳамширалар, адибалар, муаллифалар, қуръон ҳофизалари, ҳадис ровиялари, тақво соҳибалари, жамиятда катта ҳурмат қозонган, жамиятга нафи тегадиган, ибратли улуғ муслима аёллар тарих саҳифаларида катта жой олди, номлари тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан муҳрланди.   
Ислом дини муслима аёлга ато этган мулкчилик ҳуқуқи, мерос, савдо-сотиқ ҳуррияти, (эри билан муроса, тинч-тотув яшашдан умидини узган аёл) эридан ажралишни талаб қилиши (шариатда хулъ, дейилади), куёвни ёқтирмаса никоҳни бекор қилиши, тўй-томоша, издиҳомларда қатнашишлар ва шунга ўхшаш бир қатор аёлларга хос ҳуқуқлар фиқҳий китобларда батафсил баён этилган.      
Ғарблик олимлар, ижтимоий илм тадқиқотчилари ҳамда маданиятлар тарихи билан шуғулланувчиларининг боинсофлари аёллар ҳурматини ўрнига қўйиш ҳамда аёлларнинг ахлоқ ва қонуний-шаръий ҳуқуқларини эътироф этишда Қуръон таълимоти, яъни Ислом шариатининг ўзига хослигини тан олганлар. Кези келганда, ғарблик инсофли олимлардан иккитасининг эътирофини мисол тарзида эътиборингизга ҳавола қиламиз. Биринчиси: Ҳиндистондаги таълим-тарбия ҳаракатининг етакчиси, маркази жанубий ҳиндистонда жойлашган маданият ташкилотини бошқарган ҳамда ҳиндистон озодлигида катта ҳисса қўшган ғарблик Анна Бесант (Mrs Anni Besant) хонимдир. Аёллар ҳуқуқида айнан ғарблик аёлнинг гувоҳлигини келтиришимдан мақсад: аёллар ҳуқуқини ўз жинсидан бўлган аёлнинг ҳимоя қилиши катта аҳамият касб этади. У жумладан қуйидагиларни ёзганди:
"Исломнинг аёлларга тегишли қонуни дунёдаги энг олий ва одил қонундир. Ислом қонуни кўчмас мулк, мерос ва талоқ масалаларида ғарб қонунларидан жуда олдинда экани очиқ ҳақиқатдир. Айни пайтда Ислом қонуни аёл ҳуқуқларини қуриқловчидир. Бироқ одамларни "Битта хотин билан яшаш керак" ва "Кўпхотинлик"ларга ўхшаш сеҳрли сўзлар гулгун даври суниб, қизлиги кетиб, эрларига ёқмай қолгач, кўчага қувилган ғарблик бахтиқора, хор, ёрдам ва меҳр-шафқатга зор ғарб аёллари тақдири ҳақида фикрлашдан чалғитиб қўйди".  
Ғарблик устоз N. L. Coulsen бундай ёзади:
"Шак-шубҳасиз, аёллар, хусусан турмушга чиққан аёллар мавқеъини белгилашдаги энг кучли ва адолатли қонун: Қуръон қонунларидир. Қуръондаги кўп сонли никоҳ ва талоқ қонунларидан кўзланган мақсад: умумий қаралганда, аёлларнинг жамиятдаги мавқеъини белгилаш ҳамда аёллар тараққиётига йўл очишдир. Дарҳақиқат, Исломдан олдин ҳукм юргизган аёлларга тегишли араб қонунларига Ислом қонунлари тубдан ўзгартириш киритди. Аёлларга хос илгари бўлмаган мустақил қонун жорий этилди. Талоқ масаласида Қуръон жорий этган энг катта ўзгартириш: талоқ қилинган аёлнинг иъдда сақлаши ҳақидаги қонундир".  
 Аёлларга Қуръони карим билан суннат таълимотидан келиб чиққан ҳолда муоамала қилиш, инсоният оламида аёл зотига нисбатан дунёга янги келган янги назария эди.  Чунки қадимда, яъни Исломдан илгариги жоҳилият даврида – юқорида айтганимиздек – аёл зоти ҳайвончалик қийматга эга эмасди. Кези келса, асбоб-ускуна, анжомлар аёлдан афзал саналар, қизлар ор саналиб гўдаклигида тириклайин кўмиларди ва тирик қолганлари эса гаровга қўйиларди. Аёл билан чиройли расм ёки саройдаги қўғирчоқ орасида деярли фарқ йўқ эди. Шунга кўра, аёлларга тегишли Ислом қонунлари маданият, одоб-ахлоқ, оилавий ҳаёт ва эру хотинлик оламида кутилмаган сюрприз-ҳадя бўлди. Исломнинг аёлларга тегишли қонунларидан жуда кўп давлат ва жамиятлар, хусусан Ислом фатҳ этган, ишларини йўлга солган ва амалий намуна бўлган жамиятлар катта таъсирланди.
Бу янглиғ ҳадя, айниқса эри вафот этган аёлнинг, эридан кейин яшашга ҳаққи йўқ, деган удум ҳукм сурган, эри куйиб бўлгач, аёл ҳам ўзига ўт қўядиган мамлакатга нечоғлик катта ва муҳимлигини бир тасаввур қилинг-а!
Мусулмон подшоҳ ва дин пешволари ҳиндистондаги удумлар ва диний одатларни ўнглашга қўлидан келганини аямаган эдилар. Хусусан, "Сити" одатини, яъни эри ўлган беванинг, эри куйдирилгандан кейин ўзига ўт қўйиш урфини ҳиндийлар эътиқоди ва диний маросимларини беҳурмат қилмасдан туриб ўнглашга ҳаракат қилгандилар.
Шоҳижаҳон даврида ҳиндистонга саёҳат қилган машҳур саёҳатчи, франсиялик табиб Бирнер (Bernier) бундай дейди:
""Сити" ҳодисалари нисбатан камайди. Бунга сабаб, ҳиндистондаги ҳукмдор мусулмонлар бу ваҳший урфга барҳам бериш учун қўлдан келганини аямасдилар. Аммо ҳукмдор мусулмонлар "Сити" урфини тугатиш борасида хос қонун қабул қилмаган эдилар. Чунки мусулмонларнинг ҳукм қонунида нафақат ҳиндикийларнинг диний ишларига аралашмаслик, балки уларга диний маросимларини бажаришлари учун тўлиқ ҳуррият бергандилар. Бироқ, "Сити" урфига турли йўллар билан барҳам беришга ҳаракат қилардилар. Мусулмон подшоҳ ҳукми бўйича эри ўлган ҳиндикий аёл ўзини "Сити" ҳукмига вилоят ҳокимининг рухсати билан топшириши шарт эди. Вилоят ҳокими эри ўлган аёлни қизиқтириш ва қўрқитиш йўли орқали, кўр-кўрона ўлимга юз тутмасликка қониқтиришга ҳаракат қиларди. Услублар кор бермай, аёл азмида қаттиқ туриб оладиган бўлса, охирги чорани қўлларди. Уни ҳоким ўз ҳарамидаги аёллар ёнига йўллаб, аёллардан қаноатлантиришлари умид этиларди. Шунга қарамасдан, "Сити" одати то ҳозиргача кўп содир этилади. Хусусан бу одат мусулмонлар ҳукм юритмайдиган "Ражват"- амирлар минтақасида давом этмоқда.

Ноумидлик ва бадбинликка қарши кураш, инсонда умид, ишонч ва улуғлик уруғини сочиш

Исломнинг мақтовга сазавор бешинчи хислати: инсониятнинг аксари Аллоҳ раҳматидан ноумидликка ва соғлом фитратга бадгумонлик дардига мубтало эди. Инсониятнинг бу даражадаги ақлий ҳолатга тушиб қолишига шарқдаги қадимий диёнатлар, европа ва яқин шарқда эса ўзгартирилган христиан динининг роли катта эди.
Ҳиндистондаги қадимий диёнатлар таносух – одам ўлгандан сўнг унинг руҳи бошқага янги жасадга ўтади, деган эътиқод ва шу эътиқод фалсафасига ишонардилар. Таносух эътиқодида инсоннинг ихтиёри ва  тасарруфига умуман ўрин қолмас, ҳар бир шахс биринчи ҳаёти чоғида касб этган гуноҳлари учун озми-кўпми албатта азобланади. Бу нарса эса ўлган кишининг руҳи йиртқич ҳайвон ёки боқиладиган чорва ёхуд бадбахт, қийналган инсон шаклида кўриниш билан амалга ошади, деб эътиқод қилинарди.
Христиан дини дунёга одамзоти гуноҳга ботган ҳолда туғилади. Ийсо алайҳис-салом одамзотининг гуноҳлари учун фидо бўлди, деб айюҳоннос солди. Христиан динидаги бу эътиқод дунёнинг турли чеккасидаги христиан динини қабул қилган миллионларча христианларда ўзларига нисбатан бадбинликни, келажак ва Аллоҳ раҳматидан ноумидликни пайдо қилди. Илоҳий раҳматдан буткул умидсизланган одамзотини бу руҳий тушкунликдан пайғамбарлар хотами Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам даъвати чиқарди. Пайғамбарлар султони ҳеч бир тараддудсиз: одамзоти маъсум бўлиб туғилади. То балоғатга етгунгача номаи амаллар ёзиладиган саҳифалар қордек оқ ва топ-тоза бўлади. Ҳар бир инсон ҳаёт чоғида саҳифаларига энг гўзал ва чиройли сўзлар ва амалларни битиши мумкин. Ҳар бир инсон ҳаётини ўз ихтиёри билан бошлайди, савоб ва азобга, жаннат ёки дўзахга амалига қараб  эришади. Қиёмат куни ҳар бир шахс ўз амалидан сўралади ва ўз амалига яраша ажру мукофат олади. Ҳар ким ўз амалидан сўралиши, кимса бошқа биров амалидан сўралмаслиги Қуръонда бир неча бор такрорланди. Аллоҳ таоло айтди:   Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас).(Ван-нажм 38).
Бу эълон инсониятда йўқотган фитратига ва табиий иқтидорига ишончни уйғотди. Ўз иқтидори ва лаёқатига ишонган инсон ўзи ва инсоният келажагини яратиш, олдидаги катта имкониятлардан фойдаланиш учун чинакам ирода ва кучли ҳиссиёт ила олға шаҳдам қадам ташлади.   
 Ҳазрат Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч ким хатодан холи эмаслиги ва хатони ўнглаш йўли тавба эканини маълум қилдилар. Инсон гоҳида нодонлиги, ҳаёти дунёга алданганлиги, дунёга қарашининг торлиги сабабли, баъзан шайтон васваси, нафсининг ёмонликларга буюриши сабабли хато ва гуноҳларга йўл қўяди. Яхши амал қилиш, хатони тан олиб, гуноҳларга надомат чекиш фитрат-табиий хилқат тақозоси ва одамийликнинг асл моҳиятидир. Аллоҳ таолога тавба-тазарруъ қилиш ва гуноҳни қайтиб қилмасликка азму қарор қилиш инсоннинг олийлиги, асли тозалиги ва Одам ота хислати эканини маълум қилдилар.
Ҳазрат Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам қулоқларигача гуноҳга ботганларга Аллоҳ раҳматидан ноумид бўлманглар, тавба қилинглар, тавба эшиги тавба қилувчилар учун ланг очиқ, деб барчани баббаробар тавба қилишга чақирдилар. Тавба маъноси ва ундан кўзланган мақсад нималигини батафсил шарҳладилар. Пайғамбаримиз исмлари қаторида: "Тавба пайғамбари", деган исмнинг ўрин олиши шу боисдандир. Пайғамбаримиз одамларни тавбага даъват қилар эканлар: тавба гуноҳларга хос амал эмас, нафақат гуноҳкорлар тавба қилиши керак, балки ҳамма тавба қилиши керак. Зотан  тавба Аллоҳ наздида олий саналган ибодатлардан биридир, деб тавба-тазарруъни ўта олқишладилар. Шу билан тавба: ҳар бир банда қисқа вақтда, кундузи соим, тунда қоим бўлган Аллоҳ таолонинг яхши-пок тақводор бандалари ҳавас қиладиган Аллоҳга яқин даражага етиши мумкин бўлган ибодатга айланди.
Қуръон оятларида тавбанинг фазилати ва тавба эшигининг кенглиги батафсил баён этилди. Инсон тасаввур қилган ҳар қандай катта гуноҳдан қалбларни ўзига ром этувчи ажойиб услуб – тавба ила покланиш мумкинлиги маълум қилинди. Нафсига қул гуноҳкор бандаларни Қуръони карим Аллоҳга қайтишга, У Зот раҳмати ва меҳрибончилигига бутун борлиқлари билан талпинишга чақирди. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг еру кўкни иҳота этган кенг раҳматини шу қадар гўзал тасвирладики, Аллоҳ таоло нафақат Ҳалим, Раҳмли, Саховатли ва Карам Эгаси бўлган Зотдир, балки бунга қўшимча У Зот – таъбир жоиз бўлса -  тавба қилувчиларни суйивчи, уларга тавбалари учун ташаккур билдиргувчи ҳамдир. Бу каби лутфи карам услубини эшитиб, завқ олиш учун ушбу оятни тиловат қиламиз. Аллоҳ таоло айтади: (Эй Муҳаммад), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Оллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағрират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир). (Зумар 53).
Тавба сурасидаги мана бу оятда янада ажойиб кўринишга воқиф бўламиз. Бу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандаларидан ташкил топган турли жамоатни тавба қилувчилар зикри билан бошлайди. Аллоҳ айтади: ( (Улар) – тавба қилувчилар, (Аллоҳнинг Ўзигагина) ибодат қилувчилар, шукр қилувчилар, рўза тутгувчилар, рукуъ-сажда қилгувчилар, яхшиликка буюргувчилар, ёмонликдан тўхтатгувчилар ва Аллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидаларга доимий риоя қилгувчи (мўмин)лардир. (Эй Муҳаммад), бу мўминларга жаннат хушхабарини етказинг! ). (Тавба 112).
Қуръони карим ва суннатда баён этилган тавбанинг фазилати, тавба қилувчи банданинг гуноҳдан покланиши ва бу хабарнинг ҳақ - ростлиги, Қуръони карим Табук урушига беузр қатнашмасдан Мадинада қолган уч саҳобий тавбасининг қабул этилганини эълон қилган кун ўз тасдиғини топди.
Табук урушига муайян узрсиз қатнашмаган уч саҳобий тавбасининг қабул қилингани ҳақида баён, бу урушда Пайғамбар алайҳис-салом билан ёнма-ён туриб, иштирок этган муҳожир ва ансорларнинг тавбаларини Аллоҳ таоло қабул қилгани ҳақидаги оятдан кейин келдики,  токи бу уч саҳобий ўзларини жамоатдан ажралган, якка ҳис этмасинлар. Бу билан саҳобаларга табук урушида қатнашмаган уч саҳобийнинг ўрни аввалгидек биринчи сафда экани маълум бўлди. Тавбаси қабул қилинган саҳобийнинг қисиниб-қимтиниш ва уялишга ҳожат қолмади.
Инсоф билан айтинг! Бирон бир диёнат, одоб-ахлоқ ва ислоҳотлар тарихида тавбанинг қабул қилиниши, тавба қилувчининг азиз-мукаррам этилиши ҳамда тавба қилувчидан, уни ўраб-чирмаб олган ғам-ташвишларини аритишда бундан-да ажойиб, гўзал, нозик, ёқимли, ширин сўз, ошнолик ва меҳрибончиликни учратиш мумкинми?
Энди биргаликда мана бу оятларни ўқийлик: (Ҳақиқатан, Аллоҳ Пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни Пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта У Зот  мўминларга Марҳаматли, Меҳрибондир. Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик қилиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳ(нинг ғазаби)дан фақат Унинг Ўзига тавба қилиш билангина қутилиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган эди (яъни тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта Аллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, Меҳрибондир). (Тавба 117-118).
Қолаверса, Қуръони каримда умумий асос сифатида Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, раҳмати ғазабидан устунлиги ҳам баён қилинди. Аллоҳ таоло айтди: ( Раҳматим — меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир ). (Аъроф 156).
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисул қудсийда Аллоҳ таоло: "Дарҳақиқат, раҳматим ғазабимдан устундир"-деб хабар берди.    
Парвардигор раҳматидан ноумидлик куфр, жаҳолат ва залолат билан баробарлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда пайғамбари Яқуб алайҳис-салом сўзлари орқали қуйидагича баён қилди: («Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини изланглар ва Оллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Оллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур»). (Юсуф 87). Ҳижр сурасида эса Иброҳим алайҳис-саломнинг ушбу сўзини зикр қилди: («Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар). (Ҳижр 56).
Шундай қилиб, пайғамбарлар якуни бўлмиш Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам бутун инсониятга ёрдам қўлини чўздилар. Барчани баб-баробар тавба қилишга даъват қилдилар. Тавбанинг фазилати ва тавба эшигининг кенглигини Аллоҳ таолонинг азоб-уқубати, ғазаби ва улуғлиги билан қўрқитилавериб бутун вужудини титроқ босиб, оёқда туришга мадори қолмаган ва ноумидликдан эзилиб кетган инсониятга етказдилар. Инсониятнинг Аллоҳ раҳматидан бу даражада ноумид бўлишига асосий сабаб бўлганлар: яҳудий роҳиблари, муқаддас китоблар шарҳловчилари ҳамда ҳаддидан ошган христиан роҳиблардир. Ҳазрат Муҳаммад алайҳис-саломнинг тавба эшиги барча учун баб-баробар очиқ, деган даъвати инсониятга ҳаётда янги имкон берди. Инсониятнинг синиқ қалби ва жонсиздек қотган жасадига янги руҳ ва жўшқинлик бахшида этди. Ярасига малҳам суриб, уни ботқоқдан боққа, қулликдан раҳнамоликка, ўзига ишонишга, инсонлиги билан фахрланиш ва Аллоҳга суяниш даражасига кўтарди.

Дин билан дунё ўртасини жамлаш ва тарқоқ жамоатларни бирлаштириш

Қадимий диёнатларда, хусусан христиан динида инсоният ҳаёти диндорлар ва дунёвийлардан иборат икки қисмга бўлинганди. Бу талқин натижаси улароқ ер курраси диндорлар ва дунёвийлардан иборат икки лагерга ажралганди. Бу икки лагер нафақат бир-биридан ажралган-мустақил, балки ўзаро душман ҳам эди. Бу иккила лагер ўртасини катта кўрфаз тўсиб турарди, гўё. Ҳар иккала лагердагилар дин билан дунёнинг бирикиши мумкин эмас, бу иккала нарса бир-бирига тамоман зиддир, деб эътиқод қилардилар. Шунга кўра, бир лагер аъзоси иккинчи лагердан тамоман алоқасини узарди. Улар фикрича: бир вақтнинг ўзида икки кемага чиқиш мумкин эмас, иқтисодий курашиш учун дунёни охиратдан устун қўймоқ, Еру кўкни яратган зот Аллоҳдан юз ўгирмоқ керак. Ҳукм ва салтанатнинг боқийлиги диний ва ахлоқий таълимотларга бепарволикни, Аллоҳ қўрқинчидан қўтилишни тақозо этади. Диндорлик эса роҳиблик ва дунёдан бутунлай этак қоқишни тақозо этади.  
Ҳаммага маълум ҳақиқат шуки: инсон табиатан енгилликни яхши кўради. У аслида шундай яратилган. Бинобарин, мубоҳ-ҳалол нарсалардан баҳраманд бўлиш, тараққиёт, азизлик, куч ва ҳукмга эришишларда инсонга йўл бермаган ҳар қандай диний фикр ғолибан башариятни бошқаришга ярамайди. Соғлом фикрга қарши кураш, инсондаги табиий ғаризани ҳалокатга учратиш натижасида кўплаб иқтидор соҳиблари, зуковатлилар ва илмий лаёқатга эга бўлган кишилар динни ташлаб, дунёвийлар йўлини ихтиёр қилдилар. Дунёни ихтиёр қилган – дунёпарсатлар, дейсизми ёки илмонийлар, дейсизми, хуллас бу тоифадагилар диний ўсиш ва  руҳий силжишдан умид узгач, ҳаётий дунё лаззатларидан баҳраманд бўлиш ва дунёни обод этишга бор вужудлари билан берилдилар.
Динни ташлаб дунёпарастлар сафига қўшилганларнинг кўпчилиги умумий шаклда, дин билан дунё ўртасидаги қарама-қаршиликни оддий ҳақиқат – аксиома, деб қабул қилганди. Натижада диний ҳукм юритаётган сарой дин намояндалари – тамсилчиси бўлмиш канисага қарши кўзғалиб, каниса шартларидан тамоман холос бўлди. Мантиқий шаклда бошқа ҳукуматлар ҳам гўё бўшалган ҳўкиздек динга қарши қўзғолон кўтарди. Дин билан дунё ўртасидаги оғир ажралиш ва диндорлар билан дунёчилар ўртасидаги қузғун душманчилик динсизликка катта йўл очди. Икки лагер орасидаги бу курашнинг биринчи қурбони ва ўлжаси ғарбликлар, ундан кейин эса ғарб фикрига, илми ва маданиятига эргашиб, ғарб байроғи остида яшаган миллатлар бўлди.
Айниқса, христиан динидаги экстремист даъватчиларнинг башарият фитратини руҳий поклик ва осмон билан боғланишдан тўсувчи катта тўғаноқ, деб ҳисоблашлари ўлганни устига тепгандек эди. Улар башариятни адаштириш ва қийнаш учун турли зулм услубини қўллаб кўрдилар.  Халққа динни мўминлар қалбларини титратадиган даражада энг ваҳшиёна суратда номоён этдилар. Охир-оқибат дин чекинди, ҳавою нафсга сиғиниш авжига чиқди. Дунё бир муддат икки олов орасида қолди. Ва ниҳоят диний заифлик сабабли дунё динсизлик ва ахлоқий бўшлиқ жарига қулади.  
Ҳазрат Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбар этиб юборилишининг башариятга ато этган катта ҳадяларидан бири: барча амал ва ахлоқларнинг асоси - негизи: ҳар бир шахс интилган ғоядир, деган оламни тутган нидо эди. Ҳазрат Пайғамбаримиз бу асосни оддий, айни вақтда чуқур маъноли ибора билан англатдилар. Ҳар бир амалнинг асоси ният эканини: "Амаллар ниятлар билан эътиборлидир. Ҳар бир киши учун, унинг ният қилган нарсаси берилади"- деган сўзлари ифода қилди.    
Демак, Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат этган ҳолда Аллоҳ розилиги учун ихлос билан бажариладиган ҳар бир амал Аллоҳ ризосига, имон даражаларига ва ишончга етказувчи тоат-ибодат ҳисобланади. Амал  жиҳодми, ҳукм чиқаришми, бошқарувми, ердаги пок нарсалардан фойдаланишми, ризқ касб этишми, вазифами, оилавий ҳаётми нима бўлишидан қатиий назар ният билан ибодатга айланади. Аллоҳ ризоси ниятида, У Зот амрига итоат этган ҳолда адо этилмаганган амаллар фарз намозлар, ҳижрат, жиҳод, зикр ва тасбеҳ каби улуғ тоат-ибодатлар бўлсада ажр-савобдан маҳрумдир. Нияти Аллоҳ ризоси бўлмаган намозхон, олим, мужоҳид ва даъватчи бажарган амалининг ажру савобидан мосуводир. Баъзан Аллоҳ ризоси учун бажарилмаган амал ва ишлар неъмат эмас азобга, банда билан Аллоҳ ўртасини тўсивчи пардага айланиши ҳам мумкин.(Аллоҳ асрасин!).
Ўрта асрлардаги христианларнинг тарихига қарайдиган бўлсак: дин тамсилчиси бўлмиш каниса билан ҳукумат бир-бирига қаршилигини кўрамиз. Диндорлар билан дунёчилар ўртасидаги қақшатгич уруш динни сиёсатдан ажратиш билан якун топди. Динни сиёсатдан ажратишнинг машъум оқибати барчага маълум. Бутун олам ҳозиргача ўша оловда ёнмоқда ва у йўлда ҳали-ҳануз қоқилмоқда.                
Динни сиёсатдан ажратиш ҳақидаги тарихий ҳақиқатни профессор Муҳаммад Иқбол ажойиб тасвирлаб, бундай дейди:
"Каниса роҳиблик асосига барпо этилдир. Бинобарин канисанинг бошқариш, ҳукм юритиш ва идора қилишни иплолмаслиги табиийдир. Яна бир томондан роҳиблик билан ҳукм юритишнинг ўртасида қадимий душманчалик бор эди. Роҳиблик том бўйинсуниш ва таслим бўлиш, ҳукм эса катталик ва ҳокимликдир".
Алқисса, сиёсат ўзини диндан холос этди. У диндан худди милтиқдан отилган ўқдек узилди. Диндорлар икки қўлларини қўлтиқларига урганча қолаверишди. Дин давлатдан ажралгач шаҳват эшиклари ланг очилди. Ўрмон қонуни ҳукмрон бўлди. Динни давлатдан ажратиш дину давлатга фалокат келтирди. Динни давлатдан ажратиш бу маданиятнинг устунлигини эмас, аксинча ночорлиги ва қолоқлигини кўрсатди.
Саҳроий кишининг бир вақтнинг ўзида ҳам жаннат хушхабарини бериши, ҳам дўзах азобидан огоҳлантириши муъжиза эди. Унинг огоҳлантиришида хушхабар, хушхабарида эса огоҳлантириш акс этарди.
Инсониятни турли хатардан сақлаш ва уни уйғотиш учун ягона йўл: дин билан дунё бирлашиши, тавқодор ва художўй кишилар эл қатори от устида юришлари керак".
Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-саломнинг энг таҳсинга созовар хислат ва сифатларидан бири: дин билан дунё ўртасидаги кенг бўшлиқни тўлдиришларидир. То сўнгги пайғамбар юборилгунгача бир-бирига ёв бўлиб келган дин билан дунё, бундан кейин тинч-тотув ва дўстона яшовчи бирликка айланди. Дарҳақиқат, ҳабибимиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам бирлик элчиси - бир вақтнинг ўзида ҳам жаннат хушбарини бергувчи, ҳам дўзах азобидан огоҳлантирувчи пайғамбар эдилар. Пайғамбаримиз башариятни бир-бирига душман икки лагердан имон, савоб умидида бўлиш, башариятга хайрихоҳлик ва Аллоҳ ризосини исташлардан иборат бирлик жабҳасига кўчирдилар. Бизларга мана бу муъжизавий дуони таълим бердилар: ("Парвардигоро, бизга бу дунё ҳам яхшилик ато этгин, Охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин"). (Бақара 201).  
Муҳаммад алайҳис-салом мана бу оятларни халққа эълон қилдилар: ("Албатта намозим, ибодатларим (яъни қиладиган қурбонликларим), ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир"). (Анъом 162).
Ҳақиқатда, мўминнинг ҳаёти бир-бирига қарама-қарши тарқоқ бирлик тўплами эмас, балки у ибодат руҳи ҳукм юритган, Аллоҳга имон келтириш ва У Зот амрига таслим бўлишлар бошқарадиган яхлит бирликдир. Бу бирлик агар ихлос амалга ошса ва яхши ният билан Аллоҳ ризоси учун бажариладаган бўлса ҳаёт тармоқлари, кураш майдонларининг ҳаммасини, амаллар ва ишларнинг барча турини ўз ичига олади. Айни пайтда бу амал барча пайғамбарлар даъват қилган тўғри йўл асосида амалда ошга бўлади.  
Бу эса пайғамбарлар хотами Муҳаммад алайҳис-саломнинг бирдамлик, дўстлик ва ҳамоҳанглик элчиси эканига далолат қилади. Дарҳақиқат, у зот бир вақтнинг ўзида ҳам жаннатдан хушхабарини бергувчи, ҳам дўзах азобидан огоҳлантирувчидирлар. Дарҳақиқат, у зот дин давлат ёки сиёсатдан ажралсин, деган назарияга барҳам бериб, ҳаётни ибодатга, бутун ер юзини масжидга айлантирган пайғамбардирлар. Муҳаммад алайҳис-салом инсониятни қўлидан тутиб, уни бир-бирига душман лагерлардан яхши амал, инсониятга манфаатли хизматлар ва Аллоҳ розисини исташдан иборат кенг бирдамлик жабҳасига кўчирдилар. Натижада ҳеч бир қарама-қаршилик ва машаққатсиз мискинлар увадасини кийган подшоҳлар, шоҳона уст-бошдаги тақводорлар, ҳалмлик қирраси, илм чашмаси, тун обидлари ва кундузи эгардан тушмаган амирлар дунёга келди.

Дин билан илм ўртасида доимий муқаддас алоқани вужудга келтириш, дин билан илмнинг оқибатини бир-бирига боғлаш, илмни улуғлаш ва илм олишга қизиқтириш

Ҳазрат Муҳаммад алайҳис-саломнинг олий хислати ва даъватининг хусусиятидан бири: у зотнинг дин билан илм ўртасида доимий муқаддас алоқани пайдо қилиши ва дин билан илм оқибатини боғлашларидир. Пайғамбаримиз илм шаънини кўкка кўтариб, илм олишга қаттиқ  рағбатлантирдилар. Натижада дин ва самовий рисолатларга асосланган, маданиятлар тарихида мисли кўрилмаган илмий ва таълифий ҳаракат вужудга келди.
Сўзимизга энг катта далил: ҳазрат Муҳаммад алайҳис-саломга нозил қилинган илк ваҳийдаёқ Парвардигориолам башариятга илмга хосланган сўнгги пайғамбарини юборганини миннат қилди. Илк ваҳийдаёқ илм ва илм йўналишига боғлиқ улкан васила - ўқиш зикр этилди. Ўқишдан таълиф ва таълимий фаоллик, илмни шахсдан шахсга, жамоатдан жамоатга, асрдан асрга, авлоддан авлодга кўчириш келиб чиқди. Илмнинг инсон маънавиятига дахлдор ҳар қандай фазилатдан кўра дунёга кенг доирада ёйилишидаги фазлу марҳамат Пайғамбаримизга оиддир. Пайғамбаримиз таълим берган илм асосида бутун дунёда мактаблар, университетлар, нашриётлар ва кутубхоналар барпо бўлди.
Агар ҳар бир иш далил-исбот ва инсон ўлчови билан эътибор қилинадиган бўлганда, тарихий ва ақлий далилларнинг ҳаммаси илк ваҳий жараёнида "қалам"нинг зикр этишилиши мумкин эмас, деб ажабланиши турган гап. Чунки бу ваҳий қалам деб аталувчи "чўп" ўта камёб бўлган қолоқ шаҳардаги омий халқ ичида ўниб-усган омий кишига нозил бўлганди. Араблар "омий"лар лақаби билан танилган эди. Аллоҳ таоло айтди: (У (Аллоҳ) омийлар (яъни, аҳли Китоб бўлмаган илмсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб – Қуръон ва ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир Пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (ўзларига Пайғамбар келишидан) илгари очиқ залолатда эдилар). (Жумъа 2).  
Араб жазирасидаги араблар "Омий"лар лақабига Қуръон нозил бўлишдан илгари эга эдилар. Мадинада араблар билан қўни-қўшни бўлиб яшаб, арабларни жуда яхши таниган яҳудийлар, арабларни омийлар, деб атардилар. Яҳудийларнинг: ("Омий – Китобсиз кимсалар учун бизнинг устимизга ҳеч қандай йўл йўқ),(Оли Имрон 75) -деган сўзи Қуръонда ҳам келтирилди.
Омий миллат ичидаги ваҳий қилинган пайғамбар эса мутлақ омийлиги билан ажраб турарди. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай деди: (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан Сизга Руҳни – Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз (Пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни – Қуръонни ва на имонни (яъни, унинг ҳақиқат-моҳиятини) билгувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз. Албатта Сиз (ўзингизга тушга ваҳий ёрдамида) Тўғри Йўлга етаклайсиз). (Шўро 52). Аллоҳ таоло айтди: (Сиз (ўзингизга Қуръон нозил қилинишидан) илгари бирон китобни тиловат қилувчи бўлган эмас эдингиз ва ўз қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда, бузғунчи кимсалар албатта шубҳага тушган бўлур эдилар). (Анкабут 48).
Илк ваҳий ҳазрат Муҳаммад алайҳис-саломга ҳиро ғорида нозил бўлди. Ҳиро ғорида олти аср узилишдан кейин ер билан осмоннинг, тўғрироғи осмон билан ернинг боғланиши бошланди. Бироқ ваҳий тоат-ибодат, Аллоҳни таниш, Аллоҳ динига даъват қилишлар каби яхши амалларга чорлаш ёки бут ва санамлар ибодати, жоҳилият одатларига ўхшаш ёмон амаллар-салбий кўринишдан қайтириш билан очилмади. Илк ваҳий "Ўқинг"-деган буйруқ билан бошланди. Аллоҳ таоло айтди: (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, сиз ўзингизга нозил бўлган Қуръонни барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир). Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни, ёзишни – хатни) ўргатган ўта Карамли Зотдир. У Зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди). (Алақ 1-5).
Ушбу тарихий ҳодиса умуман инсониятни, хусусан мутафаккирлар ва тарихшуносларни чуқур ва кенг фикр юритишга ундади. Бундан маълум бўлдики, пайғамбарлар хотами бўлмиш омий пайғамбар Муҳаммад алайҳис-салом инсоният, динлар ва самовий рисолатлар тарихида инсониятга янги шакл беришда дин билан илм бирлашган ҳамроҳ ва ҳамкор бўлган, илм гуллаб-яшнаган ўқиш ва илм давлатини қуриш хусусиятига эга янги саҳифани очадилар.
Ўқиш санъати ва илм сўнгги пайғамбар таълимоти остида бутун борлиқ ва инсонни яратган Аллоҳ номи билан бошланади. Аллоҳга имон келтириш ва У Зотни тўғри таниш сифатига эга инсон Аллоҳнинг нури ва ҳидояти ила олға шаҳдам қадам ташлайди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, сиз ўзингизга нозил бўлган Қуръонни барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! (Алақ 1). Айни пайтда у, инсоннинг нимадан яратилгани ва нима мақсадда яратилганидан хабардордир. Шу боис, у ҳаддидан ошмайди, илм, ақл, саноат ва табиатни бўйинсиндириш майдонларида эришган ютуқлари сабабли кеккаймайди. Аллоҳ таоло: (У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир)). (Алақ 2).
Парвардигори олам инсонга аслини маълум қилгач, қаламни зикр қилди. Қаламнинг улуғлиги, бебаҳолиги, илм олиш, ўқиш ва таълим-тарбия дунёсидаги ўрни алоҳида урғуланди. Ҳолбуки, қалам нафақат Макка шаҳрида, балки араб жазирасида жуда ноёб эди.   Араб жазирасида ўқиш ва ёзишни билган кишининг лақаби: "Котиб", яъни ёзувчи эди. Аллоҳ таоло айтди: (Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни, ёзишни – хатни) ўргатган ўта Карамли Зотдир). (Алақ 4).
 Бундан кейин инсоннинг диний, коинот, турли соҳадаги илмлар, саноат, кашфиёт, ихтиро ва кенг дунё қарашлардан иборат барча янги илмларни ўзлаштириш лаёқатига, барча илмлар манбаи аслида илоҳий таълим бўлиб, инсон номаълум илм ва йўқ нарсани кашфиёт этиш учун яратилганига ишора қилинди: (У Зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди).
Сўнгги пайғамбар Муҳаммад алайҳис-саломга нозил бўлган илк ваҳий ана шундай бошланди. Бундан кейинги босқичлар ҳамда илм, даъват ёки мактаблар устига босим ўтказган унсурни белгилашда бошланиш билан унвоннинг аҳамияти катта. Ислом дини илм билан бирга зикр этилди, у инсоннинг илм олиш рағбатига мос, келажак авлод, инсон ақли ва салоҳиятли фуқоралик жамиятидаги янгидан янги муоммоларни илмдан юз бурмаган, ақл юргизишдан қўрқитмаган ҳолда ҳал қилишга қодирлигича қолади.
Дунёда ҳаётини илм ўлимига, тараққиёт ва ютуғини илмни мағлубиятига боғлаган хурофатларга асосланган динлар талайгина. Мана бу қисса илмга асосланмаган динларга мисол бўлади:
Ҳикоя қилинишича, бир пашша Сулаймон алайҳис-салом ҳузурига шамолдан шикоят қилиб келибди. Шамол бизга жабр қилмоқда. Шамол турганда ўрнимизда туролмасдан тим-тирақай қочамиз, дебди. Сулаймон алайҳис-салом: ундай бўлса, айбланувчини ҳузуримга чақиришим керак, дебди ва шамолни ҳузурига чорлабди. Шамол Сулаймон алайҳис-салом ҳузурига бўйинсуниб ҳолда шов этиб келган экан, пашша шамолда ҳув этиб ўчиб кетибди. Шунда Сулаймон пайғамбар: даъвогар ҳозир бўлмаса, бу масалада қандай ҳукм чиқарамиз?!- деган эканлар.
Жуда кўп диёнатлар шунга ўхшаш асоссиз ҳикоя ва эртакларга асосланади. Ҳиндистондаги бароҳималар диёнати ҳам, фолбинлари ҳам ибодатхона ходимлари ҳам эртакларга таянади. Европадаги христиан канисаси билан илм ўртасида бўлиб ўтган кураш қиссалари маълум ва машҳур. Америкалик Драбарнинг (Confliet betweer Religion & Seience) китобида: дин билан илм ўртасидаги кураш тарихий ҳужжат ва маълумот китобларида қайд этилган. Ўрта асрларда европадаги диний ақидавий тафтиш маҳкамалари (Courts Of Inquistion) билан каниса таъқиби қурбонларини сони ўн икки миллионга (12000000) етди.   Бу сон биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг икки бараварига тўғри келади. Биринчи жаҳон урушида олти миллион, тўрт юз минг (6400000) киши нобўд бўлган.
Қуръон илм ва уламолар қадрини шу даражада кўкка кўтардики, уни мисли на илгариги саҳифалар ва на қадимий динларда кўрилмаган эди. Илм ва уламоларга пайғамбарлардан кейинги унвон берилди. Буни билмоқ учун ушбу бу оятларни тиловат қиламиз. Аллоҳ таоло айтди: (Аллоҳ, фаришталар, илм аҳллари – Ёлғиз Алллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи – Ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат Эгасидир). (Оли Имрон 18). Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломга: ("Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин", дегин), деб буюрди.(Тоҳа 114). Зумар сурасида: (Айтинг: "Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!). (Зумар 9). Мужодала сурасида Аллоҳ жалла-жалалуҳ: (Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур)-деб хабар берди. (Мужодала 11). Фотир оятида (Албатта Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонлар қўрқур)-деди. (Фотир 28).
Олим-билимдонларнинг пайғамбар ҳадисида ворид бўлган даража-мартабасини намоён этувчи иккита ҳадис келтирамиз. Ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳис-салом: "Олим-билимдоннинг обиддан афзаллиги-ортиқлиги, менинг сизларнинг энг пастларингиздан ортиқлигим кабидир",- деб марҳамат қилдилар.     Имом Абу Довуд ва Термезийлар ривоят қилган иккинчи ҳадисда ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳис-салом: "Уламолар пайғамбарлар меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам эмас, балки илмни мерос қолдирганлар. Бас, илм олган киши, пайғамбар меросидан тўлиқ насиба олган бўлади",-деб марҳамат қилганлар.   
Илм ва илм аҳли бўлмиш олим-билимдонларнинг такрор-такрор мақталиши натижасида Ислом тарихида ҳаётини илм йўлидаги фидойилик, замоний майдони замоний майдонларнинг, маконий майдони маконий майдонларнинг мутлоқо кенгги, маънавий майдони замоний ва маконий майдонидан-да кенг ва катта бўлган умумжаҳон илмий ҳаракат юзага келди.
Кези келганда ғарблик тадқиқотчи, Франсиялик машҳур тарихчи профессор Гостов Лобоннинг "Араблар маданияти" номли китобида ёзганларидан намуна келтирамиз:
"Араб-мусулмонларнинг тадқиқотга бағишлаган ҳиммати кишини ҳайратга солади. Илм ва тадқиқотда араблар билан тенг миллат бўлиши мумкин, аммо тахминимча араблардан устуни бўлмаган. Араб – мусулмонлар ҳукмига ўтган шаҳарларда масжид ва мадраса қуришга катта эътибор берардилар. Агар шаҳар катта бўлса, у ҳолда бир эмас бир нечта масжид ва мадрасалар қуриларди. Ана шулар қаторида 1173 йилда вафот этган Бинямин Тотбалий гувоҳ бўлган искандариядаги 20 та мадраса ҳам туради. Бундан ташқари Бағдод, Қоҳира, Кордова ва шунга ўхшаш катта шаҳарларда лабараторея, расадхона ҳамда илмий тадқиқотга асқотадиган барча шароит яратилган, китобга бой кутубхонларга эга жомеъа – университетлар қад кўтарганди. Араб – мусулмон тарихшунослари ривоятига кўра, биргина Испанияда арабларга тегишли етмишда кутубхона бўлган. Халифа "Ал-ҳакамус-саний"нинг Кордова шаҳридаги хос кубутхона токчаларида (600 000) олти юз минг китоб  терилганди. Шулардан (44) қирқ тўрт жилди фиҳрист – мундарижа бўлган. Шу сабабли: доно Чарл тўрт юз йилдан кейин франсиянинг қиролий кутубхонасида тўққиз юз (900) жилддан зиёда китоб жамлай олмаган. У жамлаган китобларнинг учдан бир қисми илоҳиёт илмига тегишли бўлган, дейилади.       
Ҳазрат Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбар этиб юборилиши ва Ислом даъвати илмий жонланиш ва илмнинг ёйилишида катта рол ўйнаганида шубҳа йўқ. Бироқ Ислом даъватининг илмни тўғри ғояга йўллаши, илмни ижобий, фойдали, амалий, айни пайтда ҳайрат, ташвиш, қарама-қаршилик ва шубҳалардан қўтқарувчи ролини ўйнаш даражасига кўтариши аввалгисидан кўра муҳим ва қимматлироқдир.
Буни биз Ислом даъватидан илгари илм бирликлари нафақат тарқоқ, балки кўпинча илмларнинг бир-бирга қарама-қаршилигидан ҳам билсак бўлади. Табиат илми динга қарши, ҳикмат илми дин душмани эди. Ҳаттоки риёзиёт ва тиббиёт илмларига ўхшаш динга  дахлсиз илм мутахассислари баъзан салбий натижа - худосизлик билан чиқардилар. Бир қанча асрлар давомида фалсафа ва риёзиёт илмида дунёда беназир бўлган Юнон олимлари ё мушрик, ё мулҳид-худосизлар эди. Шу сабабдан Юноннинг илм ва фикрий мадрасалари динга хатарли, мулҳид-худосизларнинг далил-ҳужжати ва қибласига айланганди. Бинобарин Ислом даъватининг энг катта яхшилиги: илм бирликларини ўзаро боғловчи бирликни кўрсатиши бўлди. Бу вазифани бажариш илм – маърифатдаги сафарини тўғри бошлаган Ислом дини учун жуда осон кечди. Ислом дини илмий сафарини Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбарига: ((Эй Муҳаммад алайҳис-салом, сиз ўзингизга нозил бўлган Қуръонни барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! (Алақ 1) –деган сўзига амал қилган ҳолда Аллоҳга имон келтириш, Ундан ёрдам сўраш ва фақат Унга суяниш билан бошлади. Кўп ҳолатда тўғри бошланиш, яхши хотимага сабаб бўлади. Шундай қилиб ҳазрат Муҳаммад алайҳис-салом Қуръон ва имон марҳамати ила илм бирликларини бир-бирига боғловчи бирликни кашф эта олдилар. У бирлик: Аллоҳни таниш эди. Аллоҳ таоло Ўзини ҳақиқатда таниган бандаларини мадҳ этди: (Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): "Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) Поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил! ) (Оли Имрон 191).
Об-ҳаво, фалокат ва ўзгарувчанликлардан иборат коинот бирликлари ҳам зоҳиран инсонни ҳайрат ва саросимага солар даражада бир-бирига қарама-қарши ва зиддек кўринарди. Баъзан бу кўриниш куфр ва мулҳидликка, коинотни яратган Зотга қарши чиқишгача олиб борарди. Имон ва Қуръонга асосланган Ислом илми коинот бирликларини жамловчи бирликни кўрсатди. У бирлик: Аллоҳнинг иродаси ва ақлларни лол қолдирувчи Аллоҳнинг ҳикмати эди.
Ғарблик олим, олмониялик Ҳиролд Ҳуфданж барча бирликларни ўзаро боғловчи бирликка етиш ва бу бирликнинг инсон ҳаёти, илм жараёни ва одоб-ахлоқдаги фаол ўрнига қуйидагича ишора қилганди:
"Барча динлар тавҳидга асосланган деган фикр – эътиқод, коинотдаги жамики борлиқнинг пайдо бўлиш сабаби битталигига асосланади. Бу эътиқод инсон табиатида ўта фойдали ва муҳим асар қолдирди. Хусусан мусулмонлар коинотдаги нарсаларнинг пайдо бўлиш сирри ва тафсилотини билмасларда, коинотдаги жамики борлиқ битта қонунга кўра бир-бирига боғлиқ, деб эътиқод қила бошладилар. Зотан пайдо бўлиш сабабининг битталиги, қонуннинг битталигини тақозо қилади. Шундай қилиб бу борлиқ ичида кезиб, адашиб юрган маърифатсиз - оддий инсон коинотдаги борлиқнинг ҳаммаси бир-бирига боғлиқ ва бутун борлиқни Аллоҳ яратган деган эътиқоддан жуда узоқ бўлган бир даврда  диний ўрта замон фалсафаси одамлар ақлига дунёдаги бутун борлиқнинг пайдо бўлиш сабаби битта: бутун борлиқни ёлғиз Аллоҳ Ўз ирода ва Ҳикмати ила яратган, деган эътиқодни сингдирди.   
Натижада илм олиш ва ўқиш мақсадга, фойдали нарсага ва Аллоҳ ризосига етказувчига василага айланди. Илмдан мақсад инсониятга фойда келтириш, жамият ва маданиятларга бахт улашишдир. Бутун борлиқни яратган Аллоҳдир, деган эътиқод инсоният фикри ва ҳаракатига ато этилган катта ҳадя бўлди. Бу эътиқод инсоният келажаги ва башариятнинг фикрий жараёнини ўзгартириб юборди.
Ғарб уламолари илм ва инсоний фикрларнинг ривожидаги Қуръоннинг фазлу марҳаматини тан олганлар. Бу ўринда ғарблик икки олим гувоҳлигини келтирамиз.
Исломга қаршилиги ва ғаразгўйлиги билан машҳур Марголюзс (G. Margoliuth) Родвел (J. N. Rodwell) таржимаи ҳоли муқаддимасида жумладан бундай деганди:
"Тадқиқотчи олимлар иттифоқ қилган нарсадан бири шуки: Қуръон энг охирги китоб бўлишига қарамасдан тарих асоси бўлмиш катта диний саҳифалар – самовий китоблар орасида олий ўринни эгаллайди. Айни пайтда Қуръон инсониятга катта таъсир ўтказишда бошқа китоблардан олдинда туради. Шубҳасиз, Қуръон янги инсоний фикр яратди. Ўзига хос хулқий мадрасанинг мустаҳкам асосини барпо этди".   
Иккинчи ғарблик олим Ҳарт Вигҳирсчфалд (Hart Wighischfeld) бундай ёзади:
"Қуръон барча илм чашмасидир, дейилса, ҳайратланманг. Дарҳақиқат, Қуръонда зикри келган ер, инсон ҳаёти, тижорат ва ҳунарлар уламолар китобларида, муфассирлар тафсирларида астойдил ўрганиладиган мавзуларга айланди. Қуръонда тилга олинган нарсалар тадқиқот ва чуқур фикр юритиладиган катта майдон эди. Бу орқали мусулмонлар илмий тарққиёт йўлига кирдилар. Мусулмонлар илмининг таъсири ғайри муслимларга ҳам ўтди. Ҳатто яҳуд фалсафачилари табиатдан кейинги диний масалаларда араблар изидан бордилар. Христиан илми каломининг илоҳиёт фанлари соҳасида араб баҳсларидан фойдаланганини айтишга ҳожат йўқ".  

Илм ва ақлни ишлатиш, ҳаттоки диний масалаларда ҳам ақлдан фойдаланиш ҳамда инсонни ўз вужудидаги ва атрофдаги оятларга назар қилишга чорлаш

Билишимизча, ҳеч бир дин ёки бирон самовий китобда Қуръончалик ақлни ишлатиш, тафаккур қилиш, хулоса чиқариш, ҳар бир ишни сабабларга, натижаларни асослар, назария ва рад этишларга боғлашга даъват қилинмаган. Қуъонда ўзига ато этилган фикрлаш қобилиятини ишга солиб, атрофидаги борлиқ ҳақида фикр юритмаган инсон қораланди. Ўз вужудлари, шаҳарлар, кофирликлари сабабли азобга дучор бўлган ўтган миллатлар, шахслар, миллатлар, ҳукумат ва халқлар амали ва ахлоқларининг натижасини кўрсатган оят-далиллар ҳақида тафаккур қилмасликни ва ундан юз ўгиришни Қуръон қоралади.   
Қуръон Аллоҳ таолонинг Бирлиги ва борлигига далолат қилувчи коинотдаги оят-далиллар ҳақида тафаккур қилиш ва зоҳирий аъзолардан бу борада фойдаланишга ундади. Зоҳирий аъзоларининг энг муҳими кўздир. Соғлом кўриш инсонни илмга етаклайди. Аллоҳ таолонинг махлуқотлари ҳақида тафаккур қилиш кўз орқали амалга ошади. Аллоҳ таоло айтди: (Ахир улар Биз қуруқ ерга сув ҳайдаб, унинг ёрдамида уларнинг чорвалари ҳам, ўзлари ҳам ейдиган экинларни чиқаришимизни кўрмадиларми?) (Сажда 27). Моида оятида ҳидоятга сабаб бўлувчи кўздан тўғри фойдаланмаслик қаттиқ мазаммат этилди. Аллоҳ таоло айтди: (Улар (бу қилмишлари натижасида) ҳеч қандай фитна – азоб бўлмайди, деб ўйлаб "кўру кар" бўлиб олдилар. Сўнг (тавба қилганларида) Аллоҳ тавбаларини қабул қилди. Кейин улардан кўплари яна "кўр" ва "кар" бўлиб олдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини кўргувчидир). (Моида 71). Аллоҳ таоло айтди: (Айтинг: "Кўр" билан кўргувчи (яъни, йўлсиз билан Аллоҳнинг йўлида юргувчи) киши баробар бўлурми?! Ахир тафаккур қилмайсизларми?!). (Анъом 50). Аллоҳ таоло айтди: (Бу икки гуруҳнинг (яъни, кофирлар билан мўминлар гуруҳининг) мисоли, худди кўру кар билан кўргувчи ва эшитгувчининг мисолидир. Шу иккаласи бир-бирига баробар бўлурми?! Ибрат олмайсизларми?!). (Ҳуд 24). Аллоҳ таоло айтди: (Яна айтингки, «Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳақ йўлга ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?»). (Раъд 16). Аллоҳ таоло айтди: (Кўр кимса (кофир) билан кўргувчи зот (мўмин), зулматлар (куфр) билан — нур (иймон), соя (жаннат) билан — жазирама (дўзах) баробар эмасдир). (Фотир 19-20-21). Аллоҳ таоло айтди: (Осмонлар ва Ерда (Оллоҳнинг борлиги ва бирлигига далолат қилгувчи) қанчадан-қанча оят-аломатлар бордир. (Лекин) улар бу оятлардан юз ўгирган ҳолларида ўтиб кетаверадилар). (Юсуф 105). Кўрувчи кўз эгаларининг ғайратини қўзғатиш учун Аллоҳ таоло бундай деди: (Бас, эй ақл эгалари ибрат олингиз!) (Ҳашр 2).
Ақл юргизишга чорловчи, ақл эгаларининг ғайратини қўзғатувчи оятлар Қуръонда "Ақл юргизинглар" калимаси 23 марта такрорланди. Мисол учун Бақара сурасида Аллоҳ таола бундай деди: (Шундай қилиб, ақл юргизишингиз учун Оллоҳ сизларга ўз оятларини баён қилади). (Бақара 242). Оли Имрон сурасида: (Агар ақл юргизсангизлар сизлар учун оят-аломатларни аниқ-равшан қилиб бердик). (Оли Имрон 118). Аллоҳ таоло айтди: (Аллоҳдан қўрқадиган зотлар учун (бу дунё матоларидан) охират диёри яхшироқ-ку! Акл юргазмайсизларми?!). (Аъроф 169). (Дарҳақиқат, Биз сизларга бир Китоб – Қуръон нозил қилдикки, унда сизлар учун зикр (яъни, шаъну шараф) бордир). (Анбиё 10). ((Эй Макка аҳли), аниқки сизлар эртаю кеч уларнинг устидан ўтиб турурсизлар. Ахир ақл юргизмайсизларми (яъни Лутнинг қавми бошига тушган ҳалокат сизларнинг ҳам бошингизга тушиб қолишидан қўрқмайсизларми)?!). (Вас-соффот 137-138).
Жаҳаннам аҳли бўлмиш кимсалар, бунингдек улуғ аъзодан тўғри фойдаламаган бадбахтлар экани қуйидагича сифатланди: (Улар (кофирлар) яна: «Агар бизлар (огоҳлантиргувчи пайғамбарнинг сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах эгалари қаторида бўлмас эдик», дерлар). (Мулк 10). Шунингдек "Ақл юритадиган" ёки "Ақлли кишилар" калимаси Қуръоннинг 20 оятида мақтов ўрнида келди.
Шунингдек, Қуръони карим оятларида фикр юритадиган, тафаккур қиладиганлар мақталди, аксинча тафаккур қилмайдиган кимсалар мазаммат қилинди. Тафаккур қилиш тўғрисидаги оят Қуръоннинг 11 оятида зикр этилди. Мисол учун Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида бундай дейди: (Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Оллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил!). (Оли Имрон 191). Аъроф сурасида: (Улар тафаккур қилсинлар учун бу қиссаларни сўйланг). (Оли Имрон 176). Раъд сурасида: (Албатта, бу (мисоллар)да тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир). (Раъд 3).
Ақл юритиш ва тафаккур қилишга чорловчи оятлар: «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ!" –деб ақлдан тўғри фойдаланган кишиларни катта ҳақиқат сари бошлади. Бунга илова барча илм майдонида, саноат ва маданиятда асари бутун оламда намоён бўлган оламий фикр ҳаракатига сабаб бўлди. Худди қоронғу хонанинг бир бурчагидан ёруғлик ва тоза ҳаво кирадиган туйнук очилгандек эди, гўё. Худди ҳуррият ва соғлом тафаккур душманлари ёки қадимий динларнинг қалбаки намоёндалари тарафидан башарият ақлига солинган қулф синдирилгандек эди, гўё. Натижада олам узоқ йиллар, минг йилларча давом этган уйқусидан уйғониб, кўп уйқудан базур очилган кўзларини уқалай бошлади. Ўзига келиб, хушини йиғиб олгач, уйқу чоғида бой берган тараққиётини қўлга киритиш, бу йўлдаги хилма-хил ғовларни кеткизиш ва енгиш учун олға шаҳдам қадам ташлади. Бир вақтнинг ўзида ҳам қаттиқ, ҳам юмшоқ бўлган бу тебраниш ҳақида франсиялик олим Жоливеъ Косталу (Jolivet Costelot) "Тарих қонуни" (Laloi De L, Histoiry) номли китобида бундай ёзади:
"Пайғамбар (алайҳис-салом) вафотидан кейин араблар катта тараққиётга эришдилар. Ислом ёйилиши замон талаби эди. Шу боис мусулмонлар тараққиёти жуда тезлаб кетди. Натижада ақлни лол қолдирувчи Ислом маданияти юзага келди. Футуҳотлар билан бирга Ислом маданияти ҳамма жойга ёйилди. Ислом маданиятининг асари санъат, адабиёт, шеър ва илмларда акс этди. Шу билан фалсафа, фалак илми, химия, тиббиёт ва руҳий илмлар машъали бир қанча аср араблар – мусулмонлар қўлида қолди. Араблар – мусулмонлар ихтирочиларга айландилар. Шунчаки ихтирочилар эмас, балки илм асосларини жуда ўткир ва ўта қобилиятла қўлга киритган ихтирочилар эди. Араб – Ислом маданиятининг умри қисқа бўлдию, бироқ асари ҳаммани лол қолдирганди. Шу боис, Ислом маданиятининг сунганига таассуф қиламиз". У сўзи давомида: "Мамлакат бошлиқларининг манфаатпарастлигига қарамасдан, улар атрофида амалга ошган ишлар, манфаатпарастликларидан кўра олийроқ эди. Амалга ошган ишлардан ақлни ҳайратга солувчи маданият барпо этилди. Дарҳақиқат, ўнинчи асрдан то ўн тўртинчи асргача тараққиётига сабаб бўлгани ва европада ўрта асрларда суст ҳаракат қилган илмий фалсафий фикрни Ислом маданиятидан олгани учун европа Ислом маданиятидан қарздордир. Ислом маданияти, мусулмонларнинг илми, одоб-ахлоқи, санъати олдида европа қолоқ ва жоҳил кўринарди. Илм ва маданият байроғини мусулмон уламолари олий кўтарган, ҳатто европада ҳам Ислом маданиятидан ўзга маданият бўлмаган тўрт аср мобайнида мусулмонлар фикридан фойдаланганини европа тан олади.
Гостов Лобун (Gustave Lebon) бундай дейди:
"Одамлар тажриба, мулоҳаза ва айрим фактлардан умумий хулосага келиш (Inductive Logic) ларни Бокунга (Francis Bacon) нисбат қиладилар. Бу иккиси янги илмий тадқиқотнинг негизи ва асосидир. Лекин бугун ҳам шуни тан олиш керакки, бу йўлларнинг барисини аслида мусулмонлар ихтиро қилганлар.
Роберт Брафаулт (Robert Briffault) The Marking Humanity номли китобида бундай ёзади:
"Европанинг барча соҳадаги тараққиётида Ислом маданиятининг хизмати беқиёс ва европа тараққиётига катта таъсир ўтказган кескин асарлари бор".  Яна у бошқа ўринда бундай деганди:
"Европага ҳаёт бағишлаган нафақат (фазлу марҳамат мусулмонларга қайтадан)  табиат илмлари, балки Ислом маданияти европага илк нурини юборганидаёқ ҳар тамонлама европага ўз таъсирини ўтказган эди".

Дунёга васийлик масъулиятини бажарувчи, одоб-ахлоқ, шахс ва миллатларни яхшиликка буюриб, ёмон ишлардан қайтарувчи бир уммат – миллатни пайдо қилиш

Инсониятнинг узоқ асрлар тарихи, психология ва этика шунга шоҳид бўлдики: юксак ғоя, олий таълим-тарбия ва юксак илмий намуналарнинг амалга ошиши ва бу даъватнинг узлуксиз давом этмоғи учун, унинг байроғини олий кўтариб, шу йўлда курашадиган ва унинг амалий тамсилчилари бўлган бир уммат – катта бир жамоат бўлиши керак. Чунки у саноқли шахслар билан амалга ошмайди. Амалга ошган тақдирда узоқ давом этмайди.
Даъват йўлини давом эттирувчилар, ҳаётнинг барча тармоғида даъват  тамсилчилари ва бу йўлда жонини жабборга бериб курашувчилари бўлмаган баъзи пайғамбар, кўпчилик ислоҳотчилар, одоб муаллимлари ва ҳикмат устозларининг даъват ва таълимотлари узоқ давом этмаган. Даъват йўлини давом эттирувчилари бўлмаган пайғамбар ва ислоҳотчилар вафотидан кейин, улар яшаган жойлар муайян даражага кўтарилиб тўхтаб қолган сув мисоли сокин, у ердаги халқ ва миллатлар эса чўпонсиз қўй суруви мисолига айланган эдилар.
Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломни сўнгги пайғамбар, у зотга нозил этилган Китоб – Қуръонни самовий китобларнинг мутлақ охиргиси бўлишини ҳукм қилгач, башарият бу нарсадан хотиржам бўлди. Сўнгги пайғамбар Муҳаммад алайҳис-салом билан бирга пайғамбар йўлини давом эттирадиган бир уммат юборилди. Сўнгги пайғамбарнинг юборилиши, у зот билан бирга даъватини давом эттирувчи бир уммат юборилишига боғлиқ эди. Чунки Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳис-салом умматини васф этган сифатлар пайғамбардан ташқари даъват учун юборилган кишиларгагина мос келарди. Аллоҳ таоло бу ҳақда хабар берди: ((Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Оллоҳга иймон келтирасиз). (Оли Имрон 110). Аллоҳ таоло айтди: (Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик). (Бақара 143).
Юқоридаги оятда таъбир Пайғамбар алайҳис-саломнинг бир гуруҳ саҳобаларига айтган ушбу ҳадисларида ҳам ўз аксини топди: "Сизлар енгиллик қилувчи этиб юборилдингиз, оғирлик – танглик қилувчи этиб юборилмадингиз".  
Саҳабойи киромлар ва уларга эзгуликда маслакдош бўлган тобиъйнлар рисолатни етказиш нақадар оғир масъулият эканини юракдан ҳис этдилар. Айни чоғда саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ зотлар бу масъулиятни аъло даражада бажардилар. Мусулмонлар қўшинининг бош қўмондони улуғ саҳобий Саъд бинни Абу Ваққос розиёллоҳу анҳу Форс қўмондони Рустум талабига биноан, саййидимиз улуғ саҳобий Рибъий бинни Омир розиёллоҳу анҳуни Рустумнинг ҳузурига элчи этиб юборади. Рустум Рибъий бинни Омир розиёллоҳу анҳуга:
Сенларни бу юртга нима келтирди?-деди назар-писанд қилмасдан. Улуғ саҳобийнинг унга жавоби шундай бўлди: "Аллоҳ бизни Ўзи хоҳлаган бандаларини бандалар ибодатидан ёлғиз Аллоҳ ибодатига, дунёнинг торлигидан кенглигига ва динлар зулмидан Ислом одиллигига чиқариш учун юборди".  
Айнан шу нарса инсоният келажига ижобий таъсир қилди. Пайғамбар даъватини давом эттирувчи жамоатнинг юборилиши динлар ва миллатлар тақдири ва йўналишлар тарихида янги тажриба эди. Бу нарса тарихда катта бурилиш ясади. Милодий олтинчи асрда яшаган инсоният олами бир нечта солиҳ зотлар даъвати таъсир ўтказадан доирадан анча кенг ва катта эди. Йўқса, Аллоҳ ғазабига дучор бўлган яҳудлар орасида ҳам художўй – солиҳ кишилар бор эди. Бу ҳақда Аллоҳ Қуръонда хабар берди: ((Аҳли китобнинг ҳаммаси ҳам) баробар эмас. Аҳли китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Оллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри йўлдаги кишилар ҳам бор. 114. (Ўша зотлар) Оллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар, яхши амалларга буюриб, ёмон амал-лардан қайтарадилар ва яхшилик қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардандирлар). (Оли Имрон 113-114).
Шахслар даъватининг жамият ва инсоният ҳаракатига деярли таъсир қилмайди. Чунки шахслар ҳеч қачон жамоатчилик билан баробар бўлмайди. Миллат ва халқларга баҳо бир нечта шахсларига қараб эмас, омма халқига қараб баҳо берилади. Зеро ҳамма вақт ва ҳамма жойда, барча миллат орасида оммахалқдан яхши амаллари, тоат-ибодати ва ҳусни хулқлари билан ажралиб турадиган солиҳ кишилар бўлади. Аммо миллатлар, халқлар ва жамият миқёсдаги мавжуд бўшлиқни тўлдириш ва мавжуд бўҳрондан чиқиш учун: тақводорлик билан амалий намуналар бир миллат – уммат миқёсида бўлиши керак. Ҳукумат, сиёсат, тижорат, муомалалар, оилавий ҳаёт, ижтимоий ҳаёт, шахслар, жамоатлар, халқлар ва ҳукуматлар билан муносабатларда, розилигу ғазабда, сулҳу урушда, тўқлигу йўқликларда пайғамбар таълимотларини, Ислом асосларини, яхши хулқ, шахсий юриш-туриш ва намунали жамиятни намоён этувчи бир жамият бўлиши керак. Тақводорлик ва амалий намуналар эса бу жамият - умматнинг машҳур сифати ва аломати бўлиши керак.
Сўнгги пайғамбар Муҳаммад алайҳис-саломнинг имон ва Қуръон мадрасасида илм моманд одаб-ахлоқни ҳам таълим олган саҳобаларнинг ҳаммалари тақводор ва амалий намуналарга айланган эдилар.    
Халқлар тарихи ва маданиятини яхши ўқиган ғарб олимларидан бири олмониялик Катани (Cfetani) "Ислом йиллари" номли китобида, саҳобаларнинг энг машҳур сифатини бундай тасвирлайди:
"Дарҳақиқат, саҳобаий киромлар Росулуллоҳ хулқий меросининг ҳақиқий намоёндалари, пайғамбардан кейинги Ислом даъватчилари ва Муҳаммад алайҳис-салом тақво аҳлига етказган дин таълимотларининг соҳиблари эдилар. Саҳобаларнинг Росулуллоҳ алайҳис-салом билан узлуксиз боғланиш ва у зотга бўлган холис муҳаббатлари, уларни ҳеч бир муҳитда ундан-да олий, маданиятли ва ижтимоийси мушоҳада этилмаган фикр ва ҳиссиёт оламига кўтарди. Ҳақиқатан, саҳобаларда ҳар томонлама ижобий ўзгаришлар пайдо бўлганди. Саҳобалар кейинчалик, оғир уруш майдонларида ўзларининг кимлигини исбот қилдилар. Қуръон ва ҳадисни ёд олган омонатдор, росулуллоҳнинг сўзу буйруқларига сўзсиз амал қилган саҳобалар Муҳаммад алайҳис-салом динининг асосларини таълим олган зотларнинг иқтидори исботини топди. Шубҳасиз, Исломий жамият фуқуҳолари, уламолари ва муҳаддисларининг етишиб чиқишига сабаб бўлган Исломнинг биринчи йўлбошчилардир".    

Сўнгги пайғамбар Муҳаммад алайҳис-салом умматига дунё васийлиги, ахлоқ, йўналиш, шахс ва умматлар юриш-туришини назорат қилиш, адолат ўрнатиш, Аллоҳ учун гувоҳлик бериш, яхшиликка буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш вазифаси юклатилди. Бу уммат қиёмат куни ўзига юклатилган дунёга васийлик масъулиятидан сўралади. Ўзи билан овора бўлиб, масъулиятсизликка йўл қуядиган бўлса қиёмат куни жазоланади. Аллоҳ таоло айтди: (Эй мўминлар, Оллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат — гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адо¬лат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Оллоҳдан қўрқингиз! Албатта Оллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир). (Моида 8).
Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбар умматини юклатилган вазифани бажаришда сустлик ва бепарволик қилишдан огоҳлантирди. Буни  оқибати инсониятни бало-мусибатга тортиши, фитна ва фасоднинг тарқалишига сабаб бўлишини билдирди. Мадинадаги илк жамоат, атиги бир неча юз кишидан иборат кичкина жамоат мусулмонлар ўзаро дўст тутинишга, ақида ва даъват асосига барпо этилган Исломий жамоат қуришга буюрилди.
 (Агар шундай қилмасанглар (яъни мўминга дўст, кофирга душман бўлмасанглар), ерда фитна ва катта фасод бўлур). (Анфол 73).
  Энди бугунги кунда ер юзининг ҳамма жойига тарқаган, катта ҳукумат ва инсоний катта кучга эга бўлган уммати исломнинг даъват етакчилигидаги ўрни ёки ахлоқ, йўналиш, юриш-туриш, мазлумга ёрдам бериш ва золимни зулмидан қайтиришлардан иборат ижтимоий ўрнидан воз кечганини нима дейиш мумкин?
Қуръони карим сўнгги пайғамбар умматига юклатилган даъватдаги етакчилик вазифаси ва яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш катта масъулият эканини эслатди. Масъулиятнинг нақадар катта ва хатарлигини ҳис этитириш учун ўтган умматлардан мисол келтирди.  Аллоҳ таоло айтди: (Бас, сизлардан аввалги асрларда ўтганлар орасида ҳам Ерда бузғунчиликдан қайтарадиган боқий (дин) эгалари бўлганларида эди. Уларнинг ичларида фақат Биз нажот берган камдан-кам кишиларгина (шундай зотлар эди¬лар). Золим кимсалар эса ўз маишатларига берилиб кетдилар ва жиноятчи бўлиб қолдилар). (Ҳуд 116).
Бунинг учун эса Ислом даъватининг инсоният маданиятидаги таъсир фаолияти ва Ислом маданиятини дамба-дам янгидан кўрсатиб туриш ҳамда инсоният маданиятини парчаловчи унсурларга умуман йўл бермаслик керак.

Умумжаҳон ақидавий маданият бирлиги

Ниҳоят ушбу баҳсимизнинг охирги, ўнинчи ҳадя – умумжаҳон ақидавий маданият бирлигига етдик. Бу бирлик: башарият маданияти ва турли инсоний жамият тарихида кенглик, чуқурлик ва матонатда мисли кўрилмаган ақидавий маданият бирилигидир.
Бу ақидавий маданият: тавҳид ақидасига, Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбарлигига имон келтириш ва охират ҳаётига имон келтиришлардан иборат ақида бирлиги асосига қурилди ва мудом шундайлигича қолади.
Бу ақидавий маданият: коинотдаги борлиқ, илоҳий қудрат ва мавжудотларнинг яратилиш сабаби ҳақида тафаккур қилиш, ҳамма нарсага Аллоҳга имон келтириш асосида баҳо бериш, яратилиш ва пайдо бўлишдан мақсад, ҳаёти дунёнинг ўткинчилиги ҳақида фикр юритиш бирлиги асосига барпо этилди. Ҳазрат Муҳаммад алайҳис-салом амалий кўрсатган ва саҳобалар амал қилган олий хулқларга имон келтиришга барпо бўлди. Ҳар бир мусулмон инсон фитрати тақозо этган турлилик, яшаш даври, атроф-муҳит, тарбия ва ташқи таъсирлардан келиб чиққан ҳолда бақадриҳол Пайғамбар алайҳис-салом ва саҳобалардан андоза олишга интилади. Лекин Ислом диёрлари орасидаги умумийлик ҳамма асрда бошқа бир дин ва бир миллатнинг ўз орасидаги умумийлигидан кўра машҳур, катта ва мустаҳкам бўлган.
Қолаверса, анча даражада илмий савиялар ва шариат аҳкомларга амал қилишнинг тафовут қилишига қарамасдан шариат аҳкомлари ва одоб-ахлоқ таълимотлари асосланган маданият бирлигидир. Халқлар характери, диёрлар табиати, асрлар ва ҳукм қонунларининг ўзаро фарқ қилиши инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир. Шунга қарамасдан бу маданият бирлиги ўзига хос исломий кўриниши билан ажралиб туради. Бу маданият бирлиги: ақидада тавҳид, ижтимоий ҳолатда инсоният иҳтироми ва инсоният тенглиги, одоб-ахлоқ, тақво йўлида ҳаё, тавозуълик, кураш майдонида Аллоҳ йўлида жиҳож қилиш, шахсий уй ҳаётида бошқа маданиятларда ҳам мавжуд бўлган озодаликдан кўра юқори турадиган "поклик", чорва ва паррандалар суйишда қонни охиригача оқизишлар каби хос хислатлар билан бошқа маданиятлардан ажралиб туради.
Мусулмон миллатлари араб бўлмасаларда исмлари пайғамбарлар, аҳли байтлар ёки саҳобалар ёки Аллоҳга қуллигини ифода этувчи: Абдуллоҳ каби исмлардилар. Шоҳиди бўлганингиздек, ҳатто мусулмонларнинг исмида ҳам тавҳид ақидаси намоёндир. Мусулмонлар орасида Муҳаммад алайҳис-саломни суйганидан пайғамбарнинг хос уммати бўлсин, деган яхши ниятда фарзандаларини Муҳаммад ва Аҳмад деб атаганларнинг сон-саноғи йўқ.
Энг олий бирлик сифати:
Дин ва маданият бирлиги фарз ва вожиб бўлган диний ибодатларда ҳам ўз аксини топади. Намозга азон чақирилиши билан мумулмонлар масжидга шошиладилар. Иқомат айтилиши билан бир сафда туриб, беш вақт намоз ўқийдилар. Масжидга тили, ранги ва моддий ҳолатидан қатиий назар ҳар бир мусулмон бемалол кириб, ҳамма диний биродарлари қатори намоз ўқиш, бордию талаб қилсалар имом ўтиб бериш ҳуқуқига эга. Ҳар ҳафта бир марта жомеъ масжидларда ўқиладиган жума намози мусулмонлар ҳаётида катта аҳамият касб этади. Ҳамма жойда асрлар оша ёд олиниб, тиловат қилиниб келаётган ягона самовий Китоб – Қуръондир. Дунёнинг ҳамма жойида азон бир хил лафзда чақирилади. Рамозон ойи иқлим, об-ҳаво ва фаслларнинг фарқ қилишидан қатиий назар бутун дунёда бир ойда тутилади. Мусулмонлар икки байрамни қутлайдилар: Рамозон ва қурбон ҳайити. Иккила байрамда ҳам шукрона учун икки ракаатдан намоз ўқийдилар. Дунёнинг турли чеккасидан ҳар йили сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳолатлар ўзгаришига қарамасдан Маккага ҳаж қилиш учун келадиган мусулмонларнинг оёғи узилмайди. Мусулмонлар ўзаро саломи: "Асссалому алайкум"дир. Буларни ҳаммаси Исломдан бошқа бирон бир миллат, диёнат ёки жамиятларда ўхшаши бўлмаган бирлик намунасидир.
Дарҳақиқат, бу янглиғ беназир бирлик қадрига етган баъзи ғарблик қаламкаш ва мутафаккирлар, бу бирликни ўта олқишлаганлар. Жумладан Ҳималтан Габ бундай дейди:
"Ислом сиёсий, ижтимоий ва диний бирлик шаклида намоён бўлган интизомли тасаввурдир. Бу тасаввур кенг вақт ва кенг жойни қамраб олади. Унинг турли хусусиятлари ҳамма жой ва ҳамма вақтларда ижтимоий ва маҳаллий сиёсат билан аралашишига қараб кўриниш берди. Мисол учун: Шимолий ғарбий африкадаги Испания, ғарбий Осиёдаги Ислом марказига боғлиқ эди. Испания маданияти Ислом маркази маданиятининг бир қисми эди. Шу билан бирга Испания турли майдонлардаги ўзига хос хусусиятлари орқали ғарбий Осиёга ўз таъсирини ўтказди. Шунингдек, ҳиндистон қитъаси, Индонесия, Русия жанубидан то Хитой ҳудудигача чўзилган дашт минтақаларига ўхшаш автоном минтақалар ҳам ўз муҳитига хос хусусиятларга эга эди. Бироқ бу минтақаларнинг бариси бир қарашдаёқ Исломий жамиятлиги кўзга ташланарди".  
Валфрад Кантвел бундай ёзади:
"Мусулмонлар ғалабаси динлари ҳисобига бўлган ички ғалаба эди. Чунки мусулмонлар биргина уруш майдонида ғалаба қозонган ёки ҳаёт тармоқларини ҳаммасида таъсир қилибгина қолмадилар, балки умумий суратда ҳаёт йўлини янгича тузишда ва бу йўналиш ёхуд маданиятга ўзига хос кўриниш беришда ҳам ғалаба қозонган эдилар. Исломий маданиятнинг пайдо бўлишида араб, юнон, ўрта шарқдаги сомийлар маданияти, эрондаги сосонийлар ва ҳиндийлар унсурларига ўхшаш бир қанча омиллар катта ҳисса қўшган. Мусулмонларнинг ўткирлиги ана шу турли омилларни -улар ўзи хусусиятини йўқотмасдан туриб - тартиблаш, янги қолипга солиш ва ҳаётга мос йўлга солишда намоён бўлди. Бу омилларни ривожлантирган, такомиллаштирган ва унда боқийлик кучини яратган Исломдир. Ислом асли ва таркибий тузилишидан қатиий назар ҳаётнинг барча тармоғига Исломий кўриниш беришга муваффақ бўлди. Исломий йўл ҳаётга, жамиятга бирлик ва куч яратди. Бу бирлашган кучнинг пайдо бўлишида Ислом қонунининг ўрни катта эди. Ислом қонуни ибодатдан тортиб то мулкчилик ва ҳукмгача бўлган ҳаёт бўлакларининг ҳаммасини, ўзига хос кескин ҳаракати ила тартибга солди. Чунки Ислом қонуни Кортовадан Малтангача чўзилган Исломий жамиятни бир-бирга боғлаган бирлашган куч эди. Ислом қонуни Исломий жамиятдаги шахслар учун бирлик яратди. Ислом қонуни дунёвий ишларни манфаатли ишларга айлантирди. Жамият тараққиёти узоқ чўзилиши учун Ислом қонуни бирликни ҳар замон давом этадиган қилди. Ислом тарихи кўплаб подшоҳ ва султонларни кўрди. Қанчадан қанча ҳукумат тузилиб, қанча ҳукуматлар қулади. Бироқ ҳукуматларнинг туриши ёки қулаши ер юзидаги ижтимоий ҳаётнинг Илоҳий таълимотларга кўра юришига таъсир қилмасди."  
Ислом маданияти Аллоҳ номи ва Аллоҳ кўзатуви билан қорилган, имон асосига барпо бўлган Маданиятдир. Шунинг учун Ислом маданиятини ҳеч қачон диний кўриниш, Илоҳий ранг ва имоний руҳдан ажратиб бўлмайди. Бунга қарши чиққан миллатчилик, унсурий уруш, моддий талашиш, хулқий пасткашлик ёки ижтимоий бўшлиқларга ўхшаш салбий кўринишлар вақтинчалик ва Исломга ётдир. Ёки бу нарса Исломий унсурларни ташлаган жамиятнинг қолдиқларидир. Ёки Исломий онгнинг заифлиги, Қуръон ва ҳидис билан шуғулланмасликнинг оқибатидир.

Ислом тарихидаги ислоҳот ва янгилаш ҳаракатининг муваффақият қозониш сири

Ислоҳот, янгилаш, фасод, бидаът ва жоҳилият одатларига қарши кураш ҳаракати Исломий халқлар ва давлатлар тарихида мисли кўрилмаган даражада давом этиб келди. Бу ҳолат Исломдан бошқа бирон халқ ва диёнатлар тарихида учрамаган эди. Исломнинг ислоҳотдаги ҳаракати башарият тарихида ҳеч бир халқ ва динлар эришолмаган ғалабани қўлга киритди.   
Ислом уммати олиб борган ҳаракат Ислом умматининг моҳияти, руҳи, нафсиётига мос бўлгани учун ғалаба қозонди. Бу ҳаракат Ислом умматининг пайдо бўлиши, ундан Ислом уммати, тарихи ва келажаги келиб чиққан асосларни ифодалаган ҳаракат эди.

Исломнинг инсоният маданиятидаги таъсир фаолияти давом этиши шарт

Ислом динининг маданият ҳадяси ва инсоният маданиятига тақдим этган ҳадя ва тортиқларини бақадриҳол шарҳладик. Ислом дини башарият маданиятини ҳалокат жаридан қўтқариб, уни тараққиёт йўлига солишда эришган ютуқ ва муваффақиятини бақадриҳол баён қилган бўлдик. Аммо тарихий бир ҳақиқатга урғу бермоғимиз керакки: икки сабабга кўра Ислом маданиятининг инсоният маданиятида таъсир фаолияти, уни дамба-дам янгидан кўрсатиб туриш, эски яхши ишларни янги фойдали ишлар билан безатиш, инсоний маданиятни парчаловчи унсур ва бузғунчи ҳаракатларга йўл қўймаслик узлуксиз давом этиши шарт.
Биричиси сабаб: умматлар ислоҳот ва фасодда янги омилларга тобеъдир. Ҳаёт эса тиним билмас, доимий ҳаракатдадир. Шу боис, умматлар аҳволини тез-тез кўзатиб туриш, уларнинг янги иҳтиёжларини қондириш керак. Ислом уммати башарият бошқарувидан чекиниб, ўзи билан овора бўлиб қолган охирги пайтда бузғунчи фалсафалар авжига мингани ҳаммага маъулум.
Иккинчи сабаб: Ислом уммати сўнгги рисолат умматидир. Мангулик уммати ва башарият умидидир. Шунинг учун бу уммат башарият бошқаруви, дунёга васийлик, эътиқодлар, одоб-ахлоқлар, шахснинг шахслар, умматларнинг умматлар билан алоқасини кўзатиш вазифасини мудом бажариши шарт.
Уммат ва миллатлар ўтмиш тарихи, бир замонлар эришган муваффақият ва ғалабалари билан эмас, узлуксиз курашиши, доимий ҳаракати, ҳар доим масъулиятини ҳис этиши, ҳамма вақт жони ва молини хавф-хатарга қўйиши, янгидан янги ихтироси ва янги зарурий нарсаларни ишлаб чиқариши билан яшайди. Ўзини кўрсата олади. Ўзи билан овора бўлган ва ўз мансабидан воз кечган миллатга тарих саҳифасида шарафли ўрин қолмайди. Вақт ўтиши билан унутилади. Шунинг учун ИСЛОМ уммати  маданиятли даъват олиб бориш вазифасини ва бошқарувини қайтадан бошлаши керак.
Илмий тарихий яна бир ҳақиқат шуки: Ислом маданияти ғарбу шарқдаги инсоният маданиятига ўз таъсирини ўтказиши ва ўрнак бўлиши учун авваломбор Ислом уммати: Ислом маданиятининг мустақил, илоҳий, самовий, ҳамма вақт ва ҳамма жойга яроқли, Қуръон ва суннатдан олинган метин асосга барпо бўлган – илоҳий ҳидоят ва пайғамбар таълимотларидан келиб чиққанига чин дилдан имон келтирмоғи – ишонмоғи шарт. Ислом маданиятидаги поклик ва иффат Исломга хос тасаввурга эгадир. Поклик бошқа маданиятлардаги "озодалик"дан кўра чуқурроқ маънони ифода этади. Ислом маданиятидаги иффатдан мақсад: нафақат ахлоқий бузуқликлардан йироқлик, балки ундан-да чуқур маънони – маънавий ва ҳиссий ифлосликлардан четланишни ифода қилади. Бинобарин ИСЛОМ умматининг ҳаёти муайян тарихий омиллар босими остида моддиёт, узоқ муддат динга душманчилик ва одоб-ахлоққа қарши кўтарилган қўзғолонлар ҳукм сурган муҳитда пайдо бўлган ғарб маданияти билан ҳамоҳанг бўлолмайди, деб имон келтириш шарт. Аксинча Ислом маданияти ғурбу шарқдаги маданиятлардан таъсирланадиган ва бошқа маданиятлар уммонида сузадиган бўлса, у ҳолда бошқа миллат ва умматларни ўзига эргаштириш у ёқда турсин, ҳатто ўзга миллатлар диққат эътиборига сазовор бўлолмайди.
Маданият ва тарих олими профессор Муҳаммад Иқбол бу ҳақда лўнда қилиб шундай дейди:
"Ғарб маданиятининг руҳи иффатли ва пок эмасдир".   
Менинг ўйлашимча, маданият енгилликлари, янги фан-техника кашфиётлари ва асбоб-ускуналар билан ИСЛОМ МАДАНИЯТИга хос гўзаллик, оддийлик, жиддийлик, поклик ва озодаликка эътибор бериш, исрофчилик ва ташқи кўринишга қаттиқ берилишдан четланиш орасини жамлаш жуда ҳам осон. Башарти, ҳукуматлар ва исломий жамиятлар кўр-кўрона тақлидчилик, ўйламасдан иш тутиш ва умидсизликларни енгиб чиқиб, мустақил маданиятли режа тузишнинг уддасидан чиқа олсалар. Шунингдек Исломий ҳукумат ва жамиятларда заковат, иродалик ҳамда Ислом маданиятининг келиб чиқиши, барпо бўлиши ва Ислом маданияти деб аталиши Ислом таълимотининг шарофатидир, деб имон келтириш етарли даражада бўлиши керак.

Барча оламларга раҳмат пайғамбар ва инсониятга раҳмат дин

Ушбу рисола - ҳазрат Муҳаммад алайҳис-салом юборилгандан кейинги тарихий, таҳлилий ва оламий ғоявий кўриниш баҳсининг якунида хотимаси миск бўлсин, деган яхши ниятда "Ас-сийратун-набавийяъ" китобимдан иқтибос келтиришни раво кўрдим.
Дарҳақиқат, сўнгги пайғамбар Муҳаммад алайҳис-салом юборилгандан кейин, у зот таълимотларининг фазлу марҳамати билан ҳаво ўзгаргани сингари дунё ҳам ўзгарди. Инсоният ҳаммаси қаҳатчилигу кўз, гармсел ва жазирама иссиқ ёз фаслидан ҳамиша баҳор, атроф доимий гулу гулзор фаслга ўтди. Одамлар табиати ўзгарди. Қалблар Парвардигорининг нури билан ёришди. Одамлар Аллоҳга талпина бошладилар. Илгари тотмаган ўзгача лаззатни тотдилар, илгари билмаган дид-фаросат ва ошиқликни кўрдилар. Қотиб қолган, музлаган бўш қалблар имон ҳарорати ила жонланди. Ақллар янги нур билан ёришди. Нафслар янги лаззатла маст бўлди. Инсоният гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўғри йўлни излашга тушди. Инсоният инсонийлик талпинган олий ўринни излай бошлади. Бирон бир миллат ва давлат қолмасдан ҳаммаси бараварига бу йўлда беллашарди. Арабу ажам, Мисру Шом, Туркистону Эрон, Ироқу Хуросон, шимолий Африка, Андалусу Ҳиндистон, ҳинд жазирасининг ҳамма-ҳаммаси мана шу муҳаббати олий, саховати самовийга мастлар, олий мақсад ошиқлари ва олий эшик муҳтожлари эди.
Бундан эса: инсониятнинг уйқудан тургани, ётоғидан қўзғалгани ва узоқ асрлар давом этган мудроқдан кўзини очгани кўриниб турарди. Ўзига келган инсоният ғафлатда бой берган катта-кичик нарсаларни роббоний мухлис даъватчилари, мужоҳид ва ислоҳотчилари, Аллоҳни таниган, бандалар ҳидояти учун жон куйдирувчи, инсоният яхшилиги ва уни ҳар тамонлама қамраб олган хатардан қўтқариш учун молу жонини аямаган тарбиячилари орқали обод қилди. Бу тарбиячиларга фаришталар ҳавас қилардилар. Шундай қилиб, улар совуқ қалбларни нур таратдилар, илоҳий муҳаббат шуъласини ёқдилар. Илму ирфон, одоб-ахлоқ, ҳикмат ва  маърифат дарёсини оқиздилар. Илу ирфон, имон ва раҳм-шафқат ила тошқин чашмаларни очмадилар. Башарият ақлида зулм, ёвузлик, душманлик, буғзу адоватга қарши янги нафрат уйғотдилар. Қийналган, хор халқларга инсоният тенглиги тўғрисида сабоқ бердилар. Ўз оиласи  тарафидан ҳайдалганлар, ажратилганлар ва мискин-бечораларни раҳмат-шафқат ва меҳрга тўла қалблар ила ўз сафларига қўшиб олдилар. Сиз мусулмонларнинг бу янгилиғ нишони ва оят-белгиларини ер юзининг ҳамма жойида учратасиз. У улуғлар хислати кирмаган бирон чодир ҳам, қаср ҳам қолмаган.
Сиз улар бажарган ишлар моҳиятининг кўплигидан (Quantity) ташқари, сифатига ҳам назар қилинг. Улар фикрининг олийлиги ва самода сузишини кўринг. Уларнинг зийракликларига, латиф руҳларига, ўткир закавотига ва соғлом табиатига қаранг. Нега улар инсоният учун дард чекадилар, инсоният фойдаси учун шамъ сингари ёниб йўқ бўладилар. Нега улар халқ ғам-ташвиши ва хавф-хатари, халқ фойдаси ва фаравонлиги учун ёниб-куядилар. Нега улар одамлар нажоти ва бало-мусибатни даф қилиш учун ўзларини ўтга урадилар. Уларнинг ҳоким ва бошлиқлари қандай иш юритганига, масуълиятларини  қанчалик ҳис этганликларига қаранг. Улар тунда раъийят аҳволини кўзатишар, душман билан чегара ҳудудларда аскарлар билан бирга турардилар. Халқнинг ўша ҳокимлар билан ҳамоҳанг бўлганини, улар амрига сўзсиз итоат этганини боиси недир. Мазкур нарсаларнинг ҳаммаси ҳақида яхши ўйлаб кўринг!
Яна сиз,уларнинг ибодатлари, тақводорликлари, дуо қилаётган пайтдаги ҳолатларига, чиройли хулқларига, ўзларига зид гувоҳлик беришлари ва бу амал учун Аллоҳдан савоб умидида бўлишларига, ёшлар ва заиф-нотавонларни яхши кўришларига, дўсту ёронларга юмшоқ дилликларига, саховатларигп, авф ва ҳатто душманини кечиришларига қаранг ва бу ҳақда ёзилганларни ўқинг! Ўша улуғлар ҳаётда эришган юксакликка шоиру адибларнинг орзулари, ўткир хаёллари ва туғма талантлари етолмайди. Бордию уларнинг ҳақида келган хабарларни кўпчилик ривоят қилмаганида, ишончли тарих манбалари гувоҳлик бермаганида одамлар ўша улуғлар ҳаётини хаёлий ҳикоялар дейиши турган гап эди.
Бу катта инқилоб ва гуллаб-яшнаган янги давр эса Муҳаммад алайҳис-салом мўъжизаларидан бир мўъжиза, у зотнинг олий хислатларидан бир хислат ҳамда ҳамма жойга ва ҳамма вақтга бир хил ёйилган илоҳий раҳмат ҳадяларидан атиги бир ҳадядир, холос.
Буюк Аллоҳ рост сўзлагувчидир:
((Эй Муҳаммад алайҳис-салом), дарҳақиқат, Биз Сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати-жаннатига етакловчи) қилиб юбордик). (Анбиё 107)
 
Арабча манбалар

فهرس المراجع العربية
1-    القرآن الكريم:
كتب الحديث:
2-    الجامع الصحيح: للإمام أبي عبد الله محمد بن إسماعيل البخاري.
3-    الجامع الصحيح: للامام أبي الحسين مسلم بن الحجاج بن مسلم القشيري النيسابوري.
4-    سنن الترمذي:لأبي عيسى محمد بن عيسى بن سورة الترمذي.
5-    السنن الكبرى للبيهقي: للعلامه أبي بكر احمد بن الحسين البيهقي.
6-    كنز العمال: للعلامة علاء الدين المتقي بن حسام الدين البرهانفوري.
7-    الاسلام والحضارة العربية: محمد كرد علي.
8-    أعلام النساء في عالمي العرب و الاسلام: عمر رضا كحالة.
9-    البداية والنهاية:العلامة الحافظ عماد الدين بن كثير.
10-    تاريخ أخلاق أوربا: ليكي.
11-    تاريخ التراث العربي: فؤاد سزكين.
12-    تاريخ الأد ب العربي: كارل بروكلمان، طبع دار المعارف القاهرة.
13-    تاريخ الصين : جيمس كاركرن.
14-    الثقافة الاسلامية في الهند:العلامة السيد عبد الحي الحسني.
15-    حضارة العرب: غوستاف لوبون، ترجمة الأستاذ عادل زعيتر، مطبعة عيسى البابي  الحلبي.
16-    رجال الفكر والدعوة في الاسلام :أبو الحسن على الندوي،طبع دارابن كثير دمشق-بيروت.
17-    روائع اقبال: أبو الحسين الندوي، طبع دار ابن كثير دمشق - بيروت.
18-    سيرة أم المؤمنين السيدة عائشة رضي الله عنها: العلامة السيد سليمان الندوي.
19-    سيرة عمر بن الخطاب رضي الله عنه:ابن الجوزي.
20-    ضحى الاسلام: الدكتور أحمد أمين، مكتبة النهضة المصرية.
21-    العقد الفريد: ابن عبد ربه.
22-    العقيدة والعبادة والسلوك، أبو الحسن الندوي. المجمع الاسلامي العلمي لكهنؤ.
23-    فتوح البلدان: العلامة أحمد بن يحيى بن جابر الشهير بالبلاذري.
24-    الفهرست: ابن النديم.
25-    كشف الظنون:الحاج خليفة جلبي.
26-    ماذا خسر العالم بانحطاط المسلمين:أبو الحسن الندوي دار القلم الكويت.
27-    المرأة بين الفقه و القانون: الدكتور مصطفى السباعي.
28-    المرأة في القران:للأستاذ عباس محمود العقاد.
29-    معجم المصنفين: محمود حسن التونكي.
30-    مقدمة ابن خلدون، المطبعة البهية في مصر.
31-    منو سمرتي.
32-    منو شاستري.
                       
                      * * *
 Инглизча манбалар
BIBLIOGRAPHY
1-    Anine Besant, Mrs., The Life and Teachings of Mohammad,
Madras, 1932.
2-    Arnold, T.W., Preaching of Islam, London, 1935.
3-    Barith, Robert, The Making of India.
4-    Brffault, The Making of Humanity.
5-    Caetani Cannalideli, Islam, vol.II.
6-    Coulsen, N.L., Islamic Surveys, The History of Islamic Law
(Edinburg),1971.
7-    draper jahn william, history of   Canflict beween Religion and
Science, London, 1910.  
8-    Dutt, R. C., Ancient India, (1991). VOL.III
9-    9- Devenport, John Apology for  Muhammad and  Quran,
London,  1869
10- Encyclopeadia   Britannica. (1927).
11- Ernest De Bunsenm, Islam  or  True Christianity, London,
1889.
12- Gibb. H. A. R. Whither Islam, London, 1932.
13- Haines Christianity and Islam in Span.
14- Hamilton, A. R. Gibb, Studies on The Civilization of Islam, London, 1960.
15- Hartwing Hirchfeld, New Researches into the Composition and Exegesis of Quran, London, (1902).
16- Jayswal, Manu and Yajnaval.
17- J. M. Rodwell, Rev. G. Margoliouth in Introduction to The Koran.
18- Jolivet Castelol, Laloi De I"Histoire.
19- Harold Hoffding, History of Modern philosophy.
20- Lawrence, E. Browne, The prosrects of Islam, London. 1949.
21- Machauliffe, The Sikh Religion.
22- Malley, L. S. S. O, Popular Hinduism, The Religion of Masses, Cambridge, (1935).
23- Naidu, Sarojini, Speeches and Writings, madras. (1918).
24- Neheru, Jawahirlal, Descovery of India, Calcuutta, 1948.
25- Panikkar K. M. A Survey of Indian, History.
26- Seva Ram Singh, Life of Guru Nanak.
27- Smith, Welfred Cantwell, Islam in Modern History, New York, (1953).
28- Tarachand, Dr., Society and Stat in the Mughal Period Delhi, (1941).
29- Tarachand, Dr.,  Influence Of Islam on Indian Culture.
30- Toyanbee, A. J., civilization on Trial, New York. (1948)/
31- Victor Chopart, the Roman world.
32- William L. Langer, An Encyclopeadia of world History. (1964).

Абул Ҳасан Али ал-Ҳасаний ан-Надавий
Таржимон: Абдулқайюм Абдулғаффорхон

Мақола жойлаштирилган бўлим: Маданият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase