close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

«Осмонлар бекаси» фильми: Нега Британия кино саноати мусулмонлар бирлигига путур етказмоқчи?

Ўтган йил декабрининг охирида Лондонда Enlighted Kingdom компанияси томонидан чиқарилган фильм премьераси бўлиб ўтиши лозим эди. Фильм «Осмонлар бекаси» (The Lady of Heaven) деб номланган бўлиб, агар номидан келиб чиқадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари – Фотима (розияллоҳу анҳо) тақдирига бағишланади.

Ушбу фильм бюджети 15 миллион доллардан ортиқ бўлиб, бош ролларни британиялик машҳур актерлар ижро этган, уни яратишда қимматбаҳо махсус воситалар ишлатилган, бироқ бу афзалликларнинг барчаси кинокартинанинг жанжалли моҳиятини яшира олмади. Фильм ҳали оммага намойиш этилмаган, бироқ унинг реклама видеоси мусулмонлар жамоатчилиги томонидан жиддий танқидларга учраган ва бу лойиҳа мусулмонлар бирлигига туғдираётган таҳдидлар туфайли бир неча мамлакатларда тақиқланган. Келинг, сиз билан бу воқеанинг моҳиятини тушунишга ҳаракат қилайлик.
Фильм синопсисидан билиб олиш мумкинки, у сабр-тоқатнинг кучи ва муҳимлигини тушуниб етган, урушдан азият чеккан мамлакатдаги ироқлик бола ҳақида ҳикоя қилади. Онасини йўқотгач, бола янги уйга келиб қолади, бу ерда меҳрибон бувиси унга Фотима розияллоҳу анҳонинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади ва у йигирма биринчи асрда Яқин Шарқни қамраб олган терроризмнинг биринчи қурбони бўлганини айтади. Фильм сюжетининг катта қисми ИШИД нинг Ироқ ва Суриядаги жиноятлари билан боғлиқ бўлиб, улар фильм ижодкорлари томонидан бундан 1400 йил аввал ўринга эга бўлган тарихий воқеалар билан боғланади.
Шунга қарамай, ушбу фильм ижодкорларининг ниятлари аввалдан шубҳа остида бўлган. Маълумки, фильм учун сценарий радикал воиз Ёсир ал-Ҳабиб томонидан ёзилган. У қувайтлик шиа имоми, аммо ҳозирда Лондонда истиқомат қилади. У Фулмер графлигидаги собиқ евангелистлар черковини сотиб олиш учун 2 млн фунт сарфлади ва уни «Ҳуддам Ал-Маҳдий» диний ташкилотининг қароргоҳига айлантирди. Бу ерда масжид ва жанжалли сунъий йўлдош телеканали «Фадак» штаб-квартираси жойлашган.
Ал-Ҳабиб фильмда Ислом тарихига оид турли маънодаги қарашларини ифода этади ва сунний-шиа зиддиятларини атайлаб қўзғатувчи радикал мафкурани илгари суради. Маълумки, ижодкорлар томошабинларни илк мусулмонлар тарихининг энг фожиали ва чалкаш саҳифаларига ҳавола этган ва фильмнинг провокацион руҳини ҳам аниқ кўрсатган «Қийноқлар куни» (The Day of Torture) номини ўзгартиришига тўгри келган.
2010 йил сентябрида Ал-Ҳабиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умр йўлдошларидан бири Оиша розияллоҳу анҳони «Аллоҳнинг душмани» деб атаб, суннийлар орасида ўта кескин салбий реакцияга сабаб бўлганди. Шу воқеадан кейин Кувайт уни мусулмонлар орасида ихтилоф уйғотишга уринишда айблаб, фуқароликдан маҳрум қилди. Кейинчалик Эрон Ислом Республикасининг Олий раҳбари, дунёдаги энг катта шиа мужтаҳидларидан бири бўлган Оятуллоҳ Саййид Али Хаменеий мусулмонларга пайғамбарларнинг, жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари ҳақида ҳар қандай ҳақоратли сўзлар айтишларини тақиқловчи фатво бериш орқали шиалар ва суннийлар ўртасидаги кескинликни тинчлантиришга ёрдам берди.
Ислом уламоси шайх Ҳабиб ал-Жумайя ушбу арбоб ва унинг тарафдорларига қуйидагича баҳо берди: «Ёсир ал-Ҳабиб ҳаракати шиалар имиджига кучли зиён етказди ва уларнинг гуруҳини бошқа ҳаммани безовта қилишдан бошқа иш қилмайдиган гуруҳ сифатида тасвирлади. Бу бошқаларни ҳақорат қилишни тақиқлаган Аҳли-Байт имомларидан мерос қолган маданиятга зиддир».
Лекин шунга қарамай, ал-Ҳабибнинг таъкидлашича, унинг фильми муҳаббат ва тинчлик хабарини етказади: «Бу даъватлар билан боғлиқ бўлган энг яхши фикрлашга чақириқдир. Мен бу жуда юқори сифатли кинематография асари иш, шунингдек, юқори малакали кадрлари ва ғоялари унинг яратилишига ҳисса қўшган бутун жамоа билан фахрланаман. Ҳақиқатан ҳам, уларнинг бу буюк хонимга бўлган муҳаббати ва унинг эзгу хабарига бўлган ишончи уларни озод қилди».
Фильм бюджети 15 миллион долларга тенг бўлиб, ижодкорларнинг фикрига кўра, бу маблағлар 2015 йилдан бошлаб «Фадак» каналида маблағлар тўплаш бўйича кампания доирасида тўпланган.
Фильмни суратга олиш учун мусулмон давлатлардан биронтаси ўз ҳудудини тақдим этмади. Шу боис суратга олишнинг бир қисми Грузияда - Тбилиси ва Рустави шаҳарларида бўлиб ўтди.
Суратга олиш гуруҳи ва актерлар таркибида деярли мусулмонлар йўқлиги сергаклантиради. Фильмни суратга олишда машҳур британ актёрлари Сара Тревис, Рэй Фирон, Марк Энтони Брайтон, Дениз Блэк, Оскар Гарланд ва бошқалар иштирок этди. Фильм режиссери этиб расман Эли Кинг, келиб чикиши мисрлик бўлган, Лос-Анджелесда яшайдиган австралиялик актер ва қўшиқчи тайинланди.
Мўминларнинг диний туйғуларини уйғотишга мўлжалланган ушбу фильмнинг яна бир жанжалли лавҳаси унинг ижодкорларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар учун муқаддас бўлган бошқа шахслар, жумладан шиа мусулмонлари орасида покдомон саналган Али, Ҳасан ва Ҳусайн образига ёндашуви бўлди. Уларнинг юзлари ҳақиқий актёрларнинг юзларига компьютер графикаси ёрдамида туширилган. Фотиманинг ўзи эса юзи ёпилган ҳолда барча саҳналарда мавжуд бўлган. Бундан ташқари, фильмдаги воқеалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ҳикоя қилинади ва шу тариқа унинг овози қайта ишлаб чиқилади.
Сунний Ислом олий диний нуфузи соҳибларини ифодалайдиган ал-Азҳар уламолари 2020 йил декабрида фильмнинг кутилаётган релизи муносабати билан матбуот учун баёнот билан чикиб, унда ал-Азҳарнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, шунингдек, барча пайғамбарлар ва уларнинг оила аъзолари (хотинлари, ўғиллари ва қизлари) тасвирланиши билан боғлиқ тақиқлар борасида ўз позицияси қатъийлигини маълум қилди.
Шунга қарамай, Ғарбда фильм муваффақият қозониши башорат қилинмоқда. Америка киносайти Movie Insider ушбу фильмни олдиндан 2021 йилнинг бешинчи муваффақиятли фильми ва 2021 йилнинг энг муваффақиятли тарихий драмаси деб баҳолади.
Фильмга реакция ўзини узоқ куттириб қўйгани йўқ. Биринчи бўлиб Эрон уламолари жавоб қайтарди, чунки кинокартина биринчи навбатда ислом бирлиги ҳамда суннийлар ва шиалар ўртасидаги қарама-қаршиликнинг кескин жиҳатларини юмшатишга асосланган шиаликни тушунишга қарши чиқади. Эронлик дин арбоблари фильмни бир неча йил олдин, ҳали тайёрланаётган пайтда қора рўйхатга киритишган.
Эронлик дин арбоблари Оятуллоҳ Насер Макарем Шеразий, Оятуллоҳ Хосейн Нури Ҳамадоний ва Оятуллоҳ Лутфуллоҳ Сафи мусулмонлар орасида, айниқса шиалар ва суннийлар ўртасида нифоққа сабаб бўлишига ишониб, бу фильмни тақиқловчи фатволар чиқарди. Улар «Осмонлар бекаси» пайдо бўлишидан олдин Эрон, Қувайт, Қатар ва Ироқ каби мамлакатларда суратга олинган ислом тарихи ҳақида фильмлар илоҳиётнинг турли исломий мактаблари ўртасида бирликни мустаҳкамлашга хизмат килгани, лекин унинг муаллифи умматда бўлиниш ва нифоқ уйғотиши билан маълум бўлган бу фильм мусулмонларни бирликдан чалғитади, деб айтишди.
Оятуллоҳ Носир Шерозий ўз баёнотида шундай деди: «Бундай ихтилофчи ҳаракатлар, албатта, уларни содир этувчилар учун қаттиқ илоҳий жазо сабаб бўлади. Ислом душманлари буларнинг барчасига қўл ургани ва бу фильм билан мусулмонлар орасида катта қон тўкилишини режалаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун бу фильмни ишлаб чиқаришда ёрдам берганларнинг ҳаммаси ҳам у туфайли тўкилган ҳар қандай мусулмон қони учун жавобгар бўладилар. Бундай ихтилофчи фильмларни ишлаб чиқариш ниятида бўлганлар бизлардан эмаслигини барча шиаларга тушунтириб беришингиз керак. Бу Аҳли-Байтнинг баъзи издошлари ва тарафдорлари, жумладан, Фотима ал-Захрога содиқ бўлганларнинг диний ҳис-туйғуларини манипуляция қилиш учунгина интиладиган алоҳида ёлғончилардир. Шундай қилиб, барча мусулмонлар ушбу фильм орқали етказилиши мўлжалланган хабарларни на ислом хабарлари, на шиалар мактаби хабарлари деб билишлари керак».
Тез орада фильмни танқид қилиш тўлқинини бошқа мамлакатларнинг мусулмон арбоблари ҳам давом эттирди. 2020 йил 15 январда Покистонда шиа руҳонийлари ва диний раҳбарлар ҳам мусулмонлар орасида нифоқ уйғотиш мақсадини кўзлаган ислом душманлари томонидан фитна деб атаб, «Осмонлар бекаси» шов-шувли фильмини кескин қоралади, ва Покистон ҳукуматини сионист режими ва Буюк Британия ҳукмрон доиралари уннг ортида туриши мумкин бўлган будай фитналарни тўхтатиш учун ҳал қилувчи чоралар кўришга чақирди.
Ўнлаб таниқли дин арбоблари, шиа дин пешволари ва мусулмон мадрасалари раҳбарлари имзолаган баёнотда «Ғарб ва сионист махсус хизматлари ёллаган шахслар»нинг асосий режасини фош этиш барча мусулмонларнинг вазифаси экани айтилади.
Покистон дин ишлари вазири Пир Нур-ул-Ҳақ Қадрий ушбу шов-шувли фильмга жавобан бундай фильмнинг яратилиши бирликка қарши ҳаракат эканини айтди. У ҳатто Покистон Бош вазиридан Британия ҳукумати билан дипломатик каналлар орқали масалани муҳокама қилишни сўраган. Унинг қўшимча қилишича, Покистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) қарши Исломий фильмлар ишлаб чиқариш ва намойиш этиш каби чора-тадбирлар мониторингини таъминлаш учун ташкилотнинг барча аъзолари вакиллари билан форум йиғишга чақирмоқда. Покистон телекоммуникация органи (PTA) фильмни тақиқлаб, уни "куфр" деб баҳолади ва ижтимоий медиа фойдаланувчиларини трейлерлар ва реклама материалларини ўчириб ташлашга чақирди.
Мисрда хавотирга тушган фуқаролар, диний раҳбарлар ва уламолар фильм намойишни тўхтатишга чақирди. Улар фильмни кўришни тақиқловчи фатволар беришга чақириб, Буюк Британиядан фильмнинг дунё бўйлаб тарқалишини тўхтатишларини талаб қилишди. Ливандаги шиа уламоларининг Кенгаши Жебел-Амеля фильмни қоралаб, унинг материали нафрат ва нифоққа ундайди, деб айтди.
Сунний ва шиа дин пешволарининг хавотирлари тушунарли, чунки ислом мамлакатларидаги сўнгги воқеалар мусулмонлар орасида бирликни мустаҳкамлаш учун фавқулодда эҳтиёж борлигини кўрсатди ва биз бундай иғволарга қарши курашиш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Маданият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase