close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Замонавий маданиятда ширк тарғиботи

Мақола сарлавҳасини ўқиб, хаёлингизга нима фикрлар келди? Балки кимдир ўзига хос хусусиятларга эга бўлган замонавий маданиятнинг ширкка нима алоқаси бор, деб ўйлар?  Бошқалар эса, ширк ҳақида умуман гапиришнинг кераги йўқ ва бундан катта муаммо чиқариш ҳам шарт эмас, деб ҳисоблаётгандир?

Мақола сарлавҳасини ўқиб, хаёлингизга нима фикрлар келди? Балки кимдир ўзига хос хусусиятларга эга бўлган замонавий маданиятнинг ширкка нима алоқаси бор, деб ўйлар?  Бошқалар эса, ширк ҳақида умуман гапиришнинг кераги йўқ ва бундан катта муаммо чиқариш ҳам шарт эмас, деб ҳисоблаётгандир? Учинчи тоифа эса: “Бу мақола нима ҳақда бўлдийкин-а?” деб шунчаки қизиқиш билдириши ҳам мумкин. Албатта, нима ҳақда ўйлаётганларини билиб бўлмайдиганлар ҳам топилади. Бундайлар бошқалар каби бир қолипда фикр юритишмайди, бўлаётган воқеа-ҳодисаларга уларнинг ҳамиша ёки деярли ҳамма вақт ўз нуқтаи назарлари бўлади ёки улар ўзини шу тоифадан деб ўйлайдиганлардир.
Бироқ, ҳозир нима ҳақда ўйласангиз ҳам, мақола нима билан тугашини ўзингизча тасаввур қилаётган бўлсангиз ҳам, мен сизларни ўз дунёқарашлари нималар билан тўлдирилаётганига бепарво бўлиб, кўп вақтларини у ёки бу кўнгилхушликларга совураётганлар ҳақида биргаликда баҳс юритишга чорлайман.
Ҳар бир кишининг содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз нуқтаи назари бор, барчаларимиз у ёки бу йўсинда дунёқарашимизни шакллантирамиз. Гап фақат фаолиятнинг бу турида қанчалик эркинлигимизда қолди.
Келинг, ҳаммасини энг кичиклигимиздан, яъни туғилишимиз биланоқ оламни англай бошлаганимиз, у ёки бу буюмнинг хусусиятларини таниганимиз ва уларни ишлата билишни ўрганганимиздан бошлайлик. Бизнинг дунёқарашимиз шу тариқа камолга етади, шахсиятимизнинг ахлоқий-маънавий жиҳатлари шаклланиб боради.
Бу жараён кўп жиҳатдан ота-онанинг қандай тарбия берганига, нималарни ўргатганига боғлиқдир. Айнан ота-она воситасида болада диний эътиқод шаклланади ва унинг турмуш тамойиллари шу эътиқод орқали юзага келади. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар туғилган фарзанд Ислом фитратида дунёга келади, (кейин) ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади», дедилар (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий ривояти). Кўп ҳолатларда болалар Худо ҳақида, ўзларини қандай тутишлари кераклиги ва атрофларидаги барча нарсалар ҳақидаги маълумотларни айнан ота-оналаридан ўрганишади.
Бироқ, тарбия фақат ота-онанинг вазифаси билан чекланиб қолмайди, балки руҳшунослик фанида “ижтимоийлаштириш омиллари” номи билан машҳур бўлган анча аҳамиятли омиллар ҳам мавжуд. Буларга болалар боғчаси, мактаб, яқин атрофдагилар, дўстлар гуруҳи ва албатта кенг маънодаги оммавий ахборот воситалари (ОАВлар) ҳам киради.
Тарбия жараёни узлуксиз кечишини, у  болалик билангина чекланиб қолмай, балки деярли бир умр давом этишини ҳам эсдан чиқармаслик керак.
Юқорида номи зикр қилинган ижтимоийлаштириш омилларидан энг муҳими бўлмиш у ёки бу жамиятнинг маданияти ҳақида ҳали тўхталганимча йўқ. Мазкур ҳолатдаги маданият деганда табиатдан фарқли ўлароқ инсоният тарафидан пайдо қилинган нарсалар ҳақида сўз бормоқда.
Шартли равишда атрофимиздаги  оламни иккига бўлишимиз мумкин (такрор айтаман, шартли равишда): инсон қўли билан ясалган нарсалар ва бизлардан мустақил мавжуд ҳолатдаги нарсалар. Унисининг ҳам, бунисининг ҳам Аллоҳ таоло томонидан яратилгани аниқ, айнан шунинг учун ҳам бу тақсимлашимиз ўта шартлидир.
Бироқ, Аллоҳнинг ягона илоҳ эканига иймон келтирган ҳар бир мўмин киши шайтон инсониятнинг энг катта  душмани эканини ва унинг энг муҳим вазифаси  инсонни тўғри йўлдан уриш эканини ҳам жуда яхши билади. Инсоннинг Худонинг мавжудлигини  инкор қилиши ва шу билан бирга шайтоннинг ҳам аслида йўқ эканига ишона бошлаши шайтоннинг энг катта “муваффақияти” бўлади. Модомики, ўзи йўқ нарсанинг масъулияти бўлмас экан, ҳисоб-китобдан чўчимай, кўнгилга ёққан нарсани қилавериш мумкин.
Бунга атеизмни (даҳрийликни) дунёқараш сифатида қабул қилишни мисол сифатида келтириш мумкин. Бу даҳшатли адашувнинг аҳамиятини сунъий бўрттириш учун уни илмий атеизм ҳам деб аташади. Бироқ даҳрийлик дунёқараш сифатида узоқ умр кўра олмади, чунки аксар инсонлар қалбининг энг тўрида Аллоҳга боғлиқлигини ҳис этиб туради. Бу боғлиқлик эса, даҳрийликка асосланган дунёқарашнинг мустаҳкам ўрнашиб олишида тўсиқ бўлади.
Демак, инсониятнинг душмани бизни тўғри йўлдан уриш учун янги услубларни излаши керак. Кўриниб турибдики, ўз ёлғонини тарқатиш учун олдинига ҳақиқатни айтиш, кейин эса одамни ушбу ҳақиқатдан узоқлаштириб юбориш керак. Ўзининг барча кўринишлари билан кўпхудолилик (яъни ягона Аллоҳга шериклар топиш) шундай алдов йўлларидан ҳисобланади. Кўпхудолилик мафкура сифатида Худони инкор қилмагани, бироқ Худо ҳақида ўта ёлғон тушунчалар бергани учун ҳам ниҳоятда хавфлидир.
Ўринли савол туғилади: рақамли технологиялар асрида яшаб турган, таълим, фан ва масалага рационал ёндашишни ташвиқ қиладиган замонавий маърифатли одамни инсониятнинг аллақачон ортда қолиб кетган давридаги тавҳидга қандай қилиб яқинлаштириш мумкин?  Жавоб кундай равшан: рақамли технологиялар ва ўша маданият орқалигина. Иблис денгиз, тоғ, ўрмон ва бошқа табиий нарсаларни барпо этиш билан ўзининг сохта мафкурасини ёймайди, балки  буни одамлар орқали, улар иштирокида тузилган маданият орқали тарқатади.
Агар одамлардан “маданият деганда нимани тушунасан?” деб сўралса, уларнинг аксарияти тахминан  театр, санъат, адабиёт ва албатта кино деб жавоб беришади. Агар яна ўша одамлардан мажусийликдаги илоҳлар номини сананг-чи дейилса, у нима деб жавоб бераркин?
Мана, ҳозир сиз ҳам муҳтарам ўқувчим, “мажусийликдаги қайси  “илоҳлар” номини биласиз?” деган саволга жавоб бериб кўринг. Ўйлаб бўлдингизми? Хўш, нима экан? Балки, Зевс, Аид, Посейдонларнинг исмлари ёдингизга келгандир: эҳтимол кимдир Кроносни ҳам айтгандир, афтидан Локи ва Тора каби кўплаб бошқа номларни биладиганлар ҳам топилар?
Шу ўринда биз мажусийлик “дин”лари масаласида мутахассис бўлмасак-да, мазкур номларни қаердан биламиз, улар ҳақидаги маълумотларни қаердан олганмиз, деб ўзимизга савол бериб кўрайлик. Мана шунга ўхшаш саволларга жавоб излаш керак, чунки буларнинг ҳаммаси оммавий маданият орқали бизга сингдирилмоқда, бунда эса айниқса кино қўл келяпти.
Киносаноат маҳсулотларида ширкнинг ошкора иштирокини аниқлаш учун уларга бир қур назар ташлашнинг ўзи кифоя. Аҳолининг каттагина қатлами замонавий филмларсиз яшолмайди, ҳамиша янги филмларни излайди, қисқаси, кўнгилхушликни истайди.
Кино саноати ўзидан нима кутилаётган бўлса, шуни беришга ҳаракат қиляпти. Бунда фақат унинг иқтисодий манфаатларигина эмас, балки гапириш унча рағбатлантирилмайдиган бошқа нималардир ҳам эътиборда тутилади. Кузатувларимга кўра, кўпдан буён мақсадли равишда кино орқали инсонлар ақлига кучли таъсир ўтказиш амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда мендан аввал ҳам кўп гапиришган. Бу борада мен Америка кашф қилаётганим ҳам йўқ ва биринчиликка даъвоим ҳам йўқ. Мен нафақат Ислом дини, балки мажусийликнинг илоҳларини тан олмайдиган насронийликка ҳам қарши қаратилган курашга эътибор қаратишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. У ёки бу йўсинда мажусийларларнинг илоҳлари ҳақида гапириладиган барча филмларга баҳо бермоқчи эмасман, фақат ўзига алоҳида эътибор тортганлари билан кифояланаман.
Яқинда “Титанлар жанги” филмининг узвий давоми ҳисобланган “Титанлар ғазаби” филми барча кинотеатрларда қўйила бошланди. Бу филмлар қадимги Юнонистон афсона ва эртакларининг замонавий талқинидан бошқа нарса эмас.
Бунга ўхшаш филмлар нега суратга олинади, деган савол туғилади. Албатта, кўпчиликнинг жавобига кўра, мен ортиқча мавзуга тирғилаётган эмишман, булар фақат эртаклар эканини ҳамма билармиш, душман йўқ жойдан ғаним қидираётган эмишман.
Балки, ҳақиқатан шундайдир, эҳтимол кимгадир шундай деб ўйлашимиз ва  аллақачон ёпиб қўйилиши керак бўлган онг эшикларини очиқ ҳолда ушлаб туриш керак бўлиб қолгандир? Буларнинг ҳаммасини бутунисича кўра билишга ҳаракат қилиш керак, шундагина умумий тасаввур пайдо бўлиши мумкин.
Илм-фан ва маърифат ривожлангани сайин жуда кўп сохта назариялар эътибордан қолиб, шармандаси чиқмоқда. Аммо уларнинг ҳомийлари асл ҳақиқат қаршисида мағлуб бўлишни, бутун оламни, инсон ва бошқа барча мавжудотни Аллоҳ таоло яратганини тан олишни истамай, қандайдир янги назарияларни ўйлаб топишга уринишмоқда. Шундай сохта назариялардан бири инсонни Аллоҳ эмас, балки узоқ сайёралардан учиб келган, юқори илм-фан ва технологиялари ривожланган мавжудотлар тарафидан яратилгани  ҳақидаги бемаъни ғоя киносанъат ва бошқа турдаги тарғибот-ташвиқот воситаларида тобора кўпайиб бормоқда.
Яқинда кинотеатрларда “Тор” деб номланган бир филм қўйилди. Бу филм ҳам Скандинавия мифологиясидан яхши маълум бўлган мажусийликнинг олиҳалари ҳақида бўлиб, унда олиҳа Тор ва унинг укаси Локи бошқа афсонавий махлуқлар билан жанг қилади. Филмда жуда кўп махсус эффектлар қўлланилган, бу эса,  табиийки ўзига қўшимча эътибор тортади.
Мазкур филмда мажусийлик илоҳлари замонавий одамлар билан ўзаро муносабатга киришишга ҳаракат қилиб, уларнинг кундалик ҳаётига кириб боради. Мана шунинг ўзиёқ мажусийлик ғоясини сингдиришнинг яширин шакли эмасми?  Менинг бу фаразларим сизларни қанчалик ишонтира олди, билмадиму, барибир яна бир-икки мулоҳазаларни айтишим зарур. Гап ақидага тегишли жиддий масала  ҳақида бораётгани учун ҳам маънавий танбалликка йўл қўймай, мақолани охиригача ўқиб чиқишга ҳаракат қилинг.
Келинг, машҳур “Темир одам” филминининг иккови қисмини бирга  бир эслаб кўрайлик. Бу илмий-фантастик филм ўта замонавий қурол устида ишлаётган буюк бир олим ҳақида. Албатта, филмнинг турган-битгани хаёлий, яъни  фантастика, бироқ шуниси ўта муҳимки, филмдаги воқеалар реал ҳаётда содир бўлиши мумкин, муаммо фақат илм-фан тараққиёти  даражасига боғлиқдир. Аммо мазкур филм эртак сифатида қабул қилинмайди, у темир одам каби қаҳрамонларнинг ҳаётда мавжуд бўлиш эҳтимолига онгни тайёрлайди.
Мажусийлик илоҳлари билан ўта замонавий қурол ишлаб чиқарувчи афсонавий олим ўртасида қандай боғлиқлик бор, деган савол туғилиши мумкин. Жавобни эса, яқинда кино экранларига чиққан янги “Қасоскорлар” деб номланган филмдан топамиз. Айнан ўша филмда икки томон бирлашади: мажусийлик илоҳлари  чиқиш эҳтимоли мавжуд олимлар билан  ёнма-ён туриб, бошқа мажусий қаҳрамонларга қарши курашади.
Мана, асосий моҳият нимада! Гап шундаки, замонавий одамнинг онгида ҳозиргача анча мустақил яшаб келган қаҳрамонларнинг икки алоҳида чизиғи (мажусийлик илоҳлари ва замонавий олим) ягона бир яхлитликка  бирлашади, янгича тасаввур ҳосил қилади ва темир одам технологиясини ишлаб чиқишнинг имконияти бор эканми, демак мажусийлик илоҳларининг ҳам мавжудлигига мутлақо ишонса бўлар экан-да, деган фикрга сездирмай олиб боради!  Агар ноҳақ бўлсам, мени тўғрилаб қўйинглар.
Шунингдек, «Прометей» каби филмларга ҳам эътибор қаратиш мумкин. Бу филм ўраб-чирмаб ўтирмай, инсоннинг яратилиши ҳақидаги ўз ғоясини илгари суриб қўяқолади. Ҳатто унда шундай манзара ҳам бор:  бир қаҳрамон бошқа қаҳрамон аёлга инсоннинг яралиши ҳақидаги насроний динининг бўлмағур эътиқодларидан воз кечишни таклиф этади.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ҳар биримиз турли хил шаклда кўпхудолилик тарғиб қилинган бошқа филмларни ҳам қийинчиликсиз эсга олишимиз мумкин.
Бунга ўхшаш нарсалар нафақат кичкинтойлар, балки катталар ҳам завқ билан ўйнайдиган замонавий компютер ўйинларида ҳам етарлича топилади. Умуман бу ўйинларда сен мажусийлик илоҳларига сиғинадиган ёки уларга қарши курашадиган бош қаҳрамонни бошқара оласан.
Фикримча, буларнинг ҳаммаси улкан бир тўрнинг занжирлар ҳалқасидан биттасидир. Агар инсон улардан бирортасига илинмаса, бошқасида албатта қўлга тушади. Буни шу вақтгача бизга номаълум ва ёт бўлган Хэллоуин  байрамини ҳозир кўпгина ёшларнинг нишонлай бошлаганидан ҳам илғаб олсак бўлади.
Ҳушёрликни бирор дақиқа ҳам йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Бунинг айниқса ана шундай мультфилмлар ва ўйинлар билан улғаяётган фарзандларимизга алоқаси борлиги учун ҳам назоратни янада кучайтиришимиз зарур.

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Маданият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase