close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Нега Сулаймон Қонуний ва нега ҳарам?

Исломий халифаликнинг охирги давридаги Усмонийлар салтанатининг 1923 йилда ағдарилиши ортидан, насроний Европа Ислом ва халифалик устидан аламли ва оғриқли йўл билан қозонган ғалабасини нишонлаш учун тантана ўтказмоқчи бўлди. Бунинг учун халифаликнинг пойтахти бўлган Анқара шаҳрида Европа гўзаллари ичидан маликасини танлаш учун «Нафосат» мусобақасини уюштирди. Мусобақада Туркия давлати тарихида илк бор турк қиз ҳам иштирок этди. У – секуляр Туркия намояндаси Кериман Халис Эже эди.

Кериман Халис саҳнада денгиз соҳилларида шармсиз хотин–қизлар киядиган бикини билан ўз танасини намойиш этди. Ўша пайтда ҳакамлар ҳайъатининг раиси шундай сўзларни тилга олди–ки, у сўзлар Усмоний халифалик давлатига бўлган европаликлар кўнглидаги диний нафратни очиб, интиқом руҳини ифодалади. Жумладан, у шундай деди:
– Жаноблар! Ҳурматли ҳакамлар! Бугун бутун Европа Христиан динининг ғалабаси туфайли катта тантаналар ўтказмоқда. Бир минг тўрт юз йил дунёга ҳукмрон бўлган Ислом тугади. Туркия гўзаллари маликаси Кериман Халис ҳузуримизда муслима аёлни гавдалантирмоқда. У, ўз динига қатъий риоя қилган муслима аёлнинг набираси бўлсада ҳузуримизга бикини билан чиқиб келди. Бу қиз ғалабамизнинг тожидир! Қачонлардир усмоний халифа Сулаймон Қонуний Францияда пайдо бўлган рақс – балетдан безовта бўлган ва Франция сарҳадларига яқинлашгач, ўша рақс қироллигига кириб ёйилмаслиги учун, бостириб киришга журъат этмаган эди. Мана, ўша мусулмон султониннг набираси кўз олдимизда бикинидан бошқа нарса киймай, биздан гўзаллигига мафтун бўлишимизни талаб қилиб турибди. Биз унга шундай деб баралла айтамиз: Биз, муслима хотин–қизларнинг келажаги биз ўйлагандек рўёбга чиқишини умид қилиб, Кериманга мафтун бўлдик. Жаноблар, қадаҳларимизни Европанинг ғалабаси учун кўтарайлик!...
Ислом тарихи асрлар оша сиёсий ва мазҳабларга асосланган булғаш ва қоралашнинг ашаддий сиёсати билан қаршилашди. Бу қоралашнинг ҳар бир босқичи ўзининг қандайдир кўриниши билан мусулмонлар қўлида амалга оширилди. Бу тарих ичидан Усмонлилар тарихигина шу давлатга қўрқинчли гина ва адоватлар билан тўлган Европа ва европаликлар қўли билан қаттиқ қораланди. Чунки Усмонлилар давлати Европа ва европаликларга мағлубият ва инқироз таъмини узоқ асрлар мобайнида тоттириб келган эди. Натижада, европаликлар Усмоний давлатининг шонли тарихини булғаш учун бор имкониятларини сафарбар этдилар ва уларга хаёлларига келган барча салбий нарсаларни ёпиштирдилар. У давлатнинг ижобий ютуқлари ҳақида бирон марта ҳам оғиз очмадилар. Улар Усмонийлар тарихига, салбийликларнигина кўрсатадиган адоват ва нафрат кўзи билан боқдилар.
Шу боис бўлса керак, Усмонийлар давлатининг тарихини фақатгина европаликлар ёки европаликларга мафтун бўлган ва уларнинг йўлидан юрган маҳаллий ёзувчиларгина таълиф этдилар. Шунинг учун ҳам Усмонлилар давлати ҳақида инсоф ва бетарафлик билан ёзилган китобларни нодир учратиш мумкин. Европа ва араб манбаъларидаги Усмоний давлати барча фазилатдан мосуво ва разолатлар ботқоғи ўлароқ салбий кўринишда акс эттирилди. Усмонийлар давлати кўпчиликнинг тасаввурида арабларни мустамлакага айлантирган, қирган, талон–тарож этган, мамлакатларнинг ер ости ва усти бойликларини ташиб кетган, қонхўр давлат ўлароқ шаклланди. Унинг қолоқ ва манқурт экани қаламга олинди. Европаликлар тасаввурида бу давлат террорчи, босқинчи, урушқоқ, гўдакларни ўғирлайдиган, хотин–қизларга тажовуз қиладиган, ўлкаларни босиб оладиган ва ресурсларни оёқ ости қиладиган золим босқинчи кўринишида акс эттирилди.
Зеро Европа 857 йилда машҳур саркарда Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ қўмондонлигида Усмонийларнинг ўз даврида Христиан оламининг пойтахти ҳисобланган Константинополни фатҳ этиб, Айа София черковини масжидга айлантирганларини ҳеч унутмади. Чунки бу, Исломнинг христиан дини устидан қилган катта ғалабасига ишора эди. Бундан ташқари Усмонийлар давлатининг ўз сарҳадларини кенгайтириб, Югославия, Венгрия, Польша, Россиянинг ярми, Болгария, Руминия, Греция тупроқларигача кириб бориши ҳамда уч қитъа оша вилоятларининг гуркирагани, европаликлар юрагини ҳали ҳам эзмоқда.
Европа Усмонийларнинг жаҳоннинг турли бурчакларида салибчиларга қарши қандай курашганлари: Андалусиядаги мусулмонлар бошига келаётган зулмни енгиллатиш учун Европа шарқига ҳужум қилганлари. Араб кўрфазининг жануби ва Африканинг шарқида португалияликлар, Африканинг шимоли ва Ўрта ер денгизи соҳилларида испанлар, Ўрта Осиёда русларга қарши кураш олиб борганини унутмади. Европаликлар Усмонийлар сарҳади ичига кирган тупроқларни, Усмонийлар давлати йиқилишидан бир оз аввалгина мустамлака қилишга қодир бўлдилар. Усмоний давлати ҳудудига кирмаган Ҳиндистон, Индонезия ва Малайзия каби давлатлар Европанинг қонли панжаларига анча эрта тушган ва Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин бунинг аччиқ асоратларини тотган эди.
Европаликлар Усмонийлар давлати Ислом динини Европанинг турли бурчакларига етказгани, мусулмон бўлгани учун бутун Европа, жумладан, Европанинг шарқида яшаётган халқлар Усмонийлардан қарздор эканини ва Европадаги мусулмон муҳожирларнинг аксари турклар эканини ҳеч қачон унутмади. Буни кўп мусулмонлар билмасада, (ўтган асрнинг) тўқсонинчи йилларида бўлиб ўтган қонли Босния–Герцоговиния уруши буни ошкора қилди.
Европа солномасидан ўчмаган яна қанча нарсалар борки, уларнинг асосий сабабчиси Усмонийлар давлати эди. Европаликлар Биринчи ва Иккинчи Косово урушларини, Вена, Белград, Никополось, Варна, Константинополь ва бошқа кўплаб урушларни, бундан ташқари, Усмонийлар давлати фатҳ этилган Еврапа давлатларидаги етим болаларни олиб, уларга исломий тарбиялар бериб, «йеничери» (янычары) номли ҳарбий полк тузгани ва улар узоқ асрлар давомида Усмонийлар давлатининг шукуҳи ва фахри бўлганини ҳеч унутмади.
Европаликлар, улар йўлидаги секуляр инсонлар ҳамда Европага маҳлиё бўлганлар, Усмонийлар давлатига гина сақлашмоқда, ундан бутунлай нафратланишмоқда. Европаликлар қўлида Усмонийлар давлати ва турклар бошига келган катта мусибатларга қарамай, ҳануз Усмоний мусулмонларни адовати тинмайдиган, нафрати унутилмайдиган ашаддий тарихий душмани ўлароқ кўрмоқда. Шу боис, улар, Усмоний давлат шавкатини эслатган ва хотирлатган ҳар қандай фикр ва лойиҳага олиб борадиган барча йўлларни тўсиш учун имкониятларидаги бор кучларини сарф этишмоқда.
Шу кунларда ойнаи жаҳонда намойиш этилаётган «Муҳташам юз йил» (Великолепный век) турк телесериали, Усмоний султонларнинг энг буюкларидан бири – Сулаймон Қонуний раҳимаҳуллоҳ ҳаётини ғаразгўйлик билан тасвирлаган. Ҳолбуки, Султон Сулаймон раҳимаҳуллоҳ замонида Усмонийлар давлати қудрати билан гуркираган, шавкати ва сарҳадлари жуғрофий нуқтаи назардан чор атрофга ёйилган, сиёсати, иқтисодий ва ижтимоий тизими устивор, ҳарбий қудрати ва дипломатик закоси устун бўлган ҳатто европаликлар султон Сулаймон Қонуний раҳимаҳуллоҳга «Буюк» лақабини беришган эди. Султон Сулаймон Қонуний раҳимаҳуллоҳ машҳур Византия императори Шарлканни мағлубиятга учратиб, Венани қамал қилган ва уни фатҳ қилишига оз қолган эди.
Сериалнинг сценарий муаллифи, режиссёри ва монтажчилари томошабинларга Усмоний давлатни энг хунук ва расво суратда намойиш қилишмоқчи бўлган. Сценарий муаллифи яқинда рак касали сабабли оламдан ўтди. Сериалда султони, вазирлари ва давлат аркони шаробхўрлик, хотинбозлик ва ҳарам ошиғи бўлган давлат кўрсатилган. Ҳарамда ўтириш, жориялардан бирининг қучоғидан чиқиб иккинчисига ошиқиш, у ва бу хотинларнинг чақувларини тинглашдан бошқа бирон мақсади бўлмаган, ўз айшу ишрати ва шаҳватидан бошқа иши қолмаган султон акс эттирилган. Бу – европалик тушунчаси ва маданиятида мусулмонлар оммаси ва хусусан эса Усмонийлар давлатидаги мусулмоннинг кўринишидир. Ҳолбуки, султон Сулаймон Қонуний раҳимаҳуллоҳ ўттиз йил давомида дунёнинг турли чеккаларида муттасил ғазавотларда иштирок этган, фақатгина, кексайган чоғларида (пойтахтда) истироҳат этишни танлаган эди.
Европанинг мақсадлари Ислом умматининг шонли тарихидан нафратланган ва секуляр одамлар томонида тарихни булғаган, шарафли кунларни оёқ ости қилган, салбийликларни кўрсатиб, хато ва камчиликларни бўрттирган, ҳақиқатлардан йироқ, янги авлод тасаввурида гуллаб яшнаган Исломий тарих ҳақида хунук ва расво кўринишни ақлларни жалб этадиган, диққатларни тортадиган сериал ва фильм тарзида кириб келмоқда.
Европа бугун ҳам Ислом ва мусулмонлар билан ҳисоблашмоқчи ва бунинг учун кўпчилик ўйлаганидек Усмонийлар давлатидан эмас, Исломнинг ўзи ва унинг шонли тарихидан интиқомини олишга ҳаракат қилмоқда.

Муаллиф: Шариф Абдулазиз Зуҳайрий
Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Мақола жойлаштирилган бўлим: Маданият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase