close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Йўқликдан бош кўтараётган СССР

Совет Иттифоқининг  тарқалиб кетишига асос бўлган шартномаларни қайта кўриб чиқиш ғояси кўплаб россияликларнинг фикру-зикрини қамраб олмоқда.  Олий суд эндигина толяттилик Дмитрий Третьяковнинг даъво-аризасидан қутулганида "Единая Россия",  КПРФ ва ЛДПР депутатларининг бир гуруҳи Совет Иттифоқи тарқаб кетиши конституцион бўлмаганлигини тан олиш ва Михаил Горбачевни собиқ иттифоқнинг тарқаб кетгани учун жиноий жавобгарликка тортиш талабини кўтариб чиқишди.

Бу воқеаларни баҳорнинг таъсирига йўйиб,  Қримни ўзига қўшиб олганидан ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилиб кетган баъзи россияликларнинг тўғри тафаккур қилиш қобилияти издан чиққани натижаси,  деб қўйилса бўлар эди.   Горбачев буларни пиарга ҳаракат деб,  қиладиган бошқа иши қолмаган депутатларни ишдан ҳайдаш керак, деди.  Бироқ парламентнинг тўрт фракциясидан учтаси бу масалада бирлашибдими,  демак бу ҳаваскорларнинг ташаббуси эмас.  Одатда Кремл учун муҳим бўлган масалаларда фракциялар бундай масалаларда бирдам бўлиб қолишади.  Бундан ташқари депутатлар ўз ташаббусларига Украинадаги ҳолатни сабаб қилиб кўрсатиши ҳайратланарлидир.
1991 йилларда бўлиб ўтган воқеаларни кўтариб чиқишар экан,  депутатлар ўз наздларида энг муҳим нарсаларни тушуниб олмоқчи бўляптилар.  Расмий талаб муаллифларидан бири “Единая Россия” вакили Eвгений Федоров прокуратyрадан 1991 йили давлат тўнтариши фактини тасдиқлатиб олмоқчи.  Бу – собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги барча мамлакатларнинг келиб чиқиши ноқонуний (нолегитим) бўлган,  деганидир.  Яъни,  депутатлар нафақат Украина,  балки собиқ иттифоқ таркибига кирган барча республикаларнинг суверенитетини шубҳа остига олмоқчи. 
Қайиқни чайқатиш нега керак бўлиб қолгани ҳам тушунарсиз:  агар гап ҳозирнинг ўзидаёқ “Ватан хавф остида” шиори асосида суверинитетни мустаҳкамлаш ҳақида бормаётган бўлса,  унда бу ташаббус нега керак? Федоров ҳам "хулосадан юзлаб қонунлар чиқиши" ҳақида гапириб,  ўзининг ниятини яширмаяпти.
Аслида Украинадаги инқироз янги тўлқинни - “ҳимоячилик”  фаоллигини келтириб чиқарди.  Советлар давридаги нарсаларнинг қайта тирилишга ҳаракат қилаётганини кузатмоқдамиз.  Россия қонунчилигида ҳам навбатдаги қаттиққўллик яққол намоён бўлмоқда:  иккинчи фуқароликни яшириш учун жиноий жавобгарликка тортиш,  рухсат этилмаган митинг ва норозилик намойишларида доим қатнашиш ва ҳоказо масалалар баҳс қилиняпти.  Блоггерларни ОАВ  сифатида рўйхатдан ўтказишга мажбурлаш,  оммавий тартибсизликларни уюштирганларга эса қамоқ муддатини икки баробарга ошириш ҳам шулар жумласидандир.  
ОАВ да ирқий ва миллий низоларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ёлғон ва нотўғри маълумотларни тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи ҳам кўтарилмоқда.  Айтгандек,  булар 1922 йилда қабул қилинган РСФСР жиноий кодексининг 73-банди билан жуда ўхшаш:  “жамоатда ваҳима туғдириш,  ҳукуматга ишончсизлик келтириб чиқариш ёки уни обрўсизлантириши мумкин бўлган аксилинқилобий мақсадларда ёлғон миш-мишлар ёки текширилмаган маълумотларни уйдириш ва тарқатиш камида олти ой озодликдан маҳрум қилиш балан жазоланади”.  Энди ҳаммасини қамраб оладиган,  “Аксилсовет тарғибот” (Антисоветская пропаганда ) га ўхшаш умумий бир моддани ўйлаб топилса кифоя,  қолган ҳамма нарса ўз ўрнига тушиб кетади.
Афтидан ҳамма нарса шунга қараб кетмоқда.  Депутат Федоров “1991 йил воқеаларини ҳуқуқий нуқтаи назардан таҳлил қилиш,  ҳозирги “бешинчи колонна” мавқеси ва унинг технологияларини яхши тушуниш имконини беради”,  деб бежиз айтаётгани йўқ.
Нацизмни оқлашни манъ қилувчи қонун биринчи ўқишда қабул қилинди.  Энди бу қонунга кўра,  иккини жаҳон урyшидаги ҳаракатлари учун Совет Иттифоқининг махсус кучларини танқид қилиш мумкин эмас,  Сталин режими танқидчиларининг ҳаётлари ҳам қийинлашади.
Шундай таассурот уйғонади-ки,  жорий ҳукумат ўзи ва жамият ўртасида янги келишув шартномаларини ўрнатиш учун изчил равишда ҳаракат қиляпти.  Бутунжаҳон молиявий инқирози "барқарорлик эвазига “юқорига” содиқлик" деган қоидани қайта кўриб чиқишга сабаб бўлди.  Энди "юқори"дагилар барқарорликни кафолатламайдиган,  "қуйи"дагилар эса (уларни "ишлаб чиқарувчи" синф деб ҳам аташади) бу жараёнда қатнашишни истамайдиган бўлиб қолишди.   
Агар ўзгаришларга қарайдиган бўлсак,  янги шартнома форумаласи "озодлик эвазига содиқлик" деган маънода бўлади.  Бироқ,  ялтироқ қоғозга ўралмаса буни сотиш жуда қийин бўлади.
Ялтироқ қоғоз ўрнини,  жуда кўп роcсияликларнинг юрагига яқин бўлган собиқ иттифоқ қадриятлари босиши мумкин,  янгиси сўнгги 20 йил ичида ҳали шаклланиб улгурмаган.  Қримни ўзига қўшиб олишда кузатилган кўтаринки руҳдаги ватанпарварлик "қайта қуриш" давридан олдинги "маънавият" ҳали ҳам самара бериб,  ишлаётганидан дарак беради.  "Жамоатчилик фикри" жамғармасининг маълумотларига кўра,  россияликларнинг аксар қисми (54%) Совет Иттифоқининг парчаланиб кетганидан афсусда экан.  Шундай экан,  депутатларнинг айбдорларни қидириб қолиши ҳам бежизга ҳамда арзон пиар учун эмас.  Бу Россия учун муҳим аҳамият касб этадиган ишдир.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади (2014)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase