close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мусулмонлар аёлларни европаликлардан кўра юқорироқ баҳолайдилар

Ўз ҳуқуқлари борасида мусулмон оиласидаги аёлдан кўра яхшироқ таъминланган ва ҳимояланган аёл йўқ. Чунки эркакларга ўз аёли ва оиласини моддий жиҳатдан тўлиқ таъминлаш муқаддас Қуръони Каримда буюрилган. Агар ўспирин ёки эркак киши ўз оиласининг яшаши учун ҳеч бўлмаса энг оддий шароитларни яратиб бера олмайдиган бўлса, у ҳолда ўзини ва бўлғуси аёлини тиланчилик ва қулчилик қисматига дучор қилмагани маъқул. Ўзининг уйланиш ниятини ошкор қилар экан, ёш йигит жамият олдида ўзининг фақат жисмоний-биологик жиҳатдан эмас, балки яна ҳам муҳимроғи -  ижтимоий, моддий ва фуқаролик жиҳатдан ҳам вояга етганлигини таъкидлайди.

Инсон айнан шу жиҳатдан ер юзидаги ҳайвонот олами вакилларидан фарқ қилади (ваҳоланки, инсон уларнинг баъзиларидан оила номуси ва таъминоти ҳақида қайғуриш борасида кўп нарса ўрганиши мумкин).
Бўлғуси аёлига ҳадялар бериш никоҳдан олдинги келишув давридаёқ бошланади.
Бу ҳадя (маҳр) ёки яхшигина пул миқдори ёҳуд қимматбаҳо олтин ёки кумуш тақинчоқлар, қимматбаҳо безаклар ёки кўркам либосларни ўз ичига олган сарподан иборатдир. Ҳар бир бўлгуси куёв тўйдан аввал берадиган маҳрини ўз шароитидан келиб чиқиб ва албатта, шахсан келин билан келишган ҳолда ўзи белгилайди, чунки бу ҳадялар келиннинг ўзигагина тегишлидир (унинг ота-онасига эмас!).
Мисол учун, Сурияда маҳр 50 минг лирани ташкил этади. Агар куёв камбағалроқ бўлса, бу миқдор камайтирилиши мумкин, бироқ бу ҳам албатта келиннинг розилигини ҳисобга олган ҳолда бўлади. Чунки келинда ўзининг бўлғуси турмуш ўртоғи унга ва фарзандларига фаровон ҳаётни таъминлаб бера олишига ишонч бўлиши лозим. Ушбу муҳим масалада танлаш ва розилик бериш ҳуқуқи тўлиғича келинга тегишли бўлиб, уни мажбурлаш гуноҳ ва жиноятдир.
Мусулмон аёлнинг оиладаги вазифалари яна ҳам гўзал ва муҳимдир. Уйни покиза сақлаш, чунки, ИСЛОМ дини ПОКЛИК асосига қурилгандир, фарзандларни солиҳ, соғлом ва меҳнаткаш инсонлар қилиб тарбиялаш, оила тинчлиги, осойишталигини ҳамда оилада эрининг устунлик мақомини таъминлаш шулар жумласидандир. Яхши аёлнинг турмуш ўртоғи ҳам,  фарзандлари ҳам доимо озода, усти бут, қорни тўқ ва бағри бутун бўлади. Бу нарсалар эса бахт-саодат  калитидир.
Турмуш ўртоғига содиқлик ҳар бир муслиманинг энг асосий ва муқаддас бурчи ҳисобланади. Ушбу бурчга содиқликдан оз бўлса-да тойилиш қаттиқ жазоланади.
Мусулмон аёлга маст қилувчи ичимликлар ичиш, чекиш, гиёхвандлик, ғийбат, беҳаё фильмларни томоша қилиш, ўзининг ва ўзгаларнинг соғлиғига тажовуз қилиш тақиқланган.
Кўпхотинлилик ҳеч бир динда тақиқланмаган. Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Таврот ҳамда Исо алайҳиссаломга туширилган Инжил каби аввал нозил қилинган муқаддас китоблар ичида фақат Қуръони Каримгина айнан моногамияни (бир хотинлиликни) тарғиб қилади. Фавқулодда ҳолатлардагина Ислом кўпхотинлиликка рухсат беради ва бунда хотинлар сони тўрттадан ошмаслиги ҳамда эр томонидан барча хотинларга тенг ва адолатли муносабат билдирилиши шарт қилиб қўйилади.
«Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг) ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан (кифояланинг)» («Нисо» сураси, 3-оят). Бу ҳазил гап эмас, уни ўзимизга маъқул томонга таъвил қилишимиз жоиз эмас. Умуман, бу ҳукм бир ёки бир нечта хотинга уйланиш ҳақида эмас, балки уйланишда шароитга қараш керакми ёки ўз хоҳишидан келиб чиқиб уйланавериш керакми – мана шу ҳақдадир.
Аёл хасталиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра эри олдидаги вазифасини бажара олмаслиги, урушдан кейинги ижтимоий-демографик ҳолатлар ва бошқа кўпгина омиллар кўпхотинлиликни нафақат мақсадга мувофиқ ҳолатга, балки жамиятнинг ахлоқий поклиги ва маънавий фаровонлиги учун зарурий нарсага айлантиради. Бу эса фахш, ёлғон ва турли касалликларга қарши ҳақиқий воситадир. Аммо инсон ва оила ҳаётининг шу ва шунга ўхшаш кўп қиррали вазиятларида инсоннинг, шу жумладан, аёлнинг ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ягона ва асосий хусусият мавжуд. Унинг моҳияти шундаки, ҳеч бир эркак хотинининг ёки хотинларининг рухсатисиз қайта уйланишга ҳақдор эмас.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланишларига келсак, бу фaқатгина У зотнинг биринчи аёллари - Хадича розияллоҳу анҳанинг вафотларидан сўнггина юз берган. Хадича онамиз билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 25 йил бахтиёр ҳаёт кечирганлар ва бирор марта хиёнат қилмаганлар.
Қолаверса, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳлари жинсий ҳолатлар билан эмас, балки асосан Ислом йўлидаги сиёсий мулоҳазалар билан боғлиқ бўлган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Хадича розияллоҳу анҳанинг ўзаро гўзал муомалалари барча замонлардаги оилалар учун ўзаро ҳурматда ҳаёт кечириш намунасидир.
Кўпхотинлилик хақида гап кетганда эътиборни яна бир нарсага қаратиш лозим бўлади. Воқеликдаги ҳаётга кексайиб қолган одам ёки золим ҳукмдордан бошқа одамнинг нуқтаи назари билан қараган ҳар қандай киши кўпхотинлиликка берилган рухсат жамиятни ошкора ёки хуфёна фахш ишлардан ҳимоялашга қаратилганлигини тушунади. Чунки қаерда фахш бўлса, ўша ерда албатта шайтон ҳозир бўлади. Исломнинг вазифаси эса - инсон фикрини Ҳаққа боғлаш, инсон ҳаётини эса инсонийликка йўналтиришдир.
Ислом шунчаки дин бўлибгина қолмасдан, балки, унда ҳар бир инсоннинг ва барчанинг ҳаёт фаровонлиги инсонларнинг илоҳий ҳикматига асосланган ҳаёт тарзидир. Ислом ҳамиша умуминсоний, ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга ва иккала жинс вакилларининг номуси, поклигини сақлашга йўналтирилган диндир. Олий ахлоқ қоидаларини писанд қилмаган жамият сўзсиз равишда тартибсиз жинсий алоқалар, ливота (гомосексуализм), лесбиянкалик ва оммавий бузуқликларнинг ахлоқсиз меъёрлари қурбонига айланади. Чунки айш-ишрат чоғида Онг осонгина оёқости бўлади. Қалбларда Худони ва Иблисни бирлаштириш шахс ва жамиятнинг иккиланишига (бетайинлигига) олиб келади.
Ҳақиқий исломий оилаларда аёл киши оғир меҳнатдан ҳимоялангандир, чунки бундай оилада қиз, сингил, она, рафиқа – барчаси севикли ва эъзозлидирлар. Улар оғир нарсалар, жумладан, сув тўлдирилган идиш, қоп, оғир-оғир сумкалар, хуллас, улар учун мушкуллик уйғотадиган ҳар қандай юкни кўтаришдан озод қилинганлар. Масалан, 90% аҳолиси мусулмонлардан иборат бўлган ва конституцион давлат тузумига асосланган Сурияда аёллар дўкон ёки бозорларга бормайдилар, чунки уларни керакли махсулотлар билан таъминлаш эрларининг вазифасидир. Аҳён-аҳёнда эри, акаси ёки отаси билан юрган аёлни бозорларда учратиб қолиш мумкин, у ҳам бўлса, маликалардек қадам ташлаб, ўзи хоҳлаган қайсидир махсулотдан қанча олиш кераклигини кўрсатиб юрган аёл бўлади.
Бизнинг мамлакатимиздаги аёллар кўтариб юрган оғир сумкалар асло Қуръоннинг кўрсатмаси эмас, балки бутпарастлик сарқитларидир.
Ислом ўлкаларида ҳеч қайси эркак ўз хотинининг ҳаммолга айланишига йўл қўймайди, чунки аёлнинг Аллоҳ томонидан белгиланган вазифаси ниҳоятда юксак, унинг жисми эса нозик ва маъсумдир. Кўпинча хотин эри олиб келаётган махсулотнинг нархини ҳам билмайди. Аёлнинг вазифаси – мазали таом тайёрлашдан иборат, ваҳоланки, эркаклар учун таом пишириш тақиқлаб қўйилмаган, ҳатто баъзи таомларни улар аёлларга қараганда яхшироқ тайёрлашлари ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Муслима аёлнинг кийимида ҳам ўзига хослик ва бетакрор гўзаллик мавжуд. Унинг кўчага кийиб чиқадиган либоси бегона эркаклар назарини тортадиган даражада тор, танага ёпишиб турадиган бўлмаслиги ҳамда аврат жойларни ёпиб турадиган бўлиши шарт. Бу, либос қора рангда, дазмолланмаган ёки кир бўлиши керак, дегани эмас. Елкалари очиқ, майка-кўйлак, калта юбка, пляжларда ёки  ресторанларда кийиладиган ярим-яланғоч либослар муслима учун қатъиян мумкин эмас. Қуръони Каримда Аёл кишининг аврат жойлари ёпиқ бўлиши кераклиги очиқ-ойдин таъкидланган.
Либос аёл кишига шаҳвоний жозиба бахш этиши керак эмас, балки чиройига чирой қўшиши лозим.
Муслима Аёлнинг либосидаги бу жиҳат ниҳоятда аҳамиятлидир. Араб диёрларида аёлларнинг бош кийимлари жуда ҳам кўркам, матолар ажойиб, кийимлар, айниқса устки кийимлар, кўйлаклар, ички кийимлар ниҳоятда чиройли. Муслима аёлнинг намоз ўқиганда киядиган либоси ундан-да гўзал.
Паранжи кийиш мусулмонлик белгиси эмас, балки султонлик ихтиро қилган янгиликдир. Аёлнинг юзи очиқ бўлиши керак, чунки у атрофдаги нарсаларни кўриши, эшитиши ва ҳидини сезиши, одамлар билан сўзлашиши керак, акс ҳолда бу нарса унинг учун хавф туғдириши мумкин. Масалан, кўчани кесиб ўтаётганда ва ҳоказо. Сочлар эса кўринмаслиги керак. Дарвоқе, бу нарса аёл кишининг сочини чангдан, қуёш нуридан, саноат ва автомобиллардан чиқувчи газларнинг зарарли таъсиридан сақлайди.
Лекин барча ушбу тақиқлар уйда, эрининг ҳузурида мутлақо бекор бўлади, аёл киши турмуш ўртоғини табассум билан, ясанган ҳолда, сочларини чиройли турмаклаб, хоҳлаган либосида, ҳатто ҳарир кўйлакда ҳам қарши олиши мумкин. Муслима аёлга эрининг ҳузурида ҳамма нарсага рухсат берилганки, бу нарса оилага қувонч ва бахт келтиради.
Қизларнинг ўқиши барча мусулмон давлатларида мажбурий ҳисобланади, чунки олий маълумотли онанинг фарзандлари ҳам ҳар томонлама маълумотга эга бўлиб улғаяди.
Мусулмон давлатларида маориф маданияти мавжуд. Йигит ва қизлар дунёнинг етакчи университетларида таълим оладилар. Деярли барча мусулмонлар икки-учтадан жаҳон тилларини биладилар. Маълумот олиш, илм-фан ва бошқа касблар билан (жумладан, сиёсат билан ҳам) шуғулланишга  аёллар учун Исломда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Баъзи мамлакатларда юқори синфда ўқувчи қизлар йигитлардан алоҳида хоналарда таълим оладилар, акс ҳолда ёнларида ўтирган қизларнинг гўзал кўринишлари йигитларни астойдил таълим олишдан чалғитиши мумкин.
Исломда тижорат билан шуғулланиш мутлақо тақиқланмаган. Агар аёл киши уйда ўтиришни унчалик хоҳламаса, у оиласи манфаатига зарар етказмаган ҳолда ўз ишига эга бўлиши мумкин. Кўпчилик аёллар фирмаларда, айниқса фармацевтика, парфюмерия, тиббиёт ва бошқа жисмоний оғир бўлмаган соҳаларда фаолият юритадилар.
Баъзи аёлларнинг ўз хусусий дўконлари бор, баъзилар эса акаси, эри, отаси, қариндошига қарашли дўконларда ишлайдилар. Мусулмон аёл кафе ёки ресторанларда мижозларга хизмат кўрсатмайди, чунки у бегона эркакнинг шубҳали диққатини ўзига жалб қилиши мумкин эмас. Ҳайдовчилик ҳам аёлларга хос касб эмас, бироқ кўпчилик аёллар ўз автомашинасига эга ва уни моҳирлик билан бошқарадилар. Ислом динида аёл киши учун касб танлашда ҳеч қандай чекловлар йўқ.
Айтганча, бу динда аёл кишини калтаклаш ва унинг инсоний ғурурини поймол қилиш мутлақо тақиқланган.
Исломий ҳаёт қоидалари.
Эр вафот этгандан сўнг аёл  мотам тутади. Ислом дини  мусулмонларни вафот этган яқинларининг қабрларига  дабдабали тошлар қўйишга ҳам, дуо учун одамлардан ҳақ олишга ҳам, мархумнинг уйида ортиқча исрофгарчиликлар билан ўтувчи зиёфатлар уюштиришга ҳам буюрмайди. Ҳозирги кунда кўпчилик оилаларда кузатилаётган бундай ҳолатлар эса одамларнинг ўзлари ўйлаб чиқарган бидъатлардир. Олимлар Ислом динининг олий ва умумбашарий принципларини бузиб кўрсатувчи барча нарсага қарши чиқишлари зарур. Аксинча, бу дин инсонларни боқувчисидан айрилган оилаларга, фақирларга, беморларга, бир сўз билан айтганда, ёрдамга мухтож кишиларга моддий ёрдам кўрсатишга чақиради. Ислом – бу бойлик орттириш йўли эмас, балки покланиш, юксалиш ва нурли келажак йўлидир.
Эркак киши ўзининг ўгай қизига уйланиши мумкин эмас, чунки у фарзанди бор аёлга уйланганда бу аёлнинг фарзандлари ўз-ўзидан эрнинг ҳам фарзандларига айланади. Амакининг (амманинг, тоғанинг, холанинг) қизига уйланиш мумкин, бироқ ҳадисларда қариндошлар имкон қадар никоҳ орқали боғланмаганлари маъқуллиги таъкидланган.
Мусулмон ўлкаларда ҳар қандай тантанада, ҳатто никоҳ тўйларида ҳам маст қилувчи ичимликлар истеъмол қилинмайди.
Ажрашиш ташаббуси аёл киши учун ман қилинмаган, лекин бу ташаббус оилада асосан эр томондан чиқади. Бундай ҳолатда эр хотинига никоҳ пайтида ваъда қилган маҳрни бериши шарт. Ажрашгандан сўнг аёл кишининг тўрт ойгача бошқа кишига турмушга чиқиши тақиқланади, чунки туғилиши эҳтимоли бўлган боланинг отасини аниқлаш зарур. Эр-хотин ажрашгандан сўнг уларнинг фарзандлари эр ва унинг ота-онаси билан қоладилар ва улар билан 11-14 ёшга тўлгунга қадар яшайдилар.
Эркак кишининг хотинига қўл кўтариши уларнинг ажрашишларига олиб келадиган асосий сабаблардан бири ҳисобланади. Айтганча, аёллар ва қизларни ўғирлаш, уларни зўрлаш – бу ҳақиқий мусулмоннинг эмас, балки ёввойи қабилаларнинг ҳайвоний одатларидир.

Болалар ҳақида

Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, мусулмон ўлкаларда фарзандга эътибор нафақат оила, балки давлат миқёсидаги  масаладир. Дунёнинг исталган масжидидаги намозлар телевидениеда кўрсатилаётган бир пайтда аёл киши учун масжидда намоз ўқиш мутлақо шарт эмас. Аёл кишининг бурчи аввало унинг оиласидир. Яна бир гап: ҳеч кимга эътиқод ва иймонга мажбур қилиш ҳуқуқи берилмаган. Қайсидир динга ишониш, иймон келтириш – бу ҳар бир одамнинг шахсий иши бўлиб, Худо билан банда орасида воситачи бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бирорта одам бошқа бировнинг гуноҳларини кечира олмайди, ҳар ким Аллоҳ таоло олдида ўз гуноҳи учун шахсан ўзи жавоб беради.
Яна айтиш жоизки, Ислом – энг байналмилал ва бағрикенг таълимотдир. Қуръони Каримда Мусо, Довуд, Исо, Иброҳим алайҳиссаломлар, яъни барча аввалги Пайғамбарлар ҳамда Таврот, Инжил каби муқаддас китоблар ҳақида ҳурмат ва эътирофга йўғрилган оятлар келган. Уларга ишониш Исломнинг рукни, иймоннинг шартларидан биридир.
Қуръони Каримда шундай оят бор: «Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг) ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан (кифояланинг)». (Нисо сураси, 3-оят)
Демак, узрли сабаб билан иккинчи никоҳ жоиз бўлар экан, бу фақатгина эрнинг барча хотинларга ҳар томонлама адолатли муомала қилишга кафолат берсагина мумкин бўлади; шунда ҳам, барибир битта хотин билан яшаш тавсия этилади. «Шариат Ал-Ислом» китобида имом Абу Лайснинг қуйидаги сўзлари келтирилади:
«Эр ўз хотинлари орасида адолат қила олишига қанчалик ишонса ҳам, барибир битта хотин билан қолгани яхшироқ. Бундай одам аёлининг қалбига озор бермаганлиги учун Аллоҳ таоло томонидан ажрга эга бўлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам аёлларнинг унга қадар Арабистонда эга бўлмаган хуқуқларини ҳимоя қилувчи қонун ўрнатган; ушбу ҳуқуқлар анча инсоний ва ҳатто эркиндир. Эр-хотин ўртасидаги муносабатлар хақидаги ушбу қонун ва ҳуқуқлар аёлларга эр томонидан зулм ўтказилишини тақиқлайди. Бунга асосан аёл киши ўз эрининг зулми ва адолатсизлиги юзасидан маҳкамага арз қилиши, баъзи ҳолларда ҳатто никоҳнинг бекор қилинишини талаб қилиши мумкин.

Қуръони Карим никоҳга ўтиш ва куёв танлаш борасида келинга тўлиқ эркинлик берган; на ота, на она ўз қизини унинг хоҳишига қарши эрга беришга ҳақдор эмаслар. Ажрашиш ҳақидаги қонунлар ҳам бошқа эътиқодлардагига қараганда анча оддийдир.
Масалан, эрнинг тузалмайдиган хасталиги ёки аёлини рисоладагидек таъминлай олмаслиги туфайли аёлга ажрашишни талаб қилиш ҳуқуқи берилади. Ажрашишда аёлига нисбатан адолатсиз ва ғайриинсоний муносабатда бўлиш эркакларга ман қилинган.
Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилади: «Талоқ икки мартадир. Сўнгра, яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш. Сизга уларга берган нарсангиздан бирор нарсани олиш ҳалол бўлмас, магар икковлари Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликдан қўрқсалар (бўлур).» (Бақара сураси, 229-оят)
«Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, уларни яхшилик билан ушлаб қолинг ёки яхшилик билан қўйворинг.
 
Уларни тажовуз учун, зарар етказиш юзасидан ушлаб турманг. Ким ўшандоқ қилса, шубҳасиз ўзига зулм қилади. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билманг. Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва ваъз этиб туширган китоби ва ҳикматини эсда тутинг. Аллоҳга тақво қилинг ва билингки, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир». (Бақара сураси, 231-оят)

 «Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, яхшилик билан ўзаро рози бўлишиб, эрларига қайта никоҳланишларини ман қилиб, қийинлаштирманг. Ушбу ила сизлардан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар ваъзланади. Шундоқ қилишингиз сиз учун тозароқ ва покроқдир. Ва Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз». (Бақара сураси, 232-оят) 
«Талоқ қилинган аёлларга фойда бериш тақводорлар бурчидир». (Бақара сураси, 241-оят)
Юқоридагилардан маълум бўладики, Қуръони Каримнинг бир неча оятларида никоҳ ва мерос ҳақидаги ҳукмларнинг баён этилишидан асосий мақсад аёлларнинг ҳуқуқларини белгилаш ва эрнинг ҳаддидан ошишини чеклашдир.

Шундай қилиб, аёлларга тегишли ҳукмлар қуйидагилар:

1) Агар улар балоғатга етган бўлсалар, никоҳдан ўтаётганда розилик билдириш ҳуқуқига эгалар; розилик унаштириш пайтида ҳам олинади, унаштирилгандан сўнг эса маҳр ҳақида якуний келишувга киришилади; никоҳдан ўтиш ва бунинг натижасида ўзини эр ҳукмига топшириш фақат аёлнинг истагига кўра бўлади. Никоҳдан ўтар экан, аёл киши икки томонлама манфаатларга асосланган шартнома тузган бўлади ва айнан шу шартномага кўра никоҳ ва оилавий ҳаётнинг барча шартларига бўйсуниши лозим бўлади.
2) Алоҳида ҳолларда аёллар фақат фуқаролик ишларидагина эмас, балки жиноий ишлар бўйича ҳам гувоҳ сифатида қатнашишлари мумкин.
3) Аёллар никоҳ ва ажримга оид маҳкама ишларида вакил бўлишлари мумкин.
4) Оталиққа олувчи вазифасини бажаришга лойиқ эркак топилмаса, шариат ҳукмларини яхши биладиган аёллар оталиққа олиш вазифасини ўз елкаларига олишлари мумкин.
5) Ханафий мазҳабида аёл кишига ҳаттоки фуқаролик ишлари бўйича судьялик қилишга ҳам рухсат берилади.
6) Ҳомиладор аёллардан хун (қасос) олинмайди ва ҳомиладан ҳоли бўлгунга қадар уларга нисбатан ҳеч қандай тан жазоси ва жиноий жазо қўлланилмайди.
7) Мулкка доир ҳукмлар:
Никоҳдан ўтишда аёлларга маҳр белгиланиб, бу маҳр аёлнинг ўзига тегишли мулк ҳисобланади. Барча бошқа қонун-қоидалардан, урф-одатлардан фарқли равишда, Ислом шариати бўйича аёл эрининг уйига ўз мол-мулки билан кириб келмайди, яъни аёл киши бўлғуси турмуш ўртоғига атаб бош-оёқ сарпо йиғишга, эрининг уйини қимматбаҳо жиҳозлар билан тўлдиришга мажбур эмас, аксинча, уйланаётган эр ўз хотинини моддий жиҳатдан таъминлаши шарт. Маҳр аёлнинг шахсий мулки ҳисобланиб, агар эр вафот этгудек бўлса, маҳр эрнинг меросхўрлари ўртасида тақсимланадиган мерос таркибига кирмайди.
8) Эрга берилган талоқ ҳуқуқи никоҳ ва аёлларга муносабат ҳақидаги қонунларнинг мантиқий натижасидир; айни пайтда ажрашганда маҳрни тўлаш мажбурияти (баъзи ҳолларда фидя тўлаш) аёлларнинг моддий манфаатини ҳимоя қилади ва қисман эркакларни хотинларини ўринсиз талоқ қилишдан тўсиб туради.
9) Эр ўз аёлининг эҳтиёжлари учун нафақа ҳамда ҳар бир хотини учун алоҳида хона ажратиб бериши шарт; ҳатто, агар имконияти бўлса, ҳар бири учун алоҳида хизматкор ҳам ёллаши лозим, аёл эса ўз меҳнати билан эр фойдасига бирор нарса ишлаб топишга мутлақо мажбур эмас. Агар эр аёлнинг моддий эҳтиёжларини қондира олмаса ёки эр узоқ вақт бирга бўлмаса ва зарур моддий маблағ колдирмаган бўлса, бу ҳолда хотин ажрашишни талаб қилишга ҳақлидир.
10) Агар эр вафот этса, бева қолган хотин меросдан ўзига белгиланган улушни олади ва мерос тақсимотида бошқа қариндошларга нисбатан устунликка эга бўлади.
11) Қиз фарзандлар ҳатто ота қарамоғидан чиққан бўлсалар ҳам, ҳар доим мерос тақсимотида ўз улушларига эга бўладилар; агар қиз фарзанд вафот этадиган бўлса, ушбу мерос ҳуқуқи нафақат унинг фарзандларига, балки эрига ҳам тегишли бўлади. Шу тариқа она ёки буви ҳам меросдан ўз улушини олиши керак.
12) Аёллар ўзларига хусусий мулк сотиб олиши, бу мулкдан қонун доирасида фойдаланиши ва турли фуқаролик шартномаларини тузиши мумкин. Мулк эр-хотин ўртасида умумий ҳисобланмайди ва хотин ҳам, бева аёл ҳам эрининг қарзи учун жавоб бермайди. Эрларнинг хотинларга нисбатан зўравонлик қилишига келсак, бу фақат жисмоний муносабатларда ўз ифодасини топади, чунки эркак киши ўзининг табиий эҳтиёжларини қондиришни истаган пайтда хотинининг «кайфияти йўқлиги», «асаби бузилганлиги» ва шу каби сабабларни ҳеч қачон қабул қилишмайди.

Ривожланган Европа халқлари ва мусулмонлар солиштирилганда бизни битта нарса ажаблантиради: аёлларга нисбатан анча «инсоний муомалада бўладиган» ва уларнинг ҳуқуқларини кўпроқ ҳурмат қилишларини даъво қиладиган европаликлар никоҳ шартлари масаласида аёлларни мусулмонларга нисбатан қиёслаб бўлмас даражада кўпроқ камситадилар.
Мисол учун: ўзи учун турмуш ўртоғини танлаётган европалик эркак биринчи навбатда келиннинг сепи билан, шундан кейингина унинг ўзи билан қизиқади. Исломда эса аксинча, яъни, уйланишни мақсад қилган эркак аввало келинга ўзи маҳр учун берадиган маблағи ҳақида жиддий ўйлаб кўриши лозим. Бошқача қилиб айтганда, насронийларда келин куёвни, мусулмонларда эса куёв келинни сотиб олади.
Юқорида келтирилган мулоҳазаларга асосланган ҳолда ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, муслима аёллар европалик аёлларга нисбатан анча юқори баҳоланадилар...

Интернет  маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase