close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Шайтоннинг адовати

Аллоҳ таоло айтади:

Аллоҳ таоло айтади:
«Эй имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргаш-манг! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганда эди, сизлардан бирор киши (туҳматдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир» (Нур, 21).
Шақиқ ибн Балхийдан ривоят қилинади: «Иброҳим ибн Адҳам Басра бозорларида юрганида у кишининг атрофида одамлар тўпланиб: “Эй Иброҳим! Аллоҳ таоло: “Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қиламан”, деган. Аммо биз анча вақтдан бери дуо қиламиз-у Аллоҳ дуоларимизни ижобат қилмаяпти”, дейишди. Шунда Иброҳим ибн Адҳам қуйидагича жавоб берди: “Эй Басра аҳли! Қалбларингиз ўн нарса сабабли ўлган, энди қандай қилиб Аллоҳ дуоларингизни ижобат этсин?! Биринчиси, Аллоҳни танийсизлар-у, ҳақини адо қилмайсизлар. Иккинчиси, Қуръони каримни ўқийсизлар, лекин унга амал қилмайсизлар. Учинчиси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўришни даъво қиласизлар-у, у кишининг суннатларини тарк этасизлар. Тўртинчиси, шайтонга душманликни даъво қиласизлар, аммо унга итоатдасизлар. Бешинчиси, жаннатга киришни хоҳлайсизлар, лекин бунинг учун амал қилмайсизлар. Олтинчиси, дўзахдан нажот топишни даъво қиласизлар-у, ўзларингизни унга отасизлар. Еттинчиси, “Албатта ўлим ҳақ” дейсизлар, бироқ унга ҳозирлик кўрмайсизлар. Саккизинчиси, биродарларингиз айблари билан шуғулланиб, ўзларингизнинг айбларингизни кўрмайсизлар. Тўққизинчиси, Парвардигорингиз неъматларини еб, Унга шукр қилмайсизлар. Ўнинчиси, марҳумларни дафн қиласизлар-у, ўлим-лардан ибрат олмайсизлар”».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни лаънати шайтондан: “Умматимдан дўстларинг қанча?” деб сўраганларида, шайтон: “Улар ўн нафардир: золим имом; мутакаббир инсон; молни қаердан топиб, қаерга сарфлаётганига эътибор бермайдиган бой; амирлар зулмини тасдиқловчи олим; хиёнатчи савдогар; молни арзонлигида олиб, қимматлашганида сотувчи; зинокор; судхўр; молни ўрнига сарфламайдиган бахил киши; ароқ ичувчи”, деди».
Хабарларда келишича, намоз вақти бўлганида лаънати иблис лашкарларига одамлар олдига бориб, уларни намоздан чалғитишга буюради. Шайтонлар намоз ўқишни хоҳлаб турган одамлар олдига келиб, уларни васваса қилади, ҳатто намоз вақти ўтиб кетганини сезмай қолишади. Агар бунга қодир бўлмаса, намозда руку, сажда, қироат ва тасбеҳларни тўкис қилишга халақит беради. Агар буни уддалай олмаса, уларнинг қалбини дунёвий ишлар билан машғул қилиб қўяди. Буларнинг барчасига қодир бўлмагач, хасталаниб, умидсизланган ҳолда қайтиб кетади. Иблис эса бу шайтоннинг қўл-оёғини боғлатиб, денгизга улоқтирғизади. Борди-ю бу ишлардан бирортасини эпласа, уни иззат-икром қилади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Одам боласи учун шайтондан бир вакил, фариштадан бир вакил бўлиб, шайтоннинг вакили ёмонлик ва ёлғонга, фариштанинг вакили эса яхшилик ва ростликка чақиради. Ким буни сезса, Аллоҳ тарафидан эканини билсин ва Унга ҳамд айтсин. Ким аввалгисини сезса, тошбўрон қилинган шайтондан паноҳ тиласин”. Фаришта ҳам, шайтон ҳам инсон қалбини тўлқинлантиради. Фақат фариштаники илҳом, шайтонники васваса дейилади.
Абу Лайс Самарқандий айтади: “Билгил, сенинг тўртта душманинг бўлиб, уларнинг ҳар бири билан курашишга муҳтожсан. Биринчиси дунёдир. Зеро, Аллоҳ: “Дунё ҳаёти сизларни алдаб қўймасин” (Луқмон, 33), деган. Иккинчиси нафсинг, у душманларнинг энг ёмонидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Душманларингнинг энг ёмони ўз нафсингдир”, деганлар. Сўнгра жинлардан бўлган шайтондир, Аллоҳдан унинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўра. Зеро, Қуръони каримда: “Албатта, у (шайтон) сизлар учун очиқ-ойдин душмандир” (Ёсин, 60), дейилган. Тўртинчиси, одамлардан бўлган шайтонлардир, улардан эҳтиёт бўл.Чунки у жинлардан бўлган шайтондан ҳам қўрқинчлироқдир. Жинлардан бўлган шайтонлар фақат васваса билан адаштирса, одамлардан бўлган шайтонлар юзма-юз туриб адаштиради”.
Ҳотамул Асом айтди: «Ҳар куни эрталаб мендан шайтон бундай деб сўрайди: “Нима киясан? Нима ейсан? Қаерда турасан?” Мен унга бундай жавоб бераман: “Ўлимни ейман. Кафанни кияман. Қабрда тураман”».
Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтди: “Олти хислатга эга киши-да жаннатдан маҳрум бўлиш ва дўзахга кириб қолиш хавфи бўл-майди:
1.Аллоҳни таниб, унга итоат қилса.
2.Шайтонни таниб, унга осий бўлса.
3.Охиратни таниб, уни изласа.
4.Дунёни таниб, уни тарк этса.
5.Ҳақни таниб, унга эргашса.
6.Ноҳақни таниб, ундан четлашса”.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: “Аллоҳ таоло шайтонга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб, у кишининг саволларига жавоб беришни буюрди. Шайтон ҳассали чол кўринишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен кимсан?” деб сўрадилар. “Шайтонман”, дедиу. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нима учун келдинг?” деб сўрадилар. “Аллоҳ мени саволларингизга жавоб бериш учун юборди”, деб жавоб Қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй иблис, умматимдан сенинг нечта душманинг бор?” деб сўрадилар. Шайтон қуйидагича жавоб берди: “Ўн бешта. Сиз уларнинг энг биринчисисиз. Сўнг одил бошлиқ, камтар бой, ростгўй савдогар, намозларини хушу билан ўқийдиган олим, насиҳат қилувчи мўмин, раҳмдил мўмин, тавбасида собит турувчи, ҳаромдан тақво қилувчи, доимий таҳоратда бўлувчи мўмин, кўп садақа қилувчи, хулқи чиройли мўмин, одамларга фойдаси тегувчи, Қуръонни ёдлаб, уни қироат қилувчи киши ва одамлар ухлаётганида кечалари туриб, намоз ўқувчи”.

Усмонхон Алимовнинг
"Расулуллоҳ (соллаллоцу алайҳи ва саллам)ни муборак васиятлари"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase