Мўмин банда вақтни вожиботлар ва турли амалларга у хоҳ дунёвий, хоҳ диний бўлсин тақсимламоғи зарурки, ҳатто бири биридан ўтмасин, муҳими қолиб муҳим эмаси бажарилмасин. Тез бўлиши керак бўлган нарса тез бўлсин, вақти чекланганлари ўз вақтида бажарилсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссалом саҳифаларида битилган ушбу сўзларни ривоят қиладилар: “Оқил киши вақтини тўртга бўлиши керак: Роббисига муножот қиладиган; нафсини тафтиш қиладиган; Аллоҳнинг махлуқоти ҳақида фикр юритадиган ва об-овқат каби эҳтиёжлари билан шуғулланадиган вақтларга тақсимламоғи лозимдир”.
Вақтни тақсимлашга энг муҳтож одам елкасидаги юки кўп, масъулиятли, вақтлардан амаллар кўп, деб ўйлайдиган ўта машғул одамлардир.
Вақтни тақсимлашда роҳат, ором учун ҳам ажратилмоғи керак. Зеро, нафс узоқ ҳаракатдан сўнг чарчайди, бадан малол олганидек қалб ҳам малол олади. Демак, ўйин-кулгуга ҳам вақт бўлиши мақсадга мувофиқдир. Алий розияллоҳу анҳу айтади: Ҳар икки соат орасида қалбга ором беринглар, чунки мажбурлайверилган қалб кўрмай қолади.
Мусулмон инсон кучқувватини икки баробар сарфлаб, ўзини амал билан қийнаб, гарчи бу амал рўза, намоз, ҳаж, зоҳидлик каби Аллоҳга қилинаётган ибодат амали бўлсада, ўзига, оиласига, жамиятга адолатсизлик қилмаслиги керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзининг ортида турган асҳобларининг тунлари кўп намоз ўқиётганларини кўриб: “Тоқатинглар кўтара оладиган даражада амал қилинглар. Чунки Аллоҳ сизлар малол олмагунинглар-ча малол олмайди. Аллоҳга энг суюкли бўлган амал оз бўлса ҳам давомли бўлганидир”, дедилар.
Яна у зот қироат, намоз, рўза ибодатларини ҳаддан ошириб юборганларга бу ибодатларда ўртача бўлишни буюриб насиҳат қилганлар.
“Албатта баданинг учун сенинг устингда ҳақ бор. Аҳли оиланг ва турмуш ўртоғинг учун ҳам сенинг устингда ўз ҳақлари бордир”.
Яна у зот саҳобаларидан қироат, қиём, рўза ибодатларини ўртача ва мўътадилликда амалга оширишни насиҳат, қилиб дедилар: “Баданингни, аҳли-оилангни, ... сенда ҳаққи бордир”.
Яна у зот тоат-ибодат, зоҳидликда ғулув кетганларга айтдилар: “Мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ, тақволироқдир-ман. Аммо мен тунлари намозга тураман ҳам, ухлайман ҳам, рўза ҳам тутаман, тутмайман ҳам, аёлларга уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса у мендан эмасдир”.
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маънавият ва моддийлик ўртасидаги мўътадилликни, нафс насибаси билан Парвардигор ҳаққининг мувозанатини ушлаб турувчи манҳажи - йўллари эди.
Шунинг учун Ислом дини инсон ҳаёти дунёнинг ҳалол-покиза мато-фойдалари, зийнатлари, ўйин-кулгилари учун вақт ажратишига қаршилик билдирмайди.
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллалл оҳу алайҳи васаллам ўз асҳобларидан бири Ҳанзалага, у киши ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги аҳволидан уйда, аҳли ва фарзандлари олдидаги ҳолати бошқача, бир оз эркинроқ бўлиб қолганини кўриб ўзига ўзи “Сен мунофиқсан”, деганини эшитганларида:“Эй Ҳанзала, агар сизлар ҳар доим менинг ҳузуримдаги ҳолатда бўлсангизлар, у ҳолда малоикалар кўчаларда сизлар билан қўл олишиб кўришар эдилар. Лекин эй Ҳанзала, бир соат у ҳолда, бир соат бу ҳолда бўлиши тўғридир”, деганлар.
Асмаъий ривоят қилади, у саҳрода қўлида тасбеҳ ушлаб олган бир обида аёлни кўзига сурма қўйиб, пардоз-андоз қилаётганини кўрган Асмаъий ундан: Бу нимаси, деб сўради. Яъни, Асмаъий у аёлни мана бундай зийнатланаётганини кўриб уни солиҳа аёл бўлмаса керак деб ўйлаган эди. Шунда аёл шеър айтди:
Вақтимнинг бир қисми Аллоҳ учундир
Лек ўйин-кулги учундир иккинчи қисм
Асмаъий айтади: Шундагина мен у аёлни эри учун пардоз қилаётганини тушундим.
Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси