close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Биродарини ғойибона дуо қилади

Ҳақиқий мусулмон биродарига ўзи яхши кўрган нарсани яхши кўради, пайти келди дегунча биродарини ғойибона дуо қилади.

Ҳақиқий мусулмон биродарига ўзи яхши кўрган нарсани яхши кўради, пайти келди дегунча биродарини ғойибона дуо қилади. У дуода севувчи юракнинг дукиллаши, шаффоф руҳнинг типирчилаши аниқ эшитилади. Унинг биродарига қилган дуойи хайри унга бўлган муҳабатини таъкидлайди, қалбидаги покиза дўстлик арқонини мустаҳкамлайди. У қайноқ дуо тез ижобат бўлишини билади, чунки бу дуога ихлос, садоқат, софлик аралашган. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари таъкидлайди: “Ғоибнинг ғоибга қилган дуоси энг тез ижобат бўлур” (Бухорий ривояти).
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳу олдиларига Умрага боришга изн сўраб келганида, Умардан ҳақларига дуо қилишларини сўраганлар, Умар айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан умрага боришга изн сўраганимда у зот: “Дуоингда бизларни ҳам унутма, эй биродар”, дедилар”. Умар айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу сўзидан ҳам кўра дунёда мени хурсанд қиладиган бошқа сўз бўлмаган”.
Бу саҳобаларнинг нафсларига ўрнашган. Улар биродарларидан улар эркакми аёлми фарқсиз дуо ижобат бўладиган қайси жойда бўлсалар, уларни дуо қилишларини сўрар эдилар. Бу тарихимизнинг ўша нурли замонларида жамиятнинг барча аъзоларининг савияси баланд бўлганига далолат қилади.Бухорий “Адабул муфрад” китобида Сафвон ибн Абдуллоҳ ибн Сафвондан ривоят қилади. Абу Дардонинг қизи Дардо унинг аёли эди, айтади: “Абу Дардо хонадонига  Шомга бордим ва уйда Дардонинг онасини топдим. Отаси йўқ эди. Аёл менга: “Ҳажга бормоқчимисиз?”  деди. Мен: “Ҳа”,  дедим. Шунда у: “У ҳолда бизларни ҳам дуо қилинг, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мусулмон кишининг мусулмон биродарига килган ғойибона дуоси мустажоб бўлади. Унинг боши тепасида вакил қилинган фаришта туради. У ҳар гал биродарига дуо қилганида фаришта “омин, сенга ҳам шу каби бўлсин”, дейди”, деганларини эшитганман”,  деди. Сафвон айтади: “Абу Дардони бозорда учратдим, у ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилиб аёли айтган гапни айтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини жамоат руҳида тарбия қилар, ўрталарида ғамхўрлик туйғуларини ёяр эдилар. Ҳар қандай ҳолатда уларни қамраб олувчи биродарлик маъносини ҳис қилишга назарларини қаратар эдиларки, мусулмон биродарининг ҳиссида кўзларни қоплаб олувчи, қалбни муҳрлаб қўювчи, нафсларни зангловчи ёлғизликдан иборат худбинликка ўрин ҳам қолмас эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафсларда жамоат биродарлигини ўрнаштирувчи ва худбинлик уруғини суғуриб ташловчи гўзал тарбиявий эътиборларидан бири бир одамнинг: Аллоҳим, ёлғиз мени ва Муҳаммадни мағфират қилгин”, деб дуо қилган одамга айтган сўзларидир: “Сен мағфиратни кўп одамлардан тўсиб қўйдинг”. Яъни, у зотунга Ислом руҳи мусулмон одам, гарчи у билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирга бўлса ҳам, фақат ўзига яхшилик тилашдан қайтаришини ва мўмин биродарига ўзига яхши кўрган нарсани яхши куришини ўргатдилар. Дўстларини яхши кўрувчи, улар учун холис насиҳатгўй, уларнинг борликларида ҳам, йўқликларида ҳам уларнинг обрўлари, молларига ишончли, уларни ўзидан афзал кўрувчи, уларнинг тойилишларини кечирувчи инсон  ҳақиқий мусулмондир. У биродарлари билан елкадош ҳолда яхши ҳаёт кечиради, тили ҳам, қўли ҳам, барча аъзолари ҳам тоза бўлади, сахий бўлади, ростгўй бўлади, дўст бўлади, вафодор бўлади, матонатли бўлади. Унда бу сифатларнинг ҳаммаси мужассам бўлади. У инсон шаклидаги Ислом мўъжизасидир. У Ислом хохдагандек мусулмондир.

Мухаммад Али Ҳошимийнинг
"Мусулмон ахлоқи" китобидан
Захириддин Мансур таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase