Ўзбек жамиятининг энг асосий муаммоларидан бири – Ўзбекистонда на онгли фуқаролар, на жўяли ижтимоий-сиёсий институтлар мавжудлигидир. Юзаки қараганда, фуқаролар ҳам бор, ижтимоий-сиёсий институтлар ҳам бордек, лекин бу ерда гап (1) ҳукмрон элита манфаатида эмас, жамият манфаати учун ишлайдиган нисбатан барқарор институтлар ҳамда (2) ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила оладиган, маъсулиятни ҳис қила оладиган лаёқатли ватандошларнинг йўқлиги ҳақида кетмоқда.
Неожадид фикрий ҳаракати мана шу иккисини вужудга келтириш устида бош қотираётганларнинг норасмий позизициясидир. Мақолада неожадид маслаги нимадан иборат, унинг қолган фикрий ҳаракатлардан фарқи ва бошқа кўплаб бу янги феноменга қизиқаётганларнинг саволларига жавоб берилади.
Лекин аввал неожадид маслагига илҳом берган жадидлар ким эканлигини аниқлаб олиш керак.
Жадидлар ким эди...
Жадидлар Марказий Осиёнинг (Туркистон) аҳолисининг мусулмон зиёлилари эди. Жадид ҳаракати илдизлари 1860 – йиллардаги рус босқинидан кейин Ўрта Осиё шаҳарларида вужудга кела бошлаган зиёлиларнинг саъй-ҳаракатларига бориб тақалади.
Жадид фаолиятини икки даврга бўлса бўлади: Чор Россияси таъсирига, тобелигига тушган даврдан бошлаб то 1917 йилдаги Болшевик инқилобигача, ва инқилобдан кейин то 30-йиллар қатағонларигача.
Инқилобдан аввал таназзулдаги жамият аҳволига шифо излаган жадидлар шифони тараққиёт ва маданиятда кўрдилар. Улар бу ғояларини рўёбга чиқаришни исломий тасаввурларнинг ислоҳотига боғлагандилар. Исломнинг буткул янгича талқинига ихлос қўйган жадидларнинг фикрича, «ҳақиқий» ислом мусулмонларни тараққий этишга чорлайди ва, аксинча, фақатгина тараққиёт ва маданият (тамаддун) мусулмонларга асл ислом моҳиятини англашга йўл очади. Тараққиёт ва тамаддун миллатни тақозо этади, сиёсий миллат мавжудлигига узвий боғлиқ эди. Бу ўша давр учун янги ғоя эди.
Жадидлар ҳукмрон элита, ҳусусан айрим уламолар томонидан кучли қаршиликка учради. Бухоро амири ҳатто уларнинг жонини ва молини ҳалол деб эълон қилган.
1917 йилдаги Болшевик инқилоби жадидлар қарашларини ўзгаришига, турфаланишига ва радикаллашишига олиб келди. Энди уларнинг дастурида аввалам Ислом ҳақида тасаввурларни ислоҳ қилиш эмас, ўзбек сиёсий миллатини яратиш, яъни nation ва state-building биринчи ўринга чиқди. Жадид тафаккури ҳам секулярлашди, ҳам радикаллашди: Рус инқилоби ва дунёда рўй бераётган катта геосиёсий ўзгаришлар жадидларга миллатга ёлвориш, панд-насиҳатлар ва тадрижий ислоҳотлар сиёсати бефойда эканини уқтирди. Агарда ўзбек миллати, шунча ёлворишга қарамай, тараққий этишга қаршилик қилаётган бўлса, демак, керак бўлса, уни куч билан модернизациялаш керак деган қараш устун келди.
Жадидлар нимага эришди: биринчидан, 1924 йилда ҳозирги шаклдаги Ўзбекистонга асос солиниши ўзларини ўзбек деб кўра бошлаган мана шу мусулмон зиёлиларининг миллий ҳаракати ғалабаси эди.
Иккинчидан, замонавий ўзбек маданияти ва санъати, адабиётига асос солишди ва ўзбек маданиятининг олтин даврини бошлаб берди: биз фойдаланаётган замонавий ўзбек адабий тили айнан шу даврда шаклланди. Замонавий андозадаги шеърияту театр санъати қаторида романнавислик пайдо бўлди. Айни шу даврда адабиётнинг улкан қоялари – Фитрат, Қодирий, Чўлпон ўзларининг сара асарларини яратишди.
Неожадидлар ким...
Ҳожи Муин 1918 йилда "Бизга нима керак?" деган савол беради.
Яшамоқ шартлари ва ҳаёти ижтимоиядаги вазифаларнинг энг муҳимлари аскарлик, маориф, тил, адабиёт, зироат, тижорат ва саноат эканлиги маълумдир. Мана, ҳаёти ижтимоиямизда лозим бўлғон бу нарсаларнинг барчаси ҳозирда бизда борми? Бўлса қайси ҳолдадир?
Бугун ҳам шу каби саволларни бериб, замин ва замонни ғанимат билиб ватан, ҳуқуқ ва ҳаётимизнинг муҳофазаси, истиқболимизнинг таъмини учун керак бўладиган тадбир ва чоралар ҳақида қайғурадйганларни неожадид дейиш мумкин.
Неожадидчилик бу ягона мафкурага эга яхлит сиёсий ҳаракат эмас. Бу кўпроқ мавжуд қусурли статус-кво сақланиб қолишидан моддий ва маънавий манфаатдор бўлмаган, муайян ўзгариш ва ислоҳотлар орзусида юрган онгли инсонларнинг фикрий харакатидир.
Жадидлар билан неожадидларнинг муштарак ва фарқли жиҳатлари нимада?
Аввал, жадид ва неожадид фарқлиликларига тўхталсак...яна ўша Ҳожи Муин тили билан айтганда, ҳаёти ижтимоиямизга лозим бўлғон нарсаларнинг баъзиси ҳозирда бизда бор. Масалан, миллий давлат, миллий армия жадидлар даврида йўқ эди, ҳозирда бор. Жадидлар учун катта муаммо ҳисобланган мактаб масаласи ҳам бугун нисбатан ҳал этилган. Лекин, масалан, Ислом диннини тўғри тушуниш, тил, иқтисодиёт, коррупция ва жамиятдаги аномия (фасод) масалалари ҳамон долзарблигича қоляпти.
Жадидлар билан неожадидларнинг муштараклиги бу – сиёсий фаолият имконсиз, сиёсат мавжуд бўлмаган шароитда сиёсий амалиётга мажбур бўлганлигидир.
Неожадидлар Таҳаккумсизлик (non-domination) ҳукмрон бўлган жамият тарафдорларидир. Неожадидларга кўра, қонун-қоидаларни ишлаб чиқиш, бошқарув институтлари фаолиятини йўлга қўйиш, умуман, сиёсат юритишда энг устувор вазифа таҳаккумга – доминантликка йўл қўймаслик ёки уни камайтириш бўлмоғи лозим.
Таҳаккум манбаи бир шахс (яккаҳоким президент ёки подшоҳ), гуруҳ (бир ҳовуч бойлар ёки аксинча, ўз зуғумини ўтказаётган оломон), иқтисодий-ижтимоий ёки табиий кучлар (иқтисодий монополиялар ёки экологик омиллар) бўлиши мумкин. Неожадидларнинг асосий мақсади – тури ёки манбаидан қатъи назар, таҳаккумни имкон қадар чеклашдан иборатдир. Негаки, таҳаккум инсонни фалажлантиради, мавжуд имконият ва малакасидан эркин фойдаланишига, демакки, шахс сифатида камол топишига тўсқинлик қилади. Маълумки, ҳам сиёсий, ҳам шахсий эркинликка эришиш сиёсий жамоага бирлашмоқни талаб этади. Зотан, якка ҳолда заиф саналган инсонлар жамоаларга бирлашиб, истиқболини ўзи белгилашдек улкан қудратга эга бўлади.
Таҳаккумсиз эркин умргузаронлик қилишнинг шахс учун ҳам, жамият учун ҳам афзалликлари кўп. Бундай муҳитда инсон ўз ҳаётий мақсадларини бошқаларнинг аралашувисиз, мустақил белгилайди;
ўзгалар қош-қовоғига қараб яшаш, хушомадгўйлик, маддоҳлик мажбуриятидан холи бўлади. Сирасини айтганда, таҳаккумсиз муҳит инсонга чин маънода озодлик туҳфа этади.
Таҳаккумсизлик сиёсатда устувор мақсад ўлароқ татбиқ этилганда эса,
- жамиятда тенглик барқарор бўлади. Шу нуқтаи назардан, неожадидлар ҳам ўта қашшоқлик, ҳам ўта давлатмандликнинг олдини олиш, табақаланиш ҳаддан зиёд кучаймаслиги ҳақида қайғуради.
- жамиятда биродарлик (солидарност) ҳисси кучаяди. Гап шундаки, барча эзгу ғоялар каби таҳаккумсиз эркинлик ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Унга сиёсий-иқтисодий чора-тадбирларни амалга ошириш, муайян институтларни шакллантириш орқали эришмоқ мумкин. Бу эса жамоавий ҳаракат ва ҳамкорликни, ҳамжиҳатликни тақозо этади. Шу тариқа давлат ва миллатга мансублик туйғуси, биродарлик ҳисси нашъу намо топади.
Неожадидлар сиёсий эркинлик – яккаҳоким президент ёки подшоҳнинг инъоми эмас, балки жамиятнинг барча аъзолари умумҳаракати меваси эканига ишонади.
Неожадидлар Ҳуқуқ устуворлигини талаб қилади. Неожадидларга кўра, жамиятда ҳар қандай куч ишлатиш – хоҳ мансабдор томонидан, хоҳ фуқаро томонидан бўлсин – фақат қонунчиликка асосланмоғи шарт.
Одамлар бир жамоада яшар экан, бир-бирларининг қарор ва танловларига турли усулларда таъсир ўтказиши табиий. Таъсир воситаларининг энг жиддийси – куч ишлатиш таҳдидидир. Зўравонлик жиловланмас экан, на кишининг ўз меҳнати маҳсулига эгалиги, на жисмоний дахлсизлиги кафолатланади. Тадбиркорнинг эндигина даромад келтириши бошлаган бизнесини маъмурий ресурсдан фойдаланиб олиб қўйиш, ҳақ сўзни гапирган журналист ёки блогерларни қамаб қўйиш каби муштумзўрлик муҳитида на санъат, на иқтисодиёт, на жамият равнақ топади; давомий қўрқув ва зўравонлик таҳдиди инсонлар ҳаётини зулмату машаққатга айлантиради.
Демак, таҳаккумнинг ҳар қандай турини жиловлаш куч ишлатиш, зўравонлик устидан қатъий назорат ўрнатишни тақозо этади. Масалан, иқтисодий таҳаккумни чеклаш учун, аввало, бозорни тартибга солувчи, қайта тақсимлашга қаратилган чора-тадбирлар зарур. Зўравонликка эса фақат ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш орқали барҳам бериш мумкин. Қонун ҳам, аслида, таҳаккумнинг бир туридир. Лекин неожадидлар наздида, бу – таҳаккумнинг ягона жоиз кўринишидир. Агарда диктатура яшашга мажбур бўлсак, унда бу ҳуқуқ диктатураси бўлсин.
Неожадидлар муайян ҳуқуқий тизимни тарғиб этмайди. Уларнинг фикрича, таҳаккумни энг кўп жиловлай олган ҳуқуқий тизим – энг мақбулидир. Демак, муайян замон ва макондаги жамоа ўзи учун маъқул ҳуқуқий тизимни жорий этиши, бу тизим айни чоқда собит мезонларга жавоб бермоғи лозим:
- Ҳуқуқий тизим, аввало, аниқ ва пухта қоидалардан ташкил топиши, тез-тез ўзгармаслиги керак. Конститутсияда белгиланган тартиб-қоидалар, дейлик, давлат раҳбари ваколат муддатини тез-тез ўзгартиравериш Асосий қонуннинг легаллигига путур етказади.
- Иккинчи мезон – зўравонликка олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолат эҳтимолий таҳаккум ўлароқ қонунчиликда тақиқланиши керак.
- Учинчи мезон – жамиятнинг барча аъзолари қонун олдида тенг бўлиши лозим. Бой ёки амалдор битта узр билан қутиладиган вазиятда камбағал узоқ қамоқ муддатига қамалиб кетиши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир.
Неожадидлар амалдор жамоатчиликка бўйсинишини талаб этади, жамоат амалдорга эмас. Адолатли қонунлар ва фаол институтлар фуқароларни бошқа фуқаролар ёки гуруҳлар таҳаккумидан нисбатан самарали ҳимоя қила олади. Лекин бунинг учун қонун-қоидалар ваколатли мансабдорлар томонидан амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши лозим. Мансабдорлар бунга қодир бўлмаса ёки истамаса-чи? Неожадидларнинг фикрича, инсон ҳуррияти мансабдорларнинг кайфияти, майлига, илтифотига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак. Фақат жамоатчилик назоратигина эркинликларни муносиб кафолатлай олади. Демак, энг юқори лавозимдаги шахслар (ижроия, қонунчилик ва куч ишлатар тузилмаларини назорат қилувчи масъуллар – президентлар, бош вазирлар ва ҳкз) жамоатчилик назоратида бўлиши шарт. “Муносиб жамоатчилик назорати” – халқ куч ишлатишга мажбур бўлмай (инқилобу исёнларсиз), одатий сиёсий жараён орқали номақбул мансабдорларни истеъфога чиқариш ва алмаштириш имкониятига эга бўлиши деганидир.
Неожадидлар чексиз ҳокимият якка шахс ёки ягона гуруҳ қўлида тўпланмаслигини, яъни замонавий конститутсионализмни тарғиб этади.
Таҳаккумсиз эркинлик, ҳуқуқ устуворлиги ва жамоатчилик назорати неожадидчиликнинг энг муҳим тамойиллари сифатида якдил тан олинган, лекин неожадидчилик уч тамойил билан чекланмайди, албатта. Яна бошқа бир қатор тамойиллар ҳам тарғиб этилади. Масалан, неожадидлар замонавий конститутсионализм тарафдорларидир. Неожадидларнинг фикрича, мутлақ иқтидор одамни муҳаққақ бузади, демак, чексиз ҳокимият якка шахс ёки ягона гуруҳ қўлида тўпланмаслиги лозим. Қонун чиқарувчи, ижроия ва суд – бутун ҳокимиятнинг бир қўлда ёки гуруҳда жамланишини – сайлов ёки тайинлов орқали амалга ошадими ёинки мерос орқалими, бундан қатъи назар – ҳақли равишда тирания деб атаса бўлади. Демак, сиёсий тизим шундай шакллантирилиши лозимки, ҳокимият ваколатлари турли бўғинлар ўртасида расамади билан тақсимланиши, олий бошқарув бўғинлари бир-бирининг фаолиятини қисман бўлса ҳам чеклаш ёки жиловлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Замонавий сиёсий тафаккурга бу ғоя ҳокимиятларнинг бўлиниши, иқтидорнинг тақсимланиши ва тийилиши тарзида кирган. Ўзбекистонда бу ғоя ҳатто қоғозда бўлса ҳам ҳамон тўлиқ амалга оширилмаган.
Неожадиддар кучли давлат фақатгина кучли жамият асосида бўлишига ишонади.
Дейлик, рисоладагидек сиёсий тизим шакллантирилди. Шунинг ўзи тизимнинг муваффақиятига кафолат бўла оладими? Йўқ, албатта. Аҳоли онги, дунёқарашида ўша сиёсий тизимга мос қадриятлар шаклланмас экан, унинг умри қисқадир. Неожадидлар илгари сурган навбатдаги тамойил – “фуқаровий фазилатлар” ғояси айни шу муаммони ҳал этишга хизмат қилади.
Фуқаровий фазилатлар – умум манфаатига йўналтирилган сиёсий тизимнинг фасодга учраши олдини олишга бел боғлаган, бундан минбаъд моддий манфаат кўзламаган инсонларнинг хулқ-атвори, хатти-ҳаракатлари мажмуасидир. Республикачилик тартиботини ўрнатиш, тегишли қонун-қоидаларни қабул қилиш осон, лекин уни рисоладек ишлаши учун, фасодга учрамаслиги учун фуқаровий фазилатлар лозим бўлади.
Неожадидларнинг фикрича, ўзбек давлатчилиги шаклан республика, моҳиятан монархияга айланиб қолмаслиги учун одамларда умум (жамоа) манфаатини шахсий манфаатдан устун қўйишга ундайдиган фазилатлар шаклланиши керак. Бу борада тўрт муҳим фазилат керак бўлади:
-Биринчиси – одамларнинг таҳаккумсиз эркинликка ихлос қўймоғидир. Бу жамият аъзоларининг ҳурриятни чеклашга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатга қарши туришини талаб этади. Таҳаккумга тоқатли бўлиш ҳам тобелик, қулликдан далолат беради.
-Иккинчи фазилат – шахснинг жамоат ишларида фаол бўлиши. Фуқаролар умум манфаати йўлидаги юмушлардан қочиб, маишатга ўралашиб қолса, сиёсий лоқайдлик кучайса, у ҳолда республика таназзули муқаррар бўлиб, ҳокимиятни клептократлар эгаллайди.
-Учинчи фазилат – сиёсий мўтадиллик. Соғлом баҳс сиёсий тизим равнақига хизмат қилади, албатта. Лекин мунозаралар қутбларга бўлиниш, қабилачилик, тарафкашликка олиб келмаслиги керак. Бу сиёсий мўтадиллик, мухолиф фикрига ҳам қулоқ тута билиш, у билан муштараклик қидириш, кези келганда ўз даъволарини жиловлашни тақозо этади.
-Тўртинчи фазилат - Бирдамлик. Фуқаролар нафақат ўз эркинлиги доирасида фароғатда яшаши, айни чоқда бошқаларнинг эркинлигига дахл қилмаслиги керак.
Одамзод феъл-атвори, тийнати ҳақида у қадар некбин фикрда бўлмаган неожадидлар мудом бир гапни такрорлайди: инсон хом сут эмган бандадир, аксар ҳоллар эҳтиросга берилади, калта ўйлайди, умум манфаат ўрнига шахсий манфаатларини танлашга мойил. Шунга кўра, таҳаккумсиз эркинлик узлуксиз давом этадиган жамоавий лойиҳадир. Республикачилик институтлари ташкил этилгач, эркинликлар фуқаролар иштирокисиз доимий муҳофаза этилишига умид қилиш соддаликдир. Аксинча, давомий эркинликлар фақат фозил фуқароларнинг сиёсий фаоллиги орқали таъминланади.
Юқоридаги фуқаровий фазилатлар қандай шакллантирилиши саволига ҳам манбаларда батафсил жавоб берилган, лекин мақола ҳажми талабига кўра буни кейинга қолдиришни маъқул кўрдик.
Республика тузумининг афзалликларини кўрган аҳолида ўз-ўзидан уни муҳофаза этишга рағбат уйғонади, фуқаролар уни сақлаб туришдан манфаатдор бўлгани учун номашруъ хатти-ҳаракатлардан ўзини тияди. Масалан, жазо муқаррар бўлмагани важидан йўл қоидаларига амал қилмайдиган ўзбекистонлик Скандинавия мамлакатларига кўчиб борса, йўл қоидаларига тўлиқ риоя этишга, яъни рисоладагидек яшашга интилади.
Фазилатларни шакллантиришнинг яна бир манбаи – таълим. Республикачилар, таълимда бетарафликни тарғиб этадиган либераллардан фарқли ўлароқ, мактабда таҳаккумсиз эркинликнинг афзаллигини кўрсатиб берувчи фуқаролик асосларини (ватанпарварлик дарслари) ўргатиш керак деб ҳисоблайди. Умуман, таълимда мустақил шахсни тарбиялашга қаратилган услуб-методлар рағбатлантирилади.
Азиз ўқувчилардан ушбу сатрларни неожадидлик ғоясини шарҳлаш йўлидаги дастлабки уриниш ўлароқ қабул қилишларини сўраган бўлар эдик.
Мақоламизнинг якуний қисмида “Ушбу ғоя нега ўзбек жамияти учун муҳим?” деган саволга бақадриҳол жавоб берамиз.
Неожадидчилик ўзбек тафаккурида аллақачон мавжуд маслакдир
Неожадидчилик ажнабий ғояларга кўр-кўрона тақлид эмас, у ўзбек сиёсий тафаккури ва амалиётида чуқур илдиз отган мафкура ва амалиётларга асосланган.
Масалан, бизни бўғаётган эрксизлик деярли барча муаммоларимизнинг томирида ётибди. Эркинликни тарғиб қиладиган (Ғарбона) либерализми Ўзбекистонда илдиз отмади. Бир томондан, бу – афсусланарли ҳолат. Чунки либерализмнинг жонтомири бўлган эркинлик ўзбек жамияти учун сув билан ҳаводек зарур эди. Хайриятки, ўзбек сиёсий тафаккурида Ғарбнинг ҳатти-ҳаракатлари деб дискредитацияга учраган либерализмга муқобил жумҳуриятчилик ғояси мавжуд.
Дин ёки миллат ғоясига асосланган муҳофазакор таълимотларда шахс ҳуррияти тарғиб этилмайди. Жумҳуриятчилик эса шахсий (индивидуал) эркинликларни улуғлайди, айни чоқда, ушбу эркинликларни ўзбек жамияти каби анъанавий жамиятларга татбиқ этиш йўлларини ҳам таклиф этади.
Масалан, улуғ аллома Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” рисоласи моҳиятига кўра неожадидлар тарғиб қилаётган жумҳуриятчилик ҳақидадир. Фозил одамлар шаҳрида (ёки мамлакати) ҳамма тенг бўлади, одамлар чин маънода ҳурликка эришади, бир одамнинг иккинчиси устидан хўжайинлик қилишига йўл қўйилмайди. Одамларнинг тинчлиги ва эркин ҳаётига тўсқинлик қилувчи султон (яъни яккаҳоким) бўлмайди. Улар ўз ораларидан энг олижаноб инсонларни раҳбарликка лойиқ топадилар. Раҳбарлар раият озодлиги ва тинч ҳаётини муҳофаза этади, барчага баробар муносабатда бўлади, ҳатто омма манфаатини ўз манфаатидан ортиқ кўради, умум манфаати учун шахсий манфаатидан воз кечади .
Форобийнинг «Жамият азоларининг бири иккинчисига хўжайин ёки яккаҳоким бўлмаслиги» айнан неожадидларнинг таҳаккумсиз эркинликка урғусини ифодаласа, умум манфаатини ўз манфаатидан устун кўриш жумҳуриятчилик тутумига ишорадир. Диққатга молик жиҳати, аллома бу фикрларни Никколо Макиавелли, Франческо Гвиччардини каби атоқли республикачилардан олти аср олдин баён этган.
Форобий ўз рисоласида фозиллар ўлкасининг зидди ўлароқ жоҳиллар шаҳридан баҳс этади. Республикачилик анъаналари ва институтлари коррупция ва бошқа иллатлар сабаб вақт ўтиб фасодга учраши, емирилиши тафаккур аҳлини ўйлантириб келаётган асосий масалалар сирасига киради. (Фасоднинг луғавий маъноси йиринглаш, газак олиш, чириш, бузилиш демакдир. Инглиз тилидаги corruption сўзи ҳам аслида коррупция ёки порахўрликни эмас, айнан шу маъноларни ифодалайди.)
Масалан, республикачилар наздида манфур бошқарув шаклларидан бири бўлмиш олигархия ҳодисаси ҳақида Форобий бундай ёзади: “Аммо баъзи шаҳарлар бўладики, уларда бутун халқнинг фикри-зикри, ақл-идроки бойлик тўплаш, мол-дунё орттиришга қаратилади. Улардан чиққан раҳбарлар ҳам раҳбарликни мол-дунёни кўпайтиришда деб биладилар. Шунинг учун ҳам улар эрта-кеч мол-дунё тўплаш ҳаракатида бўладилар. Бундай раҳбарлар қўл остида бўлган шаҳар халқларида турли бузуқ одатлар, шаҳвоният, бир-бирини кўролмаслик, бир-бирини талаш, душманлик, низо-жанжаллар авж олади”.
Таассуфки, республикачилик фақат Ғарб сиёсий маданиятига хос, деган янглиш қараш онгимизда ўрнашиб қолган. Лекин жумҳуриятчилик – мусулмон, ҳусусан, ўзбек сиёсий амалиётида ҳам мавжуд феномен. Масалан, Ўзбекистон ҳудуди сўнгги 600 йил давомида камида 8 та республикачилик анъанасига гувоҳ бўлганмиз:
Самарқанд (сарбадорлар) республикаси (1365 – 1366);
Тошкент зодагонлар республикаси (1784 – 1809); Яъни, ўзбек давлатчилиги тарихида ҳам ҳудди Генуя ва Новгород каби нисбатан эркин “савдогарлар республикаcи” бўлган.
Туркистон мухторияти (1917 – 1918);
Туркистон Совет Республикаси (1918 – 1924);
Бухоро Халқ Совет Республикаси, БХСР (1920 – 1924); Хоразм Халқ Совет Республикаси, ХХСР (1920 – 1924);
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (1924 – 1991)
ва мустақил Ўзбекистон Республикаси.
Жадид лойиҳалари бўлмиш Туркистон мухторияти, БХСР ва ХХСР замонавий ўзбекларнинг сиёсий уюшишга илк уринишлари бўлиб, уларнинг барчаси айнан республикачилик ғоялари, жумладан, конститутсионализмга мувофиқ ташкил топган. Миллат сифатида сиёсий уюшиш – мутараққийликнинг шарти ва кафили деган маслакнинг узил-кесил ғалабаси 1924 йилда Ўзбекистон республикага айланиши билан рўёбга чиқди. 1991 йилда дунё харитасида пайдо бўлган Ўзбекистон давлати эса ўзини ўзбек деб англаган сиёсий жамоанинг том маънодаги мустақил давлатчилигидир. Энди уни шаклан республикадан моҳиятан “ResPublica” айлантириш қолди.
Неожадидчилик ва Ислом
Неожадид маслагини қоралаш мақсадида неожадидларни атеист ёки Ислом динининг ислоҳотчиси деб тақдим қилиш урф бўлди. Неожадидчиликнинг Ислом динига муносабатининг шахсий ва ижтимоий жиҳати мавжуд:
- Риё аралашиш хавфи мавжуд бўлса ҳам айтиш керак-ки, биз таниган неожадидларнинг барчаси онгли тарзда шаҳодат келтирган, ибодатларини, қусури билан бўлсада, иложи борича тўлиқ-тўкис адо этаётган мусулмонлардир. Ва ундан ҳам муҳими, аксар ўзбек диндорларидан фарқли ўлароқ, неожадидлар диннинг ижтимоий-сиёсий жиҳатига келганда бошини қумга тиқиб олмайдиган онгли мусулмонлардир.
- Масаланинг ижтимоий жиҳати неожадидларнинг мана шу онгли мусулмончилик позитсиясидан келиб чиқади. Неожадидлар динда шахсни ҳам, жамиятни ҳам тубдан ислоҳ қилиш ижобий потенциали борлигига ишонади. Ҳусусан, тўғри англашилган дин Архимед дастаги ролини ўйнаб, ҳозирда жўяли аҳлоқий нормаларсиз қолган ўзбек жамиятига янги аҳлоқ тақдим қилиши мумкин. Шу жиҳатдан, неожадидлар диний эркинликлар кенгроқ берилишига, дин жамият ҳаётида салмоқлироқ рол ўйнаши тарафдоридир. Шу билан бирга, неожадидлар секуляр қатламнинг ҳадикларида ҳам жон борлигини эътироф этади ва секуляр-диндор иҳтилофига ечим икки тараф ўртасида кўпроқ мулоқат ва муроса бўлишида деб ҳисоблайди.
Неожадидчилик ва бошқа фикрий ҳаракатлар
Мао Цзэдун айтганидек, юзта гул очилаверсин, юзта манҳаж рақобат қилаверсин. Неожадидлар ягона тараққийпарвар ёки ягона тўғри йўлда бўлмиш ҳаракат эканлиги иддаосидан йироқ, аксинча, ўзбек жамиятида рақобат қилаётган юзта манҳаждан бири эканлигини эътироф этади.
Неожадидлар қолган 99 та фикрий ҳаракатлар ва ғояларни ҳурмат қилади, аксарияти билан мулоқат ва муроса орқали умумий манфаат йўлида бирлашишга интилади. Ҳусусан, неожадидлар либерализмга хос – инсон эркинлигига, социализмга хос – тенгликка, миллиятчиликка хос – сиёсий миллатга, диндан илҳомланган ғоялардан эса инсоний фазилатга берилган урғуни олқишлайди ва ўз фаолиятида эътиборга олишга ҳаракат қилади.
Хуллас, неожадидчилик ўзбек жамиятининг интеллектуал ва ахлоқий янгиланиши учун мақбул ечимлардан биригина сифатида фаолият юритади.
Сардор Салим, Жамшид Муслимовлар (с)