Яна бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гуруҳ яҳудийлар келишди ва «Ассааму алайкум (Сизга ўлим бўлсин)», дейишди.
Оиша айтди:
«Бас, мен фаҳмладим ва «Сизларга ўлим бўлсин! Лаънат бўлсин!» дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳой, Оиша! Шошилма! Аллоҳ барча ишда мулойимликни яхши кўради», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Нима деганларини эшитмадингизми?» дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзингларга ҳам», дедим», дедилар».
Ушбу ҳадис шарҳида устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ қуйидагларни ёзган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган бир гуруҳ яҳудийлар «Ассааму алайкум» дея бу жумлани саломга ўхшатиб айтиб келишибди. Бу таркиб саломга ўхшаб кетади. Шунинг учун яҳудийлар бу сўзни салом ўрнига айтишибди. Шумлик қилиб, қарғишларини салом қилиб кўрсатиш пайидан бўлишибди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бу ҳийлани фаҳмлаб қолиб, ўзига яраша жавоб берибдилар. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини юксак одоб доирасига чорладилар. Душман беодоблик қилса ҳам, мўмин-мусулмон одоб доирасида туриши кераклигини англатдилар. Уларга ўзига яраша муомала қилишни ўргатдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳийласига яраша жавобни қисқагина қилиб мақсадга урган эканлар, лекин мулойимлик билан жавоб берибдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тартибсизлик уммонидаги хотиржамлик устунига қиёс қилсак бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хафа қилувчиларга қаттиқ жавоб берган Оиша онамиз розияллоҳу анҳо, кибр ёки бошқа бир салбий мақсадлардан келиб чиқмаган эди, балакс унинг жавобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан тоза, самимий, холис муҳаббат бор эди. Унинг лаънатлаши пайғамбарига бўлган муҳаббатидан бўлиб, мақсади уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нафрат қилувчилардан ҳимоялаш эди. Аллоҳ таоло Оиша онамиздан рози бўлсин.
Бироқ афсуслар бўлсинки, уммат ичида кўпчилигимизга диний масалалардаги бошқача фикр ва қарашларга нисабатан муҳаббат билан ёндашиш ўрнига кибр ва худбинликка берилиб кетиш хос бўлиб қолди. Ўзимизга-ўзимиз назар солиб, баъзиларимизнинг ўта сурбет бўлиб бораётганимизни кўришимиз мумкин.
Кўпчиликка қуйидаги вазият яхши таниш бўлса керак:
Доим хайрихоҳ ва атрофдагилар билан хушмуомала ёш эркак ёки аёл ўзгача диний дунёқарашга эга инсонлар билан учрашганида сезиларли даражада аччиқлананганини бирдан намоён эта бошлайди. Уларнинг фикрларига норозилигини билдирар экан, ўз зардаларини беркита олмайди, ўзлариникидан бир оз фарқли фикр билдирган ҳар бир инсонни ўйламай-нетмай куфрда айблаб ташлайди. Ундай қилмаслик ва айблашни бас қилишга бўлган чақириқларга қарши уларнинг:
«Биродар, мен маъруфга чақириб, мункардан кайтармоқдаман», «Биз суннатни ҳимоя қилаяпмиз!», «Суннатга душман одамга биз ҳам душманмиз!» каби сўзларини эшитиш мумкин.
Бундай нафратнинг пайдо бўлишига нима сабаб бўлмоқда? Одатда, булар бугун мусулмон жамоасига сув ва ҳаводек зарур бўлган маслаҳатлар, хусусан, динга бўлаётган интеллектуал хуружларни бартараф қилиш, маиший ҳаётдаги зўравонликлар, оилаларнинг бузилиши, мусулмон ва ғайридинларни ҳам ўз гирдобига тортаётган қашшоқлашиш каби муаммолар эмас.
Йўқ, уларни иштонларнинг калталиги, соқолларнинг узунлиги ва шунга ўхшаш масалалардан ғазаблари қўзимоқда. Яна қайсидир мазҳабга мансублик ёки эътиқодий масалалардаги баҳсларда улар айтган тарафга эргашмаслик ҳам шулар жумласидандир. Шунинг учун ҳам сўнгги вақтларда мазҳабпарастлик, шайхпарастликда айбовчилар ҳам кўпайиб кетган бўлса керак. Бундай одамлар ўзларидан фарқли равишда фикрлайдиганларга тоқатлари йўқ. Масалан, Аллоҳ таолонинг сифатлари ёки Қуръони каримнинг баъзи оятларининг турли хил таъвил қилиниши ҳамда уларнинг фикрига зид бўлган фатволар ҳам уларнинг ғазабларини қўзимоқда.
Нимага буларнинг ҳаммаси бугун бошимизга бало бўлиб келмоқда, ахир нафсимизни Аллоҳ таолонинг динига буйинсундиришимиз, яъни фирқаланмаслигимиз лозим эмасми?
Биз Аллоҳ таолонинг динига қизиқишимиз ва унга интилиш йўлида, айрим ҳолларда, қалбимизнинг тубида яшириниб ётган шуҳратпарастлигимиз ва бошқалардан устун бўлишга ўчлигимиз туфайли диндорликни ғараз мақсадларимиз йўлида фойдаланиш учун воситага айлантириб олганмиз. Ҳолбуки, динимизни нафсимизни жиловлаш ва уни Аллоҳ таолога таслим қилиш учун восита қилишимиз керак эди.
Арабча «Аллоҳу Акбар» калимаси «Аллоҳ Буюкдир ва унинг Буюклиги ҳар нарсадан юқоридир» деган маънони англатади, шунингдек, бизнинг муҳаббат, нафрат, истак, ожизлик, орзу, умид каби ҳиссиётларимиздан, умуман, бизнинг моҳиятимиздан ҳам. Муваффақиятга фақат Аллоҳга мақбул амални бажариш ила, ўз истакларига Унинг жоиз этган йўли ила, ожизликни енгиб ўтишга кучни фақат унинг меҳрибонлиги ила эришилади. Бу изҳор калимаси инсонга ўзидан, унинг ҳаётидаги мавжуд барча нарсадан Аллоҳнинг буюк эканлигини эслатиб туради.
Жиловланиш ва Аллоҳга бўйинсуниш йўлида қолган нафс муҳаббат ва ибодатга муносиб бўлган якка Илоҳдан четланиб, босимлардан қутулиш учун ҳар хил туйнуклар қидира бошлайди, чунки у ўзининг энг керакли ўрнини, ягона ва юқорида турган ўрнини сақлаб қолиш пайида бўлади.
Бинобарин, нафс инсоннинг диндорлигини ғурури учун танлаб олади ва шу тарзда асосий мақсаддан чалғитади. Нафс қалбга, иймон таъсири остида Аллоҳ таоло қудратининг мўъжизалари орасига сингиб кетиш, Яратганнинг муҳаббати кенг қамровли эканлигидан, марҳаматининг чексизлигидан, билимининг ўлчаб бўлмас даражада чуқурлигидан, Ўз махлуқотларига берган чексиз неъматларидан завқланиш ўрнига қалбни бошқа йўлга етаклайдики, бу йўлда диндорлик охир-пировардида худбинликка олиб боради.
Қалб фақат ўзини севишга ўтиб қолганида, уни на махлуқ ва ҳатто на Холиқ қониқтирмай қўяди. Энди унинг учун фақат ўзининг билими, ўзининг фикри ва ўзининг нуқтаи назари аҳамиятли. Уни ҳеч ким кибрда гумонламаслиги учун ўзини шикастнафас қилиб кўрсатишга уринади: «Мен ҳеч кимман, мен ҳеч нарсани билмайман», дея сохта камтарлик қилади у, бироқ у ёки бу масалада, шунингдек, унинг Ислом ақидасига оид фикрларига қўшилмаган одамларга нисбатан яширинча жирканч назар билан қарайди. Ўзингизда бунга мойиллик борлигини осон билиб олишингиз мумкин: суҳбатлар чоғида ёки диний мавзулардаги чиқишлардаги гап-сўзларингизда Аллоҳ таолони улуғлаш ёки Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалом сийратларини ўрганиш ўрнига фиқҳий масалаларнинг нозик тарафлари, мазҳаблараро ихтилофларга кўпроқ қизиқиш ва бунинг оқибатида бир гуруҳга кўпроқ ён босиб, иккинчи гуруҳни ҳақоратлаш шулар жумласидандир.
Юртдан қочиб, Европа шаҳарларининг бирига ўрнашиб олган бир шахс, муҳтарам шайх ҳазратларининг вафотларидан сўнг у кишини бошидан охиригача ёмонлаб, бир китоб деган нарсани ёзади. Ҳар бир саҳифасида самоҳатли уламога заҳрини сочиш билан бирга, ҳар бир гап орасида ўзини мақтайди, мен ундайман мен бундайман, дейди. Ҳолбуки, ҳазратдек мулойимликни ўзига асос қилган уламо жуда кам эди. Балки, шунинг учундир, жуда кўп тоифа, фирқа, тариқат ва мазҳаб тарафдорларининг аксари у кишини ўзларига устоз деб билганлар, роҳимаҳуллоҳ.
Дин қачон барча воситалар билан Аллоҳ розилигини исташга эмас, балки бизга ёқмайдиган тарзда (гарчи биз Исломнинг аслларига кўра ҳаракат қилаётган бўлсак-да) динга амал қилаётган кишиларни маломат қилишга айланса, у ҳолда дин шахснинг худбинлиги ва ўз қарашларини юксалтириш йўлидаги қуролга айланиб қолади.
Бироқ бу биз ҳаққоний танқиддан, диний баҳслардан воз кечишимиз керак дегани эмас. Бу унинг эгалари, яъни аҳли илмнинг вазифасидир. Танқид диний илмларни етук ва саҳиҳ уламолардан ўзлаштирмаганларнинг иши эмас. Амри-маъруф ва наҳий-мункар дегани бугунги уммат бошидаги муаммоларни ҳал қилишда фаол иштирок этишни тақоза қилади, муаммоларни бартараф этиш, муносабатларни соғлом ва табиий қилиб, мусулмонлар, шунингдек, ғайридинлар учун ҳам мулойимлик муҳитини барпо қилиш янада муҳим аҳамият касб этади.
Кейинги сафар, бировни танқид қилишингиздан олдин, ўзингизнинг ниятингизга, ички ҳиссиётларингизга эътибор бериб, ўзингизга савол беринг: «Мен бу одамни танқид қилишим ва унинг салбий тарафларини кўрсатиб беришим динимизга қандай фойда ёки зарар келтириши мумкин? Ёки мен унинг камчилигини кўрсатишимдан мақасад ўзимни кўрсатиш, бошқалардан ақлли, илмли эканимни исботлаб қўйиш эмасмикан?»
Ўзингизга тўғри ва холис жавоб беринг, шунда сиз ўзингизнинг ким ёки нима эканингизни, яъни Аллоҳнинг ҳақиқий бандасими ёки динни ниқоб қилган бир худбин эканлигингизни биласиз, Инша Аллоҳ.
Аллоҳ барча ишда мулойимликни яхши кўради
«Эй Оиша, мулойим бўл. Шубҳасиз, мулойимлик не нарсада бўлса, албатта, уни зийнатлаган ва уни не нарсадан суғуриб олинган бўлса, албатта, уни айблаган», дедилар». (Абу Довуд ва Муслим)
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Жамият
|
Калит сўзлар