close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Олим кибрдан сақланиши керак

Олимнинг кибрдан сақланиши икки йўл билан амалга оширилади

Биринчи йўл: олимнинг ғазабланиши унинг жоҳиллигидан нишонадир. Жоҳил киши кечирилиши мумкин, аммо олимлар кечирилмайдилар. Олимнинг жинояти катта ҳисобланади. Аллоҳнинг каломини била туриб, унга амал қилмаган олим устига китоб ортилган эшакка ўхшатилган.
“Зиммаларига Таврот юклатилган, сўнгра унга амал қилмаганлар устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар” (Жумъа сураси, 5-оят).
Баъзи олимлар Қуръони Каримда итга ўхшатилган:
“Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшар, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади” (Аъроф сураси, 176-оят).
Илмига амал қилмаган олим табиатини, хулқ-атворини яхшилай олмайди. У эшакдан ҳам, итдан ҳам тубан бўлиб қолади. Агар охиратда қутула олмаса, ҳолига маймунлар йиғлайди, ундан ҳайвон яхши бўлиб қолади. Шунинг учун саҳобаи киромлардан бири: “Кошки эди, бир қўйга айланиб қолсам-у, мени сўйиб есалар эди”, деб йиғлаган эди.
Бошқа бири эса: “Кошки эди, мен бир сомон чўпи бўлиб қолсам”, деган эди. Инсон ўз оқибати ҳақида ўйласа, унинг кибрланишига ҳожат қолмайди. Бир кишининг ўзидан билимсизлигини кўрганда: “У билмайди, Аллоҳ уни бу сабабдан кечириши мумкин, мен билганим учун мени кечирмайди”, деб фикр қилади. Олим кишини кўрганда эса: “Бу одам мендан билимлироқ, шунинг учун у мендан устунроқ”, дейди.
Агар ўзидан кичкина болани кўрса: “Мен бундан кўп гуноҳ қилганман. Бунинг гуноҳи меникидан кам, шунинг учун у мендан афзалроқдир”, деб билади.
Ҳатто бирор кофирни кўрганда ҳам асло кибр қилмайди. “Балки бу кофир кун келиб мусулмон бўлар, мендан ҳам кўпроқ савобли ишларни амалга оширар. Аллоҳ таоло балки менинг иймонимни қабул қилмас”, деб ўйлайди.
Чунки Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу мусулмон бўлишидан олдин жуда мағрур ва такаббур кимса эди. Бу Исломда хато эди. Чунки улуғлик охиратдаги қутулишдадир. Шунинг учун ҳар ким охират қўрқуви билан яшамоғи керак.

Иккинчи йўл: Олим киши шуни яхши англаб етмоғи керакки, кибр ва азамат фақат Аллоҳгагина хосдир. Кимки кибрланса, Аллоҳга қарши уруш очган бўлади. Ҳақ таоло барчамизга бундай амр қилади: “Менинг даргоҳимдаги энг қийматли инсон ўзига қиймат ва баҳо бермаган инсондир”.
Саодатга эришишни ўйлаган киши Аллоҳ таолонинг бу каломини яхшилаб уқиб олади.
Обид олимдан ўзини баланд тутмаслиги керак. Илми шафоат қилишини, Аллоҳ гуноҳларини кечириши мумкинлигини ақлига келтиради.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Олимнинг обиддан устунлиги менинг саҳобаларимнинг энг охиргисидан устунлигимчадир”.
Жоҳил кишини кўрган олим: “Балки у мендан кўп ибодат қилгандир, балки, у ҳеч сездирмасдир”, деб ўйлаши керак.
Агар бир фасодчини кўрса: “Менинг кўнглимда васваса ва гуноҳларим кўп, бунинг ошкора гуноҳлари, балки, меникидан оздир. Балки, мен ўзимнинг қалбимдаги катта гуноҳимдан бехабардирман. Балки, гуноҳим эвазига савобларим ювилиб кетаётгандир. Балки, унинг яхши сифатлари ва савоблари гуноҳларига каффорат бўлар. Балки, у тавба қилиб, охиратда жаннатий бўлар. Балки, мен бир хато қилиб, ўлим онларида таҳликада қоларман. Ҳақ таолонинг ҳузурида шаккоклардан бўлиб қолмай”, деб ўйлаши керак. Кишининг кибрли бўлиши унинг жоҳиллигидан далолатдир. Шунинг учун олимлар ва улуғ шайхлар тавозели кишилардан бўлганлар.

Имоми Ғаззолийнинг
"Қалбнинг давоси" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase