close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Кишининг ризқи уддабуронлиги туфайли ортиб кетмайди

Танишларимиздан бири сўзлаб берди. У киши поездда кўп юрар экан. Поезд бир бекатга борганида, ҳар галгидек асал сотиб юрадиган бир йигит вагонга чиқибди. У йигит вагонларни айланиб, асал сотиб келгач, ўша танишимизнинг олдига келиб ўтирибди-да, салом-аликдан сўнг, тамадди қила бошлабди.

У ёқ-бу ёқдан суҳбат бошланибди. Гап айланиб, асал ҳақида сўз очилибди. Маълум бўлишича, асал сотувчи йигит бир идишдагини тоза асал деб, қолганларини тоза эмас, деб сотиб юраркан. Танишимиз мўминлик фаросати билан йигитнинг бир камчилигини сезиб қолибди ва йигитнинг ўзидан сўраб, бу масалага аниқлик киритиб олибди: йигитнинг тоза асал деб сотаётгани асал экан-у, тоза эмас деб сотаётгани қиём экан. Уларнинг суҳбатини ҳеч ким эшитмаётганини билгани учун танишимиз очиқ танбеҳ берибди: «Ука, асал бўлмаган нарсани асал деб сотишингиздан ўзингизнинг кўнглингиз розими?» Йигит жавобан: «Ака, шундай қилишга мажбур бўляпман, чунки савдо яхши бўлмаяпти. Қиёмлигини билишса, одамлар умуман олишмайди». У киши давом этиб: «Укажон, мен сизни бирон кишининг олдида уялтириш учун эмас, Аллоҳ таоло учун айтяпман, «Мўмин мўминнинг кўзгуси», деган ҳадиси шариф борлигини биласиз. Сиз Аллоҳ таолога таваккул қилинг-да, ё қиёмни умуман сотманг, ё қиёмлигини айтиб сотинг. Сизга тўғрилигингиз учун харидорни меҳрибон Аллоҳ таолонинг Ўзи жўнатади. Ҳозиргача қиммат асал оз сотилаётган бўлса, ундан кейин кўрасиз қанча сотилишини. Шу вақтгача одамларни алдаб, қиёмни асал деб сотганингиз учун астойдил тавба қилиш эсингиздан чиқмасин». Йигит: «Хўп, айтганингиздек қиламан», дебди.
Кўпинча, тўй қиладиган одамлар совға-салом учун тарқатиб юборишга арзон ва қулай кийим-кечаклар излаб қолишади, қидириб-қидириб, шунчалик арзон кўйлаклар топишадики, ўйлаб ҳам ўтиришмасдан, бемалол ўнлаб, балки яна ҳам кўпроқ сотиб олишади. Сотаётган «Ишбилармон»лар харидорларнинг кўйлакларни очиб кўришларига йўл қўйишмайди. Агар очиб кўришни хоҳлашса, пулини аввалдан тўлашларини ва сотиб олингач, қайтариб бермасликларини шарт қилиб қўйишади. Харидор бу ерда бир гап борлигини билсада кўйлакларни сотиб олади ва уйга боргач, очиб ҳам кўрмайди. Тўй куни бу совғалар тарқатилади. Ҳадя теккан киши уйига бориб, очиб кўргач, кимдан хафа бўлишни билмай қолади. Чунки кўйлак на бирор кишининг қоматига тўғри келади, на кийишга, на бирон кишига беришга ярайди, матоси ҳам «ҳалигидақа». Бу катта қаллоблик кимдан чиққанини билмай, тушунолмай хуноб бўлади.
Бундай ишлардан на ишлаб чиқарувчи, на савдогар, на сотиб олувчи барака топмаслиги аниқ. Чунки барака Аллоҳ таолодан, Аллоҳ таолони эса алдаб бўлмайди. Гап савдо ҳақида кетаётгани учун бу можароларда кўпроқ савдогарни айблаш мумкин. Чунки у шунақа каззоб ишлаб чиқарувчининг маҳсулотларини нафақат сотиб олмаслиги, балки уни инсофга чақириши керак. Чунки бундай қаллоблик маҳсулотларини сотиб олаётганлар биринчи бўлиб сотувчидан норози бўлишади. Очиб, киймоқчи бўлганлар эса совға қилганлардан хафа бўлишади. Ноилож қўл силтаб қўя қолишади. Агар савдогар яроқсиз товар ишлаб чиқарувчига танбеҳ берса ва сотиб олмаса, уни ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини сота олмайди ва «кўзи очилади».
Ҳар хил маиший техника, машина, мотоцикл ва асбоб-ускуналар савдоси билан шуғулланадиганлар ҳақида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин.
Бозорларда юрганда Аллоҳни кўп ёд қилиш, ундан хайру барака сўраб дуо қилиш ва бозорга кирганида ўқиладиган маъсур дуоларни ўқиш мустаҳабдир.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: «Ким бозорга кириб «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул-мулку ва лаҳулҳамду, юҳйий ва юмийту ва ҳува ҳаййун лаа ямувту, биядиҳил-хойр ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр» деса, Аллоҳ унга минг-минг ҳасанот ёзади, ундан минг-минг хатони ўчиради ва уни минг-минг даражага кўтаради ва унга жаннатда бир уй бунёд қилади» (Имом Термизий).
Шунингдек, бозорда савдо қилувчи киши ёки умуман ҳар қандай касб эгаси ризқ топишда фақат ўзининг амали, усталиги ва маҳоратига эмас, балки, Аллоҳнинг марҳаматига таяниши, Унга таваккул қилиши ва Унинг ризқ ва барака беришига ишониши, шукр қилиши лозим. Зеро, кишининг ризқи ношудлиги сабабли камайиб қолмаганидек, уддабуронлиги туфайли ортиб ҳам кетмайди. Чинакам шукр туфайлигина неъматлар зиёда қилинади.

Саййид Раҳматуллоҳ ТЕРМИЗИЙ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase