close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Адаштиришдаги поғоналар

Шайтон тўсатдан келиб, бу гуноҳ ишни қил, ё мана бу фаҳш ишни бажар, деб айтмайди. Аввал у қадамба-қадам яқинлашиб олади. Яъни, худди икки номаҳрамнинг гуноҳга ботиши каби: аввал қараш, сўнг табассум, сўнг сўзлашиш, сўнг учрашиш жойини белгилаш, сўнг учрашув. Шунинг учун ҳам Аллох, шайтонга эргашишдан қайтарди:

«Эй, имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур» (Нур сураси, 21-оят).

Бу Аллоҳнинг ўз бандаларига раҳм-шафқатидир. Чунки Аллоҳ меҳрибон, раҳмдил ва шайтон йўлига кириб қолишдан қайтаргувчи севимли Зотдир. Банда дастлабки эшикни беркитсин, токи адашишда давом этмасин.
Ким шариатнинг мақсадларини яхши тушунса, танбеҳларнинг маъносини англайди. Шунингдек, номаҳрам аёллар билан ёлғиз қолиш ҳаромлигини, улардан кўзни сақлаш кераклигини билиш зарур. Шайтоннинг режаларидан огоҳ бўл, эй, мусулмон биродарим!

Ваҳб ибн Мунаббаҳ дейди: «Бани Исроилда бир обид бўлиб, ўз замонасининг энг тақводор кишиси эди. Ўша нақтда бутун қавм уч ака-укага қарши оёққа турди. Ака-укаларнинг бир сингиллари бўлиб, уни қолдиришга ишончли жой топиша олмадилар. Шунда улар обид хузурида қолдиришни маъқул кўриб, шунга қарор қилишди. Обидни ишончли киши деб билишарди. Аммо, обид қизчани олиб қолишдан бош тортди. Ака-укалар ҳоли-жонига қўймагач, шундай деди: «Уни хужрамга жойлаштириб, кетаверинглар». Қиз обиднинг ёнида бир оз вақт бўлиб турди. Обид қизга келтирган овқатни эшик олдига қўйиб, уни ёпарди-да, хонасидан, қизга овқатни олишни буюрарди. Қиз чиқиб овқатни оларди. Шайтон обиднинг олдига келиб, тилёғламалик билан жорияни одамлар кўриб қолишидан қўрқитди. Агар сен таомини ҳужраси эшигигача киритиб берсанг, катта ажр савобга эга бўласан», деди. Шайтон обидни шу тариқа авради. Обид шундай қилди. Лекин қизга сўз қотмади. Шу зайлда кунлар ўтди. Яна иблис келиб, обидни яхши амал қилишга қизиқтириб, деди: Сен унинг таомини уйнинг ичига олиб кириб берсанг, жуда катта савоб топасан». Шу гапни такрорлайверди. Натижада обид таомни қизнинг ҳужрасига киритиб берадиган бўлди. Шу зайлда кунлар ўтаверди: Иблис яна келди ва обидни яхши амал қилишга қизиқтириб деди: «У билан суҳбатлаш, кўнглига йўл топиб, дўстлаш. Чунки у тушкунликка тушиб қолган». Шундай деб такрорлайверди. Натижада обид ҳужрасидан чиқиб, қиз билан гаплашди. Иблис яна келиб деди: «Сен хонангдан чиқиб, гаплашсанг, у ҳам чиқиб, эшик олдида ўтиради. Шунда сен у билан дўст ва ҳамроҳ бўласан». Шайтон шундай деб такрорлайверди, такрорлайверди, такрорлайверди. Натижада, обид яна шайтон айтганидек қилди.
Иблис яна келиб, уни яхшиликка қизиқтирди ва Аллоҳ ҳузурида қилган яхшилиги эвазига улкан савоб берилишини айтиб деди: «Унинг эшиги олдига бориб ўтириб олсанг, у қиз сен билан гаплашса». Обид буни ҳам бажарди. Шу тариқа ойлар ўтди.
Иблис яна келди-да, деди: «Уни ўз ҳолига ташлаб қўйма. Агар шундай қилсанг, сендан чиройлироқ кишига юзини кўрсатади». Шундан сўнг обид қиз турган хонага кириб, кун бўйи у билан гаплашар, кечаси ўз хонасига чиқиб кетарди.
Иблис яна келиб, қизни обидга чиройли суратда кўрсата бошлади. Натижада обид у қизга тегажоқлик қилди. Шайтон қизни чиройли кўрсатишда давом этди. Ниҳоят, обид билан бирга бўлиб, қиз бир бола туғди.
Шундан сўнг иблис келиб деди: «Агар қизнинг биродарлари келиб, болани кўрса, нима қиласан? Иккингиз ҳам шарманда бўласиз». Обид болани ўлдириб, қизни яширди. Шайтон деди: «У қизни акаларидан сирни яширади деб ўйлайсанми? Яхшиси уни ҳам ўлдир-да, кўмиб ташла». Шайтон буни кўп бора айтди ва обид қизни ҳам ўлдириб боласи ёнига кўмди. Орадан йиллар ўтди. Қизнинг акалари келиб сингилларини сўрашди. Обид унинг ўлганини айтди ва қизга ачиниб йиғлади. Ака-укалар сингиллари қабрини кўриб, йиғлаганларича, унга Аллохдан раҳмат сўраб, ўз аҳли аёллари олдига кетишди.
Шайтон ўша кеча бир мусофир суратида ака-укаларнинг тушларига кириб, қиз ҳақида сўради. Улар обид айтган жавобни бердилар. Шунда шайтон у ёлғончи, гапига ишонманглар, дея бор ҳақиқатни гапириб берди. Уйқуларидан тургач, кўрган тушларидан ҳайратланишди. Каттароқлари деди: «Бу туш холос, буни хаёлларингдан чиқариб ташланглар». Кейингилари деди: «Аллоҳга қасамки, уни бориб кўрмагунимизча хотиржам бўлмаймиз». Шундан сўнг биргаликда обиднинг уйига бориб, шайтон айтган жойни қидириб топди ва у ерни қазиб, сингиллари билан болани сўйилган ҳолда кўришди. Ночор қолган обид шайтон сўзини тасдиқлади Обидни хочга михлаш учун олиб келишди. Шайтон обиднинг олдига келиб деди: «Мен сенинг дўстингман, сени йўлдан уришим қийин кечди, ниҳоят, сени фитна билан ўзимга оғдирдим. Агар бугун менга бўйсуниб, Аллоҳга кофир бўлсанг, мен сени хоч жазосидан қутқариб оламан», деди. Обид Аллоҳга кофир бўлди, шайтон эса уни ташлаб кетди. Обидни хочга михладилар».

Муфассирлар дейди: Бу ҳақда ушбу оят нозил бўлган:
«(Улар) худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Қайсики, у инсонга: «Кофир бўл!», дейди. Бас, қачонки, (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга): «Мен сендан безорман. Зеро, мен (барча) оламлар Парвардигори Аллохдан қўрқаман», дейди (ва инсонни тарк этади). Бас, иккисининг (шайтон ва кофирнинг) оқибати дўзахга кириб, унда мангу қолишлари бўлди. Золим кимсаларнинг жазоси шудир» (Ҳашр сураси, 16-17-оятлар).
Шайтон шу тарзда режа тузиб, хоҳлаганига эришгач, юз ўгириб кетади ва ҳатто обид шайтон киришини билмагани учун ҳам бундан ғафлатда қолди. Агар билганида биринчи қадамдаёқ шайтонни қувиб ҳайдарди.
Ибн Жазм Ваҳб ибн Мунаббаҳдан ривоят қилади: «Бир роҳиб Исо алайҳиссалом даврида ўз кулбасида эди. Шайтон унга турли найранглар қилди, лекин найранглари иш бермади. Шайтон бир куни Исо алайҳиссалом суратида келиб чақирди: «Олдимга туш, гаплашамиз». У деди: «Йўлингдан қолма, кет! Мен умримни сен билан ўтишини хоҳламайман». Шайтон деди: «Туш, мен Исоман» Обид деди: «Исо бўлсанг, сенда ишим йўқ. Сен ўзинг ибодат қилсанг, қиёматни ваъда қиламан, демаганмисан? Менга халал берма, бор кет» Шайтон кетди.
Икки обидни қиёсланг. Биринчиси билимсизлигидан шайтон уни адаштирди. Иккинчиси эса илм сабабли шайтон найрангидан қутилиб қолди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло деди: «Олимнинг обиддан улуғлиги менинг энг қуйи саҳобаларимдан улуғлигим кабидир» (Термизий ривояти).

Воҳид Абдусалом Балий
"Жин ва шайтондан сақланиш йўллари" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase