close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Шундай ҳаракат қилки, одамлар сенга боғланиб қолсин

Қонуннинг таърифи

Ҳар ишда мустақил бўлай десангиз, доимо керакли ва зарур инсонга айланишингиз даркор. Сизга қанчалик кўп суяниб, ишонишса, шунчалик кўп эркка эга бўласиз. Сизнинг кўмагингизсиз амалга ошириш мумкин бўлмаган ишларни одамларга тўла ўргатманг.

Қонуннинг бузилиши

Номи тарихий маълумотларда сақланиб қолмаган ўрта асрлардаги бир ёлланма аскар Сиен шаҳрини чет эллик босқинчилардан қутқариб қолади. Сиен шаҳрининг миннатдор фуқаролари халоскор аскарни қандай мукофотлашлари керак?
Шаҳарнинг ўз мустақиллигини сақлаб қолганини ҳеч қандай мукофот ёки пул билан ўлчаб, қиёслаб бўлмасди. Аъёнлар ўзаро маслаҳатлашиб, ёлланма аскарни шаҳар ҳукмдори этиб тайинламоқчи бўладилар, аммо бу ҳам унинг хизматига камлик қилади, деган қарорга келишади. Халоскор йигитни тақдирлаш бўйича йиғилганлардан бири ўртага чиқиб, шундай таклифни илгари суради: “Келинглар, яхшиси аскарни қатл қилиб, ўлимидан кейин уни шаҳар ҳимоячиси сифатида илоҳий зот деб эълон қиламиз”. Қувонч билан қандай мукофот ёки мансаб беришаркан, деб кутиб ўтирган шаҳар халоскори қатл қилинади.

Граф Карманьола ёлланма аскарлар отрядининг энг жасур ва омадли йўлбошчиси эди 1442 йил Венеция ва Флоренция ўртасида чўзилиб кетган урушда у Венеция томонида туриб жанг қиларди. Ёши бироз ўтиб қолган жасур графни жанг майдонида тўсатдан Венецияга чақириб қолишади.
Халқнинг севимли лашкарбошиси жуда юксак ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олинади. Кечқурун дож (Венецияда республика бошлиғи)нинг шахсан ўзи қабул қилиб, улар саройда кечки таом устида учрашишлари керак эди. Соқчилар ҳамроҳлигида саройга йўл олган граф, аскарлар уни бошқа томонга бошлаб бораётганини сезиб қолади. Уни тўғри “Надоматлар кўприги” деб аталувчи кўприк орқали қамоқхонага олиб  келишади. Графни сохта айбловлар билан ўлимга маҳкум этишади. Муқаддас Марк майдонида, жасур жангчини нега ўлимга ҳукм қилинганини тушунолмай боши гаранг оломон кўзи олдида граф Карманьола боши танасидан жудо қилинади.
Уйғониш даврида Италиянинг кўплаб жасур ёлланма жангчилари Сиен халоскори ва Карманьола қисматига дучор бўлишган. Улар ўз хўжайинлари манфаати йўлида жангларда жон олиб, жон беришган, зафарлар қучишган. Бунинг эвазига сургун, қамоқ ва ўлим уларнинг “мукофоти” бўлган. Бу ўринда, гап оқибатсизлик, яхшиликни билмасликда эмасди. Гап атрофда худди Сиен халоскори, Карманьола сингари жасур ёлланма жангчилар ошиб-тошиб ётганида эди. Ёлланма аскарларнинг бирини иккинчиси, кексасини ёши билан бемалол алмаштирса бўларди. Хўжайинлар уларни ўлдириб ҳеч нарса йўқотишмасди. Ёлланма аскарнинг шон-шуҳрати ортгани сайин улар хўжайиндан кўпроқ мукофот талаб қилишарди. Шу боис, уларни (йўқ қилиб) ўлдириб, ўрнига ёш ва арзон янги одамларни ёлласа бўларди. Карманьола ҳам хўжайинлар менинг хизматим ва ҳокимиятимни тан олишди, бу кўриниб турган нарса, деган хаёлга бориб мустақил ҳаракат қила бошлаган ва алмаштириб бўлмайдиган даражага етдим, деб ўйлаганди.
Эртами-кечми, уларнинг ишини бемалол эплаб кетадиган ва шу билан бирга ёш, катта маош талаб қилмайдиган ҳамда хавф туғдирмайдиган одамлар албатта топилган ва пайдо бўлган.
Сизни ёллаган одамнинг ҳаёти ўзингизники билан шундай қаттиқ боғланиб кетишига эришингки - сиздан айрилиш ёки қутулиш унинг хаёлига ҳам келмасин. Акс ҳолда, ажойиб кунларнинг бирида сизни “Надоматлар кўприги”дан олиб ўтишади ва сиз Карманьола қисмати билан юзма-юз келишингиз мумкин.

Роберт Гриннинг "Ҳокимиятнинг 48 қонуни" китобидан
Жалолиддин Сафоев таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase