close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Тепадаги аёл: Эркаклар қай кунларга қолди

Ҳомиладорликдан сақланишнинг кекин усули сифатида аёлларни стерилизация қилиш (бепушт қилиш) ҳақида ҳамма билади. Эркакларни ҳам стерилизация қилиш ҳақида эса камчилик билади. ОАВ хабар беришича, бу чора инсониятнинг кучли ярми вакиллари орасида тобора оммавийлашиб бормоқда экан.

Фарзанд кўриш имкониятидан воз кечиш ҳақидаги қарорини эркаклар шу билан боғлайдики, жинслар тенг ҳуқуқли эканлиги эълон қилинган замонавий жамиятда амалда аёлларнинг ҳуқуқлари кўпроқ бўлиб чиқмоқда. Яқинда Кремль маъмуриятида юқори лавозимлардан бирини эгаллаган амалдор Владислав Сурков бу ҳақида ҳатто эссе ҳам босиб чиқарди. Унинг айтишича, ҳозирги ғарб дунёсида ҳукуматни амалда аёллар ўз қўлига олган ва бошқармоқда. Тўғри, ғарб кўринишидаги замонавий матриархатни у Европа тамаддуни «таназзули аломати» деб атайди.
Россия Федерацияси президентлигига номзодлардан бири – Ксения Собчакнинг аёллар фақат «қўзғалган эркаклар эгосининг бемаъни ва вайрон қиладиган тўқнашувларидан кейин ҳамма жойни йиғиштириш» учун кераклиги ҳақидаги эътирозлари замонавий социумда муомала тарзини аёллар белгилаб беришини инкор қилмайди.
Мана «чайлдфри» модаси ҳам кўп жиҳатдан шунинг натижаси бўлдики, аёл киши «янги ажойиб дунё»да тобора кўпроқ карьерага йўналтирилмоқда, уй бекаси ролига эмас. Шуниси қизиқи, АҚШда ишлаётган аёллар улуши 60-йилларнинг охирида 40 фоиздан 70-йилларнинг охирида 70 фоизгача ўсди. Яъни атиги ўн йил ичида ишлаётган аёллар улуши 30 фоизга ўсди.
«Менинг лойиҳаларим – менинг фарзандларим», – баъзида «карьерачи» йўлини танлаган ва бунда она бўлиш имкониятини қурбон қилган аёллардан шу гапни эшитиш мумкин. Қўшимча қилиш мумкинки, инсониятнинг гўзал қисми, социумда фаоллик намойиш этар экан, уни ўзи учун мослаштириб олади – ахир бу жуда қулай-ку. Илгари дунё «эркакча, эркакларники» бўлган ва заифалар эркакларнинг ишига ортиқча аралашишни истамаган. Энди эса, ҳамма нарса рухсат этилган бир пайтда, меъёр тушунчасининг ўзи йўқолмоқда, ахир илгари аёллар учун уйда ўтириш меъёр бўлган бўлса, эндиликда улар ҳаттоки давлатларни ҳам бошқармоқда.
Мана энди юқорида айтиб ўтилган «катта тозалаш» тамойилига кўра аёллар буни «қонунчиликни инсонпарварлаштириш» ёки «ижтимоий йўналтирилган сиёсат» ёки «толерантлик (бағрикенглик)» деб атаган ҳолда барча эркаклик «Мен»и намоён бўлишларини қискартира бошлади. Амалда буткул аёлларга топшириб қўйилган тармоқлар мавжуд, масалан, мактаблар. Эркакча «чайлдфри» бу – ҳозирги жамиятда эркаклар учун ёзилган қоидаларга жиддий тус олган нотўғри реакция.
Анъанавий социум иерархия ғояси, жумладан, оилавий иерархия ғояси билан қамраб олинган эди. «Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар…», – дейилади Қуръонда (Нисо сураси, 34) ва бу ерда гап машъум «сексизм» ҳақида эмас, балки жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз функцияларини бажариши: эркаклар емиш топиб келиши, аёллар эса – «ўчоққа қараши» лозимлигидадир.
Замонавий дунё бу – функцияларнинг такрорланишидир. Агар эркак ва аёл моддий неъматлар топиш билан машғул бўлса, «ўчоқ»  ўчиб қолади, ахир бундай муносабатларнинг мантиқий давоми фақат ўзига эътибор қаратиш бўлиб қолади. Замонавий эркаклар учун оила фойда келтирмайдиган қўйилмага, оила ришталари эса кишанга айланмоқда. Эгоцентризм (ўтакетган манманлик, худбинлик) тантанасининг натижаси сифатида деярли бутун Европа бўйлаб туғилиш кўрсаткичлари туб ерли халқлар ўртача статистик оиласига 1,78 та боладан ортмаяпти.
Россияда ҳам туғилиш кўрсаткичларининг бир неча йил давомида ўсишидан сўнг аҳолининг сони табиий  райишда камайиши кузатилмоқда. Лекин, мантиққа зид равишда, Шимолий Кавказ республикаларида туғилиш кўрсаткичлари мамлакатдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Боз утига, бу минтақаларда ўлим кўрсаткичлари ҳам энг паст. Бунинг изоҳи оддий – ушбу минтақаларда социумдаги ролларнинг анъанавий тақсимланиши сақланиб турибди ва бу жуда муҳим омилни – этнослар сони ўсишини таъминлайди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров айтиб ўтганидек, эътиқод, жасорат ва ватанига садоқат чечен халқига ҳатто депортация азобларида ҳам омон қолишга имкон берди. Бу ерда эътиқод бежизга биринчи ўринга қўйилмаган.
Ислом дини нуқтаи назаридан эркаклар ва аёллар ўртасида муносабатларннг фақат битта шакли – қонуний никоҳ ўринга эга бўлиши мумкин, никоҳ бу – оддий оила иттифоқи эмас, балки ибодат шаклларидан бири бўлиб, бу ерда эрнинг мажбурияти оилани таъминлаш, аёлнинг мажбурияти эса – у ҳақида ғамхўрлик қилиш ҳисобланади. Бу ҳолатда уларнинг иккаласи ҳам ўз мажбуриятларини тегишли равишда бажарганлиги учун Аллоҳнинг ажрини кутади, чунки бундай ҳолат Парвардигор томонидан белгилаб қўйилган ва инсон табиатига жуда мос келади.

Интернетдан
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase