close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Фоҳишабозлик тарихидан

Фоҳишаликнинг тарқалиш миқёси бутун дунёни хавотирга солмоқда. Масалан, Москва шаҳрининг ўзида кунига йигирма мингдан ошиқ фоҳишалар ўзларини сотадилар. АҚШда ярим миллионга яқин профессионал фоҳишалар бўлса, Нидерландия ва Францияда эса йигирма мингдан ошиқ фоҳишалар бор...

Жинсий хизматлар уйга чақириб олиш йўли билан, меҳмонхоналар, ҳордиқ чиқарадиган жойларда, мода уйларида ҳамда машҳур фирмаларнинг хизмат марказларида кўрсатилиши мумкин. Фоҳишаларнинг баъзи турлари турли хил форумлар, анжуман ва иш музокаралари кечадиган жойларда ҳам учрайдиган бўлди. Болалар фоҳишалиги ҳам “гуллаб-яшнамоқда”.  Ҳиндистонда икки миллионга яқин бузуқ аёллар бўлса, уларнинг бешдан бири ҳали вояга етмаган қизчалардир.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, илмнинг кўтарилиши, жаҳолатнинг қарор топиши, хамр ичилиши ва зинонинг кенг тарқалиши қиёмат аломатларидандир», дедилар. Бухорий ривоят қилган.
Ҳа, ҳақиқатдан ҳам бу гуноҳ кенг тарқалди ва буни кўриш, билиш учун ички ишлар ходими ёки махсус касб эгаси бўлишимиз шарт эмас.

Аксинча, менга кўра, бу қадимий касб эгалари бугунга келиб юқори рейтингга эга бўлиб бормоқда. Санкт-Петербургда ўқувчи ва талабалар орасида ўтказилган сўровнома жамиятимиз янгиланишининг оқибатлари ҳамда демократиянинг асл жирканч башарасини очиб ташлади. Уларнинг тушунчаларига кўра, фоҳишалик касби йигирмата жозибали касб ичида ўн биринчи ўринни эгаллар экан. Албатта, ижтимоий иллатнинг бу тури бундай баҳоланиши кимнингдир бу ҳақда жиддий фикрлашига сабаб бўлгандир. Бўлмаса-чи! Пулга жинсий хизмат кўрсатиш йўли орқали бу касб билан шуғулланаётган “ойимчалар”  илмий соҳаларда тер тўкаётган малакали мутахассисларнинг касбидан анча юқори баҳоланар экан.

Бу касб ҳақиқатдан ҳам жуда қадимий касб эканини таъкидлаб ўтиш зурур. Тарих отаси деб ҳисобланадиган Геродотнинг айтишича, Фиръавн Хеопс йигирма йил мобайнида ўзига атаб пирамида қурган ва касодга учраган, сўнг ўз қизини фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилган ва пирамидани қуриб битказган. Кўп халқларнинг жоҳилият тарихи шунга ўхшаш воқеалар билан тўлиб кетган. Коҳинлар одамларнинг жинсий ғаризаларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга жуда уста бўлишган, оқибатда фоҳишалик кенг тарқалган. Шу каби дин ниқоб қилинган фоҳишаликда қиз бола ўз иффатини қурбон қилишига мажбурланган эди.  Масалан, Қадимги Бобилда коҳинлар ўрнатган тартибга кўра, ҳар қандай бобиллик қиз (аёл) умрининг бир вақтини Мелитта ва Венера ибодатхонасида ўтказиши ва истаган хорижликка ўзини пулга сотиши керак эди. Тушган пул эса коҳинлар киссасига тушар эди. Бундай диний фаҳш бозори доим чаққон эди.
Қадимги Римда ҳам фоҳишалик жуда кенг тарқалди. Ҳатто, унинг келиб чиқиш тарихини ҳам “Абадий Рим” асосчилари Ромул ва Ремни бузуқ аёл эмизиши афсонаси билан боғлашади. Тацитнинг айтишича, Рим империяси ташкил қилинган вақтларда у ерда бирон-бир иффатли аёлни топиш мумкин бўлмаган. Рим империясининг қулаши, насронийликнинг тарқалиши Европа ахлоқига сезиларли таъсир қилди. Исо алайҳиссалом таълимотини даъват қилган ҳаворийлар жинсий муносабатларда иффатли бўлишга чақиришган. Ҳаворийлар ва уларга эргашганлар жинсий бебошлик, никоҳсиз алоқалар ва фоҳишаликка муросасиз равишда курашган. Бироқ илк насронийларнинг нафсга қарши кураш баҳонасида жинсий муносабатларга қарши бўлиши, таркидунё қилиш – уйланмай ўтишга қилган тарғиботларига қарамай, улар фақат мажусий-бутпарастлик динлари давридаги ибодатхоналар ва уларга боғлиқ диний маросимлардаги очиқ фоҳишаликкагина чек қўя олганлар холос. Бошқа барча турдаги фоҳишабозлик олдингидек ўз фаолиятини давом этар ва биринчи насроний императорлар бу нарсага сабр қилишга мажбур бўлардилар.

Қирол саройларида давлат хазинаси ҳисобидан юзлаб фоҳишалар таъминлаб турилган. Ҳатто, уларни бошқариш учун Францияда вазирлик лавозими жорий қилинган ва Франциск I даврида бу лавозимга аёл киши вазир этиб тайинланган – фоҳишалар вазири! Бу ерда на кулишни биласан, на йиғлашни. Иблис уларнинг барчасини шунчалик ҳам адаштириб қўядими-а? Бироқ, улар янада илғорлаб кетишди. Екатерина Медичи Франция қироллик саройида энг номдор фоҳишалардан “қироличанинг чаққон эскадрони”ни ташкил қилди. Ҳақиқатдан ҳам, фуқаролар қандай бўлса қироличаси ҳам шундай бўлади, дегани шу бўлса керак-да. Улар бутун мамлакат бўйлаб фаолияти туфайли кўп жойларни булғаган, чет элларга ҳам чиқиб у ёқдаги ҳукмдорлар ва уларнинг атрофидагиларни йўлдан урган.
Католик черкови ҳам ахлоқ тозалиги бўйича ўрнак бўла олмаган. Уйланмаслик бўйича аҳд қилган роҳиблар ва руҳонийлар ўзларининг тийиқсиз шаҳватларини қондириш учун ҳаромхоналар ташкил қилган. Руҳонийлар биринчи никоҳ кечасига кириш ҳуқуқига эга бўлишган, фоҳишахоналарга ташриф буюриб туришган, қўшмачилик билан шуғулланишган. Европада гомосексуализм уруғларини сочишган ҳамда фоҳишабозлик тарқалишига катта ҳисса қўшишган. Ҳисоб-китобларга кўра, 1581 йили Францияда руҳонийлар сони 1 миллион 18 мингга етган, уларнинг ўйнашлари эса 1 миллион 150 мингдан ошиқ бўлган, гомосексуаллар сони қирқ мингдан ошган. Мана сизга уйланмаслик ҳақдаги аҳд деган нарса!

Салбчилар юриши ва тинчлик даврларида аёлларнинг монастирлари  аскарларни қабул қилиб турадиган фоҳишабозлик уйларига айланар эди. Европа армияларининг ҳарбий лагерларидаги фоҳишаларнинг сони аскарлар сони билан тенг келар эди.

Православлар ҳам бу масалада ўз йўллари билан бордилар. Россияда фаҳишабозлик турли хил кўринишларда ривожланди. Қўшмачи аёллар уйларни кезиб ёш қизларни бегона эркакларга қўшиб, айш-ишрат билан машғул эди.

Дипломат Адам Олеарийнинг таъкидлашича, бузуқ аёллар Қизил майдоннинг ўзида ҳам ўзларини сотишар экан. Аксар хорижликлар россиялик аёллар билан қўшилишни истамаслиги насронийлик одоб-ахлоқларига риоя қилганидан эмас, балки ўзининг эҳтиёти учун бўлган экан. Русларга “гостец” номи билан машхур бўлган касаллик 15 аср охирларидан маълум бўлган. Буюк княз Иван III ҳам бу касаллик қандай тарқалаётгани ҳақида қизиққани ривоят қилинади. Ҳақиқий православ эътиқодидагилар гуноҳ қилмасликка ҳаракат қилган, агар жуда ҳам бўлмай кетса черковга аъзолигини вақтинча “тўхтатиб” турган экан. “Кўпчилик гуноҳ қилаётганида, ёки гуноҳ қилмоқчи бўлганида, деб ёзади Кастомаров Н.И, - бўйинларидан хочни ечишган ва (деворлардаги иконлар) юзига парда тортишган”. Шундай қилинса Худо кўрмайди, деган эътиқодда бўлишган. Оқ суяк, задагонлар ҳам бу гуноҳга муккасидан кетишган. 

Маттода: “Қадимгиларга: “Зино қилма”, – деб айтилганини эшитгансизлар”, Лекин Мен сизга айтаман: ким бир аёлга шаҳват билан қараса ҳам, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади” , дейилган эмасми, ахир”. (Матто 5, 27-28) 

Минг афсуски, бу гуноҳ баъзи бир мусулмон мамлакатларида ҳам кенг қулоч ёйди. Масалан, Исломдаги илк фирқа – шиаларда жоҳилия давридан қолган фоҳишабозлик ҳали ҳам бор. Бу вақтинча никоҳ кўринишида ўз аксини топди. Масалан бир, икки соатга, бир тунга, ойга ва ҳоказо. Рисолат келмасидан олдин никоҳнинг бундай тури Арабистонда кенг тарқалган эди. Расулуллоҳ с.а.в бундай никоҳни бекор қилдилар. Бироқ негадир шиалар бу ҳақида “ҳеч нарса билишмайди”.

Юқоридагиларни ўқир эканмиз, “Нега аёллар бу жирканч касб билан шуғулланади”, деган ўй келади. Замонавий тадқиқотлардан маълумки, аксар аёлларнинг бу касб билан шуғулланишига жиддий иқтисодий муаммолар сабаб бўлмас экан. Ножоиз жинсий алоқанинг бошланиши ва кейинчалик фоҳишаликка олиб келишидаги илк сабаблардан бири - оилада қиз боланинг хулқи устидан назорат йўқлиги, унинг бўш вақтларини бирга ўтказадиган дугона ва дўстларига нотўғри баҳо бериш экан. Биз яхши биламизки, бундай бузуқ жинсий алоқалар одатда шовқинли кўчалардаги тунги сайрлар оқибатида келиб чиқади. Хулқи бузуқ қизлар мана шундай жойларда ичиб, чекиб, йўлдан ўтаётган йигитларни ўзларига жалб қилади ва оқибат ҳаммага маълум... Ёлғиз она билан яшаётган қизчаларга ҳам оналарининг ахлоқсизлиги ўтар экан (50 фоиздан ошиқ ҳолларда).

Бу иллатга қарши қандай курашса бўлади?

Маълумки, энг яхши даво бу касалликнинг олди олинишидир. Бу борада Исломий тарбия барча педагогика услубларидан афзал экани исботланган. Тарбия, психология бўйича жилд-жилд китоблар ҳам керак эмас. Бизга Суннат ва унда ёзилган услублар кифоядир. Гарчи унга 1400 йил тўлган бўлса-да, ахлоқ ва тарбия борасида у 21 асрда ҳам жуда долзарбдир. Аллоҳ Таоло тарафидан инсониятга нозил қилинган энг сўнгги ваҳийда булар ҳақида зикр қилинган. Аллоҳ Таъоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтадики: “Зинокор аёл ва зинокор эркак, икковларидан ҳар бирини юз даррадан уринг. Агар сиз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган бўлсангиз, сизларни уларга нисбатан Аллоҳнинг динида шафқат тутмасин. Ва уларнинг азобига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар. Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланур. Бу мўминларга ҳаром қилинмишдир. Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир. Магар бундан кейин тавба қилиб, ўзини ислоҳ қилганлар (мустасно). Зеро, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир”. ("Нур" сураси, 2-5)

Ҳа, аксар европаликлар ва уларга тақлид қилувчилар учун булар шафқатсиз туюлиши мумкин. Бироқ, бир нечта мисоллар кетирмоқчиман, динимиз комил ва барча нарсани қамраб олувчи бўлиб, мисолларим Исломни оқлаш учун эмас, балки эслатиш учундир. Хўш, ғайри дин ғайри миллат вакиллари бу гуноҳ учун қандай жазо белгилаган экан?

Мусо алайҳиссалом ўз вақтида 32 минг фоҳишани йўқ қилиб юборган.

Бошқа мисол: 19 асрнинг 20-йилларигача фоҳишаларни қопга солишар, қопдан фақат унинг қириб, қатронланган боши чиқиб турар эди. Уни шу аҳволда ҳамма кўрадиган жойга жойлаштирар эди. Сўнг хивич билан савалашар ва шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, нажас ва тошлар билан тошбўрон қилиб ташланар эди.

Шунга ўхшаш жисмоний жазолар Европанинг бошқа шаҳарларида ҳам учраб турар эди. Одамлар фоҳишалардан ўрта аср касали – сифилис чиқанини кўргач, уларни жисмонан йўқ қилишга киришар эди. Масалан, Генрих III  буйруғи билан маршал Строцци Луарда 800 та фоҳишани чўктирган. 1687 йили Версалда фоҳишалик билан тутилган аёлларнинг қулоқлари кесиб ташланган. Британияда бузуқ аёлларни хивич билан савалаб, мамлакатдан чиқариб юборилар эди. Женевада эса, фоҳишалик билан шуғулланганларнинг васийларига ҳам ўлим жазоси муқаррар эди. Испания ва Португалияда фоҳишаларнинг қўшмачилиги билан қўлга тушганларнинг бурунлари кесиб ташланган. Бу мисолларнинг барчаси ноқонуний фоҳишалар ҳусусида эди, қолганлари солиқларини тўлаб, фоҳишахоналарда яшаб юраверишган. Солиқни тўлаб қўйдингми, бемалол яшайвер, дегани шу бўлади-да. Кавказда эса фоҳишалик билан қўлга тушган аёлларнинг икки оёғи икки отга боғланар ва от икки тарафга қараб чопиши керак эди. Бу “қонуний” ва “ноқонуний” фоҳишаларга бирдек тегишли эди. Бундан кейин фоҳишадан нима қолганини тасаввур қилиш қийин эмас. Бироқ бу нарсалар жуда нодир бўлиб, деярли учрамас эди. Исломда никоҳда бўла туриб, зино қилганлар тошбўрон қилиниши қайд қилинган. Бироқ, жазонинг бу тури шунчалик “шафқатсиз” бўлгани учун тарихчиларнинг айтишича, бундай жазо Бағдод халифалиги даврида энг сўнгги марта қўлланилган экан. Яъни, бу гуноҳ деярли учрамайдиган ҳолга келган. Мантиқан тўғри, ҳеч ким ўз экинида ёввойи-бегона ўт ўсишини истамайди-да, уни дарҳол кесиб ташлаш керак. Бунинг устига бу оғир гуноҳ, ҳам жиноятдир.

Аллоҳ Таоло марҳамат қилиб айтадики: “Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фаҳш иш ва ёмон йўлдир”. (Исро сураси, 32 оят)

Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим. (Тафсири Ҳилол)

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир ёш йигит пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди: “Эй расулуллоҳ, менга зино қилишга рухсат беринг”. Одамлар унга юзланишди ва: “Ҳой, нима деяпсан?!” – деб уни жеркиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам "Яқинроқ кел", дедилар. У яқинлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам "Ўтир", дедилар. У ўтирди. “Сен буни (зинони) онангга бўлишини хоҳлайсанми?” У “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ, албатта”, деди. "Одамлар ҳам оналарига буни хоҳламайдилар", дедилар. "Қизингга хоҳлайсанми?" дедилар. “Йўқ, албатта эй расулуллоҳ Аллоҳ мени сизга фидо қилсин”. "Одамлар ҳам қизларига буни хоҳламайдилар" дедилар. "Сен буни синглинг учун хоҳлайсанми?" У “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ, албатта”, деди. "Одамлар ҳам буни сингиллари учун хоҳламайдилар". "Сен буни амманг учун хоҳлайсанми?" У “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ, албатта”, деди. "Одамлар ҳам буни аммалари учун хоҳламайдилар". "Сен буни холанг учун хоҳлайсанми?" У “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ, албатта”, деди. "Одамлар ҳам буни холалари учун хоҳламайдилар". Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини унинг устига қўйдилар ва "Эй Аллоҳ, бунинг гуноҳини кеч, қалбини покла ва авратини сақла", дедилар. Ҳадисни ривоят қилувчи айтади, ана шундан кейин бу йигит бирор нарсага қиё боқмайдиган бўлди. (Имом Аҳмад ривояти.)

Аллоҳ Таолодан гуноҳларимизни кечиришини ҳамда қалбларимизни поклашини ва авратимизни сақлашини илтижо қилиб сўрайман!

Интернет маълумотлари асосида
 Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase