Қозоғистон хориждаги таълим радикаллашувни кучайтириши мумкинлигини инобатга олиб, диний илм ўрганиш истагидаги ёшларни ватанида таҳсил олишга чақирмоқда. Нур-Султондаги Диний тадқиқотлар марказига кўра, кўпинча хорижий давлатларда динни ўрганганлар радикал ғоялар таъсирига тушадилар.
«Бунга террорчи деб танилган Саид Бурятский ва Саид Коуачи, салафийлик даъватчиси Аҳмад Мединский, Нодир Абу Холид ва бошқаларни мисол ўлароқ келтириш мумкин», деган эди марказнинг бўлим бошлиғи Бексултан Абдуллов март ойида Zakon.kz сайтига.
«Хориждаги беозор кўринувчи диний таълимнинг хавфини шундан ҳам англаш мумкин», дейди Абдуллов.
Сўнгги бир неча йилдан бери Қозоғистон ҳукумати диний таълим имкониятларини кенгайтириш устида иш олиб борди.
Қозоғистондаги мавжуд диний таълимни тартибга солувчи асосий ҳужжат – Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг (ҚМДИ) 2015-2020 йиллар учун мўлжалланган диний (маънавий) таълимни ривожлантириш концепциясидир.
ҚМДИ ушбу ҳужжат асосида Қозоғистонда диний масалалар бўйича стандартлаштирилган ўқув машғулотлари учун инфратузилма яратиш орқали радикаллашувнинг олдини олишга уриниб келган.
Диний таълим олишни истаган қозоғистонликлар тўққиз мадраса ва олти университетдан бири танлаши мумкин: Мисрнинг Нур-Муборак номидаги ислом маданияти университети (ҚМДИ тасарруфида), Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университети, Евроосиё миллий университети, Қарағанда давлат университети, Халқаро қозоқ-турк университети ва Қозоғистоннинг Абилайхон номидаги халқаро муносабатлар ва жаҳон тиллари университети.
Қозоғистон имомлар малакасини ошириш Ислом институти 2002 йилда ҚМДИ шафелигида очилган. Унда ҳозирга қадар 1257 нафар имом ўз малакасини оширди.
Масалан, 2001 йилда Алматида очилган Нур-Муборак университетининг ўзи имомлар, диний мутахассислар, исломшунос олимлар, араб тили ва адабиёти ўқитувчилари, таржимон ва олимларни тайёрлайди.
Бугунги кунга қадар 2059 талаба ушбу муассаса дипломини олди. 2019-2020 ўқув йилида бу даргоҳни 203 талаба тамомлади, 2020-2021 йилларда бу рақам ўзгаришсиз қолиши кутилмоқда.
Мамлакатдаги 100 га яқин масжид диний саводхонлик дарсларини ўтказа бошлади. Ўтган йили бу машғулотларда 50 мингга яқин қозоғистонлик иштирок этди.
2019-2020 ўқув йилида ҚМДИ тасарруфидаги ўқув муассасаларини жами 746 талаба тамомлаган.
Миср ва Туркия билан ҳамкорликдаги дастурлар
Қозоғистон хориждаги таниқли ва нуфузли муассасалар билан ишончли таълим дастурларини йўлга қўйган.
ҚМДИ ва Ал-Азҳар университети ўртасида имзоланган битимга кўра, Миср ҳукумати экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш билан шуғулланаётган 50 нафар қозоғистонлик имомга грант ўринлари ажратган. Ҳозирга қадар ушбу дастур асосида 46 нафар имом Мисрда таҳсил олди.
2021 йилда Ал-Азҳар университети икки ойлик онлайн курсларни ўтказади. Ҳозирда эса университетда 23 нафар қозоғистонлик имом ўз билимларини мустаҳкамламоқда.
Жорий ўқув йилида Нур-Муборак университети ва мадраса талабаларига Ал-Азҳарнинг 25 гранти насиб этди, ҳозирда у ерда 100 дан ортиқ қозоғистонлик талабалар таҳсил олмоқдалар.
ҚМДИ ва Туркия Дин ишлари бошқармаси ўртасида тузилган келишувга биноан, 250 га яқин қозоғистонлик имомлар Туркияда икки ой малака ошириб қайтдилар, Қозоғистондан 31 талаба Истанбулдаги Ҳасеки Абдураҳмон Гурсес ўқув марказида таҳсил олишмоқда.
Хорижда ўқиш нархлари
Хорижда грант ололмаган қозоғистонликлар Қозоғистоннинг ўзида арзон таълим олишлари мумкин.
«Масалан, Нур-Муборак университетида 2020-2021 ўқув йилида бакалавриат таълими нархи диншунослик йўналишида 380 минг тенге (886 АҚШ доллари), исломшунослик йўналишида 498 минг тенге (1162 АҚШ доллари) бўлган», дейди ҚМДИнинг диний таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими раҳбари Алматилик Смаил Сетбеков.
Дунёдаги энг қадимий диний таълим муассасаларидан бири Қоҳирадаги Ал-Азҳар университетида хорижлик талабалар бакалавр ёки магистрлик даражаси олиш учун бир йилда энг камида 1 миллион тенге (2500 АҚШ доллари) тўлайдилар.
Тугаб бораётган жорий ўқув йилида ҳукумат қозоқ ёшларининг мамлакатдаги университетларда диншунослик йўналишида таълим олиши учун 300 та грант ўрни ажратган эди, деб қўшимча қилди Сетбеков.
«Бу йил нечта грант ўрни бўлишини билмаймиз. Қозоғистон таълим вазирлиги июн ойида бу ҳақда хабар беради. Менимча, 300-400 та грант ўрни бўлса, ёшлар учун катта ёрдам бўларди», дейди у.
Нур-Муборак университетига 2019-2020-ўқув йили учун 500 та абитуриент ҳужжат топширган. 2020-2021 йилда бу рақам 510 кишига етган, навбатдаги ўқув йили учун эса 500-520 киши ҳужжат топшириши кутилмоқда, деб қўшимча қилди у.
Диний таълим олиш учун Қозоғистон университетларига ўқишга кирадиган абитуриентлар сони бу муассасаларнинг чет элдаги университетларга нисбатан сифатли ва арзонроқ таълим бера олишига боғлиқ, дейди Қозоғистон миллий педагогика университети профессори Алматилик Асилбек Избаиров.
«Бепул таълимга келсак, жорий йил учун 300 та грант етарли», дейди Избаиров. «Аммо жамиятда битирувчиларга талаб бўлиши, ташқи диний ҳаракатларга қарши тура олишлари ва муносиб мафкуравий йўналишларни шакллантиришлари муҳим.»
Қозоғистон имомларининг диний саводхонлиги ва маҳорати йил сайин ошиб бормоқда, дейди диншунос Елнар Берикбаев.
«Нур-Муборак университети исломшунослик, диншунослик ва араб тили бўйича юқори малакали олимларни тайёрлайди», деб айтган у Informburo.kz веб-сайтига ўтган йил июн ойида.
«Биз махсус академик дастурлар ишлаб чиқиб, мамлакат ичида кенг қамровли диний таълим учун шароит яратдик», деб айтган у янгиликлар веб-сайтига. «Имомларга мунтазам равишда малака ошириш курсларини таклиф қиламиз».