close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Тарозунинг икки палласи

Дунёда ҳамма нарсанинг зидди бор:  иймон ва куфр, ҳидоят ва залолат, маърифат ва жаҳолат, эзгулик ва ёвузлик, риёзат ва шаҳват, савоб ва гуноҳ, мукофот ва жазо ва ҳоказо… Буларнинг мувозанати эса охират мезонига боғлиқ.

Одатда тарозунинг бир палласи босиб кетса, иккинчиси палласи юқорига сакрайди. Маънавият оламида ҳам шундай: масалан, инсонда иймон сусайса, залолат  зўрлик қилади, маърифат кам бўлса, жаҳолат кучаяди.
Инсон икки унсурдан: руҳ ва жасаддан таркиб топган. Жасаднинг асли тупроқдан бўлгани учун гуноҳ ва шаҳватга мойил. Руҳ ҳамиша нурга интилади, асл маконига талпинади. Шу боис тана талаби ғолиб бўлса, руҳиятники сусаяди, қалбни зулмат қоплйди. Руҳият юксалса, қалб нурга тўлади, тананинг беҳуда талаблари жиловланади.
Динимиз дунё ҳаёти ва охират йўлида қилинадиган барча амалларни қулай ва уйғун ҳолда бирлаштиради. У инсонни охират учун дунё ишларидан маҳрум этмайди, ё аксинча охиратни унуттириб, дунё ишларига мубтало қилиб қўймайди. Чунки буларнинг иккови ҳам бир-бирига қарши эмас, бирининг ўрнини бошқаси босолмайди. Одамлар бу дунёда тафовутли бўлганларидек, охиратда ҳам фарқли бўлишади.
Ҳақ ва ботил, ҳидоят ва залолат, эзгулик ва ёвузлик дунёда ҳамиша ёнма-ён, бақамти. Бироқ Ҳақ аҳли Ҳақ томонга, ботил аҳли ботил томонга боради. Яхшилар суннатга эргашиб, Парвардигор жамолини кўзлашса, ёмонлар шайтонга эргашиб, охиратларини бой беришади. Жинсиятнинг  ўзаро қўшилиши инсон билан инсон орасида мавжуд бўлгани каби ҳақ ва ботил ҳам ҳар вужудда бор.
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий»ида бундай байтлар бор:

Бир чамандин тотса-да икки ари,
Ул бири ниш, ҳам асал бўлгай бири.
Икки оҳу сув ичиб ўтлар еди,
Лек биридан гўнг, биридан мушк ҳиди.
Икки хил най: оши бирдир, суви бир,
Ул бири шаккар, бири бўм-бўш тақир.

Ҳақиқатан Аллоҳ яратган махлуқларнинг ташқи кўриниши бир хил ёки ўхшаш бўлса-да, феъл-атвори, вазифадорлиги турлича. Мавлоно келтирган икки нав ари – сариқ ари ва болари бир хил набототдан шира билан озиқланса-да, бири заҳар келтиради, бошқаси асал. Оддий кийик билан Хўтан кийиги бир хил гиёҳ ейди, бир хил сув ичади, аммо бирининг егани ахлат, иккинчисиники хушбўйликда ўхшаши йўқ мушк бўлади. Оддий қамиш билан шакар қамиш ҳам бир заминдан сув ичиб-озиқланади, бирининг ичи бўм-бўш, иккинчисиники шакарга тўла.
Инсонлар ҳам худди шуларга ўхшайди. Бири еган турфа таомларини турли разолат ва ёвузликларга сарфлайди, бошқаси эса куч-ҳаракатини Аллоҳ ризосини топиш, инсонларга яхшилик қилишга бағишлайди. Бири Аллоҳ берган неъматлар эвазига тоат, яхши ишлар билан машғул бўлади, бошқаси неъматлардан гуноҳ ишларда фойдаланади. Бир киши Аллоҳ берган умрни хайрли ишлар билан безаса, бошқаси уни шаҳват ва маъсиятлар йўлида совуради. Уларнинг ташқи қиёфасига қараб баҳо бериб бўлмайди, зеро, Мавлоно айтганидай, шўр ва чучук сув зоҳиран соф, тоза кўринса-да, уларнинг таъми татиб кўрилгандагина маълум бўлади. Маймун ташидан одамга ўхшаса ҳам ҳеч ким уни инсонга тенгламайди. Ҳар бир ҳасса Мусоники каби бўлавермайди, учраган ҳар бир ит ҳам "ғор соҳиблари" йўлдоши Қитмир эмас.
Ҳар бир хулқда икки тарафи ва ўртаси бор. Масалан, ортиқчаликка мойил хулқ тарафи "такаббурлик" деб номланса, етишмовчиликка мойил  хулқ тарафи "пасткашлик ва хорлик" деб аталади, буларнинг ўртаси тавозеъдир. Тавозеъ ҳамма севадиган хулқ, хорланмай адо этилгани  эса энг яхши хулқдир.
Илмнинг ҳам яхшиси ўртачасидир. Ким тенгдошларидан устунлик қилса, мутакаббирдир, ким тенгдошларидан ортда қолса, неъматга ношукрдир. Чунки у ўзидаги қадрли бир нарсани паст санади.
Сахийлик шаръан чиройли хулқдир. Сахийлик зиқналик ва исрофгарчиликнинг ўртасидир. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Улар эҳсон қилишса, исрофгарлик ҳам, бахиллик ҳам қилмайдилар, ўртача турадилар» (Фурқон, 67).
Бу мўътадил хислатлар инсон табиатининг камолоти билан Аллоҳ таоло томонидан берилади, гоҳо ўрганиш билан ҳосил бўлади, унга риёзат орқали ҳам эришилади. Икки томоннинг ўртаси бўлган ҳақиқий ўрта ҳолатни билиш ғоятда мушкул, у соч толасидан ҳам нозик ва қилич тиғидан ҳам ўткир. Ҳақиқатан бу дунёда ким тўғри йўлда бўла олади? Охиратда пулсиротдан ким бехатар ўта олади? Дунё истиқоматининг қийинлигидан Аллоҳ таоло бандасига ҳар куни бир неча марта: "Бизларни тўғри йўлга бошла!" (Фотиҳа, 6) оятини ўқишни буюрган.
Жалолиддин Румий айтади:

Икки масжид Ҳақ бунёд айламиш,
Кимга дўзах бермиш Ул, кимга беҳишт.
Аҳли дунё шоҳга этгай саждалар,
Кибриёга сажда этмаслар улар.

Икки севги асло бир вақтда жамланмайди: Аллоҳ севгиси ва маъсиятлар севгиси; дунё севгиси ва охират севгиси; адолат севгиси ва истибдод севгисининг бирлашганини ҳеч ким кўрмаган. Ким Аллоҳни севса, Унга осийлик қилмайди. Ким Унга осий бўлмаса, итоатсизлик кўрсатмайди. Дунёда қанчадан-қанча инсонлар соғлом юришни орзу қилишади, бунга интилишади, аммо зарарли нарсаларни истеъмол қилишаверади. Қанчадан-қанча инсонлар Аллоҳнинг жаннатидан умидвор бўлишади, аммо гуноҳлардан тийилишмайди.
Агар инсон фақат дунёга улфатлашиб, унинг шаҳват, лаззат, турли васвасалари билан ўралашаверса, охират ташвишларидан ғафлатда қолади, ҳатто уларни унутишгача боради. Аксинча фақат охиратни ўйлаб, ҳаётдаги вазифаларидан воз кечса ва жамиятдан узилса, боқий дунё мукофотларини бой берган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: "Ким дунё савобини истаса, унга ўша истаган нарсасини берурмиз, ким охират савобини истаса, унга ҳам истаган нарсасини берурмиз" (Оли-Имрон, 145).
Абу Мусо Ашъарий (разийаллоҳу анҳу) Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят этишларича, у зот: “Ким дунёсини дўст тутса, охиратига зарар келтиради ва ким охиратини дўст тутса, дунёсига зиён беради. Бас, фано бўладиган нарсадан кўра боқий нарсани афзал билинглар, деганлар” (Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти).
Инсон руҳи ва қалби орқали Аллоҳга боғланади. Қалб  ободлиги тақво ва риёзат билан  бўлади. Агар унда Аллоҳнинг зикри кўпайса, ёмон сифатлар томири суғуриб ташланса, шайтон унга киришга йўл тополмайди, у лаънатига жой қолмайди. Агар қалб Аллоҳ қўрқувидан, зикридан холи қолса, ярамас ахлоқлар билан булғанса, унга ҳокимлик шайтонга ўтади. Аллоҳ таоло айтади: "Аллоҳ таоло кимни ҳидоятга чорлашни ирода этса, унинг қалбини Исломга очиб қўяди. Кимнинг адашишлигини хоҳлаган бўлса, гўё осмонга чиққанда кўкраги қисилган одамдай қалбини қаттиқ қисиб, тор қилиб қўяди" (Анъом сураси, 125-оят).
Мўмин киши Аллоҳ розилигини топиш учун ҳамиша қўрқув (хавф) ва умид (ражо) ичида яшаши керак. Ривоятда келганидай, "Агар барча одам жаннатга кириб, бир одамгина қолади" дейилганида ўша менмикинман, деган қўрқувда бўлиши, "Агар барча одам дўзахга тушади, бир одамгина омон қолади" дейилганида  ўша менмикинман, деб умид қилади. Олимлар хавф ва ражони иймон қушининг икки қанотига тенглашган. Тақволи кишилар эса хавф ва ражонинг ўртасини танлашади. Шунинг учун ҳам: "Агар мўмин одамнинг хавф ва ражоси тарозида тортилса, баробар-тенг чиқади", дейилган. Чин тақводорларнинг ражоси кучлироқ бўлади. Амалини тўғри дея гумон қилмайдиган мўминнинг мисоли нотаниш ерга тажриба қилмай уруғ сочган одамга ўхшайди.
Қўрқув ва умид ўртасидаги инсонларнинг энг хавфдагиси – ўзини ва Парвардигорини яхши билувчисидир. Аллоҳ таоло айтади: "Чиндан ҳам Аллоҳ таоло бандалари орасида уламолар қўрқишади" (Фотир, 28). Пайғамбар алайҳиссалом: "Аллоҳни сизлардан кўра билувчироқман ва Аллоҳдан сизларга қараганда қаттиқроқ қўрқаман", деганлар (Имом Бухорий, Муслим, Аҳмад).
Ҳар бир нарсанинг фазилати инсонга дунё ва охиратда қанчалик саодат келтиришига қараб, шунинг миқдорида бўлади. Энг буюк саодат эса, Аллоҳ таолога юзланиш ва Унга яқин бўлишдир. Бунга ёрдам берадиган барча нарсалар фазилатдир.
"Қиёматда намозни, рўзани, садақани…ҳамма-ҳаммасини тарозига қўярлар, фақат муҳаббат тарозига сиғмайди. Англашиладики, асл нарса – муҳаббат!" деган эди Жалолиддин Румий. Муҳаббат эса муттасил фикрлаш билан ҳосил бўладиган маърифат орқали вужудга келади. Аллоҳга муҳаббатгина, Унинг розилигини топишгина инсонни икки дунё саодатига мушарраф этади.

Аҳмад МУҲАММАД

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase