close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бидъат ва хурофот

Жамият, наинки жамиятга, ҳатто динга зарар келтирувчи одатлар бор. Биз уларни умумий тарзда «Бидъат ва хурофот» деб юритамиз. Энди сўз шу ҳақда. Бу ўринда баёнимиз бир оз чўзилса айбситманг. Келинг, биргалашиб фикр қилайлик:

Бир мамлакатнинг одил ва доно подшоси қарилик ёшига етгач, тахтни ўғлига топшириб, дебди-ки:
— Эй кўзимнинг нури, умидим чечаги, бу обод мамлакатни сенга топширяпман. Ақл билан иш юритгин ва унинг хорланишига йўл қўйма. Мен мамлакат хазинасидан ташқари ўзимнинг бойлигимни ҳам қўлингга топшираман. То менинг жоним бор экан, сен унинг бир мисқолига ҳам тегмагин. Оллоҳнинг раҳматига жўнаганимдан сўнг бу хазинани очасан-да, мискин-камбағалларга улашиб чиқасан. Токи уларнинг дуоларидан руҳим баҳраманд бўлгай.
Не бахтким, ўғил ҳам отаси каби доно экан. Мамлакатни яхши идора этиб, юртни янада обод қилиб, раият дуосини олибди. Аммо унинг бир одати бор эканки, на сарой аҳли ва на шаҳар аҳли тушунаркан. Бирон бир кишининг «Эй подшоҳим, бу қилиғингизни тушунмоққа ақлларимиз косирлик қиляпти, бизга бунинг маъносини англатиб қўйинг», демоққа юраги бетламас экан. Вақтики келиб, кекса подшоҳ собиқ ва содиқ мулозимларини чорлаб, ўғлининг ҳол-аҳволини сўраганда улар юрак ютиб, воқеани баён қилган эканлар. Ўғлининг қилиғидан ҳайратланган подшоҳ дарҳол уни чорлатиб, бу ҳаракатининг маъносини сўрабди. Ўғил фарзандлик бурчига, одобига риоя қилган ҳолда дебдики:
— Отажон, сиз менга хазинангизни вафотингиздан сўнг халққа улашишни васият қилган эдингиз. Рости, мен бу амрни бажармоққа бурчли ва мажбур бўлганим туфайли сиз зоти олийларига эътироз билдирмоққа журъат этмадим. Бироқ, ҳар тун шаҳарга чиққанимда фонус-чироқни олдинда эмас, орқа томонда олиб юрмоқни амр этдим. Сабабки, вафотидан сўнг эҳсон улашмоқ — қора тунда чироқни орқа томонда ёритиб бормоқ каби эмасми? Орқа томондаги фонус ёруғидан йўловчига не фойда? Олдинда ёқиб бормоқ афзал эмасмикин?
Ота ўғлининг бу доно тадбиридан қувониб, бойлигини ўзи камбағалларга улашиб берган экан...
Ҳар сафар «йигирма» ёки «йил оши» деб аталмиш маъракага таклиф этилганимда шу ривоятни эслайман.
Биров ўн кило, бошқаси юз (ёки унданда кўп) гуруч дамлаб, ТЎҚларни ош билан сийлайди («тўқ» сўзига алоҳида урғу беришим боисини кейинроқ тушунтираман) ва муҳим бир бурчини адо этгандай  кўнгли таскин топади. Афсусли ери шуки, одамлар дин томонидан белгиланган, бажарилмоғи сўзсиз шарт бўлган вазифани қойилмақом қилиб уддаладик, деб ўйлайдилар. Бу одатларнинг динга мутлақо алоқасиз эканини эса кўпчилик билмаслиги мумкин. Бу илмни омма орасига сингдиришга масъул айрим биродарларимиз эса мазкур бурчларига совуққон равишда қарайдилар. Тўғри, улар вақти-вақти билан бидъат ва хурофот хусусида ваъз айтадилар. Аммо...
Жумъа намозидаги маъизасида «йигирма», «йил оши» бидъат эканини айтишиб, орадан ярим соат ўтмай, намоздан сўнг «Аҳли жамоа, тарқалиб кетманг, фалончиникида йил оши», деб эълон қилиб, ўзи йўл бошлайдиганлар ҳам учраб туради. Шунинг учун ҳам қадрли имомларимизнинг ваъзлари қуруқ гап бўлиб қоляпти. Ҳатто «домланинг айтганини қил, қилганини қилма», дейилгувчи мақол даражасига ҳам етмаяпти. Яъни, домланинг қилганини қилмаслик бир масала, айтганини қилмаслик эса яна бир масала бўлиб қоляпти.
Бидъат ва хурофот хусусида фикрларни муҳокама тарзида кўпнинг эътиборига ҳавола этиш нияти анчадан бери мавжуд эди.
Даставвал «бидъат», «хурофот» сўзларининг луғавий маъноси хусусида: «Бидъат» — сўзи айнан таржима қилинса «янгидан ўйлаб чиқилган одат» деган маънони беради. Ҳазрат Алишер Навоий асарларида бу сўзни «ёқимсиз» деган маънода ҳам қўллаганлар. Яна «бидъати саййиа» ҳам дерларким, бу «ёмон одат» демакдир. Таъбир жоиз бўлса — динга ёт, ёқимсиз бўлган одатларни «бидъат» деб белгилаймиз. Тўғри, «бидъати хайрия»- яъни «яхши одат» деган тушунча ҳам бор.Аммо тилимизда кўпроқ ёмон одат маъносини ифодалаб келгани учун «бидаъти саййиа» деб ўтирмай, қисқагина қилиб «бидъат» атамаси билан фикр билдиришга кўникиб қолганмиз. «Хурофот» эса «асоссиз» демак. Яъни, динда асоси йўқ, беҳуда ишлар, одатлардир.
Ҳозирги кунда сиз билан биз қаттиқ амал қилаётган кўпгина одатларни дин ҳам, жамият ҳам рад этади. Диний томондан буюрилган фарз-суннат амаллар билан бидъат ва хурофотни айириб олиш аслида унча мушкул вазифа эмас. Масалан, фарз ва суннат амаллар бизда ҳам, араб мамлакатлари ёки Малайзияда ҳам айнан бир хилдир. Яъни, намоз барча ерда беш маҳал ўқилади, бомдод азони Бухорода субҳи содиқда Қоҳирада кун ёйилганда чақирилмайди. Қуёшнинг ҳаракатига қараб ибодат вақтлари ҳамма ерда бир пайтга белгиланган. Ёки, ҳамма жойда инсоннинг инсонга зулми ҳаром, ҳамма ерда муслим ва муслималарнинг илм олмоқлари бир хилда фарздир.
Тошкентда бир киши вафотидан сўнг ўн етти ёки ўн тўққиз кундан сўнг «йигирма оши» берилади. Водийда бу одат сал кечроқ бўлиб, «қирқ оши» деб номланади. Бошқа мамлакатларда бу каби ошхўрлик умуман йўқ. Тошкентда икки ҳайит байрамида марҳумнинг яқинлари уч кундан бел боғлаб туришади. Водийда эса уч ҳайит, аммо эркаклар арафа куни фотиҳада юрадилар. Тошкентда ўлик чиқарилган хонадонда уч кунгача ўчоққа ўт қаланмайди. Сирдарёда эса то жанозага қадар жонлиқ сўйилиб, таом тортилади. Кўриниб турибдики, булар маҳаллий шароитга мосланган одатлардир. Уларнинг айримлари, масалан, арафа куни қабр тепасига, ошхона бурчакларига шамчироқ ёқиб қўйиш ёки арвоҳларни меҳмон қилиш каби одатлар исломдан аввал ҳам мавжуд бўлган. Демак, улардан бемалол воз кечиш ёки камтарлик ва холислик билан суғорилган фойдали одатга айлантиришга ҳаракат қилиш мумкин. Воз кеча қолсак янада тўғрироқ бўлади. Чунки бугун соддалаштирилган одат эртага барибир мураккаблашиб бораверади.
Бу каби одатлар бирданига юзага келмаган. Бир сабаб билан бошланиб, сўнг «ким ўзар» мусобақа, яъни манманлик, риё югуриши бошланган.
Ҳар қандай одатнинг ё очиқ ёки рамзий маънолари бўлади. Қадим замонларда эр вафот этса, хотини ҳам тириклайин қўшиб кўмилган экан. Шубҳа йўқки, буни Худонинг хоҳиши деб белгилашган. Бу одат билан фақатгина хотиннинг марҳум эрга садоқати, фидойилиги намоён этилмаган, балки ўликнинг у дунёда қайта тирилиб, маишатини давом эттиришига ишонишган. Кейинроқ бу одат ислоҳ этилиб, қабрдаги хотин ўрнини чўри эгаллаган. Қабрга маишат учун зарур таомлар, ашёларни ҳам қўйганлар. Жоҳилият давридаги араблар эри вафот этган тул хотинга хароб кийимларни кийдириб, хароб ҳужрада бир йил яшашга мажбур қилган эканлар. Бу билан у гўё эрининг вафотидан ғоят қайғуда экани, дунё чиройидан завқланишини ўзига ҳаром этганини намойиш қилган. Шу зайлда бир йил аза тутгач, унинг ҳузурига бирон совлиқ ёки қуш олиб кириб беришаркан. Бева бирон нима билан жонликни таталаб-таталаб терисини шилиб, ўлдиргач, ҳужрадан ташқарига чиқарган. Шунда унинг қўлига тезак тутқизишар, бева эса «бир йил давомида кўрган куним шу тезакдан баттар эди», деган маънода уни отиб юбораркан. Аза шу тарзда барҳам топаркан. Ислом дини нозил бўлгач, бу каби маънисиз одатларга барҳам берилди. Ҳатто аза муддати қисқартирилиб, тўрт ойу ўн кун деб белгиланди. (Бу фақат эри ўлган хотин учун). Уламоларимизнинг фикрларига кўра, бу муддат фақат қайғу рамзи эмас, балки беванинг ҳомиладорлигини аниқлаш учун ҳам лозим бўлган. Шунингдек, аёлнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳам назарда  тутилган. Сир эмаски, бир киши вафот этса, уй-жой, мерос талашишлар бошланади. Баъзан қариндошлар «меросда хотиннинг ҳаққи йўқ», деб ўзларига мос равишда фатво чиқариб, бевани уйдан ҳайдашдан ҳам тойишмайди. Белгиланган идда — 130 кун бевани шундай ҳужумдан ҳам сақлайди. Аммо бу муддатни уй қамоғи шаклида кўрмоқлик дуруст эмас. Агар бева истаса идда муддатини бошқа уйда ҳам ўтказиши мумкин экан. Бу масала ҳам мерос ҳақидаги оятлар нозил бўлганида ҳал этиб берилган. Идда даврида бева ясан-тусан қилмоқликдан, бошқа кишига турмушга чиқмоқликдан, ўйин-кулгудан сақланади. Бу — фарз, бажарилиши шарт бўлган одат. Лекин уни турлича талқин қилувчилар ҳам топилади. Бу масалага алоҳида тўхталишимизнинг сабаби: кекса бир онахон бева қолганларида «доно» отинчалар «эрингизнинг жони узилган уйда тўрт ой ўн кун жилмай ўтирасиз», деб «фатво» берибдилар. Кампир бечорага бошқа фарзандлари уйига боролмаслик камлик қилиб, шифохонада ётиб даволаниш ҳам мумкин бўлмай қолибди.
Бу ўринда биз фарз амалининг мағзини чақиб кўрмай, уни бузиб талқин қилиниши оқибатида юзага келган бидъатга гувоҳ бўляпмиз. Фарғона водийсининг айрим тоғли қишлоқларида эри ўлган хотин қирқ кун яланг оёқ юришга мажбур экан. «Нега шундай?» деб қизиқсак, «Худо шундай буюрган», деб ишонч билан айтишди. Во ажаб, Худо фақат шу қишлоқларнинг хотинларига яланг оёқ юрмоқликни буюрибди-да, а? Шубҳа йўқ-ки, бу одат исломдан аввалги даврлардан ўтиб келган. Худди араб бевасининг жонлиқни тимдалаб ўлдириб, сўнг тезак отишига ўхшайди.
Водийнинг айрим қишлоқларида яна бир одат сақланиб қолган: жанозадан сўнг (кўпинча масжид имоми раҳбарлигида) марҳумнинг яқинлари бир уйга тўпланишади-да, унинг гуноҳларини ҳисоб-китоб қилишади. Марҳум етмиш (ёки ундан кўп) йил умр кўрган. Шундан, айтайлик, ўттиз йилини бенамоз, берўза ўтказган. Демак, бенамоз ўтган ҳар куни учун фидя бериши шарт. Яъни, кунда бир фақирнинг қорнини тўйғазиши керак. Бир фақирнинг қорнини тўйғазиш (мисол учун) 500 сўмни ташкил этади. Шундай қилиб, беш юзни уч юз олтмиш олтига, ҳосил бўлган рақамни эса 30 (йил)га кўпайтирилади. Шундай қилиб, марҳумнинг салкам беш ярим миллион сўмлик «гуноҳи» борлиги аниқланади. Унга рўза фидяси қўшилади. Бу ҳам салкам ярим миллион сўмни ташкил этади. Демак, хонадон эгаси шу пулга арзийдиган бирон нимани: автомашинаними, бир-икки буқаними, ҳовлига олиб кириб боғлайди-да, арқоннинг бир учини давра қурилган ўйга узатади. Шунда марҳумнинг яқинлари (кўпинча имом бошчилигида) арқонни ушлаб, «мен марҳумнинг мана бунча сўмлик гуноҳини сотиб олдим», дейди-да, кейин «Оллоҳнинг розилиги учун мен бу пулдан воз кечдим», деб тантилик қилиб қўяди. Гўё бу билан марҳумнинг маълум миқдордаги гуноҳлари шу одамга ўтади. Гуноҳлар шу тарзда бўлиб олингач, марҳум у дунёга гўё фариштадек жўнайди. Бунга ўхшаган одатлар қозоқ овулларида ҳам учрайди. Фақат у жойларда бунақа томоша кўрсатилмай, нақд пул билан ҳисоб-китоб қилинади. Уламоларнинг айтишларича, Тошкентда, бошқа вилоятларда ҳам бир пайтлар бу бидъат ҳукмронлик қилган экан. Муфтий Зиёвуддин Бобохон ҳазратларининг фатволари билан кўп жойларда бу бидъат барҳам топган. Ажабки, Қўқон атрофидаги айрим қишлоқлар ҳали ҳам ўликларнинг гуноҳларини сотиб олиш билан бандлар. Қишлоқ имомларининг бу бидъатга бош бўлганлари ачинарли ҳол, фидянинг хасталиги ёки бошқа узрли сабаб билан рўза тутолмаганлар учунгина берилган имтиёз экани, бенамозларга бундай имтиёз йўғлигини билмасликлари ёки билиб туриб шундай бемаъни одатга бош бўлишлари янада афсуслидир. Бир жанозада ўзимиз ҳам шундай одатга гувоҳ бўлдик. Қишлоқ имоми «гуноҳ сотиб олиш» маросимини бошлаш учун уйга кирганида марҳумнинг шогирдларидан бири «тақсир, марҳум устозимиз намоз ва рўза фарз бўлган ёшдан бошлаб бехато равишда бу амалларни бажарганлар, сизнинг ҳисоб-китоб қилмоғингизга ўрин йўқ, ҳисоб-китоб қилиш қиёматда Оллоҳ томонидан бажарилади», деб балоларга қолаёзди. У бидъатга эмас, нақ Оллоҳнинг буйруғига қарши одамдай, ҳатто «Оллоҳга қарши исён қилувчи»дай уйдан чиқарилди.
Қадимги Хитойда ота ёки она вафот қилса уч йил мотам тутилар экан. Бу пайтда хатто мактабга бормоқ, илм олмоқ ҳам, мазали таомлар истеъмол қилмоқ ҳам ман этилган экан. Ривоят қилишларича,  файласуф Конфуцийнинг шогирдларидан бири Цзай Во бу одатга қарши чиқиб, мотам учун бир йил кифоя, деган фикрини билдирганида устоз «Ноинсоф ўғил. Ахир сени ота-онанг уч ёшинггача қўлдан қўймай катта қилишган-ку? Уч йил мотам тутмоқликни Осмон буюрган», деб норозилигини баён қилган экан. Кўриниб турибди-ки, улар мотам кунини белгилашда ота-онанинг гўдакка қилган хизматларини назарда тутганлар. Ислом дини эса бу одатни рад этади, аза уч кун деб белгиланади. Лекин бу уч кундан сўнг вафот этганларни унутиш мумкин, деган гап эмас. Инсон тирик экан, ўтганларини ҳар куни энг камида беш маҳал эслашга, дуо қилишга буюрилган. Инсон ҳар куни Яратганга муножот қилиб, марҳумларни мағфират этишини сўрайди. Зеро, «дуо»нинг луғавий маъноси — «илтижо»дир. Бизни ташлаб, Оллоҳнинг раҳматига йўналганлар биз дамлаган ошга эмас, дуоларимизга муҳтождирлар. Оилада бир киши вафот этгани билан бу хонадонда ҳаёт тўхтаб қолмайди. Бир-бир ярим йил қайғу белгиси сифатида кўк кийиб, кўз ёши тўкишимиз билан марҳумнинг руҳи ором топмайди. Марҳумларнинг руҳи яхши ишларимизнинг савоблари, поклигимизда қилган холис дуоларимиздан баҳраманд бўладилар.
Тошкентда уч кун таом пиширилмаслигидан «шундай қайғудамизки, томоғимиздан овқат ҳам ўтмайди», деган рамзий маънони уқиш мумкин. Лекин нима учундир жанозадан фотиҳа ўқиш учун қайтганларга атаб ноз-неъматли дастурхонни безаб қўйишади. Бу дастурхон уч кун давомида ёзиғлиқ туради. (Ҳайит байрами кунлари ҳам шундай). Яхши томони шундаки, ҳозирги кунда кўп хонадонларда бунинг бидъат эканини тушуниб, дастурхон безашмаяпти. Қўшниларнинг, қариндошларнинг таом пишириб келишлари яхши одат, уларнинг меҳр-оқибатларидан дарак беради. Лекин бошқа ердан овқат келишини кутиб туриш ҳам дуруст эмас. Динда «аза уч кун», деб белгиланган, «уч кун овқат пиширмай, емай, оч ўтирилсин», дейилмаган.
Сирдарё томонларда жонлик сўйилиб, дошқозонда таом пишириш, жанозага келганларга пул тарқатиш бидъатига эса бугунги кунда мутлақо ҳожат йўқ. Келинг, бир оз мозийга қайтайлик. Мирзачўл томонларда одамлар зич яшашмаган. Бир қишлоқдан иккинчисига етиб келгунча от-аравада узоқ йўл босишган. То жанозага етиб келгунларича очиқишган, чанқашган, хоришган. Уларга дам бериш, тўйдириш учун овқат пишириб қўйишган. Қайтиб кетишларига асқотар деб озгина пул ҳам беришгандир. Энди эса бунга зарурат йўғлигини ҳамма билади. Ҳозир қишлоқлар ораси унча узоқ эмас, автомашина деган беминнат дастёримиз ҳам бор. Жанозага келганларнинг шу ернинг ўзида овқатланишига, айниқса бериладиган беш-ўн сўм пулга муҳтожликлари йўқ. Шунга қарамай, бидъатдан қутулишнинг ҳаракати кўринмай турибди. Пулдор одамлар жаноза баҳонасида бойликларини кўз-кўз қилиб олишга уринадилар. Жанозани тўйдан афзалроқ тарзда ўтказадилар. Қўл учида кун кўрувчилар эса «мен ҳам шундай қилишга мажбурман», деган фикрда қарз олишга мажбур бўладилар. Яқин одамидан ажралган хонадон учун бу азоб устига азоб эмасми? Дин эса одамларнинг беҳуда азобда қолишини мутлақо инкор этади. Ҳар ҳолда марҳум ота (ёки она руҳи «ўғлим менинг обрўйимни ўйлаб, қарз олиб бўлса ҳам мол сўйди», деб шод бўлмаса керак.
Жанозадан кейинги барча бидъатларни таҳлил этсак, марҳумга, унинг руҳига фойдасиз эканини кўрамиз. Аксинча, бу одатлар одамларнинг ўз руҳларини тинчитиш учун, кўнглигини ҳотиржам қилиш учун хизмат этади. Аёлларнинг «кирювди»сида энг яқин қариндошлар йиғилишса хонадон эгасига озгина далда бўлади, қайғуси сал енгиллашади. Етти маҳалла ёки қишлоқ хотинларининг тугун кўтариб келишлари, уларга уч-тўрт хил таом тортилиши шарт эмас. Қор ёққан маҳалда (ёки лайлак учиб келганида) «марҳум тирик бўлганида Оллоҳнинг бу неъматидан шодланарди, қовун (ёки қовоқ) пишганида бу ризқдан баҳраманд бўларди», деган маънода кичик даврада эсланиши, дуо қилинишининг зарари йўқ. Аммо шу номларда яна катта-катта зиёфат бериш — бидъатдир. Айниқса хотинларнинг тугуни бугунги кунда ортиқча машмаша эканини тушунтириш қийин бўляпти. Меҳмонга ҳадя билан бориш яхши одат, бироқ, мажбурий эмас. Тугунни бировлар ҳадянинг бир тури, деб баҳолашлари мумкин. Бизнингча эса ундай эмас. «Ол товоғим, бер товоғим, ўртада синди товоғим», деганларидай, бундай ҳадянинг изидан чиқадиган нохуш гап-сўзлар ҳам бор. Ҳадя қилувчи меҳрибонлиги эвазига бундан аълороқ нарса олиш нияти билан бормайди. Тугуннинг тарихи ҳадя билан эмас, оғир, қаҳатчилик кунлари билан боғлиқ бўлса керак. Маъракага отланган аёл уй эгасининг дастурхонига қўйишга нони борми, йўқми, деган истиҳолада кўтариб борган бўлиши мумкин. Кейин бошқалар ундан ибрат олишиб, доруломон кунларда ҳам давом эттираверганлар.
Ривоят қилишларича, бадавлат одамнинг бир неча хотинидан анчагина фарзандлари бор экан. У киши турли онадан бўлган фарзандларининг тарқалиб, юзкўрмас бўлиб кетишларини олдини олиш, улар орасига меҳр-муҳаббат уруғини экиш мақсадида ўлимидан сўнг ҳар пайшанбада, сўнг йигирма кунда, сўнг қирқ кунда, кейин бир йилда йиғилиб туришларини васият қилган экан. Ўгай ака-ука, опа-сингиллар васиятга амал қилишиб, биринчи пайшанбада ўзлари тўпланишибди, кейингисида «дадамизнинг қадрдонларидан фалончини йўқлайлик», деб уларни ҳам таклиф қилишибди. Оқибат, бу давра кенгая бориб, бундан қариндошлар андоза олишиб, такрорлашиб бир бидъатни юзага келтиришган ва унга дин либосини кийдиришган. Бу одатни кўпхотинли бадавлат ота эмас, худди Худо буюргандай қабул қиладиган бўлиб қолишган.
«Йигирма», «йил оши»да қуръон тиловат қилинади. Ўқиш — суннат, соме ҳолда тинглашнинг фарзлигини кўпчилик билади. «Соме» дегани хаёлни фақат Аллоҳнинг каломига бериб, жимгина ўтиришдир. Қуръон тиловат қилинаётган дамда ҳатто нафл намози ўқимоқ мумкин эмас, дейилади. Биз эсак қуръон ўқилаётганда ош ошалаймиз, хўриллатиб чойни ҳам ичаверамиз, туриб юраверамиз ҳам. Энди қарайлик: маъракага бориб, қуръон ўқисак ёки эшитсак, савоб ҳосил бўлади ва биз бу савобдан марҳумнинг руҳини баҳраманд этишини сўраб, дуо қиламиз. Тиловатни соме ҳолатида эшитмаслик гуноҳ бўлса, марҳумнинг руҳи нимадан баҳра олади?
Айрим уламо, имом-домларимиз бунинг ҳам фатвосини топдилар. Ҳамонки «йигирма», «йил оши» бидъат, хурофот экан, бу маърракани йигирма беш ёки эллик кундами «эҳсон», бошқача айтганда «амри маъруф ва наҳйи мункар» тарзида ўтказиш йўлга қўйилди ҳисоб. Пули борларга унисининг ҳам бунисининг ҳам фарқи йўқ — сочаверадилар. Тўғрироғи, «амри маъруф» тарзидаги маърака уларга маъқулроқ. Чунки бундай йиғинда маърузачи микрофон орқали маърака эгасини келиштириб мақтайди, унинг ҳаққига ажойиб дуолар қилади. Аммо маъраканинг бу тури кўпчиликни қийнаб қўяди: энди улар маъруза қилувчи домлага, микрофончига ҳам пул беришлари шарт. Домла-имомларимиз янги одатга «эҳсон» деб чиройли ном қўйиб бердилар. Ўзлари эса ашулачиларга ўхшаб дафтарча тутиб олганлар. Ашулачилардан фарқли ўлароқ, улар баъзи кунда тўрт-беш «эҳсон»ни гуллатиб берадилар. Дастурхонга, зиёфат охирида туғулажак тугуннинг ҳажми, айниқса чўнтакка солинувчи «мулла жиринг»нинг чўғини чамалаб, дуони қуюқ қилаверадилар. Машҳурроқ домлаларимиз бадавлатларникидан қолмайдилар, мундайроқларникига эса шогирдларини юборадилар. Ачинарлиси шуки, бундай дабдаба маросимларини рағбатлантиришга уринадилар. Шайҳонтоҳур туманидаги масжидлардан бирининг имоми «Ақиқа» деб аталувчи маросимда «пайғамбаримиз қарз олиб бўлса ҳам ақиқа қилишни буюрганлар», деганини эшитиб, «бу киши адашиб айтиб юбордилар», деб ўйлагандик. Кейин яна бир неча марта бу асоссиз гапни эшитиб, афсусландик. Исломда қарз олиб эҳсон ёки худойи қилиш мумумкинмаслигини бу тақсирим ё билмайдилар ё билиб турсалар-да, ўз жиғилдонлари манфаати юзасидан фатво тўқийдилар, мўъминларни чалғитадилар.
Ислом кўрсатмаси бўйича, одам энг аввало ўз оиласини таъминлаши керак. Эҳсони ҳам, ҳадяси ҳам биринчи галда ўз фарзандлари ёки ота-оналарига бўлиши шарт. Ота-онасини яхши парвариш қилиш, фарзандларини яхши кийинтириб, едириб, яхши ўқитиб... ундан орттирса бошқаларни сийлаши мумкин. Фарзандлари ризқини қийиб, ўзгаларни тўйдиришини дин буюрмайди. Эҳсон ёки худойи дегани албатта қўй сўйиб, зиёфат қилиш, имомни чорлаш эмас. Агар қўй сўйишга, дастурхон тузаб меҳмон чорлашга имконингиз етса, ихтиёр ўзингизда. Бироқ, чорлашнинг ҳам чегараси бор. Сўйилган қўйнинг гўшти уч қисмга бўлинади, бир қисми билан қанча одамни таомлантириш мумкин бўлса, шунча меҳмон айтилади. Уламоларимизнинг айтишларича, «худойи» деб сўйилган қўйнинг барча гўшти мискинларга тарқатилиши шарт экан.
Дўстингиз ёки қариндошингиз сиздан қарз дейлик. Қарз тўлашга қурби етмай, руҳан қийналиб юрибди. Шу қарздан Оллоҳ розилиги учун кечсангиз, энг улуғ савобга етган бўласиз. Агар биров сизни ножўя хафа қилган бўлса-ю, сиз унинг бу гуноҳидан ўтсангиз, кечирсангиз бу ҳам ўзига хос бир «худойи» дейиш мумкин.
Эҳсон-худойи агар билиб амалга оширилса, исломнинг энг яхши одатларидан бири. Қўшниси, қариндоши ёки биродари муҳтож бўлгани ҳолда кишининг сочиб, тўкиб, исроф қилиш даражасида ҳаёт кечириши дуруст эмас. Шу боис ҳам закот фарз қилинган. Ҳар бир дин одам болаларининг тенг яшамоқликларини даъват этади. Исломда бу масала янада мукаммалроқ даражададир. Ҳаёт шундайки, биров тадбирда илғор бўлгани сабабли бойиб кетади, бошқаси илм-ҳунарда заифлигидан ёки хасталиги туфайлими муҳтожроқ бўлиб қолади. Ҳайр-эҳсонлар ана шунда керак. Тўкин-сочин дастурхонлар атрофида биз бу неъматларга муҳтож бўлмаган ўзига ТЎҚ одамларни кўрамиз. Зориққан одамлар эса чорланмайди. Бирон киши эскироқ кийимда яқинлашса, «сен шошмай тур, меҳмонларни кузатиб олай, сўнг сенга овқат бераман», дейди. Хасталиги ёки бошқа узрли сабаб билан зориқиб яшаётганларнинг аксари иззатда бўлмасликларини билиб, бундай «худойи»ларга яқин ҳам келишмайди. Маърака эгаси агар инсоф қилса, унинг уйига қолган ошдан бир лаган чиқаради, бўлмаса йўқ.
Динда эҳсон-худойиларнинг аниқ муддатлари белгиланмаган. Бу маъракаларни ўтказиш учун бировнинг ўлимини ёки бошга ташвиш тушишини кутиш шартмас. Кимнинг қачон имкони бўлса, исроф қилмаган, барча одамларни тенг кўрган ҳолда ўтказавериши мумкин.
Андижонлик дўстим ачиниб айтиб қолди: бадавлат қўшниси маърака қилмоқчи экан. Дўстим бунинг бидъат эканини тушунтириб, муҳтож қўшнига ёрдам бериш афзалроқ эканини айтибди. Бироқ, бадавлат одам икки кундан кейин маъракага айтиб чиқиб, тўрт етим билан бева қолган хонадонга минг сўм садақа берганини ҳам фахр билан билдирибди. Ана энди у одам оладиган савобнинг миқдорини ўзингиз чамалаб кўраверинг. Унинг жоҳиллиги ёки кибр-манманлиги катта савоб йўлини тўсди.
Бадавлатларнинг маърака ошларини ейишга чидаш мумкиндир. Бироқ, балоғатга етмаган, норасида етим болалар қолган хонадонга қайси бет, қайси фаросат ва қандай мақсадда борилади? Ўша тортилган ошда етимнинг ҳақи борлигини наҳот фаҳм этмаймиз? Аждодларимиздан қолган ибрат бор: етимларнинг уйида уларнинг пиёласидан ҳам фойдаланиш мумкинмас. Наҳот бу ибратлар унутилди?
Бир дўстимнинг укаси қазо қилиб, вояга етмаган беш боласи етим қолди. Жаноза олдидан муҳтарам домла-имомга вазиятни тушунтирган эдим, у киши бу хонадонда маърака ошлари қилмаслик ҳақида яхши гапирдилар. Етим ҳақи нима эканини тушунтирдилар. «Йигирмасини мен қилиб бераман», деган мард топилганда ҳам бу маъракани қилмай, унга кетадиган ҳаражат пулини шу оилага топшириш савоброқ эканини таъкидладилар. Дафн маросимидан сўнг хонадонга келиб, фотиҳа ўқигач, бу масалага қайтиб, янада ойдинроқ тушунтирдилар.
Эртасига келсам, дўстим тоғалари, амакилари, маҳалла раиси билан бирга «йигирма оши»ни қаерда, қачон, қандай ўтказишни маслаҳатлашиб ўтирибди.
— Кеча домланинг гапларини эшитмадиларингми?— деб ажабландим.
— Домла гапираверади, нима, биз кетмон даста кўмибмизми?
— Етим ҳақи-чи?
— Маъракани ана, акаси ўтказиб беради.
Акаси — менинг дўстим. Бир неча ой аввал тўнғич ўғлидан айрилган, бошқа болалари ҳали ёш, ўзи маошга қараб кун кўради. «Йигирма оши» қилса, қулоғигача қарзга ботиши аниқ.
— Бунинг ҳам вояга етмаган болалари бор. Ўзидан ортмайди топгани, — деб эътироз билдирдим.
— Ке, қўй, дўстим, шу «йигирма»ни қилмасам маломатга қоламан. Маҳалла нима дейди?
—  «Маҳалла нима дейди?» деб яшаган дурустми ё «Худо нима деркин?» деган аълороқми?
Хуллас, ўша куни мен енггандай бўлиб эдим. Бир ҳафта ўтгач, дўстим қўнғироқ қилди:
— Якшанбада «йигирма». Келмаслигингни билсам ҳам айтиб қўйяпман...
Афсуски, бундай воқеаларни тез-тез эшитамиз. Ёки учратамиз. Яхши амалларимиз билан савоб топиш ўрнига бидъат ва хурофот қулига айланиб қоламиз. Бу билан ўзимиз ҳам, бошқаларни ҳам қийнаймиз. Айтганларимизга қараб, бидъат ва хурофотдан қутулиш мумкин эмас эканда, деб бадбин хулосага келмаслик керак. Бугун жамиятимизда бидъат ва хурофот одатларимиздан воз кечаётган, бошқаларга тушунтираётган, бу тушунтиришни амалда исбот этаётган биродарларимиз кўп. Бидъат ва хурофотдан қутулиш қийин эмас. Бу масалани яхши ечиб берувчи уламоларимиз, илмига амал қилғувчи домла-имомларимизнинг сўзларини яхши фаҳм этсак кифоя.

Тоҳир Малик, роҳимаҳуллоҳ

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase