Россия минтақалари орасида Башқиристон Украинага қарши урушдаги йўқотишлар бўйича биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, қўшни Татаристон ҳам катта йўқотишларга учраган — расман тасдиқланган ҳалок бўлганлар сони бўйича тўртинчи ўринда, кўнгиллилар ўртасидаги йўқотишлар бўйича эса иккинчи ўринда туради.
Ушбу статистика маълумотларини "Озодлик" радиосининг татар-башқир хизмати журналистлари эълон қилган. Украинадаги "Хочу жить" лойиҳаси бу маълумотларни ўзининг Telegram-канали орқали тарқатди.
2024 йил 29 сентябрь ҳолатига кўра, оммавий манбаларда Волгабўйи минтақаларида туғилган қарийб 20 000 кишининг "махсус ҳарбий операция" давомида ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар топилган. Башқиристондан тасдиқланган йўқотишлар сони камида 3026 кишини, Татаристондан эса 2704 кишини ташкил этади.
"Бу фақатгина тасдиқланган ўлимлар – бу маълумотлар Россия томони, ҳалок бўлганларнинг яқинлари ёки таълим муассасалари ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан тан олинган", – деб таъкидлади журналистлар.
Башқиристон, шунингдек, кўнгиллилар ўртасидаги йўқотишлар бўйича ҳам етакчи — камида 1016 киши ҳалок бўлган. Солиштириш учун айтиш мумкинки, Москвадан шартнома бўйича хизмат қилган ва ҳалок бўлганлар сони атиги 151 кишини ташкил этади.
"Медиазона" муҳаррири Дмитрий Трещанин россияликлар йўқотишлари бўйича маълумотларни йиғар экан, бу каби катта фарқнинг "рационал тушунтириши йўқлигини" таъкидлади.
"Ҳаддан ташқари кўп некрологлар. Бир пайт келиб, асосан Башқиристонга тегишли эканини тушунасан, айниқса, шаҳарларга эмас, балки чекка қишлоқларга. Бир пайтда фақат Маратлар ва Марселларни кўриб қоласан", — деди у. Туркий халқ йигитларининг кўпи Украина босқини урушида ўлиб кетмоқда. Худди, Россияда рус бўлмаган халқлар атайин қириб ташлаш учун ўлимга ҳайдаётгандек
Абу Муслим