Сўнгра Аллоҳ таоло деди: “Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, кейинчалик берган нарсалари кетидан (Аллоҳга) миннат ва (бериладиган фақирга) озор етказмайдиган кишилар учун Парвардигорларидан мукофот бордир” (Бақара, 262). Аллоҳга миннат қилиш – тавфиқ Ундан эканлигини кўрмасликдир. Садақа берилаётган инсонга азият етказиш ҳам Аллоҳ шу нарсаларга муваффақ қилганини кўрмасликдир. Сўнгра Аллоҳ садақа бераётган одамига миннат қилиш мисолини зикр этади: “Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақалари”(Бақара, 264), яъни амалларга бериладиган мукофотни ўз ичига олган “қайта тирилиш”га ишонмайдиган одамнинг садақаси, гўёки ўз молидан инфоқ қилади, аммо ширк келтириши унинг нафақаси ва садақасини йўққа чиқаради. Худди шу каби, мўмин одамнинг садақасини миннат қилиши ва азият етказиши йўққа чиқаради.
Сўнгра қайта тирилишга ишонадиган, Аллоҳнинг жамолини истаб, миннат ва азиятдан холи бўлган мухлис кишининг нафақасининг мисоли келтирилади: “Молларини Аллоҳ ризолигини истаб, самимий дилларидан чиқариб сарф қиладиган кишилар, яъни қалбларидаги ниятларини тасдиқ этган ҳолда амалга оширадилар, улар адирдаги боққа ўхшар, яъни тепа сўлим жойда жойлашган боққа ўхшатилади. Унга жала қуйгач, ҳосилини икки баробар етиштирар”, яъни самараси икки баравар бўлади.
Абу Абдуллоҳ Ҳаким Термизийнинг
“Орифлар тасаллиси” сайланмасидаги «Ал-амсол минал Китоб вас сунна – Қуръон ва суннатдаги мисоллар» асаридан