Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса, у жаннатга кирмайди», деганларида, бир киши: «Баъзилар яхши кийим ва яхши пойабзал кийишни яхши кўради (бу амали ҳам кибр-ҳавога кирадими?)» деганида, у зот: «(Йўқ, бу амали кибр эмас), албатта Аллоҳ кўркамдир. Ва кўркамликни яхши кўради. Аслида кибр ҳақ сўзни рад этиб, одамларга паст назар билан қарашдир», дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Кибр ўзини бошқалардан устун билиб, менсимаслик иллатидир. Бундан ташқари, ҳақни била туриб, уни инкор этиш ҳам кибрга киради. Одатда кибр ҳақни тан олмасликдан келиб чиқади. Мисол учун, биров бир масала устида тортишиб, ўз фикри нотўғри бўлса ҳам, қалбидаги кибри боис шеригининг тўғри фикрини қабул қилмайди. Ўзиникини маъқуллаб, қайсарлик қилади. Ҳақни тан олишдан уни тўсиб турган нарса қалбидаги кибридир. Кибр иллати қалбда бўлади. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса, жаннатга кирмайди», деган сўзларидан билиб оламиз.
Кибрда ботиний ва зоҳирий икки қисмга бўлинади. Ўзини бировдан афзал деб ишониш ботиний кибр ҳисобланади. Бунга шайтоннинг инсон зотини назарига илмай, мен ундан яхшиман, деган сўзи мисол бўлади. Зоҳирий кибр эса ботиний кибр натижаси ўлароқ мутакаббирда намоён бўлади. Кимда ботиний кибр кучли бўлса, бора-бора зоҳирий кибр кучайиб, такаббурликка айланади. Бунга шайтоннинг сажда қил деганда, сажда қилишдан бош тортганини мисол келтириш мумкин. Кибрли киши ҳамиша бошқалар унга эътибор беришларини ва ҳурмат кўрсатишларини истайди. Одамлар олдидан ўтганда, салом беришларини кутиб, салом бермай туради. Чунки одамларни ўзидан паст кўриш унинг одатига айланган. Ҳамиша бировлар айбини кўриб, униси бунақа, буниси унақа, деб гап тарқатиб юради. Гўё, ҳамма айбдору ўзи эса оппоқ. Бировларга қўпол муомалада бўлади. Хуллас, барча ёмон сифатлар унда мужассамлашиб боради.
Агар инсон кибр иллатидан халос бўлмаса, катта гуноҳларга қўл уради. Шайтоннинг кибри уни оламлар Рабби Аллоҳга эътироз билдириш даражасига етказди. Бир ўйлаб кўринг, Аллохдек буюк зотга қарши чиқиши уни хорлик ва тубанлик ботқоғига ботирди. Қарши чиққанда ҳам оддий қарши чиқмади, балки қасам ичиб, сўзининг устидан чиқишини айтди:
«(Иблис) айтди: «Эй Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман» («Ҳижр» сураси, 39-оят). Бу кибр иллатининг ортидан ҳасад деган яна бир касаллик келиб чиқади.
Инсонда кибр қаердан пайдо бўлади?
Кибрнинг қандай иллат экани ҳақида яхшилаб фикр юритсак, у жоҳилликдан бошқа нарса эмаслигини билиб оламиз. Шунинг учун уламолар: «Инсонда кибр қанча кучайса, унинг жоҳиллиги шунча ортади», дейишган. Раббоний илм билан кибр бир қалбда жамланмайди. Тўғри, илмнинг сурати кибрли қалбда ҳам бўлиши мумкин. Мисол учун, шаръий ҳукмлар ва фиқҳий масалаларни ёдлаб олганида ҳам инсонни саодатга етаклайдиган илм унда топилмайди. Агар фойдали илмга эга бўлганида, у ҳеч қачон кибрланмаган бўларди.
Аслида илм кибрланадиган нарса ҳисобланмайди. Илмнинг жавобгарлиги ва масъулияти оғир. Илм амал қилганининг фойдасига, амал қилмаганининг зарарига қиёмат кунида ҳужжат бўлади. Кошки илмсиз авом бўлганимда эди, деб орзу қилиш шундан келиб чиққан. Баъзилар қилаётган ибодати билан кибрланади. Ҳамма ухлаганида ярим кечаси туриб ўқиган намозлари билан мутакаббирлик қилади. Бу ўша мутакаббирнинг амаллари қабул бўлмагани аломати эмасми? Балки у паст ва ҳақир деб билган инсон Аллоҳ наздида олий мақомдадир. Балки у қиёмат кунида шу инсон шафоати туфайли жаннатга кирар. Олимлар: «Ким ибодати кўплиги билан кибрланса, Аллоҳ уни ўша ибодатлардан маҳрум қилиш орқали жазолайди», дейишган. Баъзилар мол-дунёси кўплиги билан кибр-ҳавога берилади. Мол-дунё ҳалол йўл билан топилганига ҳисоб-китоб, ҳаромдан топилганига азоб бор! Инсон қиёмат кунида қилган ишларидан бир марта сўралса, бойлигидан икки марта сўралади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан шундай огоҳлантирганлар:
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат кунида одам боласи беш нарса, яъни умрини қандай кечиргани, ёшлигини қандай ўтказгани, бойлигини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва билганларига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича оёқлари жойидан силжимайди», дедилар.
Шундай экан, бой киши кибрланиш ўрнига кўпроқ ҳисоб-китобини ўйлаб юриши лозим. Баъзилар насл-насаби билан кибрланади. Машҳур насабдан бўлишга ўзининг ҳеч қандай ҳиссаси бўлмай туриб, қандай қилиб насаби билан кибрланиш мумкин? Зеро, инсон машҳур насабдан бўлишни ўзи танламайди. Кимни қайси насабдан бўлишини белгиловчи зот Аллоҳ. Шундай экан, инсон худди ўзи қойиллатиб қўйгандай кибрланиб юриши мумкин эмас. Қолаверса, насаб инсонни дўзахдан қутқариб, жаннатга олиб кирадиган нажот йўли бўла олмайди. Зеро, ҳадисда насабига суяниб амал қилмай юрадиганлар қораланган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. У Зог соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндошларини чақириб, у зотга суяниб, амал қилишга бепарво бўлмасликларини, агар амал қилишмаса, қиёмат кунида уларга ёрдам беролмасликлари хабарини берадилар. Бу ҳадисни Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг» ояти нозил бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшни чақирлар. Умумий ва хос (қариндош)лар жамланишди. Шунда у зот: «Эй Каъб ибн Луай болалари, жонларингизни дўзахдан қутқаринглар. Эй Мурра ибн Каъб болалари, жонларингизни дўзахдан қутқаринглар. Эй Абдушшамс болалари, жонларингизни дўзахдан қутқаринглар. Эй Абдуманноф болалари, жонларингизни дўзахдан қутқаринглар. Эй Ҳошим болалари, жонларингизни дўзахдан қутқаринглар. Эй Абдулмутталиб болалари, жонларингизни дўзахдан қутқаринглар. Эй Фотима, ўзингни дўзахдан қутқар, мен Аллоҳнинг азобидан бирор нарсани сендан қайтаришга қодир эмасман, лекин сизлар билан қариндошлик ришталарим бор, мен ўша ришта билан сизларни сийлайман», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Демак, насаб ҳам кибрланишга арзимас экан. Баъзилар чиройлилиги, айримлар эса куч-қуввати билан ҳам кибр қилади. Аслида бу иккиси ҳам Аллоҳ томонидан инъом этилган неъматлар бўлиб, кибр қилиш ўрнига уларни ато қилган Аллоҳга шукроналар айтиш керак. Кибрнинг гуноҳи кабиралигига асосий сабаб шуки, кибрланаётган киши бу иши билан ўзини Аллоҳга тенглаштирган бўлади. Бу ҳақда ҳадиси қудсийда шундай дейилади:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло «Кибриё ридоимдир. Буюклик изоримдир. Ким уларнинг иккисидан бирида Мен ила талашса, уни дўзахга ташлайман», деган», дедилар» (Муслим ривояти).
Демак, кибр қилаётган одам Аллоҳ билан талашаётган бўлар экан. Аллоҳ билан талашган, ҳалок бўлади. Хулоса қилиб айтганда, инсонда кибрланиш қуйидаги олти нарсада намоён бўлади: илмда, амалда, бойликда, насабда, чиройда ва қувватда. Ҳазрат Навоий ўз танбеҳларида такаббурликни шундай тафсифлайдилар: “Такаббур шайтон иши ва бийиклик нодон иши. Мутакаббир Тенгри дўстлари олида матъун ва Тенгри қошида мардуд ва малъун. Худписанд иши бари элга нописанд. Биликиға мағрур, билур элга маъюб ва Тенгриға мақҳур”. Демак, кибр-ҳаво айнан шайтоннинг сифати бўлса, ўзини катта олиш нодон ва аҳмоқлар ишидир.
Одилхон қори Юнус ўғли
"Қалб кўзгусидаги иллатлар" китобидан