close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Инсон ўз нафси айбларини билиб оладиган йўл баёни

Билингки, Аллоҳ азза ва жалла агар бир бандага яхшиликни хоҳласа, унинг айбларини ўзига кўрсатиб қўяди. Қайси бир инсоннинг қалб кўзи очиқ бўлса, унга ўз айблари билинмай қолмайди. Агар айбларини билса, уни даволаш мумкин бўлади. Лекин инсонларнинг кўплари айбларини билишмайди. Инсон биродари кўзидаги озгина кирни кўради-ю, ўзининг кўзидаги каттароқ чўпни кўрмайди.

Ким ўз айбларини билишни хоҳласа, унинг учун тўртта йўл бор: аввалгиси – нафснинг айбини кўра оладиган, хуфёна офатлардан хабардор бир шайхнинг олдида ўтириши ва уни ўз нафсига ҳоким қилиши ҳамда ҳаракатларида унинг маслаҳатига эргашиши. Бу муриднинг шайхи ва шогирднинг устози билан бўлгандаги ҳолатидир. Устоз ва шайх унга нафсининг айбларини билдириб қўяди ва давосини ҳам ўргатади. Ҳозирги замонда эса бундай ҳолатнинг топилиши жуда камёбдир.
Иккинчиси – ростгўй, айбларни кўра оладиган, диёнатли бир дўст ахтариши. Ўз аҳволотини, ишларини кузатиб туриш учун уни нафсини кузатиб турувчи қилиб олади. Дўст уни ўзи ёқтирмайдиган ёмон хулқ ва ишларидан, ботиний ва зоҳирий айбларидан огоҳлантириб туради. Дин имомларидан иборат улуғ ва доно кишилар мана шундай қилишади.
Умар розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Айбларимни кўрсатиб қўйган кишига Аллоҳ раҳм қилсин». Умар розийаллоҳу анҳу айблари ҳақида Салмон розийаллоҳу анҳудан сўрар эдилар. Бир сафар у кишининг олдиларига келиб: «Мен тўғримда сизга ёқмайдиган нима етиб келди?» дедилар. Салмон розийаллоҳу анҳу бу тўғрида гапиришни истамадилар. Умар розийаллоҳу анҳу у кишининг ҳол-жонларига қўймадилар. Шунда у киши: «Албатта менга сизнинг бир дастурхонда икки хил нонхурушни жамлашингиз ва кундузига алоҳида, кечасига алоҳида икки хил либосингиз борлиги етиб келди», дедилар. Шунда Умар розийаллоҳу анҳу: «Яна бундан бошқа нарса ҳам етиб келдими?» дедилар. У киши эса: «Йўқ», дедилар. Шунда Умар розийаллоҳу анҳу: «Мана бу сиз айтган икки айбимни албатта тўхтатаман», дедилар.
Яна Хузайфа розийаллоҳу анҳудан ҳам сўрар эдилар. У кишига «Сиз мунофиқлар борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирдошларисиз. Менда ҳам мунофиқликнинг асаридан бирор нарса кўряпсизми?» дедилар. Умар розийаллоҳу анҳу қадрларининг улуғлигига, мансабларининг олийлигига қарамай, ўз нафсларига мана шундай гумонда эдилар. Ақли етук, мақоми олий ҳар бир кишининг манмансираши озроқ ва нафсидан гумондалиги кўпроқ бўлади. Аммо бу ҳолат ҳам ҳозир жуда кам. Чунки дўстларнинг ичида тилёғмаликни тарк қилиб, айбларини очиқ айтадигани оз топилади. Ё бўлмаса, ҳасадгўйликни тарк қилиб, айб айтишда керакли миқдордан ўтказиб юбормайдигани ҳам саноқли. Демак, дўстларингиз ичида бир ҳасадгўй ёки айб бўлмаган нарсани айб деб кўрадиган бир ғаразгўй ё сиздан баъзи айбларингизни беркитиб юрадиган бир тилёғламачи топилишидан холи бўлмайсиз. Шунинг учун Довуд ат-Тоий инсонлардан узлат қилган эканлар. У кишига «Нима учун инсонларга қўшилмайсиз?» дейилганида у киши: «Мендан айбларимни беркитадиган қавмлар билан нима қиламан?» дедилар.
Ўзгаларнинг танбеҳи билан ўз айбларидан огоҳ бўлиш дин эгаларининг хоҳишлари бўлган. Ичимиздаги ҳолат шу даражага етганки, бизга насиҳат қиладиган, айбларимизни билдириб қўядиганлар энг ёмон кўрадиганларимиз бўлиб қолган. Бу ҳолат иймоннинг заифлигини ифодалайди. Албатта ёмон хулқлар чақувчи илон ва чаёнлардир. Агар бир киши кийимимиз тагида чаён бор, деб огоҳлантирса, буни ундан бир яхшилик деб қабул қиламиз. Ундан хурсанд бўламиз ва чаённи йўқотиш, узоқлаштириш ёки ўлдириш билан машғул бўламиз. Унинг азоби фақат баданнинг ўзида бўлиб, оғриғи ҳам бир кун ёки ундан ҳам озроқ давом этади.
Ёмон хулқларнинг азоби эса қалбнинг тўрида бўлади ва ўлгандан кейин ҳам абадий ёки минг йиллар давом этиш хавфи бор. Биз эса мана шулардан огоҳлантираётган кишидан хурсанд бўлмаймиз. Айбларни йўқотишга ҳаракат ҳам қилмаймиз, балки насиҳатгўйнинг сўзини ўзига қайтариш билан машғул бўламиз. Унга ўзинг ҳам фалон, фалон ишларни қиласан-ку, деймиз. У билан ўртамиздаги адоват унинг насиҳатларидан фойдаланишдан бизни тўсиб қўяди. Булар гуноҳларнинг кўплигидан ҳосил бўлган қалб қоралиги сабаблидир. Булар ҳаммасининг асли иймоннинг заифлигидандир. Аллоҳ азза ва жалладан бизни тўғри йўлга илҳомлантиришини, айбларимизни кўрсатиб қўйишини, айбларимизни даволаш билан машғул қилиб қўйишини, камчиликларимиздан хабардор қиладиган кишиларга ташаккур айтишга муваффақ қилишини Ўзининг фазли ва эҳсони билан сўраймиз.
Учинчиси – ўз айбларини душманлари тилидан билиб олиш. Чунки ғазаб кўзи (яъни, душманнинг ғазабланган вақтдаги қараши) камчиликларни ошкор қилиб юборади. Эҳтимол, инсоннинг айбларини зикр қилувчи, гиначи душманидан фойда кўриши доим уни мақтайдиган ва айбларини беркитадиган, тилёғламачи дўстидан фойдаланишидан кўпроқдир. Лекин инсон табиати душманнинг сўзини ёлғонга чиқарадиган ва у гапираётган сўзни ҳасадгўйликка йўядиган қилиб яратилган. Аммо кўзи очиқ инсон душманининг сўзидан фойдаланиб қолишдан
воз кечмайди, чунки унинг камчилиги душманларининг тиллари билан очилишида шак йўқ.
Тўртинчиси – инсонларга қўшилиб юриш. Халқ ўртасида ёмонланган ҳар бир нарсани ўз нафсидан ахтарсин ва уни ана шу ёмонликка нисбат берсин. Чунки мўмин мўминнинг ойнасидир. Бошқа кишининг айби орқали ўз айбини кўриб олади. Табиатлар ҳавойи нафсга эргашишда бир-бирига яқинлигини ҳам билади. Тенгдошлардан бири нима билан сифатланса, иккинчиси ҳам шу сифатнинг аслидан ёки ундан ҳам каттароқдан ё ўша сифатнинг бирор нарсасидан ҳам холи бўлмайди. Ўз нафсини текширсин ва уни бошқалар ёмонлайдиган нарсалардан покласин. Мана шуларнинг ўзи сизга одоб беришга кифоя қилади. Агар инсонларнинг ҳар бири бошқаларда ёмон кўрадиган нарсаларини тарк қилганларида эди, улар одоб берувчилардан беҳожат бўлишарди.
Исо алайҳиссаломга «Сизга ким одоб-ахлоқни ўргатган?» дейишди. Шунда у киши: «Менга одобни ҳеч ким ўргатган эмас, (балки) нодон кишининг нодонлигини айб деб кўрдим, ундан сақландим», дедилар. Буларнинг ҳаммаси тақводор, зийрак, нафснинг айбларини кўрувчи, динда насиҳатгўй, ўз нафсини поклаб бўлган, Аллоҳ таолонинг ибодатгўй бандаларини поклаш билан машғул бўлиб, улар учун насиҳатгўй бир шайх топа олмаган кишиларга айтилган йўлдир. Аммо ким ўзига мана шундай шайхни топган бўлса, у ўзига бир табиб топибди. Уни маҳкам ушласин ва шу табиб касалидан халос қилади. Яқинига келиб қолган ҳалокатдан қутқаради.

Қалб ажойиботларини шарҳлаш китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase