close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Собит туриш

Аллоҳ таолодан ҳар куни бизни тўғри йўлга бошлаб, залолатдан сақлаши ҳақида сўраймиз. Ҳар бир намозимизда Аллоҳ таолонинг ғазабига учраган ва адашганлардан бўлиб қолмоқдан паноҳ сўраймиз. Бироқ,  тўғри йўлда бўлиш нима экани ҳақида тааммул қилиб кўрганмизми?

Ўлганимиздан сўнг, охиратда Аллоҳ таоло рози бўлганлар билан бирга бўлиш учун бу ҳаётимизда тўғри тушунчаларга эгамизми? Шубҳалар шамоли ва ёлғон дунёнинг ҳисобсиз васвасалари туфайли ички компасимиз ишдан чиқмаганмикан?
Тўғри йўлда собит туришдан ҳам оғир нарса бўлмаса керак. Шайтон қалбларимизга тинимсиз шубҳа солиш, фақирликдан қўрқитиш билан овора, иймонсизлар иғволари билан, ҳасадчилар эса ҳасад оловини ёқиш билан машғул. Фарзандларимиз эса улғаймоқа, улар билан бирга муаммо ва ҳожатлар ҳам кўпайиб боряпти. Бунинг устига қалбда муқимлик йўқ, агар Аллоҳ таоло қўллаб-қувватлаб турмаса, у оддий нарсаларни деб ҳам ҳақдан оғиб кетиши мумкин. Ғам ва ташвишларга тўла бу ҳаёт Аллоҳ таолога яқинлашиш, Унинг мағфиратига сазавор бўлиш ҳамда юқори даражаларга чиқиш учун ягона имкондир.
Ушбу имкониятдан унумли фойдаланиш учун ўзимизни ўзимиз сарҳисоб қилиб туришимиз керакки, ҳаётимизни Парвардигоримизнинг ўзи ўргатганлари бўйича Унинг розилигини топадиган йўсинга йўналтиришимиз лозим. Қуръони каримнинг Қасас сурасининг 77-оятида:
“Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар”.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ, ушбу оят изоҳида қуйидагиларни ёзган: “Аллоҳ таоло берган молу дунёга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ушбу ояти каримада ўз аксини топган. Мусулмон банда қўлига молу дунё тушганда ўзини худди шу оятга мос тутмоғи лозим. Мусулмон одам, аввало, Аллоҳ берган молу дунё билан охиратни излашга интилади. Яъни молу мулкини шариатда кўрсатилган, охиратда фойда берадиган жойларга сарфлайди. Ҳаром-хариш, гуноҳ, фисқу фужур ва беҳуда ишларга сарф этмайди. Чунки беҳуда ишларга сарфланган молу дунё бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда бермайди. Аксинча, икки дунёда ҳам зиён келтиради. Лекин мусулмон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини тарк қилиб - унутиб ҳам юбормайди”
Биз бу дунёнинг неъматларисиз яшай олмаймиз, шунинг учун ҳам фаравон ҳаёт учун ҳаракат қиламиз. Бироқ бу дунё ташвишлари бизни қалб хотиржамлигидан маҳрум қилади ва асосий мақсаддан чалғитади. Ҳатто мўмин одам ҳам омад ортидан қувиб ҳақиқий қадриятларни унутиб қўяди ва асл мақсадлар ўрнини пуч умидлар ва машаққатли изланишлар эгаллайди. Парвардигоримиз бу нарсалардан бизни халос қилиш ҳамда маънавий ва моддий уйғунликни йўқотиб қўймаслигимиз учун бизга қандай бўлишимиз кераклигини ўргатиб, кўрсатиб қўйган.
Охират учун ҳаракат қил ва солиҳ амалларингни кўпайтир, чунки бу дунёдан бу амаллардан бошқа ҳеч нарсани олиб кета олмайсан. Бу дунё ўзига қанчалик маҳлиё қилмасин, барибир вақтинча бир нарсадир. Аллоҳ таолонинг яқин бандалари қаторидан жой олишинг учун бу дунёни қалбингга яқинлатма, воситани мақсадга айлантирма ва бу ҳаётда эҳтиёж ва Аллоҳ таолога гўзал ибодат қилишдан ортиқ нарсага кўп уринма.
Ўлимни унутган ва бу дунё ҳаёти учунгина тинмай меҳнат қиладиганлардан бўлиб қолма, аммо бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Яхшилик қилишда бахил бўлма, кибрланма, ҳар қандай хайр-эҳсонни Аллоҳ таоло сенга ато қилгани учун қилаётганингни ҳам унутма. Гуноҳ қилма ва очиқчасига гуноҳ қилаётганларни қўллаб-қувватлама, зеро Аллоҳ таоло гуноҳ тарақатаётганларни яхши кўрмайди.
Шу оддий нарсаларга амал қилишнинг ўзи ҳам Аллоҳ таолодан сўраётган тўғри йўл бўлади. Ахир биз шу нарсаларга амал қиляпмизми, ўзи? Бугунги кунда кўпчилик бунинг аксини қилмоқда. Улар бу дунё фаровонлиги учун ҳаракат қилмоқда, бойимоқда ва бошқалардан устун бўлишга ҳаракат қилишмоқда. Уларнинг энг яхшилари охиратини унутмаганларидир. Кўпчилиги охиратини унутмаган, аммо  эслашмайди. Чунки уларнинг кўпи дунё ташвишларига ғарқ бўлишганидан намозларига зўрға вақт топишади. Садақа ҳам қилиб турадиганлари бор, бироқ шайтон бу амални корпаратив мажбурият сифатида қилдироқда, яъни иш, тижорат ривожланиб кетсин учунгина қилинади. Улар гуноҳларга ўргатишмаяпти, иллатларнинг тарқалишига сабаб бўлмаётган бўлиши ҳам мумкин, аммо ўз хулқи-одоби устида ишлаш ўрнига бошқалар билан кўпроқ машғул бўлиб қолиш ҳам етиб, ортиб турибди. Аллоҳ таолога даъват қилиш ўрнига ўзлари тамон даъват қилишади.
Агар сен тўғри йўлда собит туришни истасанг, ўз истак-хоҳишларинг, мақсадларинг ва қарашларингни Қуръон ва Суннатга мослашинг керак бўлади. Тўғри йўл бўйлаб, ярмигача ёки қисман бўлиш мумкин эмас. Бу йўлда оқсаш ёки судралиш мумкин, бироқ йўлдан адашмай аниқ мақсад сари бораверасан. Тўғри йўлда юрганлар хато ёки бошқа камчиликлардан ҳоли бўлмайди, аммо бутун қалб билан иймон келтириб, Аллоҳ розилигини топишга уриниш шарт. Билакс, кунларнинг бирида тўғри йўлда эмаслигинг маълум бўлиб қолганида, тўғри йўлга қайтиш учун бутун умр етмай қолиши мумкин.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase