close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Эй Роббим, албатта, менинг қавмим ушбу Қуръонни тарк этдилар

Бўш дақиқанг пайдо бўлганида сенинг фикрларингни нималар банд қилмоқда? Тонгда уйғонганингда сенинг қўлларинг нима нарсалар томон узра узалмоқда? Онгинг чарчаганда қалбинг нималарни шивирламоқда? Диндорнинг қалби бундай дамларда беихтиёр Қуръон оятларини тиловат қилади. У худдики мана шу араб калималарининг тўлқинларига мосланган ва фақат улардан хотиржамлик ва тинчликни топади.

Қуръон диндорнинг ҳаётида алоҳида ўринни эгаллайди. У уни беҳисоб неъмат ва улкан қадрият сифатида қабул қилади ва қалбига кирган ҳар бир оятини муҳофаза этади. У унга маъноларини тафаккур қилиб, дуоларида такрорлаб ва кўрсатмаларига амал қилиб ўзида униб - ўсиш имконини беради. У унда ўз қалбининг яхши ва камчилигини намоён қилувчи аксини кўради ва унда мавжуд барча яхшиликларни сақлаб қолишга, унда уйғонадиган ёмонликларни эса енгиб ўтишга ҳаракат қилади. У ўз қилмишларини Аллоҳ Таолонинг кўрсатмаларига таққослайди ва сабрда, матонатда ва қатъийликда пайғамбарларга ўхшашга интилади. У Аллоҳ Таолонинг бутун борлиқни ва бизнинг мавжудлигимизни бўйсундирган қонуниятлари ҳақида мулоҳаза юритади ва балолардан омонда бўлиш, эзгуликка эришиш учун улардан фойдаланади. Ва ана шу ҳолда Қуръон унинг бир бўлагига айланади ва Аллоҳ уни Ўзига яқин қилади.
Саҳл ибн Муоз Жуҳаний отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Қуръон ўқиб, ундаги нарсаларга амал қилса, қиёмат куни унинг ота-онасига зиёси дунёда (агар сизларда бўлса,) қуёш зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилган банда ҳақида нима деб ўйлайсиз” (Абу Довуд, Ҳоким, Абу Яъло, Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган. Ҳоким: “Бу саҳиҳ санадли ҳадис”, деган).
Агар инсоннинг Қуръонга бўлган муҳаббатини уйғотган ота – оналарга кўрсатиладиган иззат – икром шунчалик бўлса, Қуръонни ўзи ўқиган ва унга мувофиқ яшаганларнинг мукофоти қандай бўлар экан-а?!
Бизнинг Қуръонга муносабатимиз – имонимиз ва Аллоҳ Таоло ҳузуридаги аҳволимизнинг энг яхши мезонидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд айтганидай: “Агар банда ўзи ҳақида билмоқчи бўлса, Қуръондан сўрасин. Агар у Қуръонни яхши кўрса, демак Аллоҳ Таолони ва унинг пайғамбарини ҳам яхши кўради” [Абу Убайд, Фазоил Қуръон]. Қуръоннинг ўзида эса бундай дейилган: “Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмасларми? Ёки қалбларида қулф борми?” (Муҳаммад сураси, 24).
Бу Қуръон оятлари ҳақида мулоҳаза юритиш ўрнига, ундан қарама – қаршиликларни қидириб, унинг кўрсатмаларига амал қилувчи диндорларга маломат қилувчи мунофиқларга дашномдир. Уларнинг яширин қиёфаларини очиқловчи оятларни эшитиб, атрофга ташвиш билан олазарак қарашади: диндорлардан қай биридир ушбу таърифга кўра улардаги мунофиқликни пайқаб қолмасмикин? Агарда улар ўз юракларини (қалбларини) Қуръонга очганларида ва уни тушунишга ҳаракат қилганларида эди, ундан шубҳасиз фойда олган бўлардилар. Лекин улар ундан юз ўгиришди ва уларнинг қалблари зич ёпилган, шу сабабли ҳақиқат ёғдуси унга бошқа кира олмайди.
Диндорларчи? Биз Қуръондан ўзимиз ҳақида сўрасак, нима деркин? Унинг тиловатидан маст бўлиб йиқилган ва кўз ёшларини тия олмаганларни эслагандай, бизни ҳам эслай олармикин? Ёки биз пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларининг орасидамизми: "Эй Роббим, албатта, менинг қавмим ушбу Қуръонни тарк этдилар” (Фурқон сураси, 30).
Қуръон бизни тафаккур қилишга чорлайди, биз эса соғлом фикрга ва шариатга қарши бўлса ҳам, фикр юритмасликни ва оқим бўйлаб сузишни афзал биламиз.
Қуръон бизга  бирлашишни ва фирқаларга бўлинмасликни уқтиради, биз эса ўзимизга ўхшамаган биродарларимизни яхши кўрмаслик ва улардан четлашиш учун кўплаб бахоналар ўйлаб топамиз.
Қуръон бизни мусулмонлар деб атайди, биз эса буни етарли эмас деб ҳисоблаган ҳолда қандайдир жамоат ва оқимларга ифтихор билан қўшилиб оламиз.
Қуръон бизга мол – мулкни келгуси ҳаёт учун сарфлашни ва дунёвий шодликларни унутмасликни буюради, биз эса тамомила аксинча йўл тутамиз ва дунёвий ҳаёт учун меҳнат қиламиз, бунда келгуси ҳаётни унутиб қўймасликка ҳаракат қиламиз.
Қуръон бизни Аллоҳ Таолодан қўрқишга ва камбағалликдан қўрқмасликка ўргатади, биз эса фақат камбағалликдан қўрқамиз ва Аллоҳнинг жазоси ҳақида жуда ҳам кам хотирлаймиз.
Қуръон Аллоҳ Таолога муҳаббат қўйганларни Унинг пайғамбари изидан боришга чақиради, биз эса ҳаттоки унинг сийратини ҳам ўрганмаймиз ва биз тушаётган вазиятларга ўхшаш ҳолларда у қандай йўл тутгани ҳақида тушунчага ҳам эга эмасмиз.
Мана шу Қуръоннинг шафоатига энг кўп эҳтиёжимиз бўладиган кун учун биз нимага ишонмоқдамиз? Фаришталар Қуръонни қўлга олиб, лекин уни ўрганмаган, уни кўрсатмаларига амал қилмаган ва фарз намозларни тарк этганларнинг бошларини тош билан ёрадиган барзахдаги ҳаёт учун биз нимага умид боғлаяпмиз?
“Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!” (Ҳадид сураси, 16).
Ёки биз фақтимиз ҳали келмаганлигига аминмизми ёки биз ўзимизни диндор деб ҳисобламаймизми? Ёки ижозат берилган муддат йўлдан чиқиб кетмаслигимиз ва ҳой – ҳавасга берилиб кетмаслигимиз учун бизга жуда ҳам узоқ туюляптими?
Ё Аллоҳ, қалбларимизни гуноҳ ва беғамлик пардаси билан қоплаб қўйма. Уларни Сенинг эслатмаларингга ҳимматсиз ва бепарво қилма. Атрофдаги қанчадан қанча инсонлар тўғри йўлдан чиқиб, бойлик ва мансабларни афзал билишди. Кеча биздан кўра яхшироқ ва кучлироқ бўлиб, бугун эса гуноҳларга кўникиб, ҳаттоки диндорларнинг соясидан қочаётганлар қанча.
Диндорни Жаҳаннамга элтувчи шунчалар кўп йўл борки, уларнинг ҳар бири Қуръондан узоқлашишдан бошланади. Қуръонсиз бир кун яшаш, инсонлар ҳафталаб меҳнат қиладиган фойдали келишув, ёки қадрли нарсани йўқотиш, ёки иш жойидан ажралишдан ёмонроқдир. Биз қандайдир дунёвий манфаатимизни бой берсак ташвишланамиз, лекин улуғ хайрдан маҳрум бўлаятганимизга умуман бепарвомиз. Ахир Қуръон уни асрамаган инсондан ҳудди оёғи бўшатилган туя эгасидан қочгандай қочадику.
Аллоҳим, хатоларимизни авф эт ва қалбларимизни мана шу Қуръон билан зийнатлантир, кунларимизни унинг тиловати ва хайрли амаллар билан тўлдирки, бизнинг ҳар бир қилмишимиз Сенинг шарафингни алқасин ва бутун дунё Каломингнинг буюклигидан ҳайратда қолсин!

Манбалар асосида Абу Муслим тайёралади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase