close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Абаса сураси, 17 оят

«Ҳалок бўлгур инсон, бунчалар кофир бўлмаса!»

«Ҳалок бўлгур инсон, бунчалар кофир бўлмаса!»

Муфассирлар бу оятдаги    [қутилал инсаану] иборасини «Лаънатга қолгур инсон», деб таъвил қилганлар. Ҳасан ва мўътазилийлар: «Бу сўз Аллоҳ таоло тарафидан айтилса, ҳақорат қилиш ва инсонни шу сўз (ҳақорат) билан аташ маъносида бўлади, дедилар ва Аллоҳ таолодан ҳақорат (қилиш сўзлари) содир бўлишини жоиз деб ҳисоб қилдилар.
Аслида ҳақоратлашда ҳақорат қилувчининг эсипастлиги ва бузғунчилиги намоён бўлади, холос. Чунки ҳақорат қилинган шахсга ҳақорат томонидан ҳеч бир зарар етмайди. Уша ҳақоратнинг зарари айнан ҳақорат қилувчи шахснинг ўзига қайтади, холос. Аммо ҳақорат қилинган шахс ўз амали билан ҳақорат қилинган ҳисобланади, ҳақорат қилувчининг ҳақорат қилиши билан эмас.
Барча нуқсонлардан олий бўлган Аллоҳ таоло Унга бундай пасткашлик сифатининг нисбат берилишидан пок Зотдир. Шунинг учун ҳам биз айтамизки, халқ орасида гийбат деб қабул қилинган сўзлар Аллоҳ таоло томонидан зикр қилинадиган бўлса, ғийбат бўлмаганидек, халқ орасида ҳақорат сифатида танилган сўз Аллоҳ таоло томонидан зикр қилинадиган бўлса, ҳақорат маъносини бермайди. Аксинча, (Аллоҳ таоло томонидан зикр қилинган) бундай иборалар танбеҳ ва ўша ишдан қайтариш маъносида тушунилади. Бинобарин, бундай ибораларнинг зикр қилиниши замирида улар билан хитоб қилинган кимсани қўрқитиб қўйиш ва халойиқларга унинг пасткашлиги ва жоҳиллигини эслатиб қўйиш мавжуд бўлади. Ахир сиз шу ҳаётда бир одамнинг хитоб қилинувчи шахснинг айбини ошкора қиладиган сўзларни гапиришини, агар унинг айбини гапиришдан мақсади унга насиҳат бериш ва қилиб турган ишдан уни қайтариш бўлса, уни дунё ва охирати учун фойдали бўлган йўлга бошлаб қўйиш бўлса, унинг бу иши ғийбат ҳисобланмаслигини биласизку!
Худди шу сингари, бошқалар томонидан содир бўлганда ҳақорат ёки ғийбат саналадиган сўзлар Аллоҳ таоло тарафидан зикр қилинган бўлса, Унга ҳақорат ва ғийбат қилиш сифатлари ёпиштирилмайди. Зеро, бундай сўзларнинг У зот томонидан зикр қилиниши халойиқ учун эслатма ва танбеҳ бериш, бу сифатларни Унга нисбат берган кишиларни қўрқитиб қўйиш маъносидадир.
Оятдаги:[маа акфароҳу] сўзи «Унинг куфри нақадар қабиҳ ва нақадар аҳмоқлик ва нақадар жирканч бўлмаса» маъноларидадир. Чунки куфрга кетган инсон ўзига берилган неъ-матларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан эканини билдию, шундан сўнг ҳам Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилмади, Аллоҳ чақирган ишларда Унга итоат қилмади. Аксинча, у Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишни ўзига фойда ҳам, зарар ҳам беролмайдиган нарсаларга (бут-санамларга) йўналтирди. Эшитмайдиган, кўрмайдиган ва ундан бирор манфаат тегмайдиган нарсаларга ибодат қилди. Бу фаҳшнинг энг сўнгги нуқтаси ва қабиҳликнинг ниҳоясидир.
Ёки оятдаги [маа акфароҳу] сўзи «Унинг шукр қилувчи банда билан куфр келтирувчи банданинг, бузғунчи банда билан ислоҳ қилувчи банданинг ва Аллоҳнинг дўсти бўлган банда билан Унинг душмани бўлган банданинг ўртасини баробар деб билиш билан куфр келтириши нақадар аҳмоқлик ва нақадар жирканчлик бўлмаса! Ҳолбуки, ақл уларнинг ўртасида фарқ бор деб турган бўлса», деган маъноларни ифодалайди. Бинобарин, у қайта тирилишни инкор қилиш орқали ўз ақлига қарши борди, уни менсимади. Шундай бўлгач, ана шундай сифатга эга бўлган кишининг куфр келтириши нақадар оғир жиноят!
Сўнгра оятдаги Емаа акфароҳу] сўзи «Қайси нарса уни куфрга етаклади?» деганидир. Бинобарин, бу сўзнинг зикр қилиниши замирида халойиқлар орасидан имон келтирган кишиларнинг ҳайратини келтириш, уларга ана шундай ишни қилган киши ёмон инсон эканини, унинг ўз Раббиси билан ёмон муомала қилаётганини эслатиб қўйиш ётибди.

Абу Мансур Мотуридийнинг
"Таъвилот ал-Куръон"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase