close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Юсуф сураси 111-оят тафсири

111. Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди. Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганни тасдиқлаш ва ҳар бир нарсани батафсил қилиш, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир.

111. Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди. Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганни тасдиқлаш ва ҳар бир нарсани батафсил қилиш, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир.
Ҳа, ўтган умматларнинг, жумладан Юсуф алайҳиссалом ва замондошларининг қиссаларида ҳам ақл ишлатган ҳар бир киши учун ибрат бор.
Ҳа, бу Қуръон ва унинг қиссалари тўқима-уйдирма эмас, балки олдинги илоҳий китобларда келган нарсаларнинг тасдиғидир. Одатда ёлғон, тўқима гап бир-бирини тасдиқлай олмайди. Бирпасда ўртада хилоф чиқиб, сири фош бўлиб қолади.
Шунингдек, Қуръон ҳар бир нарсани муфассал баён қилувчидир. Агар тўқилган ва уйдирма бўлганида бундай бўла олмас эди.
Яна, Қуръон ва унинг қиссалари ҳидоятдан иборатдир, ёлғон ва уйдирма ҳеч қачон ҳидоят бўлган эмас, бўла олмайди ҳам.
Қуръон иймон келтирганларга раҳматдир. Ёлғон ва уйдирма ҳеч кимга раҳмат бўлган эмас, бўлмайди ҳам.
Шундай қилиб, аввалидан охиригача битта қиссадан иборат бўлган Юсуф сураси Қуръон қиссалари ақл эгалари учун ибрат эканлиги ҳақидаги оят билан тамом бўлди.
Шу билан ушбу сураи кариманинг тафсири ҳам тугади. Аммо бу сурани ўрганиш жараёнида ҳосил бўлган фикрлар тугамайди. Хусусан, қиссаларни ичига олган сураи шарифларни ўрганиш жараёнида улардан келадиган фойдалар, кўзланган мақсадлар ва бошқалар ҳақида мақомига қараб сўз юритилган эди.
Ушбу Юсуф сурасини ўрганиш жараёнида яна янги фикрлар пайдо бўлди. Жумладан, Қуръон қиссаларини тафсир қилишда асл мақсаддан узоқлашиш, кераксиз нарсаларга эътиборни тортиш, турли тафсилотларга киришиб кетиш Қуръон қиссалари равнақини бузиши аён бўлди. Шунинг учун ҳам бошидан-охиригача бир қисса–Юсуф алайҳиссалом қиссасидан иборат бўлган бу сура тафсирида мазкур тафсилотларни келтирмай, охирида алоҳида баҳс сифатида келтирмоқдамиз.
Аввало, қиссалардаги турли кераксиз тафсилотларга берилиб кетишга сабаб Қуръондаги қиссалардан кўзланган мақсадни англамаслик, улардан узоқлашиш бўлса керак, деган фикрдамиз.
Ҳолбуки, уламоларимиз Қуръони Каримдаги қиссалардан кўзланган мақсадларни очиқ-ойдин баён қилганлар. Улар, жумладан, қуйидагилардан иборат:
1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Пайғамбари ва Қуръони Карим илоҳий китоб эканлигини исбот қилиш.
Ўқимаган, ёзмаган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтмишдаги қиссаларни ўзича бундай аниқлик билан келтира олишлари мумкин эмас. Фақат Аллоҳ ваҳий орқали айтиб бериши мумкин, холос.
2. Ўтган Пайғамбарлар ва уларнинг умматлари ҳақида ҳикоя қилиш ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг умматлари қалбига собитлик солиш ва уларга тасалли бериш.
3. Кишиларни иймон-Ислом йўлига тарғиб қилиш, қизиқтириш.
4. Охир-оқибатда Аллоҳ Пайғамбарларга ва мўминларга нусрат бериб, кофир ва золимларни ҳалок қилишини баён этиш.
5. Турли уммат ва халқларнинг муваффақияти ёки ҳалокати сабабларини ўргатиш.
6. Пайғамбарлар кишиларни яхшиликка даъват қилиб келганларини баён қилиш.
7. Иймон-Ислом йўли бахт-саодат йўли эканини, куфр ва зулм йўли ҳалокат йўли эканини англатиш.
Демак, Қуръони Каримни ўқиган, ўрганган ёки уни бировга ўргатишга уринган одам қиссалардаги мазкур маъноларга алоҳида эътибор бермоғи лозим. Ундан бошқа маъноларни топишга уриниш эса, асл мақсаддан узоқлашишдир.
Минг афсуски, эски тафсирларимизнинг кўпида худди шу асл мақсаддан узоқлашишга ҳаракат қилинганини кўрамиз. Бунга Юсуф сураси тафсирида ҳам дуч келдик.
Одатда, Қуръони Карим шахс, макон ва вақтларни тайин қилмайди. Яъни, қиссаларда бу нарсалар муҳим эмас. Юсуф сурасида ҳам шахс исмларидан Яъқуб, Юсуф, маконотларидан Миср зикр этилган, холос. Бошқа шахслар эса, укаси, Азиз, Азизининг хотини, подшоҳ каби сўзлар билан ифода этилган. Лекин эски тафсирларимизда буларнинг ҳаммасига ном қўйиб чиқилган. Мисол учун Азиз–бош вазир, Юсуфни Мисрда сотиб олган кишининг исми «Китфир ибн Руҳайб» ёки «Литфир» дейилган. Унинг хотинининг исмини «Роъил» ёки «Зулайҳо», Миср подшоҳининг исмини эса «Раёён ибн ал-Валид» дейишган. Табиийки, исмнинг икки хил айтилиши ҳам маълумот аниқ эмаслигига далолат қилади. Бунинг устига ҳар бир исмни келтирган одам ўз фикрини қувватлаб, ўзгани танқид ҳам қилади. Лекин ҳеч ким Мисрда Юсуфнинг алайҳиссалом даврида арабча исмлар бўлганми, деб ўйлаб кўрмайди? Эҳтимол, қадимги уламоларимиз ўз замонлари воқелигидан келиб чиқиб, Қуръонда зикр қилинган ҳар бир нарсани аниқлаб қўйишга ҳаракат қилгандирлар. Аммо агар у ном ва исмларнинг аниқ бўлиши дин учун бирон фойда келтирадиган бўлса, Аллоҳнинг Ўзи зикр қилган бўлар эди.
Бошқа мулоҳазалардан бири, Қуръони Каримда зикр қилинган воқеаларни исроилиёт (Бани Исроил тўқиган қиссалар) билан тўлдиришга уринишдир. Биргина мисол келтирамиз. Қуръони Каримда Азизнинг хотини ва Юсуф алайҳиссалом ўртасидаги можаро кераклигича баён қилиниб, у зот алайҳиссаломнинг поклигини айтиб, аёл ўз айбини бўйнига олиши билан ниҳоясига етади. Аммо эски тафсирларимизда айтилишича, исми Зулайҳо деб даъво қилинган бу аёлга Юсуфни алайҳиссалом уйлантирадилар. Аёл шунча йил эри билан яшаса ҳам, бокира ҳолида турганлиги зикр қилинади. Баъзиларида эса, Аллоҳ унга ёшлиги ва бакоратини қайтариб бергани ҳам айтилади. Агар бунақа қўшимча тафсилотларда бирор фойда бўлса, Аллоҳнинг Ўзи айтмасмиди?!
Яна бир мулоҳаза–қиссадаги маъноларни атрофлича тушуниш учун Қуръони Каримнинг ўзига ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ривоятларга эмас, бошқа масдарларга суянилган.
Бу борада Юсуф алайҳиссаломнинг ҳусни жамоллари ҳақидаги васф-баёнларни келтириш мумкин. Ҳолбуки, Қуръони Каримдаги васф ҳаммасидан ўтади. Мисрнинг менман деган зодагон аёллари Юсуф алайҳиссаломни бир кўришларидаёқ ўзларини йўқотиб, ҳушлари бошидан учиб, беихтиёр қўлларини кесишлари ва «Бу башар эмас, карамли фариштадир!» дейишлари кифоя эмасми? Ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган Юсуфалайҳиссаломга борлиқ ҳуснининг ярми берилгани ҳақидаги саҳиҳ ҳадис кифоя эмасми?
Яна бир мисол. Юсуф алайҳиссаломнинг инисининг юки ичидан сув идиши чиққанда акаларининг: «Бу ўғрилик қилган бўлса, бундан олдин акаси ҳам ўғрилик қилган эди», деган гапларини исботлаш мақсадида турли ривоятлар келтирилади. Уларнинг баъзиларида Юсуф алайҳиссалом кичкиналик вақтида бир бутни бобосидан (онасининг отасидан) ўғирлаб синдирган эди, дейилади. Бошқалари эса, бошқача ривоятни келтирадилар. Ҳаммалари ҳам Юсуф алайҳиссаломдек одам ўғрилик қилиши мумкин эмаслигини яхши билганларидан ривоятларда у кишини, ҳақиқий ўғри эмас, дея таърифлайдилар. Аммо Юсуфни қудуққа ташлаб, оталарига, уни бўри еб кетди, деб ёлғон гапирган акалар яна бир бор ёлғон гапиришлари мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Бунга ўхшаш узундан-узоқ тортишув ва ривоят суришлар, Юсуф алайҳиссаломга ота-оналари ва биродарларининг сажда қилишлари; Юсуф алайҳиссалом агар Роббининг бурҳонини кўрмаганида аёлга мойил бўлиб қолишлари мумкинлиги тўғрисида ва бошқа мавзуларда ҳам анчагина бор. Буларнинг ҳаммаси, аввалда айтганимиздек, фикрни асосий мақсаддан бошқа томонга буради, холос.
Энди Юсуф сурасининг бош мавзуларидан бири бўлган туш масаласига тўхтайлик. Кўриб ўтганимиздек, Юсуф сурасида воқеалар ривожи, асосан, уйқуда кўрилган тушлар билан боғлиқдир. Қисса Юсуф алайҳиссалом тушларида ўзиларга ўн битта юлдуз, қуёш ва ой сажда қилаётганини кўрганларини баён қилиш билан бошланиб, ўша туш ўнгда ҳақиқатга айланиши билан тугайди. Шунингдек, қиссадаги бурилиш нуқталари ҳам тушларга боғлиқ. Аввал Юсуф алайҳиссалом билан бирга қамалган икки йигитнинг кўрган тушлари, кейин эса Миср подшоҳининг кўрган туши.
Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломга туш таъбири илмини берганлигини неъмат деб ҳисобламоқда. Юсуф алайҳиссаломнинг тушларни тўғри таъбир қилишлари Пайғамбарлик мўъжизаси ўрнида келмоқда. Эҳтимол, ўша пайтда туш таъбири халқ ўртасида ривожланган бўлиши мумкин.
Ҳаётга назар соладиган бўлсак, баъзилар тушни тамоман тан олмайди. Баъзилар эса, ҳамма нарсани тушга боғлаб қўяди. Исломда эса, ҳақиқий мавқиф тутилади. Исломда тушга бўлган муносабат, айниқса, ушбу сурадан очиқ-ойдин билинади.
Мусулмон уламолар тушни уч турга бўладилар:
1. Аллоҳдан бўлган илҳомий тушлар. Уларга ушбу сурадаги тушлар мисол бўлади. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган тушлари ҳам шу хилдаги тушлардан. Маълумки, у киши Пайғамбарликларининг дастлабки олти ойида кўрган тушлари худди тонг ёғдусидек, аниқлик билан воқеликда ҳам такрорланиб турган. Бу ҳақда саҳиҳ ривоятлар кўп. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Тўғри туш Пайғамбарликнинг қирқ олти жузъидан биридир», деган ҳадисларини ҳам уламолар ўша олти ойга ишорат, дерлар. Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарликлари йигирма уч йил бўлган. Йигирма уч йил қирқ олтита олти ойликдан иборат. Демак, ўша туш ўнгидан келиб юрган дастлабки олти ой муддат йигирма уч йиллик Пайғамбарлик муддатининг қирқ олтидан биридир.
2. Ҳаётда бўлиб ўтган нарсаларни хотирлаб, эсга олиб, сўнгра ухлагандан кейин ўша нарсаларнинг тушга кириши. Бу тушнинг эътибори йўқ. Моддапарастлар шуни ҳам туш деб биладилар.
3. Шайтон таъсири остида кўриладиган алғов-далғов тушлар. Бунинг ҳам ҳеч қандай эътибори йўқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир кўрган тушни эътиборга олиб, таъбирини ахтаришга тарғиб қилиш ҳам йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида: «Агар бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини тушида кўрса, бошқаларга айтсин. Ёмон кўрадиган нарсасини тушида кўрса, чап томонига уч марта туфласин-да, бошқа томонга ёнбошлаб олсин. Аллоҳдан унинг шарридан сақлашини сўрасин. Бировга бу тушини айтмасин. Шунда туш унга зарар қилмайди», деганлар.
Имом  Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Муовия ибн Ҳайдатул Қушайрийдан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Туш таъбир қилинмагунча киши учун фолга ўхшаб тураверади, таъбир қилинса, воқеъликда зоҳир бўлади», деганлар.
Тобеинларнинг орасида тушларни оят ва ҳадислар асосида таъбир қилувчи машҳур кишилар ҳам бўлганлар.
Уламоларнинг фикрича, туну куннинг узунлиги бир-бирига яқин бўлган мавсумда таҳорат билан ётган одамнинг саҳар чоғи кўрган туши ҳақиқатга яқин туш бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
Тафсири Ҳилол китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase