close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Тоҳо сураси, 43-46 ("Қуръони азим тафсири"дан)

43-44. Иккингиз Фиръавннинг олдига боринг, чунки у ("Мен худоман", деб) туғёнга тушди. Бас, сизлар унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд у панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса.

“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида ривоят қилинишича, Мусо ва Ҳорун пайғамбарларга ушбу Илоҳий Фармон буюрилганида Ҳорун алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломнинг ёнида эмас, балки Мисрда эди. Бас, Оллоҳ таоло унга ваҳий юбориб, Мусони Мисрда кутиб олишни ва икковлон ўзини худо деб ҳаддидан ошган, бани Исроил қавмига бениҳоя зулм қилаётган подшоҳ фиръавннинг олдига боришларини амр қилди ҳамда у золимга ҳеч қандай қаттиқ-қўпол сўз айтмасдан хуш муомала қилишларини буюрди. Мусо алайҳиссалом фиръавнга қандай сўзлар айтиши лозимлиги ҳақида бошқа бир сурада шундай хабар берилади: “(Эй Мусо), сен Фиръавннинг олдига боргин, чунки у (куфру исён билан) ҳаддидан ошди. Бас, (унга) айтгин: "Сенинг (куфр иллатидан) покланишга рағбат-хоҳишинг борми? Мен сени Парвардигоринг (Йўли)га ҳидоят қилсам, бас, сен (У Зотдан) Қурсанг . (Ван-нозиот сураси 17-19-оятлар).
Суддий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, Мусо алайҳиссалом оғаси Ҳорун алайҳиссалом билан бирга Фиръавн олдига бориб, Ҳақ таоло буюрганидек унга юмшоқ сўзларни айтди ва агар у Мусо ва Ҳоруннинг даъватини қабул қилиб Ёлғиз Оллоҳга иймон келтирадиган бўлса, ҳеч қачон қаримасдан доимо ёш навқиронлигича қолишини, то ўлгунича подшоҳлик қўлидан кетмаслигини, сўнгги соатига қадар ейиш, ичиш ва жинсий ҳаётдаги лаззат уни тарк этмаслигини, ўлганидан кейин эса жаннатга киришини ваъда қилди. Оллоҳнинг элчилари айтган бу ёқимли сўзлар фиръавнга маъқул кўринди-ю, аммо у ҳеч бир ишни вазири Ҳомонга маслаҳат солмасдан қабул қилмас эди. Ўша пайтда Ҳомон ҳозир бўлмагани учун уни кутди келиши билан унга Мусо алайҳиссаломнинг сўзларини айтиб: “Мен унинг сўзларини қабул қилмоқчиман”, деди. Шунда Ҳомон: “Мен сени ақл-фаросат эгаси деб ўйлар эдим. Ахир сен худосанку, энди қул бўлишни истамоқдамисан?! Сенга ҳамма ибодат қиладику, наҳотки энди ўзинг бошқага ибодат-қуллик қилишни истасанг?!” деб унинг фикрини тамоман ўзгартириб юборди ва Фиръавн яна ўз зулму туғёнига ботганича қолаверди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Ояти каримадаги “Шояд у панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса” жумласи тафсирида Ҳусайн ибн Фазл раҳимахуллоҳ: “Ушбу сўзлар Фиръавнга тааллуқли эмас, чунки унинг ҳеч қачон панд-насиҳатни қабул қилмаслиги Ҳақ таолога азалдан маълум эди, балки жумланинг мазмуни - одамларни Ҳақ Йўлга даъват этишда қўполлик қилинмасдан юмшоқ сўзлар билан даъват қилинган такдирдагина уларнинг орасидан панд-насиҳат олгувчилар ёки Оллоҳ таолодан қўрқувчи кишилар чиқиши умид қилинади, деганидир”, дейди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Дарвоқеъ, бошқа бир сурада ҳам Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига хитоб қилиб, буюради: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг Йўлига — Динига донолик — ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (яъни, Сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал тарзда мужодала — мунозара қилинг! Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши Билгувчидир ва У Зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши Билгувчидир.”(Наҳл сураси, 125-оят).

45.    Улар дедилар: “Парвардигоро, дарҳақиқат, биз (агар уни Сенга иймон келтиришга даъват этсак), у бизга шошқалоқлик қилишидан (яъни, шошқалоқлик бизни азобга гирифтор қилишидан) ёки бадтар туғёнга тушишидан қўрқмоқдамиз”.

Яъни, Мусо ва Ҳорун алайҳимассалом Оллоҳ таолога илтижо қилиб: “Ё Парвардигор, албатта, биз Сен зиммамизга юклаган рисолатни сўзсиз адо этурмиз, лекин фақат бир нарсадан қўрқувимиз бор - агар биз уни Сенинг Танҳо Маъбуд эканлигингга иймон келтиришга ва Ёлғиз Ўзингга ибодат қилишга даъват эта бошласак, у золим подшоҳ сўзимизни охиригача эшитмасдан жазавага тушиб, Сен бизга ато этган мўъжизаларни ҳам кўришни хоҳламасдан бизни бирон азобга гирифтор қилмасмикан, оқибат-натижада даъватимиз тамомига етмасдан, мўъжизаларимиз ҳам кўрсатилмасдан қолиб кетмасмикан?” деган эдилар -

46.    (Оллоҳ) айтди: "Қўрқманглар. Шак-шубҳасиз, Мен сизлар билан биргаман — (барча нарсани) эшитиб, кўриб турурман.

Уламолар айтадилар: “Қачонки Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломнинг қалбларида инсон табиатида бор бўлган қўрқув ҳисси пайдо бўлгач, Оллоҳ таоло ушбу ояти карима билан уларни хотиржам қилди ва Ўзи улар билан бирга экани, яъни, ҳар қандай бало-офатдан уларни ҳифзу ҳимоясида асраши ҳамда улар билан Фиръавн ўртасида бўладиган барча гап-сўз ва воқеаларни эшитиб-кўриб туриши, бинобарин, у золим подшоҳ на уларга ва на уларнинг қавми бўлган бани Исроилга бирон зиён етказа олмаслиги ҳақида хабар берди.
Ушбу оятлар Мусо алайҳиссалом ҳеч нарсадан қўрқмас эди, деган гап хато эканлигига далилдир. Балки душмандан хавфсираш пайғамбарларнинг суннатларидан эканлиги ҳақида Қуръони Каримнинг бошқа оятларида ҳам хабарлар келгандир: “Шаҳарнинг нариги тарафидан бир киши шошганча келиб: "Эй Мусо, (Фиръавн) одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, сен (бу шаҳардан) чиқиб кетгин. Албатта мен сенга холис бўлган кишилардандирман", деди. Бас, у қўрқувга тушиб, (ортидан етиб келиб қолишларига) кўз тутган ҳолда у ердан чиқиб, деди: "Парвардигорим, Ўзинг менга бу золим қавмдан нажот бергин”. (Қасас сураси, 20-21-оятлар). “Бас, Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилган эди; Биз айтдик: "Қўрқмагин! Албатта сен ўзинг ғолиб бўлгувчисан . (Тоҳа сураси, 67-68-оятлар).
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Хандақ жангида мусулмонларни душман ҳужумидан асраш учун шаҳар атрофига хандақ кавлатганлари ёки саҳобайи киромнинг Макка мушриклари томонидан бўлиши кутилган суйиқасдлардан хавфсираганлари учун Расулулллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг изнлари билан аввал Ҳабашистонга, сўнгра Мадинага жонларини ва динларини омон сақлаш учун ҳижрат қилганлари ҳам душманнинг ёмонлигидан хавфсираш ва хавф-хатар бор жойда албатта эҳтиёт чораларини кўриш суннат амаллардан эканлигини кўрсатади. (“Тафсири Қуртубий”дан).

Шайх Алоуддин Мансур, роҳимаҳуллоҳ
Қуръони азим тафсири, Тоҳо сурасидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase