close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мумтаҳина сураси, 9-оят тафсири

9. Албатта, Аллоҳ сизларни диний уруш қилувчилар, диёрингиздан чиқарувчилар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарадир. Уларни дўст тутганлар золим кишилардир.

9. Албатта, Аллоҳ сизларни диний уруш қилувчилар, диёрингиздан чиқарувчилар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарадир. Уларни дўст тутганлар золим кишилардир.

Аммо кимки мусулмонларга диний адоват туфайли уруш очса, уларни диёрларидан чиқарса ёки душманларига уларни диёрларидан чиқаришда ёрдам берса, албатта, ундай кишиларни дўст тутиб бўлмайди.
«Албатта, Аллоҳ сизларни диний уруш қилувчилар, диёрингиздан чиқарувчилар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарадир».
Бу ҳам айни адолатдир. Чунки ҳеч қачон, ҳеч ким ўзи учун энг азиз нарса бўлган динидан қайтаришга уриниб, у билан жанг қилган одамга дўстлик қила олмайди.
Ҳеч ким, ҳеч қачон, ўзини азиз диёридан чиқариб юборган ёки ўзини ўз диёридан чиқарилишига ёрдам қилган одамга дўстлик қила олмайди.
«Уларни дўст тутганлар золим кишилардир».
Ўз динига қарши у билан жанг қилган одамга дўст тутганлар золим бўлмаса, ким золим бўлар эди!
Ўзини азиз диёридан чиқариб юборган ёки ўзини ўз диёридан чиқарилишига ёрдам қилган одамни дўстлик тутганлар золим бўлмаса, ким золим бўлар эди!.
Сўнгра Қуръони Карим кофир эрини тарк этиб, Ислом диёрига кўчиб келган мусулмон аёлларнинг ҳукмини баён қилади.
Аммо ояти кариманинг тафсирга ўтишдан аввал унинг нозил бўлишига сабаб бўлган воқеалар, жамиятдаги ўзгаришлар ва бошқа жараёнларни ўрганиб чиқсак, яхши бўлади.
Ҳудайбия деган жойда мусулмонлар ва Макка мушриклари ўртасида сулҳ тузилган эди. Бу сулҳ тарихда «Ҳудайбия сулҳи» номи билан машҳур. Мазкур сулҳ бир неча банддан иборат бўлиб, сиртдан мушриклар фойдасига, мусулмонлар зарарига бўлиб кўринар эди. Жумладан, сулҳнинг бир бандида: «Агар биздан сенга (Эй Муҳаммад) бирор киши борса (сенинг динингда бўлса ҳам), бизга қайтарасан», дейилган эди. Бошқа бандлар қатори бу бандга ҳам амал қилиниб турилди. Лекин вақт ўтиши билан янги масала пайдо бўлади. Мушриклар тарафдан аёл кишилар Исломни қабул этиб, ҳижрат қилиб Маккадан Мадинага кела бошладилар. Сулҳда аёллар зикр қилинмаган эди. Умумий бандга биноан уларни ҳам эркакларга ўхшаб қайтариб юборишга имкон йўқ. Чунки аёл кишилар нозик, қийноқларга чидай олмайдилар.
Умму Гулсум Бинти Уқба исмли аёл Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб келганда унинг акалари Аммора билан Валид Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, уни қайтаришни талаб қилишади. Шунда Аллоҳ ушбу оятни тушириб, бу масаладаги барча ҳукмларни баён қилган.

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase