close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Йигирма биринчи суҳбат: Ҳаётбахш даъватга жавоб беринг – қалбингиз саломат бўлади!

“Эй иймон келтирган инсонлар, Аллоҳ ва Расул сизларни ҳаёт бахш этувчи нарсага чақиришган пайтда ижобат этинглар. Билингларки, албатта Аллоҳ инсон билан унинг қалби орасини тўсиб қўяжак, ҳамда сизлар Унинг ҳузурига тўпланурсизлар”. (Анфол сураси, 24-оят).

Бу оятда Аллоҳ иймон келтирган инсонларни Аллоҳ ва Расул айтаётган ҳар қандай таклифни қабул қилишга буюради ва бу таклифларни ҳаёт бахш этадиган неъмат сифатида таърифлайди. Эслаб ўтиш лозимки, Аллоҳ Анфол сурасининг бундан олдинги оятларида Аллоҳ ва Расулга итоат қилишга, уларнинг сўзларини эшитиб, юз ўгириб кетмасликка чақирган (20-оят). Оғизда: “Ҳа эшитдик, хўп бўлади”, деб, яна ўз билганларини қилиб кетаверадиганларга ўхшаб қолишдан огоҳлантирган (21-оят). Ерда юрган махлуқотларнинг энг ёмони насиҳат қабул қилмайдиган маънавий кар ва соқов кимсалар эканини, уларда яхшилик йўқлигини баён қилган (23, 24-оятлар). Ана шу эслатмалардан сўнг Аллоҳ ёмонларнинг ҳолатидан ибрат олувчи ва ҳақ йўлда яна ҳам мустаҳкамроқ бўлувчи мўминларга қарата хитоб қилади: “Эй иймон келтирган инсонлар, Аллоҳ ва Расул сизларни ҳаёт бахш этувчи нарсага чақиришган пайтда ижобат этинглар”.
Саъдий: “Аллоҳ таоло мўмин бандаларини иймон улардан тақозо қиладиган нарсага буюради. У ҳам бўлса, Аллоҳ ва Расул даъватларига жавоб беришдир. Яъни улар буюрган нарсага бўйсуниш ва унга шошилиш, унга даъват қилиш, улар қайтарган нарсадан тийилиш, узоқ бўлиш ва ундан бошқаларни қайтаришдир.
“Ҳаёт бахш этувчи нарса”. Бу Аллоҳ ва Унинг расули чақирган ҳар бир нарсанинг доимий сифати, ҳамда фойдаси ва ҳикматининг баёнидир. Чунки қалб ва руҳнинг ҳаёти Аллоҳга ибодат қилиш, Унинг ва расулининг тоатини бардавом лозим тутиш билан мавжуд бўлади".
Қуртубий: “(Эй мўминлар) тоат қилишга ва Қуръон ўз ичига олган амру наҳйларга риоя этишга чақирилганда ижобат этинглар. Чунки мана шу нарсаларда абадий ҳаёт ва туганмас неъмат бор. Баъзи уламолар “Ҳаёт бахш этувчи нарса” дегани жиҳоддир, дейишган... Тўғрироғи, бу ибора ҳамма ибодатларни ўз ичига олади”.
Табарий бу оятдаги “ҳаёт бахш этувчи нарса” иборасига берилган турли маъноларни келтирадилар ва қадимги тафсир олимларидан ривоят қилиб, “ҳаёт бахш этувчи нарса”нинг маъноси устида ҳақ, Қуръон, иймон ва ҳоказоларни айтишганини ёзадилар. Сўнггидан ўзларининг фикрларини тақдим этадилар: “Бу борадаги қавлларнинг тўғрироғи: “Аллоҳ ва Расул сизларни тирилтирадиган ҳақ ишга чақирсалар, итоат этиш билан жавоб беринглар”, деб маъно берган одамнинг сўзидир”. Муфассир мана шундай маъно берилганда бунинг ичига юқоридаги маъноларнинг барчаси киради, дейдилар. “Буларнинг ҳар қайсинисига жавоб берган одам учун ҳаёт бор. Дунёда унинг номи яхши таассуротлар билан эсланади. Бу у учун ҳаётдир. Охиратда эса жаннатларда абадий ҳаёт кечиради”.
Демак, Аллоҳнинг бу оятдаги буйруғидан маълум бўладики, Унинг Ўзи ва Расули чақирган амалларнинг барчасини бирдек қабул қилиш даркор. Ҳақ даъват рўпарасида турли баҳоналар билан ўзини овутиб ёки алдаб қўймаслик лозим. Шунда инсон абадий ва ҳақиқий ҳаётга эришади. Бу Аллоҳ ва Расул даъватига лаббай деб жавоб берган инсонлар мушарраф бўладиган улкан мукофотдир. Энди бу бахтга ўз вақтида етиша олмаган ёки Аллоҳу Расул даъватларини қабул қилмаган ё эса қабул қилдим деса ҳам амалга киришишни пайсалга солган инсоннинг оқибати нима бўлади? Бу саволга шу оятнинг ўзидаёқ жавоб бор: “Билингларки, албатта Аллоҳ инсон билан унинг қалби орасини тўсиб қўяжак”.
Ё Раб! Ўзинг асра! Бу “Аллоҳнинг амрига чин юракдан жавоб бермасликнинг оқибати – фалон азоб” деган сўз эмас. Аммо ҳар қандай жазодан ўтиб тушадиган жавоб бу.
Саъдий: "Кейин Аллоҳ Ўзига ва расулига ижобат этмасликдан огоҳлантириб дедики: “Билингларки, албатта Аллоҳ инсон билан унинг қалби орасини тўсиб қўяжак”, бас сизлар Аллоҳнинг амрини дастлаб келган пайтда рад этишдан сақланинглар. Негаки, у амрни кейинроқ бажараман деганингизда Аллоҳ сиз билан у ишнинг ўртасини тўсиб қўяди. Қалбларингиз ўзгариб қолади. Чунки Аллоҳ инсон билан унинг қалби орасини ажратиб юборади. У қалбларни хоҳлаган томонга айлантиради, Ўзи истаган тарафга буриб қўяди. Шунинг учун банда мана бу дуони кўп ўқисин: “يَا مُقَلِّبَ اْلقُلُوبِ ثَبِّتْ قَلْبِي عَلَى دِينِكَ، يَا مُصَرِّفَ الْقُلُوبِ اصْرِفْ قَلْبِي إِلَى طَاعَتِكَ” – “Эй қалбларни айлантирувчи Зот, менинг қалбимни дининг томонга айлантириб қўй. Эй қалбларни бурувчи Зот, менинг қалбимни тоатинг сари буриб қўй”.
Қуртубий: “...Қалб фикрлаш ўрнидир ... У Аллоҳнинг қўлида – қачон хоҳласа у билан банданинг орасини бирор касаллик ёки офат билан тўсиб қўяди. Шу билан банда ақлини ишлата олмай қолади. Бунинг маъноси шуки, токи ақлингиз заволга юз тутиб, амал қилиш имкониятингиз йўққа чиқмасдан бурун ижобат этишга шошилинглар. Мужоҳид дедилар: маъно шуки, Аллоҳ инсон билан унинг ақли орасини тўсиб қўяди, охири у ўзи нима иш қилаётганини пайқамайдиган бўлиб қолади”.
Табарий: “Менинг назаримда бу ҳақдаги қавлларнинг тўғриси мана бундай. Бу айтилган сўз Аллоҳ азза ва жалланинг Ўз бандалари қалбларига улардан кўра кўпроқ эгалик қилиши ҳақидаги хабаридир. Аллоҳ агар хоҳласа, улар билан қалбларининг ўртасини тўсиб қўядики, оқибатда қалб эгаси иймон ёки куфрдан бирон нарсани идрок эта олмай қолади. Ё эса қалби билан бирон нарсани англаб, тушуниб ола билмайди, илло бу ишлар Унинг изни ва хоҳиши билангина мумкин бўлади... Агар Аллоҳ жалла саноуҳу бирор ишда банда билан унинг қалби орасини тўсиб, уни англаш ва тушунишдан ман этса, банда Аллоҳ ман этган нарсани идрок этишга бирор йўл топа олмайди. Агар оятнинг маъноси шундай бўлса, бунга Аллоҳ мўмин билан куфр ўртасини, кофир билан иймон ўртасини тўсиб қўяди, деган сўз ҳам, инсон билан унинг ақли ўртасини тўсиб қўяди деган сўз ҳам, банда билан қалби ўртасини тўсиб қўяди ва у Аллоҳнинг изнисиз иймон ҳам келтира олмайди, куфр ҳам келтира олмайди... деган қавл ҳам киради... Аллоҳ: “Билингларки, албатта Аллоҳ инсон билан унинг қалби орасини тўсиб қўяжак”, деб умумий қилиб гапирди... Биз келтирган маънолардан биронтасини хоссатан зикр қилмади. Калом эса бу маъноларнинг ҳаммасини ҳам ўз ичига сиғдиради..”
Демак инсон аввало бу оламга нима учун келганини яхши англамоғи, сўнг ундан ушбу ҳаётда, хоссатан айни дамда нима вазифалар, қандай ибодатлар кутилаётганига эътибор қаратмоғи лозим. Инсон Исломда бўла туриб, Аллоҳнинг динидан ўзининг нафсу ҳавосига мос тушган, кўнглига ёққан ишни қилиб, бошқасини рад этиши хатарли экани юқоридаги оятдан маълум бўлади. Зеро, оят иймон келтирган инсонларга хитоб бўлиб нозил бўлган. Агар банда Аллоҳнинг даъватига чин юракдан жавоб беришдан қочиб, енгил-елпи ҳаёт кечириш йўлига ўтиб олган бўлса, бунга жавобан унинг қалби ўзгариб қолиши, кейин ҳақни ноҳақ деб, ботилни эса ҳақ деб ишониб юриши мумкин экан. Аллоҳ асрасин.

Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Аллоҳ ва Унинг расули инсонларни таклиф этган ҳақ йўл ва ундаги амаллар абадий ҳаётга олиб борувчи воситалардир. Уларнинг барчасини бирдек яхши кўриб қабул этиш ва қўлдан келганича тўлиқ амал қилиш лозим.
2. Инсон танасининг тириклиги учун турли-туман, сон-саноқсиз озуқаларга узлуксиз муҳтож бўлгани каби руҳи ва қалбининг тириклиги учун ҳам доимий равишда озуқага муҳтож бўлади.
3. Инсон агар Аллоҳ ва Расулнинг буйруқларини бажаришга имконияти бўла туриб, кейинроқ қиларман деган баҳона билан орқага сурадиган бўлса, Аллоҳ унинг қалбини, тушунча ва тасаввурларини ўзгартириб қўйиши мумкин.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Қуръоний суҳбатлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase