Биз Фурқон сурасидан Раҳмоннинг суюкли бандалари таърифига бағишланган оятлар билан танишиб келиб, ниҳоят бугун уларга бериладиган мукофотлар зикрига етдик. Суранинг сўнггидаги оятларда у бандаларни кутаётган олий мукофот баён этилади. Биз қуйида ана шу оятга муфассирлар ёзган шарҳлардан бирма-бир иқтибос келтирамиз:
Табарий: “Зикри олий Зот айтадики, Менинг бандаларимдан сифатларини келтирганим, яъни “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда оғир-босиқлик билан юрадиган”, деган ибтидодан бошлаб, то “Улар: “Эй Раббимиз, бизга жуфтларимиздан ва зурриётларимиздан кўзларимизни қувонтирадиган зотларни ато қилгин...” деган оятгача бўлган ерда сифатлари зикр қилинган Менинг бандаларим “Ғурфа” билан мукофотланадилар. “Ғурфа” жаннатнинг юксак манзилларидан биридир”.
Саъдий: أُوْلَـئِكَ يُجْزَوْنَ الْغُرْفَةَ بِمَا صَبَرُواْ – “Ана ўшалар сабр қилганлари туфайли жаннатнинг олий даражаси билан”, яъни кўнгилларга хуш ёқадиган, кўзлар лаззат оладиган ҳамма нарсаларни ўз ичига жамловчи юксак манзилгоҳлар, гўзал масканлар билан “мукофотланадилар”. Улар нимага эришган бўлсалар, сабрлари сабабли эришдилар...
وَيُلَقَّوْنَ فِيهَا تَحِيَّةً وَسَلاَماً – “у ерда” Раббилари ва улуғ малоикалар томонларидан ҳамда бир-бирларидан “олқиш ва саломлар билан қарши олинадилар”. Ҳар қандай камчилик ва кўнгил хираликдан холи ва саломат бўладилар.
Хулоса шуки, Аллоҳ уларни оғир-босиқлик, Яратганга ва бандаларга тавозели бўлиш, чиройли одоб, ҳалимлик, бағри кенглик, жоҳилларга кечиримли бўлиш, улардан узоқ юриш, уларнинг ёмонликларига яхшилик билан жавоб қайтариш, тунлари ихлос билан ибодат қилиш, дўзах азобидан қўрқиш, ундан халос қилишни сўраб, Раббиларига тазарру билан ёлвориш, вожиб ва мустаҳаб садақаларни адо этиш, бу ишда ўртамиёна йўл тутиш билан таърифлади...
Яна уларни гуноҳи кабиралардан сақланиш, Аллоҳга ибодатда ихлосли бўлиш, қон ва обрў тўкишдан пок юриш, булардан биронтаси содир бўлиб қолса, тавба қилиш, хоҳ ҳаракат, хоҳ сўз билан содир бўладиган мункар ишлар устида ҳозир бўлмаслик, ўзлари ҳам ундай ишларни қилмаслик билан сифатлади...
Яна уларнинг Аллоҳ оятларини хушнудлик билан қабул қилишлари, маъноларини англаб, уларга риоя этишлари ва аҳкомларини амалда қўллашга ҳаракатда бўлишларини айтиб мақтади...
Раҳмоннинг бандалари Аллоҳга энг комил суратда дуо қиладилар. Уларнинг дуоларидан, жуфтлари ва зурриётларининг солиҳ бўлишидан ўзлари ҳам, уларга алоқадор кишилар ҳам ва барча мусулмонлар ҳам фойда оладилар. Бу нарса шуни тақозо қиладики, улар бу айтилган кишиларга таълим беришга, ваъз-насиҳат қилишга саъй-ҳаракатда бўладилар. Чунки ким бир нарсани хоҳласа ва уни дуо қилиб сўраса, унинг ўзи ўша ишга сабаб бўлиши лозим...
Офарин! Қандай олижаноб сифатлар-а!!! Қандай юксак ҳимматлар! Қандайин буюк мақсадлар! Қандай асл инсонлар! Қандай покиза қалблар! Қандай ҳам сараланган зотлар! Қандайин тақводорлар!
Аллоҳнинг уларга ато қилган ва шу туфайли уларни буюкликка эриштирган фазли, неъмати, раҳмати қандай ҳам яхши! Уларни бундай мартабаларга кўтарган лутфу марҳамати не қадар қимматли!
Аллоҳ ана ўшаларнинг сифатларини бандаларига баён қилиб бериши, ҳолатларининг таърифини келтириши, ҳимматларини кўрсатиб қўйиши, ажрларини тушунтириб ўтиши миннат қилса арзийдиган иш! Зеро, мана шунда бандаларда бу сифатлар билан безанишга иштиёқ пайдо бўлади. Бу йўлда бор куч-ғайратларини сарф қиладилар. Ана уларга неъматлар ато қилган, ҳурматларини оширган Зотдан буларни ҳам худди ўшаларни ҳидоят қилгани каби ҳидоят қилишини, улар каби буларни ҳам Ўзининг хос тарбиясига олишини сўрайдилар. Чунки У Зотнинг фазлу марҳамати ҳамма замон ва маконлар учун, ҳар қандай лаҳза ва онлар учун муносибдир...
Аллоҳ таоло хабар бердики, У бу айтилган инсонлардан бошқаларига эътибор бермайди. Агар сизларнинг Унга ибодат қилишингиз, ҳожатларни сўрашингиз бўлмаса, сизларни назарга олмайди ва яхши кўрмайди”.
قُلْ مَا يَعْبَأُ بِكُمْ رَبِّي لَوْلاَ دُعَآؤُكُمْ – “(Кофирларга) айтинг: Раббим дуо-ибодатингиз бўлмаса, сизларни нима ҳам қиларди?!”
Ибн Касир: “Яъни агар сизлар Унга ибодат қилмасанглар, сизларни эътиборсиз ташлаб қўяди ва назарга олмайди. Чунки у халойиқларни Ўзига ибодат қилишлари ва кечаю кундуз Уни улуғлашлари учун яратган. Мужоҳид ва Амр ибн Шуайб айтади: Раббим сизларни нима ҳам қилсин?”
Табарий: “Эй Муҳаммад, сиз элчи бўлиб келган бу қавмга айтингки, Раббим сизларни нимангизни ҳисобга олсин ва сизларни нима ҳам қилсин?!... Ибн Аббос айтади: Агар дуоларингиз бўлмаса, дегани иймонларингиз бўлмаса деганидир. Аллоҳ кофирларга хабар бердики, уларни мўминлар қилиб яратмагани сабаб уларнинг Аллоҳга кераги йўқ...”
فَقَدْ كَذَّبْتُمْ فَسَوْفَ يَكُونُ لِزَاما – “Сизлар ҳақни инкор қилдинглар, энди яқинда бунинг оқибати келиши муқаррардир!”
Табарий: “Зикри олий Зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қавмлари Қурайш мушрикларига айтади: Эй қавм, сизлар ўзингизга юборилган Расулингизни инкор қилдингиз ва Раббингизнинг амал қилишга буюрган амрига тескари иш тутдингиз. Агар амал қилганингизда эди, У сизларга аҳамият қаратар эди. Бас, энди Раббингизнинг Расулини инкор этишингиз ва Яратувчингиз амрига тескари иш тутганингиз яқинда сизларга қаттиқ ёпишиб оладиган азоб бўлади... Аллоҳ уларга бу нарсани кўрсатди, “ваъда”сини амалга оширди ва Бадр кунида авлиёларининг қўли билан уларни ҳалок қилди”.
Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:
1. Ўзини ва аҳл-оиласини, зурриётлари ва ёру дўстларини Аллоҳнинг севимли бандаларига айланишлари учун жон чекиб ҳаракат қилиш, бу йўлда сабр-бардошли бўлиш жаннатнинг энг олий даражаларига эриштиради.
2. Мўминларни жаннатга киришдаги дастлабки лаҳзаларида малоикалар салом ва олқишлар, табрик ва тасаннолар билан кутиб оладилар. Аллоҳнинг саломини етказадилар. Мўминлар ҳам бир-бирлари билан саломлашадилар ва қутлашадилар.
3. Раҳмоннинг олийжаноб бандалари бу дунёда кечирадиган ибратли ҳаёт, Охиратда кўрадиган иззату икромлар ҳақида суҳбатлашиш фарзандлар тарбияси учун муҳим аҳамиятга эга.
4. Инсон агар Аллоҳга иймон келтириб, ибодатга киришмас экан, Аллоҳу Расулнинг кўрсатмаларига риоя этмас экан, Аллоҳ ҳузурида унинг заррача қадри бўлмайди. Ундай кимсалар бу дунёда ҳам, Қиёматда ҳам азобга қоладилар.