close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Еттинчи суҳбат: Зурриётингиз кўзлар қувончи бўлсин, ўзингиз эса – тақводорлар имоми

"Улар: “Эй Раббимиз, бизга жуфтларимиздан ва зурриётларимиздан кўзларимизни қувонтирадиган зотларни ато қилгин ва бизларни тақводорларга имом қилгин” дея илтижо қиладиган инсонлардир". (Фурқон сураси, 74-оят).

Раҳмон яхши кўрадиган бандалар фақат ўзлари ҳақида эмас, аҳлу аёллари, фарзанд-зурриётлари, ака-ука, қариндош-уруғлари, ёру дўстлари ҳақида ҳам ташвиш чекадилар. Уларнинг ҳидояти ҳақида ўйлайдилар, дуо қиладилар, шу йўлда амалий ҳаракатда бўладилар. Бундай олийжаноб инсонлар сабабидан одамлар ҳидоят топади. Улар яшаётган жамият покланади, ривожланади.
Муҳтарам муфассирларимизнинг бу оятга бағишлаган шарҳлари билан танишамиз.
وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا هَبْ لَنَا مِنْ أَزْوَاجِنَا وَذُرِّيَّاتِنَا قُرَّةَ أَعْيُنٍ – Раҳмоннинг суюкли бандалари: “Эй Раббимиз, бизга жуфтларимиздан ва зурриётларимиздан кўзларимизни қувонтирадиган зотларни ато қилгин...” дея илтижо қиладиган инсонлардир”.
“Яъни улар Аллоҳдан насллари ва зурриётларидан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига итоат ва ибодат қиладиган инсонларни чиқаришини тилайдилар... Ҳасан Басрийдан бу оят ҳақида сўрашди. У киши дедилар: “Аллоҳ мусулмон бандага унинг аёли, ака-укаси ва яқин дўстининг Аллоҳга тоат-ибодатда турганларини кўрсатишидир. Аллоҳга қасамки, Аллоҳга итоатда бўлган фарзанд ёки набира ё ака-ука ё эса яқин дўстдан ташқари мусулмоннинг кўзини қувонтирадиган ҳеч нарса йўқ ”. (Ибн Касир).
“Ибн Журайж айтадилар: Сенга ибодат қиладиган, ибодатингни чиройли адо этадиган, бизга турли мусибатларни олиб келмайдиган зурриётларни насиб эт”. (Табарий).
Саъдий раҳимаҳуллоҳ солиҳ бандаларнинг бу дуоларидан ҳосил бўладиган манфаатлар умуммусулмонларга ҳам тегишлидир, дейдилар. “Чунки, – дейдилар аллома, – зикр қилиб ўтилган инсонларнинг тузалиши улар билан алоқада бўлган ва улардан фойда оладиган жуда кўпчиликнинг тузалишига сабаб бўлади”.
Оятнинг биринчи қисмида аҳлу оила, яқин қариндошлар ва зурриётлар зикр қилинган бўлса, иккинчи қисмида омма мусулмонлар эсга олинади. Уларнинг ичларидаги муттақийлар улуғланади. Инсонлар тақволи бўлишга, балки тақводорларнинг олдинги сафида туришга ундалади.
وَاجْعَلْنَا لِلْمُتَّقِينَ إِمَاماً – “бизларни тақводорларга имом қилгин”. “Яъни эй Раббимиз, бизни сиддиқларнинг ва комил, солиҳ бандаларнинг олий даражаларига етказгин. Бу динда имомлик даражаси бўлиб, у муттақийларга сўзда ҳам, ишда ҳам намуна бўлиш мақомидир. Ундай кишиларнинг феълларига эргашилади ва сўзларидан кўнгил таскин топади. Аҳли хайр ана ўшаларнинг орқаларидан борадилар. Ундай кишилар ҳидоятга бошлайдилар ва ҳидоятда собит бўладилар”. (Саъдий).
Бу сўзлардан маълум бўладики, мусулмон инсон яхшилар ичида яхши бўлишга интилиши лозим, ёмонлар ичида яхши бўлишга эмас. Аллоҳ айтганидек тақводорлар имоми бўлишни сўраш, ўша мақомга интилиш, ўшандай инсонларга тенглашиш, шу йўлда мусобақалашиш Қуръон чақирадиган йўлдир. وَفِى ذَلِكَ فَلْيَتَنَافَسِ الْمُتَنَـفِسُونَ - “Мусобақалашмоқчи бўлганлар ана шу йўлда мусобақалашсинлар”. (Мутаффифийн сураси, 26-оят). Бироқ тақвоси сустлар томонига қараб қадам босиш, дини ва амали заиф одамлардан ибрат олиш, “Ана улар ҳам юрибди-ку, ўшалардек юрса ҳам бўлар экан-ку”, деб ўзини овутиш, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам яхшироқ амал қилишдан совутиш бу оятларга хилоф.
Саъдий айтадилар: وأن يكونوا في أعلى، ما يمكن من درجات الخلق بعد الرسل - “(Бу дуо) уларнинг халойиқ ичида Расуллардан сўнгги энг олий даражада бўлишга интилишларини тақозо қилади”.
Ҳасан Басрий айтадилар: "Сиз биродарингизни то у қила олмайдиган ишларга ҳам буюрмагунингизга қадар, зиммангиздаги унга нисбатан бўлган насиҳат ҳаққини адо қилган бўлмайсиз".
“Маълумки бир нарсага етишни сўраб дуо қилиш ўша нарсага олиб борадиган нарсани сўраб дуо қилиш деганидир. Диндаги имомлик даражасига ҳам фақат сабр ва қатъий ишонч билангина эришилади. Аллоҳ айтган: “Сабр қилганлари ва оятларимизга қатъий ишонганлари учун уларнинг ичларидан Бизнинг амримиз билан ҳидоятга бошлайдиган имомларни чиқардик”. Демак, юқоридаги дуо солиҳ амаллар қилишни, Аллоҳга тоат қилишда ва Унинг маъсиятидан тийилишда сабрли бўлишни тақозо этади. Шунингдек, тақдирнинг аччиқ синовлари келганда ҳам бардош билан туришни талаб қилади. Яна бу дуо ўз соҳибини “яқийн” (қатъий ишонч) даражасига олиб чиқадиган чуқур илмга эга бўлишни... халойиқ ичида Расуллардан сўнгги энг олий даражада бўлишга интилишни тақозо қилади”. (Саъдий).
“Бизларни тақводорларга имом қилгин”, дегандан мурод масжидга имом бўлишни сўраш эмас. Балки иймон, илм ва ахлоқда, солиҳ амалларнинг барча турида одамларга ўрнак бўлиш, деганидир. Иброҳим Нахаий айтадилар: "Улар ўзлари раҳбарлик талаб қилмайдилар, аммо динда намуна бўладилар”. (Қуртубий).

Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Аҳл-оила, фарзанд зурриётлар, ёру дўстлар ҳақига яхши дуода бўлиш ва уларнинг солиҳ инсонларга айланишлари учун ҳаракат қилиш лозим.
2. Инсон ўзини ва яқин атрофидагиларни ислоҳ қилиши билан омма мусулмонларга манфаат етказади. Шу йўл билан жамият ислоҳ бўлади.
3. Инсон риёдан сақланган ҳолда тақво ва солиҳ амаллар билан Аллоҳ ва мўминлар ҳузурида юқори мартабаларга кўтарилишга интилиши лозим.
4. Исломда юқори мартаба деганда амал, мансаб тушунилмайди. Динда юқори мартабага шуҳратпарастлик, мансабпарастлик ва мол-дунё билан эришиб бўлмайди. Аксинча, бундай мақомга чин иймон, ихлос, илм, ҳилм, камтарлик, ҳокисорлик, ҳаммага баробар яхшилик қилиш, ҳамма турдаги солиҳ амалларни бажаришга интилиш, Охират ҳаётини бу дунёдан устун қўя билиш билан муяссар бўлинади.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Қуръоний суҳбатлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase