Энг тўғри йўл - Қуръон кўрсатган йўл. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда Ўзининг муқаддас каломи - Қуръони карим инсонларни энг тўғри ва мукаммал йўлга бошлайдиган ягона ҳақ китоб эканини эълон қилмоқда. Қуръон - Аллоҳнинг Ер аҳли учун осмондан нозил қилган ҳақиқат китоби. У рост билан ёлғоннинг, ҳақ билан ботилнинг ўртасини ажратиб берувчи энг одил ва муқаддас мезондир. Қуръон - оламлар эгасининг сўзи. Шундай экан, олам аҳлининг сўзлари, ишлари ва ҳаёт йўллари олам эгасининг сўзига, йўлига қарама-қарши бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда ҳар қандай доно фикр, зоҳиран тўғри бўлиб кўринган ҳар қандай ақлли сўз, ўз даврида олқишларга сазовор бўлган ҳар қандай улкан иш охир-оқибат хато бўлиб чиқади.
Қаранг, ер юзида Қуръон нозил бўлгандан бери ўтган 1400 йил давомида қанчадан-қанча сўзлар айтилган, ақлли-ақлли фикрлар билдирилган, ажойиб китоблар ёзилган. Турли оқим ва йўллар пайдо бўлган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам умри боқий бўлавермаган. Муваффақият қозонолмаган.
Қуръон эса Аллоҳнинг Ўз зоти билан бирга азалий мавжуд ва абадий боқий каломдир. У ҳали-ҳануз суйиб тиловат қилинмокда. Унинг кўрсатмалари юз миллионлаб мўминларнинг ҳаёт тарзига айланган. Шу билан бир қаторда қайси бир сўз ёки асар Қуръон маъноларига мувофиқ тарзда айтилган, ёзилган бўлса, у ҳам ҳанузгача ўз қадрини йўқотмасдан яшаб келмоқда. Қайси бир йўл Қуръон талабларига жавоб ўлароқ вужудга келган бўлса, у ҳали ҳам давом этиб келаётир. Қуръон таълимотларига тескари келадиган йўллар ҳар қанча куч билан ривожлантирилмасин, барибир кутилган натижага олиб бормайди.
Юқоридаги икки оятни тафсир қилиб муфассирлар имоми Табарий ёзадилар: "Аллоҳ таоло айтади: Биз Ўз пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга туширган бу Қуръон унга эргашганларни энг тўғри йўлга ҳидоят қилади... Бу йўл Аллоҳ Ўз анбиёлари орқали юборган Ислом динидир".
Аллоҳ ҳаммамизни Қуръонга амал қилишга буюради.
"Бу биз туширган Қуръон баракотли китобдир. Бас унга эргашинглар ва тақволи бўлинглар - шоядки раҳм қилинсангизлар". (Анъом сураси, 155-оят)
Аллоҳ таоло инсонларни Қуръонга итоат этишга буюрар экан, Қуръон орқали якка Ўзига сиғинишга, фақат эзгу ишлар билан машғул бўлишга чақиради. Зарарли йўллардан, гуноҳ ишлардан қайтаради. Шунда уларнинг ҳаётлари баракали, дунё ва Охиратлари обод бўлишини ваъда қилади.
Демак, Қуръонни ҳар бир мусулмон қўлидан келганича ўқиб-ўрганиши ва унга амал қилиши лозим. Ҳаётда одам боласи учун чинакам манфаат келтирадиган ҳақ йўл Ислом дини бўлиб, бу йўлни Қуръон очиқ-ойдин кўрсатиб туради. Бинобарин, ақлли инсонлар буни ғанимат биладилар. Шу йўлга чин иймон-ишонч билан қадам қўядилар, Қуръони каримга итоат қилиб, солиҳ амаллар билан яшайдилар. Ана шундай инсонлар ҳақиқий бахтли одамлар бўладилар. Агар улар айрим соҳаларда зоҳирдан бошқалардан орқада қолаётгандек бўлиб кўринсалар ҳам, атрофдагилардан кўра оғирроқ ҳаёт кечираётган бўлсалар ҳам, бу ҳолат вақтинчаликдир. Ҳақиқатда уларнинг қалблари иймон нури билан мунаввар, ҳаётлари солиҳ амаллар билан мазмунли, ўзлари Раббилари ато қилган ҳаётдан рози инсонлардирлар. Улар Қуръон кўрсатмалари соясида бу дунё қийинчиликларини енгишга ҳаракат қиладилар, ер юзида эзгулик, адолат, ҳақиқат ва ниҳоят Аллоҳнинг ҳақ калимаси устун бўлиши йўлида меҳнат қиладилар. Ўзларидаги камчиликлар ва жамиятдаги нуқсонлар сабабини Қуръони каримга тўлиқ амал қила олмаётганларида деб биладилар ва буни тузатишга интиладилар. Уларга бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам ажр-мукофот бор. Қуръонга амал қилиб, Аллоҳ ваъда қилаётган мукофотга сазовор бўлиш бизнинг ушбу ҳаётдан кўзлаган мақсадимиздир. Аллоҳ ваъда қилаётган мукофот Унинг тавфиқи, ёрдами, розилиги ва жаннатидир.
Қуръондан узоқлашиш бахтсизликка етаклайди. Аллоҳ хабар берадики, Қуръонни тарк этиб, ундан бошқа таълимотларни ўзига дастур қилиб оладиган одамлар бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам машаққатга қоладилар:
"Кимки менинг зикримдан юз ўгирса, унга бу дунёда танг ҳаёт берилади, Қиёмат куни эса уни кўр ҳолатда тирилтирамиз. У: эй Раббим, мени нима учун кўр қилиб тирилтирдинг, ахир мен кўзи очиқ одам эдим-ку, дейди. Аллоҳ: Шундай! Сенга оятларимиз келган эди, аммо сен уларни унутдинг, шунга ўхшаб сен ҳам бугун "унутилурсан", дейди. Ҳаддан ошган ва Раббисининг оятларига иймон келтирмаган инсонларни ҳам ана шундай жазолаймиз. Албатта Охират азоби қаттиқроқ ва узоқроқдир". (Тоҳо сураси, 124, 125, 126, 127-оятлар)
Қуртубийнинг ёзишларича, "менинг зикримдан юз ўгирган" деган иборада назарда тутилган кимсалар "Аллоҳнинг динини тарк этган, Унинг китобини тиловат қилишдан, унга амал қилишдан узоқ бўлган кишилардир".
Ибн Касир бу оятни мана бундай тафсир қиладилар: "Аллоҳ айтади: Кимки менинг амримга зид йўл тутса, Пайғамбаримга нозил қилган китобга тескари иш қилса, ўзини Аллоҳнинг буйруқларини билмаганга, тушунмаганга солса, унга бу дунёда тор ва танг ҳаёт берилади. У одамда осойишталик бўлмайди. Қалбида хотиржамлик, ёруғлик топилмайди. Залолатга кетгани туфайли унинг дили тор бўлади. У агар зоҳирий ҳаётда неъматлар ичида яшаётган бўлса ҳам, хоҳлаганини кийиб, хоҳлаганини еса ҳам, кўнглига ёққан уй-жойларда яшаётган бўлса ҳам унинг қалби чинакам иймон ва ҳидоятга етиша олмайди. У безовталик, ҳайронлик, шубҳа ичида яшайди. Ҳамиша ишончсизлик ва иккиланиш орасида сарсон бўлади. Танг ҳаёт дегани мана шудир".
Яна Раббимиз бизларни бу китоб кўрсатган йўлдан бошқа йўлни тутган кимсалардан узоқ бўлишга буюрган:
"Бизнинг зикримиздан воз кечган ва бу дунё ҳаётидан бошқа нарсани мақсад қилмаган кимсадан юз ўгиринг". (Нажм сураси, 30-оят)
Бу ердаги "зикр"дан мурод Қуръон ва иймондир. (Қуртубий тафсири).
Қуръонда ҳамма нарсага жавоб бор.
"Биз бу Қуръонда одамлар учун ҳамма соҳадан мисоллар келтирдикки, шояд улар эслатма олсалар" (Зумар сураси, 27-оят)
Инсонлар ҳаётда қайси нарсаларга, қандай илмларга муҳтож бўладилар, келажакда нималарга уларнинг эҳтиёжлари тушади? Ибрат, тажриба ва сабоқ бўлиши учун ўтмишдаги қавмлар воқеаларидан қайсиларини билишлари керак? Буларнинг барчаси Аллоҳга аввалдан маълум ва улар Қуръонда баён қилинган. Инсонлар учун фойдали илмларнинг барчасига бу китобда ишора этиб ўтилган.
Қуръон тилга енгил, дилга яқиндир. Аллоҳ иймонли бандаларини Ўз каломини қироат қилишга, маъноларини ўқиб-ўрганишга чақирган ва бунинг йўлини осон ҳам қилиб қўйган:
"Биз Қуръонни эслатма олиш учун жуда осон қилиб қўйганмиз, қани, ўқиб, фойдаланадиган борми?!" (Қамар сураси, 22-оят)
Аллоҳ айтадики: "Биз ушбу Қуръони каримнинг лафзларини ёд олиш ва ўқишга осон, маъноларини тушунишга енгил қилиб қўйдик. Чунки бу китоб лафз жиҳатидан сўзларнинг энг чиройлиси, маъно жиҳатидан энг ҳаққонийси, мазмун жиҳатидан энг тушунарлисидир. Кимки бу китобга юзланар экан, Аллоҳ у инсоннинг талаб-мақсудини ниҳоятда енгил қилиб қўяди". (Саъдий тафсири).
Дарҳақиқат, Қуръон араб тилида туширилган бўлса-да, уни асл ҳолида тиловат қилиш, ёд олиш, маъноларини ўз тилларига таржима қилиб, ўқиб-ўрганиш дунёнинг барча халқлари учун Аллоҳ томонидан осонлаштириб қўйилган. Бунинг исботи ва мисолини жуда кўплаб келтириш мумкин. Бундан ташқари тарихда ҳам, ҳозирда ҳам Қуръондан бошқа биронта муқаддас китоб тўлалигича ёд олинган эмас. Қуръони каримни нафақат араблар, балки араб бўлмаган халқлар ичидан ҳам тўлиқ ёд биладиган қорилар эса ҳамма замонларда ҳам жуда кўплаб топилади.
Азиз дўстим! Қуръонга яна ҳам яқинроқ бўлинг, уни кўпроқ тиловат қилинг, маъноларини ўрганинг, оила аъзоларингизга ўргатинг. Дин ва дунё ишларингизда унга амал қилинг. Бунинг самарасини сиз ўз ҳаётингизда, фарзандларингизнинг бахт-саодатида албатта кўрасиз.
Қуръоннинг фазилат ва фойдаларини санаб адоғига етказиш асло мумкин эмас. Ҳар бир мусулмон ўзининг иймон, тақво ва ихлос билан қилган ҳаракат ва меҳнатига яраша бу китобдан беҳисоб манфаатларни ҳосил қилиши мумкин.