close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Китоб ва суннатни маҳкам тутиш боби

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:«Умматимнинг бошига Бани Исроилнинг бошига келган нарса келади. Бу бир оёқ кийими иккинчи пойига баробар келганидек бир хилдир. Ҳатто улардан кимдир ўз онасига яланғоч ҳолида келган бўлса, албатта, умматим ичида ҳам мана шуни қилганлар бўлади. Дарҳақиқат, Бани Исроил етмиш икки миллатга бўлиниб кетган бўлса, менинг умматим етмиш уч миллатга бўлиниб кетади. Улардан бир миллатдан бошқа барчаси дўзахдадир». Улар сўрадилар: «У миллат қайсидир, эй Аллоҳнинг Расули?» У зот: «Мен ва саҳобаларим бўлган нарсада бўлганлардир», дедилар (Имом Термизий ривоят қилган).
Шарҳ: Ҳадиснинг хулосаси шуки, унинг биринчи бўлагида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзининг умматлари орасидан Бани Исроил қавми содир этган қабоҳатларга дучор бўладиганлари чиқиши ҳақида баён қилмоқдалар. Бу ердаги умматдан мурод қайси умматлиги борасида иккита қавл бор: Бир қавлга кўра, даъват уммати, бошқа бир қавлга кўра эса, ижобат уммати ирода қилинган. Тафсилоти қуйида келади.
Ҳадис давомида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилда ким ўз онаси билан зино килган бўлса, ўз умматлари орасида ҳам бу ишга қўл урадиганлари чиқишини маълум қилмоқдалар. Ҳатто оёқ изи устига из тушгани каби улар содир этган ишлар бу умматда ҳам кузатилар экан.
Савол: Бу каби қабиҳ ишлар даъват умматидан содир этилиши мумкин. Аммо Ижобат умматидан бу ишлар қандай қилиб содир бўлади?
Жавоб: Ҳадисда айнан ўзининг туққан онаси эмас, балки отасининг никоҳидаги бошқа аёл назарда тутилган бўлиши мумкин.
Ҳадиснинг иккинчи қисмида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроил етмиш икки фирқага бўлингани ва у зот алайҳиссаломнинг умматлари эса, етмиш уч фирқага бўлинишини баён қилдилар. Шунингдек, улар орасида бир тоифадан ташқари барчаси жаҳаннамий бўлишини айтдилар. Ўша бир фирқадан мақсад аҳли сунна вал жамоадир.
Савол: Саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан нажот топувчи тоифа ҳақида сўраганларида у зот алайҳиссалом:
«Мен ва саҳобаларим унинг устида бўлган нарса» деб, бошқа нарсани баён қилиш билан жавоб бердилар. Ҳолбуки, саҳобаи киромлар сўраган нарса зот ҳақида эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сифатнинг баёни билан жавоб бердилар. Бу ерда савол ва жавоб ўртасини қандай мувофиқлаштириш мумкин?
Биринчи жавоб: Аслида асҳоби киромлар гарчи зот ҳақида сўраган бўлсаларда, лекин уларнинг мақсадлари сифатнинг баёнини билиш эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буни яхши англаганлари учун бир йўла сифат билан жавоб бериб ўтдилар.
Иккинчи жавоб: Бу ерда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳакимона услуб билан жавоб бердилар. Яъни аслида савол нажот топувчи тоифанинг сифати ҳақида бўлиши лозим эди, саҳобаи киромлар эса, бирданига зот ҳақида сўрадилар. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал сифатдан сўраш лозимлигига ишора ўлароқ сифатнинг баёни билан жавоб қилдилар. У зот алайҳиссалом қўйилиши лозим бўлган саволнинг услубида жавоб бердилар.
Савол: Ҳадиснинг зоҳиридан аҳли сунна вал жамоада бўлган ҳар қандай инсон дўзахдан омонда бўлиши тушуниляпти. Ҳолбуки, бошқа ҳадисларда осий мусулмонлар ҳам дўзахда маълум муддат азобланиши айтилган. Бу ҳадис бошқа ҳадисларга қарама-қарши эмасми?
Жавоб: Бу ердаги мақсад шуки, етмиш икки тоифанинг жаҳаннамий бўлиши уларнинг эътиқодлари ёмонлиги эътиборидандир. Осий мусулмонларнинг дўзахий бўлиши эса амалининг ёмонлиги эътиборидандир.
Савол: Етмиш икки тоифа жаҳаннамда абадий қоладими?
Жавоб: Улар абадий қолмайдилар. Уларга бериладиган жазо икки эътибордан бўлади. Бири эътиқодининг ёмонлиги эътиборидан. Иккинчиси, амалининг ёмонлиги эътиборидан. Иймоннинг асли борлиги эътиборидан улар жаҳаннамда абадий қолишмайди.

"Мишкот ал-масобиҳ шарҳи"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase