close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Фойдали амалнинг бефойда амалдан афзаллиги

Амалнинг тарозу палласида оғир келишидаги асосий нарса бу ўша амалнинг бошқасидан фойдалироқ бўлишидир. Унинг нечоғли фойдалигига қараб Аллоҳ олдида у амалнинг ажри кўп, фазли беқиёс бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг ояти келади:

 “(Эй мушриклар), сизлар ҳожиларга сув беришни ва Масжидал-Ҳаромни обод қилишни - Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирган ҳамда Аллоҳ Йўлида курашган зотлар(нинг амаллари)га тенг, деб билдингизми?! Улар (яъни, мўминлар билан мушриклар) Аллоҳ наздида тенг эмаслар, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас. Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ Йўлида молу жонлари билан курашган зотларнинг Аллоҳ наздидаги даражалари жуда улуғдир ва ўшалар (бахт-саодатга) эришувчидирлар”. (Тавба сураси, 19-20-оятлар)
Абу Ҳурайра айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан бири ширин чашмаси бўлган бир қўрғондан ўтиб қолди. Чашма уни қизиқтириб қўйди ва: Қани энди, одамлардан узилиб, мана шу қўрғонда ибодат қилиш учун қолсам. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрамагунимча бу ишни қилмайман, деди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилди. У зот: “Бундай қилма, сизларнинг Аллоҳнинг йўлида турадиган ўрнинглар уйингларда етмиш йил намоз ўқишинглардан афзалдир. Ахир Аллоҳ сизларни мағфират қилишини, сизларни жаннатга киритишини истамайсизларми? Аллоҳнинг йўлида ғазот қилинглар. Ким Аллоҳнинг йўлида туясининг фувоқи миқдорича мужоҳада қилса, унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар.
Фувоқнинг маъноси: Туя соғишда кафтни очиш билан елинини ушлаб қисиш ўртасидаги вақт. Яъни, бир неча сония маъносида.
Демак, илм ибодатдан афзал экан. Чунки ибодатнинг манфаати ўша обидга тегса, илмнинг манфаати барча инсонларга тегади.
“Илмнинг фазилати мен учун ибодатнинг фазилатидан суюклироқдир. Сизларнинг динингларни яхшиси тақводир”.
“Олимнинг обиддан афзаллиги тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир”.
“Олимнинг обиддан афзаллиги менинг сизларнинг энг пастингиздан афзаллигим кабидир”.
Агар илм бошқаларга ҳам ўргатилса илмнинг фазилати яна ҳам зиёдалашади. Юқоридаги ҳадиснинг давомида айтилади: “Албатта Аллоҳ таоло, фаришталари, Еру осмон аҳли, ҳатто ўз инидаги чумоли ва ҳатто балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи муаллимга салавот - дуолар айтадилар”.
Саҳиҳ ҳадисда айтилади: “Сизларнинг яхшиларингиз, Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ҳам ўргатганлардир”.
Шу гапдан келиб чиқиб олимлар, фақат ибодатга берилган, фақат таълимга берилган кишига закот бериш мумкин деб айтганлар. Чунки Исломда роҳиблик йўқдир. Ибодатга берилган кимса ибодатини фақат ўзи учун қилса, фақат илм талаб қилувчи ўзгалар ҳам наф келтиради.
Унинг илмидан, даъватидан қанча фойда олинса, унинг ажр-савоби ҳам шунча кўп бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким ҳидоятга даъват қилса, унга унинг йўлига эргашганларнинг ажри берилади. Ҳеч бирларининг ажрлари камаймайди”.
Демак, ўзгаларга кўпроқ наф келтирган амал энг афзали бўлаверади.
Ҳадисда келади: “Инсонларнинг Аллоҳга энг суюклилари одамларга фойда келтирувчироқларидир. Амалларнинг Аллоҳ таолога энг суюклилари эса мусулмон инсонга сурур бахшида қилишинг ёки ундан ғамни аритишинг ёки унинг қарзини узиб қўйишинг ёки унинг очлигини кетказишингдир. Мусулмон биродаримнинг ҳожати билан юришим мен учун масжидда бир ой эътикоф ўтиришим-дан яхшироқдир”.
Ҳа, жамиятнинг ислоҳига, манфаатига тааллуқли бўлган ҳар бир амал фақат ўша амал қилувчининг ўзигагина фойда келтирувчи амалдан афзалдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Намоздан ҳам, рўзадан ҳам, садақадан ҳам даражаси афзал бўлган амални айтайми? У икки кишининг ўртасини ислоҳ қилишдир. Зеро, ўртанинг бузилиши қирувчидир (Бир ривоятда) сочни эмас, динни қирувчидир, демоқчиман”, дейилган.
Демак, адолатли бошлиқ амали ўнлаб йиллик ибодатдан афзал экан. Чунки у бир куннинг ичида миллионлаган мазлумларга адолатли бўлган қарорларни чиқаради. Ҳақни ўз эгаларига, умидини узганларнинг лабларига табассумни қайтаради. Яна у жиноятчиларга жазо тайинлайди, уларнинг томирларини қирқиб ташлайди ёки улар учун ҳидоят, тавба эшикларини очади.
У Аллоҳдан қочганларни қайтаради, адашганларни тўғри йўлга бошлайди, йўлдан оғганларни тўғриланишига ёрдам беради.
Бекорчиларни иш билан таъминлайди, очни тўйдиради, касални даволайди, бошпанасизга уй, муҳтожга ёрдам беради.
Шунинг учун кўпгина салафлар: Агар бизга бир дона бўлса ҳам ижобат бўлувчи дуо имконияти берилганида фақат султонни дуо қилган бўлар эдик, чунки Аллоҳ таоло султонни ислоҳ қилиш билан кўп халқни ислоҳ қилади, дер эдилар.
Табароний Ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Одил бошлиқнинг бир куни олтмиш йиллик ибодатдан афзалдир”.
Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Уч инсоннинг дуоси қайтарилмайди: Рўзадорнинг оғиз очгунча қилган дуоси, одил бошлиқнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси”.

Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase