Суннати шарифа каби Қуръони Карим ҳам амалларнинг Аллоҳнинг олдида турли мартабалари - Аллоҳга афзал ва суюклироғи борлигини баён қилган. Аллоҳ таоло айтади:
“(Эй мушриклар), сизлар ҳожиларга сув беришни ва Масжидал-Ҳаромни обод қилишни - Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирган ҳамда Аллоҳ Йўлида курашган зотлар(нинг амаллари)га тенг, деб билдингизми?! Улар (яъни, мўминлар билан мушриклар) Аллоҳ наздида тенг эмаслар, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас. (Тавба сураси, 19-оят)
Изоҳ: Мушриклар мусулмонларга қараб: «Сизлар Аллоҳга мусулмончилик билан бандалик қилаётган бўлсангизлар, биз ҳам ҳажга келганларнинг хизматларини бажариб ва Каъбани обод қилиб, Аллоҳга бандалик этмоқдамиз», деб даъво қилганларида мазкур оят нозил бўлди.
Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ Йўлида молу жонлари билан курашган зотларнинг Аллоҳ наздидаги даражалари жуда улуғдир ва ўшалар (бахт-саодатга) эришувчидирлар”. (Тавба сураси, 20-оят)
Ҳадисда келган: “Иймон олтмиш нечтаям бўлакдир. (Бошқа ривоятда етмиш нечтаям дейилган) унинг энг аълоси ла илаҳа иллаллоҳ, бўлса, энг пасти йўлдан озорни олиб ташлашдир”. Демак бу бўлакларнинг қиймат ва даражаси турли экан.
Бу тавфовут шунчаки бўлмай, аниқ меъёрлар ва асослар устига қурилганки, унга эътибор бермоқ лозим. Қуйида шулар ҳақида баҳс юритамиз.
Меъёрлар булардир:
Амал доимий бўлиши. Яъни, амал қилаётган одам бу амални баъзи пайтда, хушига келганда эмас, доимий қилмоғи керак.
Саҳиҳ ҳадисда келади: “Аллоҳ таолога энг суюкли амал оз бўлса ҳам доимий бўлганидир”.
Бухорий ва Муслим Масруқцан ривоят қилишади: Оиша розияллоҳу анҳодан сўрадим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун энг суюкл и амал қайси? У зот дедилар: Доимий амал.
Яна Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотнинг олдига кирди. Бу пайтда Оишанинг олдида бир аёл ўтирар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишадан: “Ким бу аёл?”, деб сўрадилар. Оиша розияллоҳу анҳу: У фалончи аёл, деб унинг кўп намоз ўқишини айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бас қил, сизларга тоқатинглар етадиган нарса вожиб қилинди. Аллоҳ номига қасамки, сизлар малол олмагунча, Аллоҳ таоло ҳам малол олмайди”, дедилар.
Оиша розияллоху анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг суюкли диндор одам, ўша динда бардавом бўлган инсон эди.
Юқоридаги ҳадисдаги “маҳбас қил” калимаси ибодатдаги қаттиқ машаққатдан, нафсга тоқатидан ташқари нарсани юклашдан қайтаришни билдиради. Зеро, оз нарсанинг давомийлиги тоатни давомли қилиб, унинг баракасини кўпайтиради. Кўп бўлса ҳам машаққатли бўлгани эса бунинг хилофидир. Оз бўлса ҳам доимий бўлган амал ўсиб бориб, ҳатто узилиб қолган кўп амалдан бир неча баробар бўлиб кўпаяди. Шунинг учун ҳам одамлар табиатида бу сўзлар ўрнашиб қолган: Давомли оз, узилган кўпдан яхшидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун келиб амалдан зерикиб қолмаслик, тоқати тугамаслиги, натижада аро йўлда қолиб кетмаслик учун динни қаттиқлаштиришдан, унда ғулув кетишдан қайтарганлар.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ўзингларга тоқатинглар етадиган амалларни вожиб қилинглар, зеро Аллоҳ сизлар малол олмагунча малол олмас”.
Яна у зот айтганлар: “Ўзингларга ўрта йўлни лозим тутинглар. Зеро, бу динда қаттиқлик қилган киши мағлуб бўлар”.
Бу ҳадисга қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Бурайда ривоят қилади: бир кун иш юзасидан ташқарига чиқдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетар эканман, у зот менинг қўлимдан ушлаб олдилар. Олдимизда узоқ рукуъ, сажда қилиб намоз ўқиётган бир киши чиқиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўрдингми, риё қиляпти”, деди. Мен: Аллоҳ ва Унинг расули билгувчироқдир, дедим. У зот қўлимни қўйиб юбордилар, икки қўлларини бир қилиб тўғрилаб юқорига кўтардилар ва: “Ўзингларга ўртача ва тўғри йўлни танланглар”, дедилар.
Саҳл ибн Ҳанифдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ солладлоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ўзингларга қаттиқлик қилманглар. Чунки сизлардан аввалгилар ўзларига қаттиқлик қилганлари сабабли ҳалок бўлганлар. Энди уларнинг қолдиқларини черковлардан ва ибодатхоналардан топасизлар”.
Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси