Жарҳ бир кишининг ишончлигига путур етказиш деганидир. Яъни унинг адолати ва сиқалигини жароҳатлаш. Таъдил эса, бунинг том терси булиб, бир кишини адолат ва сиқа сифатлари билан сифатлашдир. Аслида бу қоида муҳаддисларга тегишлидир...
Сўнги вақтларда ўзидан олим ясаб олган айрим одамлар хоҳлаган одамининг устидан мағзава ағдариб, "биз жарҳ қиляпмиз, ахир имом Аҳмад, имом Бухорийлар ҳам жарҳ қилган, ва ҳоказо сўзларни ўзларига қалқон қилишяпти". Бу каби нарсалар уларнинг ғийбатларини ва бўхтонларини оқлашга сабаб бўлмаслиги керак. Зеро, ҳар қандай бошқа "адашган" тоифалар ва шахслар ҳам ўз мунхариф маслакларига қайсидир бир оят ёки ҳадисни далил қиладилар ёки билмасдан ё тушунмасдан гапирадилар... Шундай вазият юз берганида шахсиятларга осилмасдан, яъни бундайларни дарҳол жарҳ-ёриб ташламасдан уларга ҳикмат билан чиройлик тарзда тушунтириш керак...
Гап шундаки, жарҳнинг ўз қонун-қоидалари ва ишлатадиган ўринлари бор. Томдан тараша тушгандек ҳар жойда жарҳ ва таъдилни ишлатишда хавф бор.. Айниқса, жарҳ ва таъдил аҳли бўлмаган одамлар учун эмас - бу нарса...
Ҳозирги замонимизнинг жориҳлари ёки "жарроҳлари" эса, ўзлари заиф ёки мажруҳ бўла туриб яна кимнидир жарҳ қилмоқдалар. Нега, чунки, ҳасад бор... уларнинг ҳам шайтони бор. Иблис уларга ҳам талбис килади. Бундай ҳасаднинг пайдо бўлишига сабаб кунимиздаги Ислом учун жон куйдириб ҳизмат килаётган бир қатор мухлис биродарлардир. Аллоҳ таоло уларни янада азиз қилсин (холис хизматлари учун). Аммо ҳасадгўйлар, уларнинг ёзган постларидан бир нарсаларни топиб олиб, қайчилаб, хато қидириб, ёзганларини титкилаб, муҳкам сўзлари қолиб муташобехига ёпишиб, уларни устидан мағзава ағдаряптилар. Уларни ишидчи, адашган ва бало-баттар деган номлар, лақаблар билан номлаяптилар...
Аллоҳ таоло айтади: "Илмни чуқур эгаллаганлар: Унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир дейдилар, Аммо, қалбларида ҳақдан оғишлик бўлган кимсалар эса фитна мақсадида ва уни ҳақиқий маъносидан буриш мақсадида Ундан муташобех бўлганларига эргашадилар"...
Хўш, Ислом учун хизматлар килаётган биродарларини, ўзи хазм қила олмаётган гапи ҳақида савол-жавоб қилмасдан томдан тараша тушгандек, хар-ҳил лақаблар билан аташ жоизми?.. Йўқ! Асло, мумкин эмас!!!
Мусулмон киши ўз биродарлари ҳақида гумонини яхшилаши керак. Уларнинг оғзидан чиққан бирон масала хусусида агар ўзи ўша масалага тушунмаса, у одам билан суҳбатлашиши керак бўлади... Ўша масала қандайдир фаръийётлардан бўлган ёки ихтилофли масалалар бўлиши мумкин. Ёки, ўша одам унинг у ёки бу сўзини асл маъносини тушунмаган бўлиши мумкин. Унинг муташобех сўзини муҳкамига қайтариши керак... Ўшанда масала равшан булади...
Жарҳ килишда Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳдан ўрнак олиш керак. У кишининг энг қаттиқ жарҳлари "фийҳи назар" деган сўз бўлган. Яъни, “у кишида мулоҳаза бор" тамом. Мана шу у кишининг энг қаттиқ жарҳлари бўлган.
Заҳабий, Нававий ва бошқа кўплаб уламолардан мана бу мазмундаги сўзлар ривоят қилинган:
"Ҳар бир олимни жарҳ қилишдан аввал унинг сўзларига қаралади: Агар унинг тўғри сўзлари хато сўзларидан кўп бўлса, бас, унинг хато сўзларини тўғри сўзлари ювиб кетади. Ва унга бу масалада узр топилади. Бордию, хато сўзлари тўғри сўзларидан кўп булса, у ҳолда унинг камгина тўғри сўзларини кўп хато сўзлари ювиб кетади. Агар битта хатоси билан олим жарҳ қилинадиган бўлса, унда на Аҳмадни, на Моликни, на Ибн Муийнни,.. борингки, хеч кимни сўзи қабул қилинмасди. Чунки, улар хам хатодан маъсум эмаслар!!!"
Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ: "Ҳаммамиз хато қиламиз, ҳеч биримиз хатодан маъсум эмасмиз, илло мана бу қабр соҳиби бундан мустасно! "- дея Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳ васалламнинг равзаларига ишора килган эканлар...
Хуллас, мусулмон киши ўз мусулмон биродарининг оғзидан чиқаётган сўзга биринчи навбатда узр қидириши керак, уни бидъатчи ёки адашганга чиқаришдан аввал...
Салафлар йули мана шундай булган...
Чиқиб олиб ёмонлагани-ёмонлаган бўлган одамлар энди тўхташи керак... Гўёки шундан бошқа мавзу йўқдек. Ўзига ёқмаганларни иблис алайҳил лаънадан ҳам ёмон қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Ахир бу инсофдан эмас. Ҳамманинг ҳам хатоси бўлади. Иймони, ихлоси, динга хизмати, аҳли суннадан эканлиги билан танилган одамларнинг хатоларига қаралади, узр топса бўладиган бўлса узр топилади. Ибнул Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтганлар: "Озгина нажас катта сувни булғай олмагани каби олимнинг озгина хатоси кўп тўғри сўзини ювиб кетолмайди".
Агар қандайдир сабаблар ила ўзимга ёқмаган бирон бир шахс бўлсаю, аммо у ҳам динга бор имкони билан хизмат қилмоқда дейилган одам ҳақида менинг шахсий фикримни билмоқчи бўлсангиз, ман ҳеч кимни яккаю ягона шахс, деб билмайман. Ҳеч кимни мутлоқ деб ҳисобламайман. Яъни ҳеч кимни хатодан маъсум ҳам демайман... Уни минглаб, ислом жонкуярлари қаторидаги битта жонкуяр деб биламан холос... Ва мана шу тарзда шахслар ҳақида фақат яхши гумон қиламан... Сўнг, бу яхши гумоним унинг сўзи ва фикрини ҳурмат қилишимни ҳам тақозо қилади. Агар айбловчига эргашиб кўпчилик яхши сўзлар ила тилга олган шу каби мухлисларнинг ғийбатини қилсам Аллоҳнинг ҳузурига борганда гумонларим пучга чиқиб, таъналарим инқирозга юз тутиб, савол-жавобга рўбару бўлишдан Аллоҳ таолодан қўрқаман... Нима деб жавоб бераман, деган ўй қизил чизиқдан ўтказмай туради...
Хуллас, биродаринг билмасдан ёки бошқа ўзига маълум сабаб ила бошингдан келиб, ёмонсан, дея мағзава тўкса ҳам, яхшиман, дема, деб айтаман... Мусулмонларни турли хил муаммолар ўраб турган бир вақтда шахслар билан гап талашиб, ўзини яхши кўрсатиш чалғиш ва шайтоннинг мақсди, холос...
Хуллас, айблаш, лақаблар қўйиш тўғри эмас...
Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида мана бундай деган: "...Бир бирингизга лақаблар қўймангиз!.. Иймондан сўнг фосиқлик исми нақадар ёмондир!"
Абу Муслим