close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Раҳбарлик мерос орқали собит бўлмаслиги ҳақида

Бизнинг наздимизда раҳбарлик мерос билан эмас, балки адолатли ва солиҳ инсонлар танлови билан собит бўлади. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг раҳбарлигини тўғри деган барча уламолар шу фикрга келган.

Бизнинг наздимизда раҳбарлик мерос билан эмас, балки адолатли ва солиҳ инсонлар танлови билан собит бўлади. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг раҳбарлигини тўғри деган барча уламолар шу фикрга келган.  Аммо ровандийлар раҳбарлик Аббосга тегишли, дейишган. Улар Қосим ибн Рованд издошларидир. Уларнинг ўзаро ихтилофлари ҳам бор: баъзилари раҳбарлик мерос орқали собит бўлади, дея фикрлашади. Шу сабабли Аббос (розияллоҳу анҳу)ни раҳбарликка ҳақли дейишади. Баъзилари эса уни мерос сабабли эмас, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлари орқали ҳақли, дейишади.
Рофизийлар фирқасидан бўлган жорудийлар, зайдийлар фирқасидан ҳам ҳисобланадилар. Улар пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳазрат Алининг халифалигини айнан исмини айтмасдан, сифатлар орқали ишора қилиб кетган, деб фикрлашади. Кейин эса ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайнга мерос бўлиб қолди. Шунингдек, халифалик мерос орқали бу икки қариндошнинг иккаласига ҳам тегишли, аниқ биттаси учун эмас. Лекин улардан қайси бири қиличини яланғочлаб, Парвардигори йўлига инсонларни чақирса, у олим, солиҳ, раҳбардир, дейишади.
Имомия фирқасининг кўпчилиги раҳбарлик мерос қилиб олинади, деб ўйлайди.
Бу хато! Чунки раҳбарлик мерос орқали бўлганда эди, Аббос Алидан (розияллоҳу анҳумо) лойиқроқ бўлар эди. Зеро, мерос олишда амаки бошқа амакининг фарзандидан устунроқ. (Юқоридаги) беҳуда гап тўғри келиб қолмаслигидан шубҳаланиб, улар яна Али Пайгамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмалари орқали ҳам ҳақли, деб ўйлашади. Агар меросхўр меросга ҳақли бўлса, бирон кўрсатма уни бекор қила олмайди. Шунингдек, меросхўр мерос қолдирувчининг мана бу мерос бошқа одамга, деб кўрсатма бериши билан ҳам ундан маҳрум бўлиб қолмайди.
Агар халифалик мерос орқали бўлса, Ҳасан Ҳусайндан устунроқ бўлиб қолади. Шунингдек, халифалик Ҳасандан, гарчи Ҳасаннинг фарзандлари бўлса ҳам, Ҳусайнга ўтиши керак бўлади. Халифаликнинг кўрсатма орқали ҳам собит бўлиши ботил эканини кейинроқ баён этамиз. Шу билан бирга, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг халифалигига ҳамманинг бир фикрга келиши, меросхўрлик ёки кўрсатма орқали халифаликка ҳақли бўлиш бекор эканини кўрсатади. Аллоҳ тавфиқ берувчидир!

Абу Муин Насафийнинг
"Табсиратул адилла" китобидан, 4-жилд
Убайдулла Уватов таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase