42. Ва меърож ҳақдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кечаси исро қилинган ва шахслари билан осмонга, меърожга чиқилган. Сўнгра, Аллоҳ хоҳлаганича юқори чиқилган. Аллоҳ у кишини Ўзи хоҳлаган нарса ила икром қилган ва у кишига ваҳий қилган нарсасини ваҳий қилган. «Қалб кўрган нарсасини инкор қилмади» (Нажм: 11) Бу дунёю охиратда у кишига Аллоҳнинг саловату саломлари бўлсин.
Шарҳ: «Меърож» юқорига чиқиш асбоби, дегани бўлиб, худди нарвон ўрнидаги нарса. Лекин у қандоқ нарса эканини билиб бўлмайди. Унинг ҳукми ҳам бошқа ғайбий нарсалар ҳукмига ўхшашдир. Унга иймон келтирамиз, лекин кайфияти билан машғул бўлмаймиз. Ушбу жойда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйғоқ ҳолларида жисм ва руҳлари ила осмонларга, сўнгра Аллоҳ хоҳлаган жойгача кўтарилишларидир. Ушбунинг ҳақлигига иймон келтирамиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари, кўзлари кўрган нарсани инкор қилмади. Балки, тасдиқлади ва зиёда қилиб бўлмайдиган равишда комил ишонч ила ишонди.
Исро Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадлари билан, уйғоқликларида бўлганига далил:
«Бандасини кечасида Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога исро қилдирган зот пок бўлди» (Исро: 1) ояти.
Чунки, банда жасад ва руҳнинг мажмуасидан иборатдир. Худди инсон лафзи жисм ва руҳнинг мужмуасига исм бўлганидек. Гап айтилиши билан шу маъно тушинилади ва шу тўғридир. Исро ҳам ушбу мажмуа ила бўлган. Бунинг бўлишига ақл жиҳатидан монеълик йўқ. Агар инсоннинг кўтарилиши мумкин эмаслиги жоиз бўлса, фаришталарнинг тушиши мумкин эмаслиги жоиз бўлади. Бу эса, пайғамбарликни инкор қилишга олиб боради. Бу ўз навбатида куфрдир.
Агар, аввал Байтул Мақдисга исро қилишнинг ҳикмати нима, дейилса:
Жавоб шулки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърожни даъво қилганликларида ростгўй эканликларини изҳор қилиш учундир. Чунки, қуррайшликлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан Байтул Мақдисни сифатлаб беришни талаб қилишганида, уларга васф қилиб бердилар ва уларга ўз йўлларида, олдиларидан ўтган карвонларининг хабарини ҳам бердилар. Агар тўғридан тўғри Маккадан осмонга чиққанларида бу иш бўлмас эди. Чунки, осмондаги нарсалардан хабар берсалар, улар кўрмаган нарсанинг хабарини берган бўлар эдилар. Байтул Мақдисни эса, қурайшликлар олдин кўрган эдилар, шунинг учун уни кўрмаган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васф қилиб беришлари мўъжиза ўрнида бўлди.
Иккинчи далил: «Ва дарҳақиқат, уни бошқа сафар (яна) тугаш дарахти олдида кўрди. У(дарахт)нинг ҳузурида Маъво жаннати бор. Қараса, у дарахтни ўрайдиган нарса ўраб турибди. Нигоҳи бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам. Дарҳақиқат, у ўз Роббисининг улкан белгиларини кўрди». (Нажм: 13-18)
Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жиброилнинг тугаш дарахти олдида кўришлари фақат ўша дарахт олдига ва жаннати Маъвога етишларидан кейингина бўлиши мумкин.
Ушбу оятлардаги «улкан белгилар»дан мурод Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Бани Исроил сураси аввалида «Унга оят-белгиларимиздан кўрсатишимиз учун», (ал-Исро: 1) деб ваъда қилган белгилардир. Ушбу олий сафарнинг бошланиши Бани Исроил сурасининг бошида собит бўлган бўлса, ниҳояси Ван Нажм сурасининг сўнгида собит бўлди.
Шунингдек, меърожнинг ҳақлигига, уйғоқликда руҳ ва жасад ила бўлганлигига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир осмонда пайғамбарлар билан учрашганларига далолат қилувчи, кўплаб ҳадислар ҳам келгандир. Бу ҳадислар шу даражада кўп ва кучлики, уларни фақат жоҳилгина ёки ўзини жоҳилликка солувчигина инкор қилиши мумкин.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммд Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
ТАЛХИЙСИ ШАРҲИ АЛ-АҚИЙДАТУТ ТАҲОВИЯ