Аммо самовий динлардан иккитасида, яъни яҳудийлик ва Исломда жонли мавжудотлар расмини чизишга ҳам, фотосуратга олишга ҳам қаттиқ турилади. Мусонинг (алайҳиссалом) иккинчи ўгитида: “Ҳеч нарсанинг тасвирини туширма!” дейилган. Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда: “Аллоҳнинг элчиси: “Сурат чизувчилар қиёмат куни энг оғир азобга гирифтор қилинади”, деганларини эшитдим”, дейилган (Имом Бухорий ва Муслим). Абдуллоҳ ибн Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда эса: “Сурат чизганлар қиёмат куни қаттиқ азобга учрайди ва уларга: “Энди чизганларингизга жон киритиб беринглар”, дейилади”, деб келган (Имом Бухорий ва Муслим). Исломда жонсиз нарсалар: иншоот, дарахт, тоғу тошлар расмини чизишга, хаттотлик санъатига ҳеч қандай монеълик йўқ.
Аммо замонлар ўтиши билан одамларни фотосуратга тушириш иши жамиятда маълум эҳтиёжга айланди. Паспорт, гувоҳнома каби турли ҳужжатларни, Ислом дини тарихига ва бугунига оид китоб, албум, газет-журнал каби нашрларни фотосуратсиз тасаввур қилиш қийин бўлиб қолди.
Агар фотография бўлмаганида ўн тўққизинчи асрда Масжидул Ҳаромнинг қай кўринишда эканини билолмаган бўлардик. Чунки икки аср олдин Исломда жонли нарсалар суратини чизишга мутлақо рухсат берилмагани ҳолда фотосуратга туширишга ижозат бўлган экан. Масжиднинг ўшандаги кўринишини суратга туширган мусулмон фоточиси дин равнақи ва тарғиби учун қанчалар катта иш қилиб қўйганини ўйламаган ҳам бўлса керак. Чунки Макка ва Мадинага одатда мусулмон бўлмаганлар киритилмайди, шунинг учун дунё аҳолисининг қолган қисми Аллоҳнинг уйи билан фақат фоточи олган суратлар орқали танишди ва кейинчалик бу қизиқиш бошқа диндан Исломга ўтган кўпчилик кишиларни Каъбатуллоҳга чорлаб келди. Умрида ҳаж ёки умрага бормаган киши Масжидул Ҳаром ёки пайғамбаримиз масжидлари тасвирини кўргиси келди, дейлик. Агар унга бирорта ҳам намозхони бўлмаган, бўм-бўш, ҳувиллаган масжид сурати кўрсатилганида Исломнинг икки улуғ масжиди ҳақидаги тасаввурлар қай аҳволда бўлар эди? 1941 йилда олинган бир суратда сел туфайли бутунлай сув ичида қолган ва фақат Каъбагина сув устида кўриниб турган Масжидул Ҳаром сурати ҳам эътиборга лойиқ. Буларнинг ҳаммаси кейинги асрларда Ислом оламида фотография масаласига бўлган қарашлар ўзгарганини кўрсатади.
Бунинг устига фотосурат ҳақидаги илк ғоялар ўн биринчи асрда яшаб ўтган улуғ араб олими, Ғарбда Ал-Хазен деб ном олган Ҳасан ибн Ҳайсам ал-Басрийга тегишли. У “Ал-Азҳар” дорилфунунида узоқ вақт оптика, “тасвир камераси” ва линзалар билан тажриба ўтказиб, етти жилдли “Китабул Маназир” асарини ёзди. Бу асар кейинчалик юнон тилига таржима қилинди ва шу тариқа Ибн Ҳайсам оптика фанига асос солди. Ана шу кашфиётлари учун олим “Исломдаги фотография отаси” номини олди.
Ҳозирги даврда Ислом олимлари фотосуратга олиш масаласини ҳар томонлама ўрганиб, бу мавзунинг юқорида тилга олинган ҳадисларга боғлиқ эмаслигини аниқлашди. Миср муфтийларидан бири, йигирманчи асрнинг йирик олимларидан шайх Муҳаммад Буҳайт фотосуратга олишга ижозат ҳақида фатво берди. Замонамизнинг яна бир улуғ олими Юсуф Қарзовий бундай ёзади: “Унинг (Муҳаммад Буҳайтнинг) фикрича, фотография аслида ҳадисда келтирилган “яратиш, ижод қилиш” маҳсули эмас, балки воқеликнинг ойнадаги тасвиридир. Худди шунинг учун Форс кўрфази араблари фотографияни “тасвир” дейишади. Демак, ойнадаги тасвир ҳисобланган фотография ҳайкалтарошлар ва рассомлар бажарган иш сирасига кирмайди. Муҳаммад Буҳайт фатвосига жуда кўп олимлар рози бўлишди”.
Канадалик яна бир йирик Ислом олими, Торонто Ислом институти муаллими шайх Аҳмад Қутти бундай дейди: “Фотография бирор воқеа ёки шахс ҳақида хотира қолдирувчи мулоқот воситасидир. Агар ҳаром ҳисобланган ширк аралашмаса, суратга олиш жоиз”. Унинг ёзишича, кечагина жума хутбаларида фотога олишни тўла тақиқлаган имомларнинг ўзлари бугун китоб ва газеталарда фотосуратлардан бемалол фойдаланишяпти, ўзларининг видеоёзувларини маъруза ва суҳбатларда намойиш қилишяпти.
Ислом уламолари бир масаладагина якдил фикрдалар: фотосуратга олиш кимнингдир зарарига ишлатилмаслиги, унда гуноҳ ишлар ва бузуқликлар кўрсатилмаслиги, ҳар бир кунини, ҳар бир ҳолатини тарихга муҳрлашга уринаётган айрим кишилар каби бўлар-бўлмасга, эҳтиёждан ташқари суратга тушилавермаслиги зарур. Чунки бу иш ҳам исрофга киради, исроф эса динимизда қаттиқ қораланган.
Интернетнинг “Ас-Салам” сайтидан