close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ёлғон қасам билан мусулмоннинг ҳаққини олиб қўядиган кишига таҳдид

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мусулмоннинг ҳаққини қасам билан бузса, шаксиз Аллоҳ таоло унга дўзахни вожиб қилиб, жаннатни унга ҳаром қилади», дедилар. Шунда, «Арзимаган нарса бўлса ҳамми?» дейилди. У зот: «Арокнинг бир чўпи бўлса ҳам», дедилар».

Шарҳ: Ало бир ровийнинг исми. Унинг отасининг исми Абдураҳмон бўлган. Ҳурақа бир қабиланинг номи. У Жуҳайна қабиласининг бир уруғи бўлади. Ровий айни шу қабилага мансуб ҳисобланади. Аслида Ҳурақа бир одамнинг лақаби бўлиб, кейинчалик бир минтақанинг номига айланиб кетган.
(иқтатаъа) бобида «қасддан қилиш» маъноси бўлгани учун (қатаъа) феъли айни шу бобда зикр қилинмокда.
(ва ин қадиба) ёки бошқа нусхаларда (ва ин қадийбан) шаклида келган. Бу ерда жумла тушиб қолган. Яъни
(ва ин кана қадийбан) «бир новда бўлса ҳам». Уббий раҳматуллоҳи алайҳ у жумлани    (ва ин қатоъа қадийбан) «новдани юлиб олса ҳам», деб изоҳлаган.
Мазкур ҳадис санадидаги Абу Умома Ҳорисий Уҳуд жанги йили вафот этган саҳобийлардан бўлса, Абдуллоҳ ибн Каъб у билан учрашмаган бўлади. Демак, бу ҳадис мунқатиъ тарзда ривоят қилиниши керак.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур эътирозга бундай жавоб берган: «Абу Умома Уҳуд йили вафот этган, деган гап-сўзлар тўғри эмас. Чунки Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бошқа санад билан Абу Умомага (ҳаддасана) феълининг нисбатини бериб ривоят қилган». Мазкур ҳадисдаги саҳобий Абу Умома Ҳорисий бўлган. Унинг асл исми Иёс ибн Саълаба Ансорий. У Ҳорис кабиласига алоқадор бўлган. Шунингдек, Абу Умома Боҳилий, деган саҳобий ҳам бўлган. Лекин мазкур ҳадисдаги саҳобий у эмас, Абу Умома Ҳорисий.
Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдинги ривоятнинг ўхшашини нақл қилган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмоннинг молини олиб қўйиш учун ёлғон қасам ичса, қасамида фожир бўлиб Аллоҳ таолога йўлиққанда ғазабига дучор бўлади», дедилар. Шунда Ашъас ибн Қайс кириб: «Абу Абдураҳмон сизларга қайси ҳадисни айтиб берди?» деди. Улар: «Фалон, фалон», дедилар. У: «Абу Абдураҳмон рост гапирибди. У мен ҳақимда нозил бўлган. Яманда мен билан бир киши ўртасида ер бор эди. Унга хусумат қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордим. У зот: «Сенда ҳужжат борми?» дедилар. Мен: «Йўқ», дедим. У зот: «Унинг қасами бор», дедилар. Мен: «Ундай бўлса қасам ичаверсин», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмоннинг молини олиб қўйиш учун ёлғон қасам ичса, қасамида фожир бўлиб Аллоҳ таолога йўлиққанда ғазабига дучор бўлади», дедилар. Шу пайт: «Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар» (Оли Имрон сураси, 77-оят) ояти охиригача нозил бўлди.
Шарҳ: (ямийну собрин) «ёлғон қасам ичиш» иборасининг шарҳи юқорида ўтган. Баъзилар уни «қасам ичувчи ўзини қасамга маҳбус қилиши», деб шарҳлашган. Лекин бу гап жуда мужмал ва мубҳам. Баъзилар эса уни «ёлғон қасам», деб изоҳлашган. Бундай шархданадиган бўлса, ҳадисдаги «қасамида фожир бўлиб», деган жумла зиёда бўлади. Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ: «ямийну собрин» гапини «ёлғон қасам», деб изоҳлаган. Ҳадиснинг мазмуни бундай шарҳланган: «Бир киши ўзганинг молини ёлғон қасам билан олиб қўйса моли тортиб олинган киши бунга сабр қилиши керак бўлади». Баъзилар мазкур иборани қуйидагича талқин қилганлар: «Бир кишининг қасами қозининг ҳукмига асос бўлади. Яъни у ичган қасам сабабли бир кишидаги моли олиб қўйилади ёки мол уники экани собит бўлади. Ҳукумат унинг ичган қасамига қараб ҳакдорга ўз мулкини қайтариб беради. Қасам ичувчи аслида одил ҳоким ҳукмига итоат қилиши вожиб эди. Бундай ўринда у ёлғон қасам ичиб, ҳақдорнинг ҳаққига путур етказишига «ямийну собрин», дейилади. Бу қасам «ғомус қасами»га ўхшайди. Шунинг учун у гуноҳи кабира ҳисобланади.
(ғазбану) сўзи ўрнига ҳадисларда (сахитун) ва (муъридун) сўзлари ҳам келган. Буларнинг барчаси «Аллоҳ таоло ёлғон қасам ичган кишига азоб тайин қилади ва ундан норози бўлади», деган маъноларни англатади. Бу киши тавбасиз вафот этса шундай ҳолга тушади. Лекин тавба қилиб, ҳақдорга ҳаққини етказ-са, мазкур азобларга дучор бўлмайди.
Ҳадисдаги ер борасидаги хусумат Ашъас розияллоҳу анҳу билан боғлиқ воқеа бўлиб, бу тортишув қасам ичишгача борди. Бу ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бўлган. Ашъас ибн Қайс уни Абу Абдураҳмон куняси билан зикр қилган. Ашъас ибн Қайс билан жой талашган киши Киндий бўлган. Кинда Ямандаги бир жойнинг номи бўлиб, Яманнинг Куфа тарафида жойлашган. Бу ривоятларни ўқиб чиқиб, уларнинг барчаси бир воқеага тегишли дейиш жуда қийин. Чунки Ашъас ўзи билан хусуматлашаётган одам ҳақида: «У яманлик бир киши бўлиб, ер борасида у билан хусуматлашаётган эдик», деган. Бошқа ривоятда жанжал қудуқ борасида бўлгани айтилган. 358-ривоятда тортишувчилардан бири ҳазрамавтлик, иккинчиси киндалик бўлган. Бу ривоятни мувофиқлаштириш мумкин. Чунки Ҳазрамавт, Яман ва Кинда бир минтақа ҳисобланади. Лекин боб охирида келган ривоятда икки томоннинг ҳам исмлари зикр қилинган. Бирининг исми Рабиъа ибн Ибдон бўлса, иккинчисининг исми Имрул Қайс ибн Обис бўлган. Бундан мазкур ҳадисдаги воқеалар алоҳида-алоҳида экани маълум бўлади.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бирор мулкка эришиш учун қасам ичса, қасамида фожир бўлиб Аллоҳ таолога йўлиққанда ғазабига дучор бўлади». Давомини Аъмашнинг ҳадисига ўхшаш тарзда баён қилган. Лекин у айтганки, мен билан кишининг ўртасида бир қудуқ борасида хусумат бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида хусуматлашдик. У зот: «Сен иккита гувоҳ келтир ёки унинг касами (бу ишни ҳал қилади)», дедилар».
Шарҳ: «Сен иккита гувоҳ келтир ёки унинг қасами». Яъни даъво қилувчи икки гувоҳ келтириши керак, акс ҳолда даъвога қолган қасам ичади. Бу динимизни одил ва инсофли низоми ҳисобланади. Бу низом асосида катта-катта тортишувли вазиятлар қисқа фурсатда ҳал бўлиб кетади. Чунки иддао қилувчи гувоҳ келтиради. Гувоҳ келтира олмаса, қарши томон қасам ичади ва шу билан иш ҳал бўлади. Бундан бошқача ечим қилиш учун бир қарорга келиш ва жуда кўп вақт ва кўп пул сарф бўлади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мусулмоннинг молига қарши ноҳақ қасам ичса, Аллоҳ таолога йўлиққанда ғазабига дучор бўлади», дедилар. Абдуллоҳ айтди: «Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга Аллоҳнинг Китобидан унинг тасдиғи сифатида: «Аллоҳнинг ахдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар» (Оли Имрон сураси, 77-оят) оятини охиригача ўқиб бердилар.
Воил ибн Ҳужр айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Ҳазрамавтдан бир киши ва Киндадан бир киши келишди. Ҳазрамавтлик: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бу отамники бўлган менинг еримга эга чикди», деди. Киндалик: «Менинг тасарруфимдаги ерим, унга экин экаман. Унинг ҳаққи йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрамавтликка: «Ҳужжатинг борми?» дедилар. У: «Йўқ», деди. У зот: «Бўлмаса унга қасам ичирасан», дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ахир у ичган қасамига ор қилмайдиган, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган фожир киши-ю!» деди. У зот: «Ундан фақат шуни талаб қила оласан», дедилар. У қасам ичиришга жўнаб кетди. У ортига қайтаётганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! У бунинг молини зулм билан ейиш учун қасам ичса, Аллоҳ таолога йўлиққанда ундан юз ўгиради», дедилар».
Шарҳ:
«Менинг тасарруфимдаги ерим». Киндалик киши «ер қўлимда, унга экин экаман. Шунинг учун иккинчи томоннинг даъвоси ботил», дейиш билан ўзининг далилини кучли қилиб кўрсатмоқда.
«Ҳеч нарсадан тап тортмайдиган фожир киши-ю». Яъни у ҳеч нарсадан тақво қилмайдиган киши. У ҳозир ҳам у ёлғон қасам ичади-да, менинг еримни ўзлаштириб олади.
«Жўнаб кетди». Яъни қасам ичириш учун таҳорат олгани кетди, деган маънода. Шофеъийлар таҳорат билан қасам ичиришни мустаҳаб деб билганлар. Шоҳ Абдулазиз ўзининг «Тафсиру Азизий» асарининг Қалам сураси шарҳида бундай ёзган: «Бу ҳадис ҳам Расули акрам алайҳиссалом жуда ҳам ақлли инсон бўлганларига далолат қилади. Чунки Расули акрам алайҳиссалом даъвогарнинг қалбини хотиржам қиладиган, қалбини ҳаққа таслим қиладиган «Огоҳ бўлинглар! У бунинг молини зулм билан ейиш учун қасам ичса, Аллоҳ таолога йўлиққанда ундан юз ўгиради», деган сўзни айтдилар. Шу билан икки томоннинг тортишуви оз фурсатда ҳал бўлди.
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эканимда икки киши келиб, бир ер борасида хусумат қилишди. Бири: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бу жоҳилият замонасида еримни тортиб олган эди», деди. У Имрул Қайс ибн Обис Киндий бўлса, унинг хасми Рабиъа ибн Ибдон эди. У зот: «Ҳужжатинг (қани?)», дедилар. У: «Ҳужжатим йўқ», деди. У зот: «Унинг қасами (ҳал қилади)», дедилар. У: «Бўлмаса уни олиб қўяди-ку!» деди. У зот: «Бундан бошқа чоранг йўқ», дедилар. У қасам ичишга турганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зулм қилиб бир ерни олиб қўйса, Аллоҳ таолога йўлиққанда ундан ғазабланган бўлади», дедилар».
Исҳоқ ривоятида «Рабиъа ибн Айдон», дейилган.
Шарҳ: (интаза ъала арзий) «еримни тортиб олган эди». Аслида (назвун) сўзи урғочи ҳайвонни эркак ҳайвонга қочиришга айтилади. Бу ерда эса «тортиб олиб қўйиш» маъносида ишлатилган. Бу ривоятдаги Ибдоннинг исми Ибн Ибдон бўлган. Исҳоқнинг ривоятида Ибн Айдон тарзида келган. Мазкур ривоятда икки томоннинг ҳам исми зикр қилинган. Демак, бу бобда келтирилган ҳадислар бир воқеа эмас, балки алоҳида воқеалар бўлган.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисларнинг фойдаси ҳақида сўз юритиб қуйидагиларни айтган:
1. Қўлида, қабзасида бўлган киши иккинчи томонга нисбатан мулкка ҳақлироқ бўлади;
2. Биринчи томон гувоҳ келтира олмаса, иккинчи томонга қасам ичирилади;
3. Фосиқнинг қасамига одил кишининг қасамига эътибор берилгандек эътибор берилади;
4. Гувоҳ келтириш қасам ичиришдан олдин туради.
5. Хусуматлашиш чоғида бир-бирига нисбатан золим, фосиқ, фожир сўзларини ишлатиши мумкин.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Дия Қибла аҳлини кофир демаймиз »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase