close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Саждага бориш ва ундан туриш кайфияти

Гоҳ-гоҳида юртимиз мусулмонлари ўртасида саждага боришнинг кўриниши борасида ҳам ихтилофлар чиқиб туради. Баъзилар саждага боришда бизда одатга айланган дастлаб тиззалар кейин қўлларни ерга қўйиш ўрнига, аввал қўлларини кейин оёқларини ерга қўйишади. Ўзларининг бу ишларига далиллар ҳам келтирган бўлишади. Қуйида бу мавзуда ҳанафий уламолар келтирган далилларни ва уларга қарши келтирилган далилларга жавобларини кўриб чиқамиз.

Гоҳ-гоҳида юртимиз мусулмонлари ўртасида саждага боришнинг кўриниши борасида ҳам ихтилофлар чиқиб туради. Баъзилар саждага боришда бизда одатга айланган дастлаб тиззалар кейин қўлларни ерга қўйиш ўрнига, аввал қўлларини кейин оёқларини ерга қўйишади. Ўзларининг бу ишларига далиллар ҳам келтирган бўлишади. Қуйида бу мавзуда ҳанафий уламолар келтирган далилларни ва уларга қарши келтирилган далилларга жавобларини кўриб чиқамиз.
Саждага борилаётганда ерга яқин аъзолар бирин кетин ерга қўйилади, яъни, аввал тизза, сўнг қўллар ва юз. Саждадан тураётганда ердан узоқ аъзолар биринчи кўтарилади, яъни, юз, қўллар ва тизза. Заруратсиз ерга таяниб туриш макруҳ.
"Фатовои Ҳиндия" китобида шундай дейилади:
Яъни: "Агар намозхон сажда қилишни хохдаса, аввало ерга яқин бўлган аъзони (ерга) қўяди. Аввал тиззасини, сўнг икки қўлини, сўнг бурнини, сўнгра пешонасини ерга қўяди. Саждадан турганида аввал пешонасини, сўнг бурнини, сўнгра икки қўлини кўтаради..."
"Мухтасарул-виқоя" китобида эса:
Яъни: “(Намоз ўқувчи) рукудан сўнг такбир айтади ва сажда қилади. Саждага бориш асносида аввал тиззаларини сўнгра қўлларини ерга қўяди, (саждадан турганида) такбир айтади ва аввал бошини сўнгра икки қўли ва тиззаларини ердан кўтаради...", - дейилган.
Воил ибн Ҳужр розияллоху анхудан ривоят қилинган ҳадисда:
Яъни: "Мен Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламни сажда қилганларида қўлларидан аввал тиззаларини ерга қўйганларини ва саждадан қайтаётганларида тиззаларидан аввал қўлларини ердан кўтарганларини кўрдим", - дейилади (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).   
Имом Сарахсийнинг "Мабсут” китобларида қуйидаги ибораларни ўқишимиз мумкин:
Айтадилар: "Саждага борувчи саждага энгашганда қўлларидан олдин тиззаларини ерга қўяди. Ибн Сирийн эса: "Тиззаларидан олдин қўлларини қўяди. Чунки Абу Хумайднинг ҳадисида: "Пайғамбар алай-ҳиссалом тиззаларидан олдин қўлларини қўяр эдилар дейилган" - деганлар.
Бизга эса Воил ибн Ҳужр розияллоху анхунинг қуйидаги ҳадиси далил бўлади: "Албатта, Пайғамбар алай-ҳиссалом саждани қўлларидан олдин тиззаларини қўйишдан бошладилар". Яна Аъраж розияллоху анху Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилади: “Пайғамбар алайҳиссалом туя чўккани каби чўкишдан ҳайтардилар. Сажда қилувчи қўлларидан олдин тиззаларини қўйсин!” - дедилар. Яъни туя чўкаётганда қўлларини ерга қўйишдан бошлайди. Намозхон эса оёқларидан бошлаш лозим ("Мабсут" китобидан иқтибос тугади).
Ушбу мавзуни узил-кесил ҳал қилиш учун ҳанафий олим, Имом Абу Жаъфар Таҳовийнинг "Маъонил-осор" китобларидан айни мавзуда келтирган маълумотларини ҳукмингизга ҳавола қилиш ўринлидир.
Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ мазкур асарларида "Саждада қўлларини ёки тиззаларини қўйишдан бошлаш" мавзуси остида шу бобга тааллуқли ҳадисларни келтириб, томонларнинг қарашларини баён қилган-лар.
1. Нофиъ розияллоҳу анҳу Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: "Албатта ибн Умар розияллоҳу анҳумо сажда қилсалар ерга тиззаларидан олдин қўлларини қуйишдан бошлар эдилар. Ва Пайғамбар алайҳис-салом шундай қилар эдилар деб айтар эдилар" (Имом Таҳовий ривояти).
2. Худди шу ривоят Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган (Имом Таҳовий ривояти).
3. Аъраж Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Бирортангиз сажда қилса, туя чўккалагандек чўккаламасин! Лекин қўлларини қўйсин! Сўнг тиззаларини қўйсин!" (Имом Таҳовий ривояти).
Бир тоифа кишилар сажда қилувчи инсон саждага боришда тиззаларидан олдин қўлларини ерга қўяди деган ҳукм чиқарганлар ва юқорида зикр қилинган ҳадисларни далил қилганлар. Қолганлар эса бу масалада уларга хилоф қилганлар ва сажда қилувчи қўлларини ерга қўйишдан олдин тиззаларини қўяди деган фикрни айтганлар. Далил сифатида қуйидаги ҳадисларни
келтирганлар:
1. Абу Хурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Албатта пайғамбар алайҳиссалом сажда қилганларида қулларидан олдин тиззаларини қуйишдан бошлар эдилар" (Имом Таҳовий ривояти).
2. Абу Хурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Албатта Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: "Бирортангиз сажда қилса, қўлларидан олдин тиззаларини қўйишдан бошласин! Эркак туя чўккани каби чўккаламасин!" (Имом Таҳовий ривояти).
Яъни туя қўллари билан чўккалашни бошлагани каби саждага борувчи ҳам қўллари билан бошламасин,
деган маънода.
3. Воил ибн Хужр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Расулуллоҳ алайҳиссалом сажда қилсалар қўлларидан олдин тиззаларини қўйишдан бошлар эдилар" (Имом Таҳовий ривояти).
Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ушбу бобга тегишли сўнгги ҳадисни келтирганларидан кейин у ҳадиснинг бошқа йўлдан ҳам келгани ва унинг санадига боғлиқ баъзи жиҳатларни айтиб ўтадилар. Ундан сўнг ўзларининг мазкур масала юзасидан бўлган хулосаларини билдирадилар важумладан қуйидагиларни айтадилар: "Пайғамбар алайҳиссаломдан ушбу мавзуда келган ҳадислар ихтилофли бўлгани учун назар юритиб кўрдик ва мазкур ҳадисларни тасҳиҳ қилиш усули қуйидагича бўлди: Воил розияллоху анхудан ихтилофли ҳадис келмади (балки бир хил маънода ҳадис келди). Ихтилофли ҳадислар фақат Абу Хурайра розияллоху анхудан келди. Шунинг учун Абу Хурайра розияллоху анхудан келган ривоятлар ўзаро бир-бирига тенг бўлгани туфайли, Воил розияллоху анхунинг ҳадиси юқорига чиқади ва собит ҳисобланади.
Энди ушбу масалани ақлий жиҳатдан қувватланишига келадиган бўлсак, унинг йўли шуки, биламизки сажда қилишга буюрилган аъзоларимиз еттитадир. Расулуллоҳдан келган асарлар шуни кўрсатади. Омир ибн Саъд отасидан ривоят қилади: “Қачон банда сажда қилса, етти аъзога кўра сажда қилади..."
Аббос ибн Абдулмуттолиб ривоят қилади: "Албатта У Пайғамбар алайҳиссаломдан: "Банда сажда қилганда у билан бирга етти аъзоси сажда қилади. Юзи, икки кафти, икки тиззаси ва икки қадами".
Демак, ҳадислардан маълум бўлишича сажда мазкур етти аъзолар билан бўлади. Энди биз уларнинг ичидан ихтилоф қилинмаган аъзоларни ўрганамиз, токи ихтилоф қилинган аъзолар маълум бўлсин учун. Ўрганишларимиздан шу маълум бўладики, намоз ўқувчи сажда қилса ё икки тиззаларини ёки икки қўлини ерга қўйишдан бошлайди. Сўнг бошини қўяди. Кейин саждадан тураётганда бошини кўтаришдан бошлайди. Демак бош кўтарилишда биринчи, ерга қўйишда эса охири экан. Бошни кўтаргандан сўнг иккинчи бўлиб, қўлларни кўтарар экан. Ундан сўнг тиззалар кўтарилар экан. Бунда барча томонлар иттифоқдирлар. Демак ерга қўйишда охири ҳисобланган бош кўтарилишда биринчи бўлганидек, қўллар кўтарилишда тиззалардан аввал бўлгани учун қўйишда тиззалардан кейин бўлиши керак. Шунда Воил розияллоҳу анҳунинг ривоятлари ҳам собит бўлади. Буни қиёс дейилади. Биз шу ҳукмни оламиз. Шунингдек, бу Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг қавлидир. Бу Ҳазрати Умар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолардан ҳам ривоят қилинган (ҳукм)дир (Таҳовийдан иқтибос тугади).
Хулоса шуки, Моликий мазҳабидан ташқари барча мазҳаб олимлари ушбу ҳадисларни дақиқ ўрганиб, "сажда қилишда аввало ерга яқин аъзолар ерга қўйилади ва саждадан туришда эса ердан узоқ бўлган аъзолар ердан кўтарилади", - деган фикрга иттифоқ бўлганлар. Валлоҳу аълам.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Мисвок ишлатиш Аллоҳ таолонинг йади »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase