close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон тиловати савобини ўтганларга бағишлаш

Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларга бағишлаш барча мусулмонлар, хусусан Марказий Осиё халқлари ўртасида кенг тарқалган. Ҳанафий мазҳаби уламолари бу амални мустаҳаб деб билганлар ва юртимизда мустақиллик йилларигача ҳеч ким бунга эътироз билдирмаган, уни бидъат деб атамаган. Чет эллик устозларидан таъсирланган баъзи кишилар бу масалада ихтилоф чиқардилар. Мазҳабсизлик тарафдори бўлганликлари сабабли Ҳанафий мазҳаби уламоларининг сўзларини эътиборга олмадилар. Лекин иш улар айтганлари каби эмас. Бу ҳақида қуйида батафсил сўз юритилади.

Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларга бағишлаш барча мусулмонлар, хусусан Марказий Осиё халқлари ўртасида кенг тарқалган. Ҳанафий мазҳаби уламолари бу амални мустаҳаб деб билганлар ва юртимизда мустақиллик йилларигача ҳеч ким бунга эътироз билдирмаган, уни бидъат деб атамаган. Чет эллик устозларидан таъсирланган баъзи кишилар бу масалада ихтилоф чиқардилар. Мазҳабсизлик тарафдори бўлганликлари сабабли Ҳанафий мазҳаби уламоларининг сўзларини эътиборга олмадилар. Лекин иш улар айтганлари каби эмас. Бу ҳақида қуйида батафсил сўз юритилади.
Аслида бу масалани тўғридан-тўғри бидъат дейишлари, уларнинг илмсизлигига далолат қилади. Чунки бу масалада мужтаҳид имомлар ўртасида ихтилоф бор ва ҳамманинг ўз далиллари мавжуд. Бундай амаллар бидъат дейилмайди. Масаланинг ечими эса - ҳар ким ўз мазҳабига амал қилишидир. Бунинг устига тўлиқ ҳанафий мазҳабига амал қиладиган Марказий Осиё мусулмонлари ўртасида бу ихтилофни кўтаришлари иккинчи бир хатодир.
Кўпчилик уламолар Қуръон тиловатининг савоби дунёдан ўтганларга етади деганлар.
Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимо Қуръон тиловати каби баданий ибодатларнинг савоби дунёдан ўтганларга етади, деганлар. Моликий ва Шофеий мазҳабининг кейинги аср уламолари ҳам шу сўзни ихтиёр қилганлар.
Ҳанафий мазҳабимизнинг забардаст имомларидан Абу Жаъфар ат-Таҳовий "Ал-Ақидатут Таҳовия” китобларида:
“Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаати бордир”, - деб келтирадилар.
Ўтганларга қироатнинг савоби етади деганлар қуйидаги ҳадисларни далил қиладилар. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади:
“Фазл ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловига мингашиб олган эди. Шунда Хасъам қабиласидан бир аёл савол сўраб келди. Фазл унга қарар, у Фазлга қарарди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Фазлнинг юзини бошқа тарафга буриб қўйди. Аёл: "Эй, Аллоҳнинг элчиси! Аллоҳнинг бандаларига ҳажни фарз қилган буйруғи отамга қариганда, эгарда ўтира олмайдиган ҳолатида етиб келди. Унинг номидан ҳаж қиламанми?" -деди. Расулуллоҳ: "Ҳа", дедилар. Бу воқеа ҳажжатул вадоъда бўлган эди”.
Имом Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
“Бир киши: "Эй, Аллоҳнинг Расули! Онам вафот этди, унинг номидан садақа қилсам фойда қиладими?" - деб сўради. Расулуллоҳ: "Ҳа", дедилар". У айтди: "Мени битта серҳосил хурмозор боғим бор, сизни гувоҳ қилиб айтаманки, уни онамнинг номидан садақа қилдим”.
Бошқа шунга ўхшаган ривоятлар ҳам бор. Бу ривоятлар тиловатнинг савоби маййитга етишига далолат қилмоқда. Чунки вафот этган киши ҳаж, садақадан фойда олиши билан Қуръон тиловатидан фойда олиши ўртасида фарқ йўқ. Ҳанбалий олимлардан Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Қандай савобли ишни қилиб бўлса ҳам, мусулмон маййитга бағишласа, маййитга фойдаси тегади, иншааллоҳ”.
Маййитга қироатнинг савоби етиши ҳанафийлар, ҳанбалийлар, моликийларнинг кейинги уламолари ва Шофеий уламолардан Имом Нававийнинг сўзларидир. Моликийлардан Шайх Дардир айтадилар: "Кейинги уламолар, Қуръон тиловати ёки зикр қилиб, савобини маййитга бағишлашнинг ҳеч ёмон жойи йўқ, маййитга бундан савоб ҳосил бўлади", деганлар.
Замондош олимлардан Шайх Саъид Абдуллатиф Фуда "Шарҳул кабир ала Ақидатут Таҳовия" китобида шундай ёзади:
"Ибнул Ҳож "Мадхал” китобида: “Ким қироати ҳеч хилофсиз (маййитга) етиишни хоҳласа, шу ишини "Эй, Аллоҳ! Қироатимнинг савобини фалончига бергин (етказгин)" деб дуога айлантирсин”, дейди".
Диққат қилсак, Ибнул Ҳож агар Қуръон тиловатидан кейин дуо қилиб унинг савобини марҳумга бағишланса, бу ерда ихтилоф қолмайди, демоқдалар. Юртимизда ҳам урф бўлган ҳолат шуки, Қуръон тиловатидан кейин савобини дуо қилиб бағишланади. Бу ерда ҳеч қандай ихтилоф қолмайди.
Динимизда инсон ўлиши билан унут бўлмайди. Уларнинг тириклар зиммасида ҳақлари бўлади. Шунинг учун ҳам Исломда ўтганларнинг ҳақларига дуо қилиш тарғиб этилган. Қуръони каримда ўтганлар-ни ҳаққига мағфират сўраб дуо қилган мусулмонлар мақтов ўрнида зикр қилинади.
Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида шундай дейди:
"Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!" (Ҳашр сураси, 10-оят).
Ушбу илоҳий таълим асрлар оша мусулмон оламида амалда жорий бўлиб келган. Шу билан бирга, ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб, савобини уларга бағишлаш ҳам бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари билан жорий қилинган амалдир. Бу мавзуга оид диний таълимотларни чуқур ўрганган уламоларимиз Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларнинг ҳаққига бағишлаш ҳам мазкур шаръий кўрсатма остига дохил эканини таъкидлайдилар.
"Саҳиҳи Бухорий”га шарҳ ёзган ҳанафий аллома Бадриддин Айний раҳимаҳуллоҳ "Қабр ёнида муҳаддиснинг ваъз қилиши ва шогирдлари унинг атрофида ўтиришлари", деб аталган бобни шарҳлаб шундай дейдилар:
Гўёки бу сўз билан Имом Бухорий, тирик ёки ўликка манфаат бўладиган бўлса, қабр ёнида жамоат билан ўтириш макруҳ эмаслигига ишора қиладилар. Тирикларга фойда бўлишига мисол, ичида ваъз-насиҳат қиладиган, ўлимни ва охиратдаги ҳолатларни эслатадиган киши бўлган бир жамоат қабр ёнига тўпланишидир. Ўликка фойда бўлишига мисол қабр олдида Қуръон қироат қилиш ва зикр учун тўпланишдир, чунки маййит бу нарсалардан манфаат кўради. Абу Довуд Маъқал ибн Ясордан ривоят қилади. У киши айтдилар: "Расулуллоҳ: "Ўликларингизга "Ясин"ни ўқинг", дедилар". Бу ҳадисни Насоий ва Ибн Можа ҳам ривоят қилишган. Бу ҳадис ёнида ўқилган Қуръондан маййит манфаат кўришига далолат қилади ва "маййит Қуръон қироатидан манфаат кўрмайди", деганларга қарши ҳужжат бўлади" (Умдатул-Қорий).
Мазкур китобнинг бошқа ўрнида аллома Бадриддин Айний Пайғамбаримиз алайҳиссалом икки қабрга икки ҳўл новдани тиқиб, шу новдалар қуригунча уларнинг тасбеҳи сабабли қабр эгаларидан азоб енгиллашини умид қилганлари ҳақидаги ҳадисни шарҳлаб шундай дейдилар:
"Хаттобий: "Бу ҳадисда қабрлар ёнида Қуръони карим ўқишнинг мустаҳаблигига далил бор. Чунки дарахтнинг тасбеҳи сабаб маййитдан азоб енгиллашига умид қилинса, Қуръони карим тиловатидан янада кўпроқ умид ва барака бўлади. Айтаманки, (яъни, Бадриддин Айний) бу масалада олимлар ихтилоф қилганлар ва Абу Ҳанифа, Аҳмад розияллоҳу анҳумо Қуръон қироатининг савоби маййитга етади, деганлар". (Умда-тул Қорий)
Кейин бу сўзларига бир нечта ҳадиси шарифни далил қилиб келтирадилар. Жумладан, Абу Бакр ан-Нажжор "Сунан" китобида Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қабристонда "Ихлос" сурасини ўқиш фазилати, Анас розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинган қабристонда "Ясин” сурасини ўқиш ҳақида, Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ота-онасини қабрини зиёрат қилганда "Ясин" сурасини ўқиш ҳақидаги ҳадисларни келтиради. Кейин эса Абу Ҳафс ибн Шоҳин Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни келтиради:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким: "Ал-ҳамдулиллаҳи роббил аъламин, роббис самавати вал арз, роббил аъламин ва лаҳул кибрияу фис-самавати вал арз ва ҳувал азизул ҳаким, лиллаҳил ҳамду роббис-самавати ва роббил арз, роббил аъламин ва лаҳул азамату фис-самавати вал арз ва ҳувал азизул ҳаким" деган дуони бир марта айтиб, кейин “Эй, Аллоҳ! мана шуни савобини ота-онамга етказгин" деса, ота-онасини ҳаққини адо қилган бўлади”, дедилар (Умдатул Қорий).
Закариё Ансорий раҳматуллоҳи алайҳ "Ал-Лубоб" китобида: "Тиловатнинг савоби ўлганга етишига далолат қиладиган нарсалардан бири шуки, мусулмонлар барча асрларда Қуръон ўқиб, ўтганларига бағишлаганлар ва буни ҳеч ким инкор этмаган. Бинобарин, бунга ижмоъ бўлган" - дейди.
Ҳанафий мазҳаби уламолари маййитга ҳам, тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб бориши жоизлигини айтишган. "Ҳидоя", "Бадоиъ”, "Баҳр” ва бошқа китобларда бу ҳақда баён қилинган.
Маълумки, ҳаж, рўза ва дуодан ўтганларга савоб етишини ҳамма эътироф қилади, булар билан Қуръон қироати савобининг етиши орасида фарқ йўқ. Чунки ҳаммаси баданий ибодат ҳисобланади. Ўтган салафларнинг қилмагани савобнинг етмаслигига далил бўлмайди.
Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қироат қилишдан ман қилган очиқ-ойдин ҳадис бўлганида, қироатнинг савоби етмаслигига далил бўлиши мумкин эди. Лекин ундай ҳадислар йўқ, гарчи заиф бўлсада, дунёдан ўтганлар учун қироат қилишга тарғиб қилган кўплаб ҳадислар бор. Улар бир-бирини қувватлаб, шу ишнинг жоизлигини билдиради. Пайғамбаримиз алай-ҳиссалом одамлар марҳум номидан садақа қилиш, ҳаж қилиш ҳақида сўраб келишганда изн берганлар. Бу эса, бошқа нарсалар ман қилинган, дегани эмас.
Саҳобийлар ичида қабри бошида Қуръон тиловат қилишни васият қилиб кетганлари бор эди. Чунки улар шу нарсада маййитга фойда борлигини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар.
Абдурраҳмон ибн Ало ибн Лажлаждан, у отасидан ривоят қилади:
"Отам менга: “Эй ўғилчам! Агар вафот этсам, мени лаҳадга қўйгин. Лаҳадимга қўйиб бўлгач: «Бисмиллаҳи ва ъала миллати Расулиллаҳ», дебустимга тупроқ тортгин. Кейин бош томонимда Бақара сурасининг аввали ва охирини ўқигин, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деяётганларини эшитганман” деди" (Имом Табароний ривояти).
Бу мавзуда Умму Шарик розияллоҳу анҳодан ҳам ҳадис ривоят қилинган:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ўликларга “Фотиҳа”ни ўқишни буюрдилар" (Имом Ибн Можа ривояти).
Аллома Ибн Обиддин "Раддул муҳтор” номли китобларида "Қироатнинг савобини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя қилиш” бобида шундай дейдилар:
“Ибн Ҳажар Асқалоний "Ал-Фатовои фиқҳия" номли китобларида айтадиларки, Ҳофиз ибн Таймия қироатнинг савобини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаш мумкин эмаслигини даъво қилади. Чунки У Зотнинг баланд мартабаларига ўзлари рухсат берган нарсалари билангина журъат қилиш мумкин, масалан, У Зотга саловат айтиш ва васила сўраш У Зот рухсат берган амаллардандир, дейди. Ибн Ҳажар айтадилар: "Субкий ва бошқа олимлар Ибн Таймияга кўп раддия билдириб, айтишганки, (қироатнинг савобини бағишлаш учун) Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хос бир рухсатига эҳтиёж йўқ. Мана кўринг, Ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом, васият қилмаган бўлсалар ҳам, вафотларидан кейин У Зотнинг номидан бир нечта умра қилдилар. Жунайд Бағдодийлар табақасидан бўлган Ибн Муваффақ Пайғамбаримиз алайҳиссалом номларидан етмиш марта ҳаж қилган. Ибн Сирож Пайғамбаримиз алайҳиссалом номларидан ўн минг мартадан кўпроқ хатм қилган, шунча қурбонлик қилган... Мен айтаманки (яъни, Ибн Обидин) мана шунга ўхшаган жумлаларни ҳанафийлар муфтийси, Баҳрурроиқ муаллифининг шайхи Аш-Шиҳоб Аҳмад ибн аш-Шалабийнинг хатлари билан ҳам кўрганман. Уни Ан-Нувайрийнинг "Шарҳи тоййиба" номли китобларидан нақл қилганлар. Жумладан, ҳанбалийлардан Ибн Ақил: "Қироатнинг савобини Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳадя қилиш мустаҳабдир”, деганлар. Айтаманки, уламоларимизнинг, киши ўз амалининг савобини ўзгага ҳадя қилиши жоиз, деган сўзларига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кирадилар. Чунки У Зот алайҳиссалом бунга ҳақлидирлар, биз умматларини залолатдан қутқарганлар. Қироатнинг савобини бағишлаш ҳам шукрнинг бир кўриниши ва чиройли ташаккур айтишдир. Комил (яъни, Пайғамбаримиз алай-ҳиссалом) ўз камолотининг зиёда бўлишини қабул қилади..." (Раддул муҳтор).
Бошқа одам қилган ишнинг савоби ўзгага фойда бермайди, деган гапга жавобан Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисни келтириш мумкин:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган бетобликларида муаввазот ("Фалақ" ва "Нас") суралари билан ўзларига суфлар (яъни, қўлларига суфлаб, баданларига суртар) эдилар. Касаллари оғирлашганда эса, мен у сураларни ўқиб суфлар ва барака умидида қўллари билан сийпалар эдим” (Имом Бухорий ривояти).
Мазкур ҳадисдан маълум бўладики, Оиша онамизнинг муаввазатайн сураларини ўқишлари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўқишларидан ўринбосар бўлган. Демак, Қуръон билан паноҳ сўраш ва табаррук қилишда ўринбосарлик дуруст бўлар экан, нега энди қироатнинг савобида ҳам ўринбосарлик дуруст бўлмасин?!
Миср муфтийси Али Жума қабр олдида Қуръон ўқиш ҳақида шундай дейдилар: "Қуръон тиловати шариат буйруғида умумлаштирилган ҳолда айтилган. Умумий буйруқ эса жамики макон, замон, шахс ва ҳолатларни ўз ичига олади. Ушбу умумийликни фақат далил билан чеклаш мумкин, холос. Агар далил келтирмасдан чекланса, бидъат ишни қилган бўлиб, Аллоҳ ва Расули кенг қилиб қўйган ишни торайтириш бўлади".
Замондош олим, марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳга худди шу мавзуда интернет орқали жуда кўп саволлар берилган, уларнинг ҳаммасига далиллар билан "Бу иш жоиз", деб жавоб берганлар ва бу мавзуни асосан бемазҳаблар кўтаришини таъкидлаганлар.
Фақат бир нарсани яхши билиш керакки, Қуръон ўқувчи холис ўқиши керак ва унга бирор эҳсон бериладиган бўлса ҳам, Қуръон ўқиганнинг ҳаққи деб эмас, балки ҳадя, деб берилади. Ҳадя олган киши ҳам берувчининг ҳаққига дуо қилиб қўйиши мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase