Талаффуз қилинаётган жумлалар маъносини англаш хаёлни бир ерга жамлашга ёрдам беради. Шу ерда бир нарсани айтиб ўтамиз: намоздаги қироат, зикр, дуолар маъносини тушуниш учун араб тилини билиш керак. Араб тилини билмайдиганлар ҳар бир дуо, зикр-тасбеҳлар маъносини пухта ёдлаб оладилар. Унга ҳам қодир бўлмаганлар умумий мазмунини тушуниб, ўқиётганда уни дилдан ўтказишса, яхши бўлади.
Қуйида намоздаги такбир, тасбеҳ, тааввуз, басмала, қироат, дуо, салавот каби зикрлар маъноси билан яқиндан танишиб чиқамиз.
1. Такбири таҳрима - “Аллоҳу акбар” маъноси.
“Аллоҳу акбар” Аллоҳ барча нарсадан буюк, дегани. Комиллик фақат Аллоҳгагина хос. У Зот ҳар қандай айб-нуқсондан Пок. Бу борада Аллоҳ Яккаю Ягона. Зеро, ҳеч ким буюкликда, мукаммалликда, куч-қудратда Унга бас кела олмайди. Улуғ Аллоҳ ибодат қилиш учун энг муносиб Зотдир.
Намозхон “Аллоҳу акбар” деб такбир айтганида тили билан дили бир бўлсин. Яъни, тили айтган сўзларни дили тасдиқласин, унинг қалбида Аллоҳдан буюкроқ нарса қолмасин. Агар киши Аллоҳнинг улуғлигини қалб қўри билан англаб етса, унинг назарида бошқа нарсалар жуда кичик бўлиб қолади.
“Аллоҳ” энг буюк, улуғвор исмдир. Унинг нозик маънолари бор. “Аллоҳ” қалблар сиғинадиган, севадиган, таскин топадиган, рози бўладиган, суянадиган Буюк Зот учунгина аталган исмдир. Кўнгил У Зотдан бошқасидан ҳечам таскин топмайди, хотиржам бўлмайди. Бу неъматларга фақат Унинг исми билан эришилади.
Намозни “Аллоҳу акбар” деб бошлаш ҳикмати нимада?
Агар инсон бу жумла мазмунини идрок этса, қандай улуғ Зот олдида турганини сезади, Унга хушуъ қилади, Аллоҳдан бошқа нарсаларга чалғиб кетишдан уялади, диққатини жамлаб, намозни ихлос билан адо этади, шошиб-пишиб, пала-партиш ўқиб қўймайди. Тили билан “Аллоҳу акбар” деб туриб, қалби бошқа нарсаларга боғланиб қолган, ибодат чоғида турмуш ташвишлари ҳақида хаёл сурадиган одам такбири таҳрима мазмунини яхши тушунмабди. Аслида ҳақиқий мўмин киши учун намозга кираётганда “Аллоҳу акбар” дейишнинг ўзи хушуъ ҳосил қилишга етади. Чунки мана шу калима билан дунёга тегишли ҳар қандай ўй-хаёллар ортга ташланади, Аллоҳга бутун борлиғи билан таважжуҳ(“Таважжуҳ” сўзи “юзланиш”, “бориш” маъносини англатади.) қилинади.
2. Сано маъноси.
Намозни бошлашда ўқиладиган дуо бизда “сано”, араб тилида “истифтоҳ (яъни, намозни очиш) дуоси” дейилади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят ҳилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иамозни бошласалар, “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табаарокасмук, ва таъаалаа жаддук, ва лаа илааҳа ғойрук”, деб айтардилар” (“Сунан" соҳиблари, Аҳмад, Ҳоким, Дораҳутний ривоят ҳилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Санонинг турли шакллари бор. Ҳанафий, ҳанбалий мазҳаби уламолари “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика”ни ихтиёр қилишган(Абу Ҳанифа ва Муҳаммад наздида намозни бошлашда “Субҳаанакал лоҳумма”га зиёда қилинмайди. Аммо Абу Юсуф “Субҳаанакаллоҳумма...”дан кейин “Инний важжаҳту важҳий.. ”ни ҳам қўшишни айтган (Манба: “Ал-иноя шарҳул ҳидоя”).). ШофеЪийлар “Важжаҳту важҳий лиллазий фаторос самааваати вал арз” деб бошланадиган дуони ўқишади(Манба: “Ал-фиқҳул исламийю ва адиллатуҳ”.).
“Субҳаанакаллоҳумма” Аллоҳ ҳар қандай айб-камчиликдан пок эканини, “Ва биҳамдика” эса мақтовнинг ҳамма тури Аллоҳга хослигини эътироф этишдир. Яъни: Эй Парвардигорим, Сен нуқсон-камчиликлардан холисан, буюксан, мутлақ комил Зотсан. Ожизликдан, зулм қилишдан, Ўзинг яратган жонзотларга ўхшашдан поксан. Барча ҳамду санолар фақат Сенгагина хос.
“Ва табаарокасмук” Сенинг исминг комил, улуг, муқаддасдир. Осмонлару ерда исминг баракаси зиёда бўлди, дегани. Агар Аллоҳнинг исми шу қадар баракали бўлса, унда Аллоҳнинг Ўзи янада баракалироқ, улуғроқдир.
Ҳақиқатан, Аллоҳнинг исми баракалидир. Агар овқат ейишдан олдин “Бисмиллаҳ” десангиз, шайтон сизга шерик бўлмайди, таомга барака киради. Агар басмалани айтмасангиз, шайтон сиз билан қўшилиб таом ейди. Агар жонлиқ сўяётганда Аллоҳ исми зикр қилинмаса, у нопок ўлимтик бўлиб қолади. Оламлар Парвардигори исми айтиб сўйилса, пок-ҳалол гўшт саналади. Зеро, Аллоҳнинг исмисиз бошланган ҳеч бир ишда хайр-барака, унум бўлмайди.
“Ва таъаалаа жаддук” жумласи “Сенинг улуғлигинг юқори бўлди” маъносини англатади. Аллоҳ шундай буюк Зотки, яратган мавжудотларидаи ҳеч бири Унга тенглаша олмайди. Фақат Аллоҳнинг Ўзи улуғдир.
“Ва лаа илааҳа ғойрук” эса “Сендан Ўзга илоҳ йўқ. Сен Яккаю Ягонасан” мазмунини билдиради. Аллоҳдан бошқа ҳар қандай “маъбуд”лар, “илоҳ”лар ботил, сохтадир. Фақат Аллоҳ буюк, комил, ибодат учун лойиқ Зотдир.
Санони тафаккур қилиш билан қалб уйғонади, Аллоҳга қурбат ҳосил бўлади, шайтон васвасаси даф этилади, ғафлат ортга чекинади, ихлос сари кенг йўл очилади.
3. Тааввуз маъноси.
Намозхон санони ўқиб бўлгач, “Аувзу биллааҳи минаш шайтонир рожийм”, дейди. Бунинг маъноси: “Тошбўрон қилинган шайтондан Аллоҳ паноҳ беришини тилайман”. Мана шу тарзда паноҳ сўраш араб тилида “тааввуз” дейилади.
“Аувзу биллааҳи” Аллоҳга илтижо қиламан, У Зотдан ҳимоя сўрайман, мазмунини ифодалайди.
“Шайтон” Аллоҳнинг раҳматидан узоқ, дегани. Зеро, Аллоҳ шайтонни лаънатлаган.
Бу ерда “шайтон”дан мурод отамиз Одам алайҳисса-ломга сажда қилишдан бош тортган шайтон ва унинг зурриётларидир.
“Рожийм” тошбўрон қилинган, қувилган мазмунини ифодалайди. Аллоҳ таоло шайтонга қарата бундай деган: “Бас, (жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган - малъунсан. Ҳисоб (яъни, қиёмат) кунигача сенга лаънат бўлади” (Ҳижр сураси, 34-35-оятлар).
Шу билан бирга “рожийм” сўзи “тошбўрон қилувчи” мазмунини ҳам ифодалайди. Чунки шайтон иғво билан бошқаларни йўлдан уради, уларни гуноҳ-маъсиятга бошлайди, васваса тошларини ўзгаларга қарата отади.
Мана шу дуони ўқиганда Аллоҳ шайтон васвасасидан сақлаши ўтиниб сўралади. Чунки одам тилидан чиқаётган сўзларни қалби билан тасдиқламаса, гапи ёлғон бўлиб қолиши мумкин.
Қироатдан олдин шайтондан паноҳ сўрашнинг қандай фойдаси бор?
Тааввуз сабабидан шайтон қалбдан узоқлашади, Аллоҳнинг Каломини тадаббур билан ўқишга, Қуръон маъноларини англашга халақит бермайди. Қолаверса, тааввуз оғизни лағвдан, беҳуда сўзлардан ноклайди, кишини тиловатга ҳозирлайди. Банда тааввуз билан Аллоҳга тазарруъ қилади, Унинг нақадар қудратли Зотлигига тан беради, кўзга кўринмас хавфли душманга қарши кураша олмаслигини эътироф этади, шайтон ёмонликларидан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайди.
4. Басмала маъноси.
“Басмала” сўзи “Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм”нинг қисқартма шаклидир. Унинг маъноси қуйидагича: “Ўз зотида, сифатида Ягона, ибодат қилиш учун энг муносиб Аллоҳ номи билан бошлайман. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ ўта Меҳрибон, Раҳмли Зотдир”.
Мўмин инсон доим Аллоҳни ёдида сақлайди, ҳар бир ҳалол ёки мубоҳ ишни (хусусан, ейиш-ичиш, кийиниш, масжидга кириш, у ердан чиқиш, уловга миниш, кундалик юмуш ва ҳоказоларни) бошлашдан олдин У Зот исмини зикр этади. Жоҳилият даврида мушриклар бирон иш бошламоқчи бўлишса, “Лотнинг исми билан”, “Уззонинг исми билан” дейишарди. Бундан фарқли ўлароқ, мўмин банда ҳар бир аҳамиятли ишни Аллоҳ исми билан бошлайди. Зеро, “бисмиллоҳ”сиз бажарилган ишнинг баракаси бўлмайди. Бундай иш охирига етмайди, кутилган натижани бермайди. Қолаверса, Аллоҳ номи тилга олинса, шайтон яширинади. Иблис васвасаси фақат Аллоҳни эслаш билан қайтарилади.
5. Фотиҳа сураси маъноси.
Қуйида Қуръондаги энг улуғ сура - Фотиҳа сураси тафсири билан танишиб чиқамиз. Зеро, мазкур сура мазмунини англаш хдм хушуъга ундайди.
2-4. Ҳамд оламлар Рабби, Раҳмон ва Раҳим, ҳисоб кунининг Подшоҳи Аллоҳ учун (хос)дир!
“Алҳамдулиллааҳи роббил ааламийн” - “Ҳамд оламлар Рабби Аллоҳучун (хос)дир!”
“Ҳамд” сўзи “фазилат эгасини чиройли суратда, барча яхши сифатлар билан мақташ” маъносини англатади.
Дунёю охиратдаги барча ҳамду санолар, юксак мақтовлар Аллоҳга айтилади. У Зот ҳар қандай айб-нуқсондан, камчиликдан холидир. Аллоҳ - барча оламлар Яратувчиси. Хоҳ жонли, хоҳ жонсиз, хоҳ ақлли, хоҳ ақлсиз бўлсин, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким кўкларга кўтариб мақташга лойиқ эмас.
“Оламлар”дан мурод барча оламлар, осмонлардаги, ердаги - қуруқлигу денгизлардаги жами мавжудотлардир. Масалан, фаришталар олами, жинлар олами, инсоният олами, ҳайвонот олами, наботот (ўсимлик) олами ва ҳоказо. Мана шу оламларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг мулки. Уларни Аллоҳ яратган, барчаси фақат У Зот жорий этган қонун-қоидаларга бўйсуниб ҳаёт кечиради.
“Раб” сўзи “хожа”, “хўжайин”, “соҳиб”, “эга”, “жаноб”, “тарбиячи”, “подшоҳ”, “ибодат қилинувчи”, “ислоҳ этувчи”, “неъмат берувчи”, “итоат этилувчи”, “муҳофаза қилувчи” маъноларини билдиради.
Қуръони каримда айтилади: “Шундай экан, ҳамд(у санолар) осмонлар Парвардигори, ер Парвардигори, бутун оламлар Парвардигори - Аллоҳ учун (хос)дир” (Жосия сураси, 36-оят).
Аллоҳ таоло барча оламларни бошқариб, бир низомда тутиб туради. Коинотдаги сон-саноқсиз жисмларни яратиш, уларни маълум йўналиш бўйича ҳаракатлантириш, Қуёш, Ой, Ернинг бир-бири билан мутаносиблигини сақлаш, бир-бирига урилиб кетиши олдини олиш, кўкдаги, куруқликдаги, сувдаги барча жонзотларга ризқ бериш, хуллас, жами оламлар ишини тадбир қилиб туриш Раббимиз Аллоҳ таоло зиммасидадир.
“Ар-роҳмаанир роҳийм” - “Раҳмон ва Раҳим...”
“Раҳмон” раҳмати чексиз, “Раҳим” ўта меҳрибон дегани.
Аллоҳ таолонинг “Раҳмон” сифати Унинг барча махлуқотларга, хусусан мўминга ҳам, кофирга ҳам ризқ берувчи, ўта карамли Зотлигини англатади. “Раҳмон” сифати фақатАллоҳтаолонингЎзигагина хос.Ундан бошқаси бу сифат билан васф қилинмайди.
“Раҳим” эса “Раҳмон”дан хосроқ бўлиб, “охиратда фақат мўминларга шафқат қилувчи” ма.змунини англатади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бор. Улардан (фақат) битта раҳматни жин, инсон, ҳайвон, ҳашаротлар орасига туширган. Шу сабаб улар ўзаро шафқатли бўладилар, меҳр кўрсатадилар, ваҳший хайвон боласига шафқат қилади. Аллоҳ тўқсон тўққиз раҳматини (захира қилиб) олиб қўйган. У билан қиёмат куни (мўмин) бандаларига раҳм қилади(Бухорий, Муслим, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилган.)”.
Аллоҳ чексиз раҳматидан бир бўлагини дунёга туширган. Ана ўша бир қисм раҳмат туфайли инсонлар бир-бирига шафқат қилади, ваҳший ҳайвонлар боласига меҳр кўрсатади, уни машаққат билан боқиб катта қилади. Агар Меҳрибон Аллоҳ Ўзи яратган мавжудотлари қалбига раҳмат ҳиссини солмаганида, дунё низоми бузилиб, ҳаёт тизгинидан чиқиб кетарди.
Эътибор берсангиз, фарзанд гўдаклигида, ёшлик чоғларида ота-онасига эркалик қилади. Аллоҳ таоло ота-она қалбига раҳмат неъматини солиб қўйган: улар фарзандлари инжиқлигини, тўполонини кенг юрак билан кўтаради. Ҳатто боланинг хархашаси, шўхликлари ота-она учун ёқимли туюлади. Аллоҳ таоло оналар қалбига шундай меҳрни, раҳматни солиб кўйган: муштипар волидалар тунни кунга улаб болани парваришлашга ҳам шайлар. Оламлар Парвардигори оталар қалбига меҳр ҳиссини солиб қўйган: улар энг оғир ишларни қилиб бўлса ҳам, фарзандларини боқишга, яхши едириб-ичиришга, қаровсиз қолдирмасликка интилади.
Ҳадис давомида айтилишича, қиёмат куни ҳамманинг ҳоли танг бўлиб турган бир паллада Аллоҳ таоло чинакам мўмин бандалари гуноҳини кечириб, раҳматига олади.
“Маалики явмид дийн” - “Ҳисоб кунининг Подшоҳи...”
Аллоҳ таоло қиёмат кунининг мутлақ Подшоҳидир. У Кунда бандалар ҳисоб қилинади: яхши амаллар учун мукофот, гунохдар учун жазо берилади. Охиратда фақат Аллоҳнинг амри ўтади, Унинг сўзига қарши чиқадиган, ҳукмини ўзгартирадиган ёки бекор қиладиган зот топилмайди.
“Куни” сўзи арабча матнда “явмун” лафзи билан ифодаланган. У “куёш чиқишидан ботгунгача бўлган вақт”ни англатади. Бу ерда мутлақ замон, яъни қиёмат куни кўзда тутилмоқда. У куннинг миқдори одамлар ҳисобига кўра, эллик минг йилга тенг.
Бандалар охиратда Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқиб, савобидан умид қилиб, марҳаматига кўз тикиб турадилар. Зеро, бу кунда Аллоҳ хукмидан ўзга ҳукм ўтмайди, Ундан бошқаси бандалар ҳолига раҳм қила олмайди.
Аллоҳ таолога муносиб ҳамду сано айтилгач, энди мўминлар тилидан шундай ваъда берилади:
5. “Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн” - “Биз Сенгагина ибодат қиламиз, Сендангина ёрдам сўраймиз!”
Яъни: эй Раббимиз, Сен бутун оламлар Парвардигори, ўта Меҳрибон, Раҳмли, ҳисоб кунининг мутлақ Подшоҳи экансан, биз фақат Сенгагина ибодат қиламиз, Сендангина мадад сўраймиз, раҳматингдан умидвормиз, азобингдан қўрқамиз, ҳожатларимизни ёлғиз Ўзингга ошкор этамиз, ибодатларимизни ихлосла тўлиқ адо этишда ёрдамингга муҳтожмиз!
“Биз Сенгагина ибодат қиламиз” жумласи “Сенинг айтганингни бажарамиз, ҳукмингга бўйсунамиз, Сенга исён қилмаймиз” маъносини англатади.
“Истионат” манфаатга эришиш, зарарни даф этиш учун қалбнинг Аллоҳ таолога қаттиқ боғланиши, банда ўзини ожиз санаган ҳолда У Зотдан кўмак сўрашидир.
Аллоҳцан мадад сўраш икки хил бўлади:
1. Ибодатларни тўлиқ, бекаму кўст адо этишда ёрдам сўраш.
2. Зарарнинг олдини олиш, ёмонликлардан сақланишда ёрдам сўраш.
Уламолар айтишича, ояти каримада аввал ибодат, кейин истионат келтирилишига бир неча сабаблар бор:
1. Аллоҳ таолонинг ҳақи бандалар ҳақидан устун. Зеро, ибодат Аллоҳнинг бандалари зиммасидаги ҳақи, истионат эса бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳақидир.
2. Аввал умумий, кейин хос нарса зикр қилиниши. Ибодат умумий маънодаги тушунча бўлса, истионат ўша ибодат турига киради.
3. Аввал восита бўладиган нарса тилга олинса, дуо ижобати осонлашади.
4. Банда ибодат қилса, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Имон-эътиқоддан, тоат-ибодатдан йироқ кишилар Ал-лоҳга дуо қилмайди, У Зотдан мадад сўрамайди.
Фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Ундан кўмак сўрашга ваъда берилгач, дуо-илтижо қилишга ўтилади:
6-7. Бизларни тўғри йўлга - ғазабга учраган, адашганлар эмас, Ўзинг инъом этган зотлар йўлига ҳидоят қил!
Мазкур оятларда кўпликда келган “ибодат қиламиз”, “ёрдам сўраймиз”, “бизларни ҳидоятга бошла” каби жумлалар Исломда жамоат аҳамияти қанчалик катта экани, мўмин киши бошқа биродарлари ҳақига дуо қилиши лозимлигини кўрсатади.
“Ихдинас сиротол мустақийм” - “Бизларни тўғри йўлга ҳидоят қил!”
“Ҳидоят” сўзи “мақсадга элтувчи йўлга лутф билан бошлаш” маъносини англатади.
Яъни: эй Раббимиз, бизларни ҳақ йўлга, саодат йўлига, Сенинг розилигингга эриштирадиган, жаннатга олиб борадиган йўлга бошла, бизларга инсоф-тавфиқ бер. Ўзинг ҳидоятда бардавом айла, имонимизни мустаҳкам қил!
Ўтаётган ҳар бир кун инсонни қиёмат сари яқинлаштиради. Охират саодатига элтувчи йўл эса битта. У ҳам бўлса, барча пайғамбарлар, солиҳлар яшаб ўтган Ислом йўлидир.
Шу ерда бир савол туғилади: оятдаги “тўғри йўл”дан мурод Ислом дини бўлса, унда мўмин-мусулмон банда: “Бизларни тўғри йўлга - Исломга бошла!” деб дуо қилишида қандай ҳикмат бор?
“Бизларни тўғри йўлга бошла!” деб дуо қиладиган инсон ҳидоятда бардавомликни, турли нотўғри эътиқодлардан сақлашини Аллоҳдан ўтиниб сўрайди. Зеро, ожиз банда ҳар сонияда Парвардигори тавфиқига, марҳаматига муҳтож. Агар Аллоҳ қўллаб турмаса, тўғри йўлдан адашиб кетиши муқаррар.
Абу Зар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳтаоло: “Эй бандаларим, сизларнинг ҳар бирингиз адашгандир. Фақат Мен ҳидоят қилганларгина (бундан мустасно). Шунинг учун Мендан ҳидоят сўранглар. Шунда сизларни (тўғри йўлга) ҳидоят қиламан”, деб айтади(Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилган.)”.
Инсон ўз билими, касбий малакаси, ҳаётий тажрибаси билан ҳам ҳақиқий бахт-саодат йўлини излаб топа олмайди. Чунки ҳақ йўлда собитқадам бўлиш осон эмас. Бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Шунинг учун бандалар Аллоҳдан тўғри йўлга бошлашини сўрайдилар.
Мўминлар тилидан сиротул мустақимга ҳидоят қилиш сўралгач, бу йўл кимларга насиб этгани, кимлар бундан мосуво экани айтилади:
“Сиротоллазийна анъамта алайҳим. Ғойрил мағзувби алайҳим ва лаз зооллийн” - “Ғазабга учраган, адашганлар эмас, Ўзинг инъом этган зотлар йўлига (бошла)”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Ўзинг инъом этган зотлар йўли” Сенга ибодат қилган, итоат этган фаришталар, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳлар йўлидир(Аллоҳтаоло айтади: “Ким Аллоҳга, Расулига итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъом эттан зотлар - пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳлар билан биргадирлар. Ана ўшалар энг яхши ҳамроҳдирлар” (Нисо сураси, 69-оят).)”, деган.
Ибн Абу Ҳотим: “Бу оятдаги “ғазабга учраганлар” яҳудийлар, “адашганлар” насронийлар экани борасида муфассирлар ҳамфикрлар”, деб айтган(Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ғазабга учраганлар” яҳудийлар, “адашганлар” насронийлардир” (Термизий, Аҳмад, Ибн Жарир, Ибн Ҳиббон ривоят қилган).).
Яъни, бу йўл Сенинг ҳидоятингга, розилигингга эришган, неъматларингга сазовор бўлган зотлар - найғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳлар йўлидир. Бизларни мана шу йўлга бошла. Нонкўрлик қилиб ғазабингга учраган, ҳақни инкор этган, билганига амал қилмаган яҳудийлар, тўғри йўлдан адашган насронийлар йўлидан асра!
Аллоҳ зикрига ошуфта дил гоҳида чалғиб ҳам кетади, шайтон хаёлини ҳар томонга олиб қочади. Тил зикрла намланади, аъзолар ҳаракатини қилаверади, бироқ дилда бошқа нарсанинг ёди. Шундай бўлса-да, мўмин банда тезда ўзини ўнглаб олади, қалбини яна Эгасига топширади, Уни улуғлайди, Унга сиғинади, набийлар, тўғри йўлдан адашмаганлар йўлига бошлашини илтижо этади, Аллоҳ муяссар қилганича Қуръон ўқийди, ҳар бир сўзни қалбдан ҳис этишга ҳаракат қилади.
Фотиҳа сураси тиловатидан кейин “Омин” дейиш мустаҳабдир(Ҳанафий мазҳаби уламолар наздида “Омин” овоз чиқармасдан айтилади). Бу сўз “Ё Аллоҳ! дуоларимизни ижобат эт!” маъносини билдиради.
Шу ўринда “Омин” дейиш фазилати ҳақидаги ривоятни келтирамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар имом: “Ғойрил мағзувби ъалайҳим ва лаз зооллийн”, деса, сизлар: “Омин!” денглар. Чунки кимнинг (“Омин”) дейиши фаришталарникига тўғри келиб қолса, ўтган гуноҳлари кечирилади(Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Молик, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривоят қилган.)”.
Маълумки, Фотиҳа сураси намознинг ҳар ракатида такрор-такрор ўқилади. Етти оятдан иборат бу қисқа сурани мусулмон банда бир кунда камида 30-32 марта қайтаради. Агар бошқа нафл ибодатларни ҳам қўшиб ҳисобласак, ҳисоб бундан ҳам ортиб кетади. Лекин шунча такрорласак ҳам Фотиҳа сураси тиловатидан зерикмаймиз, ҳар сафар ўзгача иштиёқ билан қироат қиламиз.
Аслини олганда, ҳар қанча нозик дид билан ёзилган шеър ёки бадиий асар ҳам тез-тез ўқилаверса, кишини зериктиради. Лекин Қуръони карим ундай эмас. Қуръонни ўқиган сари унга бўлган иштиёқ ортиб бораверади. Кунига ўртача 30-32 марта такрорланадиган Фотиҳа сурасини ёши 70-80 га борган одам неча марта такрорлашини тасаввур қилиб кўринг, азизлар.
Биз юқорида Фотиҳа сураси тафсирини ўргандик. Шу билан бирга, ҳеч бўлмаса, намозда кўп ўқиладиган зам суралар мазмуни билиб олинса, мақсадга мувофиқ бўлади.
6. Рукуъдаги зикрлар маъноси.
Маълумки, рукуъ қилганда мана бу дуо ўқилади:
Ўқилиши: “Субҳаана роббиял ъазийм”.
Маъноси: “Улуғ Раббим (ҳар қандай нуқсон-камчиликдан) Покдир”.
Яъни, Ўз зотида, сифатларида Буюк, ҳар нарсадан Улуғ Аллоҳ барча айб-нуқсонлардан саломатдир. Жумладан, бирон нарсани билмай қолишдан, ожизликдан, чарчашдан, кучсизланиб қолишдан, Ўзи яратган мавжудотларга ўхшашдан холидир.
Рукуъда, намоздаги бошқа ўринларда айтиладиган зикрнинг турли кўринишлари бор. Ўқувчилар диққатини асосий мавзудан чалғитмаслик учун биз бу ерда фақат бир кўринишини келтирдик. Дуо китобларида бу ҳақда батафсил маълумот берилган.
Намозхон рукуъдан бош кўтарганида бундай дейди:
Ўқилиши: “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ”.
Маъноси: “АллоҳЎзига ҳамд айтган бандасини эшитади”.
Бу ердаги “эшитиш” ижобат қилиш маъносидадир. Яъни, АллоҳЎзига ҳамд айтган банда дуосини қабул этади.
Ўқилиши: “Роббанаа ва лакал ҳамд(Бу зикр турли сийғаларда келган. Жумладан:) (ҳамдан касийрон тоййибам мубаарокан фийҳ)”.
Маъноси: “Эй Раббимиз, ҳамд фақат Сенга хос (Сенга кўп, покиза, муборак ҳамд айтамиз).
Рифоа ибн Рофеъ Зурақий розияллоху анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларида намоз ўқиётгандик. У зот бошларини рукуъдан кўтарганларида: “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, дедилар. Шунда орқа сафдаги бир киши: “Роббанаа ва лакал ҳамд, ҳамдан касийрон тоййибам мубаарокан фийҳ”, деди. Набий алайҳиссалом намоздан чиққач, “Бу гапни ким айтди?” деб сўрадилар. Ҳалиги одам: “Мен”, деди. Шунда:
1. “Роббанаа лакал ҳамд” (Бухорий, Муслим ривоят қилган).
2. “Роббана ва лакал ҳамд” (Бухорий, Муслим ривоят қилган).
3. “Аллохумма роббанаа лакал ҳамд” (Бухорий, Муслим ривоят қилган).
4. “Аллоҳумма роббана ва лакал ҳамд” (Бухорий ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ўттиздан ортиқ фаришта (сен айтган сўзларни) биринчи ёзиш учун шошилаётганини кўрдим”, дедилар(Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилган.)”.
“Роббанаа” - “Эй Раббимиз” деганда Аллоҳнинг Яккаю Ягона Илоҳлиги, Унинг барча мулклар Эгаси, Кудратли зотлиги эътироф этилади.
“Ва лакал ҳамд” деганда дуо билан эътироф жамланади. Унинг мазмуни бундай: “Эй Парвардигоримиз, биздан ҳусни қабул эт. Бизни ҳидоятга бошлаганинг, Ўзинг рози бўладиган йўлга йўллаганинг учун Сенга ҳамд айтамиз”.
“Ҳамдан касийрон тоййибам мубаарокан фийҳ”нинг маъноси қуйидагича: “Кўп, холис (тоза, пок), баракали ҳамд айтамиз”.
7. Саждадаги зикрлар маъноси.
Ўқилиши: “Субҳаана роббиял аълаа”.
Маъноси: “Буюк Раббим (ҳар қандай нуқсон-камчиликдан) Покдир(Хузайфа розияллоху анхудан ривоят қилинишича, у Набий соллаллоху алайҳи ва саллам билан намоз ўқиган. Расулуллоҳ рукуьда “Субҳаана роббиял ъазийм”, саждада “Субҳаана роббиял аълаа”, дердилар. Қачон раҳмат оятидан ўтсалар, тўхтаб (Аллоҳнинг раҳматини) сўрар, азоб оятидан ўтсалар, (азоб-уқубатдан) паноҳ тилардилар (Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).)”.
Аллоҳнинг “Аъло” сифати “Ҳамма нарсадан олий, буюк, қадри баланд, мутлақ комил” маъноларини англатади.
Намозхон рукуъда камтарликни, саждада хору зорликни ҳис этади, тасбеҳларни, такбирларни, барча дуою зикрларни қалбдан чиқариб, бутун вужуди билан берилиб айтади. Айниқса, саждада Аллоҳ нақадар улуғлигини, ўзининг қанчалик заифлигини ёдга олади, Парвардигорига дилдан тазарруъ қилади.
Икки сажда ўртасида куйидаги дуо ўқилади:
Ўқилиши: “Роббиғфир лий, роббиғфир лий”.
Маъноси: “Раббим, мени мағфират эт. Раббим, мени мағфират эт(Манба: Абу Довуд - Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан - саҳиҳ санад билан келтирган ривоят.)”.
Икки сажда орасида ўтириш, саждаларни шошилмасдан, хотиржамлик билан қилиш суннатдир. Бунда икки кафт худди ташахҳуддагидек тиззалар устига қўйилади. Мана шу ҳолатда ҳам Аллоҳга хокисорлик изҳор этилади.
Икки сажда орасида мана бу дуони ўқиш ҳам мумкин:
Ўқилиши: “Аллоҳуммағфир лий, варҳамний, ва аа-финий, ваҳдиний, варзуқний”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ, гуноҳларимни кечир, менга раҳм қил, офият бер, мени тўғри йўлга бошла, (ҳалол) ризқ бер(Манба: Абу Довуд - Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан - ҳасан санад билан келтирган ривоят.)”.
Яъни: “Ё Аллоҳ, каттаю кичик барча гуноҳларимни, нуқсон-камчиликларимни кечир, ибодатларимни ҳусни қабул айла, икки дунёда мени қалб иллатларидан, тана касалликларидан, бало-офатлардан, адашишдан сақла, солиҳ амалларни адо этишда менга тавфиқ бер, ҳақ динда собитқадам қил, менга ҳалол-покиза ризқ бер, охиратда юқори мартаба ато эт, ҳар соҳада кусурларимни тўғрила”.
8. Ташаҳҳуд маъноси.
Ўқилиши: “Ат-таҳийяту лиллааҳи вас-солаваату ват-тоййибаат, ассалааму алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, ассалааму ъалайнаа ва ъалаа ъибаадиллааҳис солиҳийн”.
Маъноси: “Мулк (Аллоҳга тегишли), салавотлар, покиза нарсалар Аллоҳ учундир. Эй Пайғамбар, сизга салом, Аллоҳнинг раҳмати, баракаси бўлсин. Бизларга, Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин”.
“Ат-таҳийяту лиллааҳи...”даги “таҳийя” сўзи улуғлаш маъносини ҳам англатади. Яъни, хдр жиҳатдан улуғлик, комиллик фақат Аллоҳга хос. Биз Аллоҳнинг улуғлигини эътироф этамиз. У Зот бизнинг улуғлашимизга муҳгожлиги учун эмас, шунга муносиблиги учун Аллоҳ шаънига мақговлар айтамиз.
“Вас-солаваату” сўзи “намоз”, “дуо” маъносини билдиради. Яъни, барча намозлар - фарзи ҳам, нафли ҳам фақат Аллоҳ учун ўқилади, дуолар У Зотга қилинади, ҳожатлар раво этилиши фақат Аллоҳдан сўралади.
“Тоййибаат” тоза, покиза дегани. Яъни, Аллоҳга энг покиза сифатлар хос. Аллоҳ фақат пок сўзларни гапиради, покиза ишларни қилади, поклик ила васф этилади. Зеро, Аллоҳ барча нарсада: Ўз зотида, сифатларида, қиладиган ишларида Покдир. Шунингдек, Аллоҳ бандаларидан фақат пок нарсаларни: мусаффо эътиқодни, холис амалларни, покиза сўзларни қабул этади.
“Ассалааму алайка”. Яъни:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳнинг саломи бўлсин! Аллоҳ у зотни ҳифзу ҳимоясида сақласин!
2. У зот учун ҳар қандай офатдан саломатлик тилаб дуо қиламиз.
3. Шариатларига, суннатларига омонлик тилаймиз, душманлар тажовузидан паноҳ сўраймиз.
Шу ерда савол туғилади: тирик инсонга соғлик, тинчлик сўраб дуо қилинади. Бу тушунарли. Лекин ҳаётдан ўтиб кетган одамга нима учун саломатлик сўралади?
Саломатлик сўраб дуо қилиш фақат тириклик билан боғлиқ эмас. Чунки ҳали олдинда қиёматдаги оғир ишлар турибди. Хабарларда келишича, одамлар сирот кўпригидан ўтаётганида пайғамбарлар “Аллоқумма саллим, саллим” (Ё Аллоҳ, уни саломат қил, саломат қил!) деб дуо қилишади. Бундан чиқди, инсон ўлимдан сўнг ҳам хавф-хатардан холи бўлмайди. Шунинг учун тирикларга ҳам, ўликларга ҳам тинчлик, офият сўралади.
“Ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ”. Агар раҳмат мағфират ёки салом билан ёнма-ён келса, унда мақсадга эришишдаги восита назарда тутилади.
“Барака” жуда кўп яхшиликдир. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган мўминлар сони ошишини, улар янада кўпроқ солиҳ амаллар қилишини сўраймиз. Зеро, мўмин-мусулмонлар қилган солиҳ амаллари савоби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб туради.
“Ассалааму ъалайнаа...” деганда киши аввал ўзини, кейин уммати муҳаммадиянинг барча аъзоларини назарда тутади.
“Ва ъалаа ъибаадиллааҳис солиҳийн”. Аллоҳнинг солиҳ бандалари деганда ердами, кўқцами, тирикми, дунёдан ўтганми, одамми, фаришта ёки жинми, ҳар бир солиҳ, ихлосли, Аллоҳга қуллик қилувчи, У Зот буйруқларига итоат этувчи банда кўзда тутилади.
9. Салавот маъноси.
Ўқилиши: “Аллоҳумма солли ъалаа муҳаммадив-ва ъалаа аали муҳаммад, камаа соллайта ъалаа иброҳийма ва ъалаа аали иброҳийм, иннака ҳамийдум мажийд. Аллоҳумма баарик ъалаа муҳаммадив-ва ъалаа аали муҳам-мад, камаа баарокта ъалаа иброҳийма ва ъалаа аали иброҳийм, иннака ҳамийдум мажийд”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ, Иброҳимга, Иброҳим оиласига салавот йўллаганингдек Муҳаммадга, Муҳаммад оиласига салавот йўлла. Зеро, Сен мақтовга энг муносиб, Буюксан. Ё Аллоҳ, Иброҳимга, Иброҳим оиласига хайр-баракани давомли қилганингдек Муҳаммадга, Муҳаммад оиласига хайр-баракани давомли қил. Зеро, Сен мақтовга энг муносиб, Буюксан”.
Абдураҳмон ибн Абу Лайло ривоят қилади: Йўлда кетаётганимда Каъб ибн Ужрани учратиб қолдим. У:
- Сенга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганим бир нарсани туҳфа қилайми? - деди.
- Ҳа, - дедим.
- Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ сизларга қандай салом беришни ўргатган. Бироқ салавотни қандай айтамиз?” - деб сўрадик. Шунда у зот:
- Аллоҳумма солли ъалаа муҳаммадив-ва ъалаа аали муҳаммад, камаа соллайта ъалаа иброҳийма ва ъалаа аали иброҳийм, иннака ҳамийдум мажийд. Аллохумма баарик ъалаа муҳаммадив-ва ъалаа аали муҳаммад, камаа баарокта ъалаа иброҳийма ва ъалаа аали иброҳийм, иннака ҳамийдум мажийд, деб айтинглар, - дедилар(Бухорий, Муслим, Насоий, Доримий, Ибн Ҳиббон ривоят қилган.).
“Аллохумма солли ъалаа муҳаммад”. Аллоҳнинг Пайғамбарига салавоти у зотни малаул аълода (яъни, Ўзига яқин фаришталар олдида) мақгашидир. Айрим уламоларга кўра, мазкур салавот “Дунёда мартабаларини баланд, даъватларини юқори, шариатларини боқий этиш билан у зотни улуғ қил. Охиратда умматларини шафоат қилиш имконини бериш, у зотга ажр-мукофотларни кўпайтириш билан Расулуллоҳ мартабаларини юқори кўтар”, деган маънони англатади.
“Ва ъалаа аали муҳаммад”. Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашганларга ҳам салавот йўлла. Агар “Ва ъалаа аалиҳий ва асхдабиҳий ва атбааъиҳий” дейилса, у кишининг мўмин қариндошлари, содиқ саҳобалари, қиёматга қадар у зот динига итоат этувчи киши-лар назарда тутилади.
“Камаа соллайта ъалаа иброҳийма ва ъалаа аали иброҳийм”. Яъни, Иброҳим алайҳиссаломга, у кишига эргашганларга кўрсатган фазлу марҳаматингни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, у киши издошларидан, солиҳ мўминлардан дариғ тутма.
“Иннака ҳамийдум мажийд”. Аллоҳ таолонинг “Ҳамид” сифати мақтовчи ҳамда мақталувчи маъносини билдиради. Аллоҳ Ўзининг итоаткор бандаларини, авлиёларини мақтайди. Ўз навбатида, бандалари томонидан энг улуғ сифатлар билан мақталади.
“Мажид” улуғлик соҳиби, ўта буюк дегани.
“Аллоҳумма баарик ъалаа муҳаммадив-ва ъалаа аали муҳаммад”. Аввал айтиб ўтганимиздек, “барака” жуда кўп яхшилик мазмунини ифодалайди. Амалдаги барака Аллоҳ тарафидан банданинг солиҳ ишларга муваффақ қилиниши, оқибатдаги барака эса бирон амалдан одамлар манфаат оладиган даражада яхши натижа қолишидир. Шубҳасиз, Набий соллаллоху алайҳи ва саллам баракалари мисли йўқ. Чунки Аллоҳ таоло у зот умматлари сонини кўп қилди. Мусулмон уламолар ижтиҳоди ҳам бошқаларникидан баракалироқ. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи ва салламга ҳар жиҳатдан барака ато этган. Салавотда мана бу барака янаям зиёда қилиниши сўралади.
“Камаа баарокта ъалаа иброҳийма ва ъалаа аали иброҳийм, иннака ҳамийдум мажийд”. Яъни, Иброҳим алайҳиссаломга,у кишига эргашганларга берган баракангни, фазлингни Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва салламга, у зот издошларига хaм бер.
10. Саломдан олдин ўқиладиган дуолар маъноси.
Ўқилиши: “Аллоҳумма ииний аувзу бика мин ъазаа-бил қобр, ва аувзу бика мин фитнатил масийҳид дажжаал, ва аувзу бика мин фитнатил маҳя ва фитнатил мамаат. Аллоҳумма инний аувзу бика минал маъсами вал мағром”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ, қабр азобидан менга паноҳ беришингни сўрайман. Ё Аллоҳ, масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман. Ё Аллоҳ, тириклик ҳамда ўлим фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман. Ё Аллоҳ, гуноҳдан, қарздан паноҳ тилайман”.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда “Аллоҳумма инний аувзу бика мин ъазаабил қобр, ва аувзу бика мин фитнатил масийҳид дажжаал, ва аувзу бика мин фитна-тил маҳя ва фитнатил мамаат. Аллоҳумма инний аувзу бика минал маъсами вал мағром”, деб дуо қилардилар. Бир киши у зотга: “Эй Расулуллоҳ, қарздан жуда кўп паноҳ сўраяпсизми?” деди. У зот: “Агар киши қарзга ботиб қолса, ёлғон гапиради, ваъдасига хилоф қилади”, дедилар(Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ривоят қилган.).
“Аллоҳумма инний аувзу бика мин ъазаабил қобр” - “Ё Аллоҳ, қабр азобидан менга паноҳ беришингни сўрайман”.
Яъни, барзах ҳаётидаги азоб-уқубатлардан паноҳ сўрайман. Бу ердаги “қабр”дан мурод фақат маййит кўмиладиган ер эмас. Зеро, банда вафот этиб, ерга кўмилмаслиги: оловда ёниши ёки сувда чўкиши мумкин. Қабрга кўмилган ҳам, кўмилмаган ҳам барзах ҳаётини бошидан кечиради. Мазкур дуода мана шу муддат ичида бўладиган қийинчиликлардан нажот сўралмоқда.
“Ва аувзу бика мин фитнатил масийҳид дажжаал” - “Ё Аллоҳ, масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман”.
Масиҳ дажжол фитнаси Одам алайҳиссалом яратилганидан бери ер юзида содир бўладиган энг катта фитнадир. Шунинг учун ҳар бир пайғамбар қавмини дажжол фитнасидан огоҳлантирган. Масиҳ дажжол фитнаси дунё фитналаридандир. Чунки маййитлар ундан саломат бўладилар.
“Ва аувзу бика мин фитнатил маҳя ва фитнатил мамаат” - “Ё Аллоҳ, тириклик ҳамда ўлим фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман”.
“Фитна” сўзи бу ерда “имтиҳон”, “синов” маъносида келмоқда. Тириклик фитнаси инсон ҳаётлик чоғида дуч келадиган синовлар, шаҳватлар, шубҳа-гумонлар, жаҳолат, мусибатларга сабрсизлик ва шу каби турли-туман синовлардир. Аллоҳ хоҳлаган кам сонли бандаларгина бу фитналардан омон қолади.
Дунё фитнаси асосан икки нарса: шубҳалар ҳамда шаҳватлар атрофида бўлади. Шубҳалар манбаи жаҳолатдир. Илмсизлик, ғофиллик сабаб инсон ҳақни ботил, ботилни ҳақ, ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол деб ўйлайди, алдовни чапдастлик, номаҳрамларга ҳирс билан қарашни ҳуррият деб билади. Оқибатда гуноҳга ботади. Шаҳватлар манбаи эса ҳавойи нафсдир. Масалан, бир одам ҳақ нималигини билади, бироқ нафси унинг тескарисини қилишга ундайди. Шунинг учун ҳар бир банда доим Аллоҳ таолога дуо қилиб, қалб касалликларидан асрашини сўрайди.
Ўлим фитнаси - жон чиқиш вақтида, ўлимдан сўнг бўладиган синовлар. Жумладан, шайтон васвасаси, сакарот(“Сакарот” сўзи “сакротун”нинг кўплик шакли бўлиб, “ғафлат”, “залолат” маъносига эга. Сакротул мавт эса жон чиқиш пайтида эс-ҳушни йўқотиш, ўлим шиддатидир.) машаққати, қабрдаги савол-жавоблар, азоб-укубатлар ва ҳоказо. Аллоҳ таоло барчамизни тириклик ва ўлим фитнасидан асрасин!
“Аллоҳумма инний аувзу бика минал маъсами вал мағром” - “Ё Аллоҳ, гуноҳцан, қарздан паноҳ тилайман”.
Бу ерда инсонни гуноҳга етаклайдиган амаллардан, қарзни адо этишга қурби етмай қолишдан паноҳ сўралмоқда. Зеро, қарзга ботган одам ёлғон гапиришга ўргана-ди, “Қарзимни эртага (индинга ёки бир ойдан кейин) бераман”, дейди, лекин сўзида турмайди, ваъдасига хилоф қилади. Аслида зарурат туғилганида қарз сўраш жоиз. Аммо бўйни билан қарзга ботиб, уни тўлашдан ожиз қолиш нохуш ҳолатдир. Шунинг учун бундан ҳам паноҳ сўралади.
Ўқилиши: “Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийро, ва лаа яғфируз зунувба иллаа ант, фағфир лий мағфиротам мин ъиндик, варҳамний, иннака антал ғофуврур роҳийм”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ! Мен ўзимга жуда кўп зулм қилиб қўйдим! Барча гуноҳларни Ёлғиз Ўзинг кечирасан! Шундай экан, даргоҳингдаги (улуғ) мағфиратла мени кечир, ҳолимга раҳм айла! Зеро, Сен гуноҳларни кечирувчи раҳмли Зотсан!”
Ривоят қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: “Намозда ўқишим учун менга бир дуо ўргатинг!” деди. Шунда Расули акрам алайҳиссалом Абу Бакрга мана шу дуони ўргатдилар(Бухорий ривоят қилган).
“Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийро” - “Ё Аллоҳ! Мен ўзимга жуда кўп зулм қилиб қўйдим!”
Одам боласи гарчи сиддиқ (ўта ростгўй) бўлса ҳам, унинг нуқсон-камчиликлари, гуноҳлари кўп. Зеро, банда
турли неъматлар билан сийланган. Уларнинг бир қисмига шукр қилишга-да тоқати етмайди. Шунинг учун заифли-гини эътироф этиб, Аллоҳга кўп истиғфор айтса, гуноҳларини кечиришини ўтиниб сўраса, бандага хос иш қилган бўлади.
“Ва лаа яғфируз зунувба иллаа ант, фағфир лий мағфи-ротам мин ъиндик, варҳамний, иннака антал ғофуврур роҳийм” - “Барча гуноҳларни Ёлғиз Ўзинг кечирасан! Шундай экан, даргоҳингдаги (улуғ) мағфиратла мени кечир, ҳолимга раҳм айла! Зеро, Сен гуноҳларни кечирувчи раҳмли Зотсан!”
Банда ожизлигини тан олиб Аллоҳга истиғфор айтса, ҳолига раҳм қилишини ўтиниб сўраса, Аллоҳ уни кечиради. Зеро, гуноҳларни фақат Аллоҳ кечиради. У Зот бандаларига раҳм қилувчи, Меҳрибондир.
Ўқилиши: “Аллоҳумма аинний ъалаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибаадатик”.
Маъноси: “Ё Аллоҳ, Сени зикр этишда, (берган неъматларингга) шукр қилишда, Ўзингга чиройли суратда ибодат қилишда менга ёрдам бер(Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилган)”.
Зикр Қуръон ўқиш, шаръий илм олиш, тасбеҳ ёки ҳамд айтиш ва ҳоказоларни ўз ичига олади.
Шукр эса Аллоҳ берган неъматларни эслаб, Унга ҳамду санолар, мақтовлар айтишдир.
Бу ерда аввал зикр, кейин шукр келишига сабаб, агар инсон Парвардигорини эсласа, берган неъматларига шукр қилади, уларни Хожаси рози бўладиган жойларга ишлатади.
Чиройли суратда ибодат қилиш деганда ихлос билан Аллоҳга қуллик қилиш назарда тутилади. Зеро, ибодат холис бўлмаса, суннатга мувофиқ бажарилмаса, ундан ҳеч қандай фойда чиқмайди, Аллоҳ тарафидан қабул қилинмайди. Банда ибодатни гўзал қилиши учун ҳам Аллоҳ-нинг кўмагига муҳтож.
11. Салом маъноси.
Ўқилиши: “Ассалааму ъалайкум ва роҳматуллоҳ, асса-лааму ъалайкум ва роҳматуллоҳ”.
Маъноси: “Сизларга тинчлик, Аллоҳнинг раҳмати бўл-син. Сизларга тинчлик, Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”.
“Салом” сўзи “тинчлик”, “хотиржамлик”, “омонлик” маъносини англатади. “Раҳмат” эса “яхшилик”, “неъмат” мазмунини ифодалайди.
Демак, намоздан чиқишда икки томонга салом бери-лади. Жамоатга ҳозир бўлган намозхон ўнг ҳамда чап тарафдаги биродарларига, яна фаришталарга салом беришни ният қилади. Ёлғиз намоз ўқувчи эса фақат фаришталарни ният қилади.
12. Саломдан кейинги зикрлар маъноси.
Икки тарафга салом берилгач, мана бу дуо ўқилади:
Ўқилиши: “Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ. Аллохумма антас салаам, ва минкас салаам, табаарокта я зал жалаали вал икром”.
Маъноси: “Аллоҳдан мағфират сўрайман, Аллоҳдан мағфират сўрайман, Аллоҳдан мағфират сўрайман. Ё Аллоҳ, Сен Саломсан (нуқсонлардан саломатсан, бандаларингга офият берувчисан), тинчлик-омонлик ҳам Сендан (сўралади). Эй улуғлик ва яхшилик Соҳиби, Сен Буюксан!”
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам намоздан чиқсалар, уч марта истиғфор айтиб, кейин: “Аллоҳумма антас салаам, ва минкас салаам, табаарокта я зал жалаали вал икром”, дердилар”. Валид бундай деган: “Мен Авзоийдан истиғфор қандай айтилишини сўрагандим, “Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ”, дейсан”, деб истиғфорни ўргатди278”.
Намозхон икки тарафига салом берганидан сўнг уч марта “Астағфируллоҳ” дейиши суннатдир. Бу билан Парвардигори улуғлигини, ўзининг заифлигини, амали қусурли эканини тан олади, Аллоҳга юкинади, гуноҳларини кечиришни, ожизона ўқиган намозини фазлу марҳамати ила қабул этишини ёлвориб сўрайди.
“Аллоҳумма антас салаам, ва минкас салаам”. Яъни: эй Аллоҳ, Сен ҳар қандай камчиликдан, айб-нуқсондан саломатсан, мўминларга саломатлик берувчисан. Тинчлик-саломатлик, омонлик Сендан сўралади, бу неъматларни бандаларингга фақат Сен берасан.
“Табаарокта я зал жалаали вал икром”. Яъни: эй улуғлик, яхшилик Соҳиби! Сенинг яхшилигинг кўп, бараканг улуғ. Сен бандаларинг томонидан кўкларга кўтарилишга муносибсан.
Ўқилиши: “Лаа илааҳа иллаллоху вахдаҳув лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма лаа мааниа лимаа аътойт, ва лаа муътия лимаа манаът, ва лаа янфаъу зал жадди мин-кал жадд”.
Маъноси: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У Ёлғиздир, шериги йўқ. Мулк ва ҳамд Унга тегишли. (Аллоҳ) ҳамма нарсага Қодир. Ё Аллоҳ, Сен берган нарсани ман этувчи йўқ. Сен ман қилган нарсани берувчи йўқ. “Улуғлик” эгасининг улуғлиги (мол-дунёси, мансаб-мартабаси, таниш-билишлари) Сенинг (азобинг)дан (омон қолишда) фойда бермайди(Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилган.)”.
“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳув лаа шарийка лаҳ”. Яъни: Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ. Ундан ўзга “илоҳ”лар сохтадир - одамлар томонидан ўйлаб топилган. Қуллик қилишга, итоат этишга фақат Аллоҳнинг Ўзи лойиқ. Унинг шериги, ҳамроҳи йўқ. Борлиқни яратишда, оламлар ишини тадбир қилишда, мавжудотларни ризқлантиришда ҳеч ким Аллоҳга шерик бўла олмайди.
“Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр”. Яъни: осмонлар ва ердаги барча нарса Аллоҳники. Уларни тасарруф этиш ҳам Аллоҳ зиммасидадир. Ҳамду саноларнинг ҳаммаси Аллоҳга хос. Аллоҳ мақталишга, олқишланишга энг муносиб Зотдир. Аллоҳ ҳар нарсага Қодир. У Зотнинг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Агар бир нарсани хоҳласа, “Бўл!” деса бас, ўша заҳоти истаган иши содир бўлади.
“Аллоҳумма лаа мааниа лимаа аътойт, ва лаа муътия лимаа манаът, ва лаа янфаъу зал жадди минкал жадд”. Яъни: Аллоҳ бир бандага неъмат беришни хоҳласа, уни ҳеч ким тўса олмайди. Инсу жин тўпланиб келиб, бирон кишидан Аллоҳ фазлини қайтаришга имкони бўлмайди. Агар Аллоҳ бандани бирон нарсадан сиқиб қўйса, унга ўша нарсани беришга ҳеч кимнинг қурби етмайди. Бой одамнинг бойлиги, фарзандлари, мартабаси уни Аллоҳнинг азобидан сақлаб қолмайди. Унга фақат - Аллоҳ фазли, раҳмати ила - солиҳ амаллар фойда беради.
Ўқилиши: “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳцаҳув лаа шарий-ка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ. Лаа илааҳа иллаллоҳу ва лаа наъбуду иллаа ийяҳ, лаҳун ниъмату ва лаҳул фазлу ва лаҳус санааул ҳасан. Лаа илааҳа иллаллоҳу мухлисийна лаҳуд дийн, ва лав кариҳал каафи-рувн”.
Маъноси: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У Ёлғиз, шериги йўқ. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уники. У барча нарсага Қодир. Куч-қувват (бирон ишни бажариш, яхшилик касб қилиш) фақат Аллоҳ(нинг ёрдами) билан (бўлади). Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Биз фақатУнга ибодат қиламиз. (Зоҳирий, боти-ний) неъмат ҳам, фазл (инъом, яхшилик) ҳам, чиройли мақтов (ҳамду сано, шукр кабилар) ҳам Унга тегишли. Ал-лоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам Унинг учун Динни холис қилувчилармиз (яъни, ибодатда Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмаймиз, фақат Аллоҳга ибодат қиламиз)”.
Ибн Зубайр розияллоху анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан кейин мана шу дуони ўқирдилар(Муслим, Насоий, Аҳмад ривоят қилган.).
Шундан кейин 33 мартадан “Субҳааналлоҳ”, “Алҳамдулиллааҳ”, “Аллоҳу акбар” деб зикр айтилади(Бу бобда турли ривоятлар накд қилинган. Жумладан:
1. 33 марта тасбеҳ, 33 марта таҳмид, 33 марта такбир айтиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким намоздан кейин 33 марта “Субҳааналлоҳ”, 33 марта “Алҳамдулиллааҳ”, 33 марта “Аллоҳу акбар” деса, бу 99 та бўлади. “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳув лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр” билан 100 та бўлади. (Ким шуларни айтса,) гунохдари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилади” (Муслим ривоят қилган).
2. 33 марта тасбеҳ, 33 марта таҳмид, 34 марта такбир айтиш. Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “(Намоздан) кейинги (зикр)ларни айтувчи (савобдан) маҳрум бўлмайди. Ҳар бир намоздан сўнг 33 марта тасбеҳ, 33 марта таҳмид, 34 марта такбир айтади” (Термизий, Насоий ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
3. 33 мартадан “Субҳааналлоҳ, валҳамдулиллааҳ, валлоҳу акбар” дейиш. Бу ҳақидаги ривоятни Бухорий, Муслим ривоят қилган.
4. 25 марта тасбеҳ, 25 марта таҳмид, 25 марта такбир, 25 марта таҳлил айтиш. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз ҳар бир намоздан кейин 33 марта тасбеҳ, 33 марта хaмд, 34 марта такбир айтишга буюрилгандик. Ансорлардан бири туш кўрибди. Унда Расулуллоҳ ҳар бир намоздан кейин 33 марта тасбеҳ, 33 марта ҳамд, 34 марта такбир айтинглар, деб амр қилибдилар. У: “Ҳа”, дебди. У зот: “25 марта қилинглар, улар билан таҳлил (“Лаа илааҳа иллаллоҳ”) ҳам қилинглар”, дебдилар. Тонг отганида ҳалиги одам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб кўрган тушини айтиб берибди. У зот: “(Шундай) қилинглар”, дебдилар” (Термизий, Насоий, Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Бу ривоятга кўра, тасбеҳ, таҳмид, такбир, тахдил 25 мартадан айтилади.
5.11 марта тасбеҳ, 11 марта таҳмид, 11 марта такбир айтиш. Сухдйл айтади: “Ўн бир мартадан, ўн бир мартадан (айтади). Буларнинг хдммаси 33 марта бўлади” (Муслим ривоят қилган).
Имом Нававий “Саҳиҳу муслим”га ёзган шарҳида: “Суҳайлнинг (тасбеҳларни) 11 мартадан айтилиши ҳақидаги ривояти кўпчиликнинг 33 марта айтилиши борасидаги ривоятига хилоф эмас”, деган.
6. 10 тасбеҳ, 10 марта таҳмид, 10 марта такбир айтиш. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки хислат ёки хусусиятни мўмин банда сақласа, жаннатга киради. У иккиси осон, қилган одамга кам: хдр бир намоздан кейин 10 марта тасбеҳ, 10 марта ҳамд, 10 марта такбир айтади. Бу тилда 150 та, мезонда 1500 тадир. Агар ўрнига ётса, 34 марта такбир, 33 марта ҳамд, 33 марта тасбеҳ айтади. Бу тилда 100 та, мезонда 1000 тадир”, дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қўллари билан санаётганларини кўрганман. Одамлар: “Эй Расулуллоҳ, бу иккиси осон, уни қилганга кам деганингизни қандай тушунамиз?” деб сўрашди. У зот: “Сизлардан бир (киши) олдига (шайтон) уйқуга ётишидан аввал келиб, уларни айтмасидан ухлатиб қўяди, намозда уларни айтишдан олдин бир ҳожа-тини эслатади”, дедилар” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатхул борий”да айтади: “Тасбеҳларнинг 10 мартадан айтилиши ҳақидаги ривоятларга гувоҳларни кўрдим. Бу бобда Аҳмад Али ибн Абу Толибдан, Насоий Саъд ибн Абу Ваққосдан, Абу Довуд, Термизий, Насоий Абдуллоҳ ибн Амрдан, Баззор Умму Саламадан, Табароний Умму Молик Ансория розияллоҳу анҳумдан ривоят қилган”.
Бу бобда келган ривоятларнинг энг машҳури 33 мартадан айтилиши ҳақидагисидир. Бу хусусда Абу Ҳурайра, Али ибн Абу Толиб, Ибн Аббос, Абу Зар, Каъб ибн Ужра, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумдан ривоятлар келтирилган. Уларнинг нақл қилиниш йўллари ҳам кўп.
Хуллас, намоздан кейин тасбеҳ айтиш мустаҳабдир. Банда хоҳласа, улардан ҳар бирини 10,11,25 ёки 33 мартадан айтиши мумкин. Қайси бирини айтса хдм ҳадисга амал қилган бўлади. Бироқ 33 мартадан айтиш ҳақидаги ривоятлар машҳурроқ.). Охирида бир марта “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳув лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр”, дейилади.
Сўнг Оятул курсий ўқилади. Фарз намозларидан кейин бу оятни ўқиш фазилати улуғ.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлими тўсиб туради”, деб марҳамат қилганлар(Насоий, Табароний ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ.).
Оятул курсий тафсири “Қуръон - қалблар шифоси” номли китобда келтирилган. Шунинг учун бу ерда такрор зикр этиш лозим топилмади.
Зиёвуддин Раҳимнинг
"Намозда хушуъ" китобидан