Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи мукаррамада, Робитанинг биносида, 1408 ҳ.с. 24-28 сафар (1987 йил, 17-21 октябр) кунлари бўлиб ўтган ўнинчи мажлисида ўликнинг жасадини ёриб кўриш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.
Муноқаша ва фикр алмашувлардан кейин Ислом Фиқҳи Академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилди:
Қуйидаги ғаразларга кўра ўликнинг жасадини ёриш мумкин:
1. Жиноий даъво бўйича текшириш олиб борилаётганда ўлимнинг ёки жиноятнинг сабабини билиш учун. Ўлимнинг сабабини билишда бундан бошқа восита бўлмаганда.
2. Маълум касалликларнинг олдини олиш чораларини кўриш мақсадида, уни билиш учун ўликни ёришдан бошқа имкон бўлмаганда.
3. Тиббий илимларни ўргатиш ва ўрганишга ҳожат тушганда.
Таълим мақсадида ўликни ёришда қуйидаги шартларга риоя қилмоқ лозимдир:
1. Жасад маълум шахсники бўлса, у ўлимидан олдин ўзини таълим мақсадида ёришга рухсат берган бўлиши лозим. Шунингдек, меросхўрларнинг изни ҳам қабул бўлади.
2. Ёриш фақат зарурат миқдорича бўлиши керак. Ўликнинг жасади ўйинга айланмаслиги зарур.
3. Аёлларнинг жасадини аёллар ёриши керак. Зарурий ҳолатлар бундан мустасно.
4. Барча ҳолатларда ҳам ёрилган жасаднинг ҳамма бўлаклари дафн қилиниши зарур. Кифоя китобидан, 3-жуз.
Пўлатхон Каттаевнинг
"Исломда жаноза" китобидан