close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Руҳларнинг жасаддан чиқиши

Қалбларга завқ берар мисли хушхабар, Зилол сув етгандек ҳаёт жонланар.

Қалбларга завқ берар мисли хушхабар, Зилол сув етгандек ҳаёт жонланар.
Ушбу ёзилган мисралар ўқувчига роҳатбахш хушха-бардек тасалли беради ва ўта чанқоқ одамнинг мусаффо зилол сув ичгандаги жонланишидек инсон руҳиятини жонлантиради. Чунки бу мисраларда мусаффо эътиқод баён қилинган. Мусаффо эътиқод эса, зилол сув чанқаган одамга роҳат бағишлаганидек роҳат бахш этади. Шу маънода ушбу баён қилинган ақидавий масалалар ҳам ўқиган кишининг қалбига тасалли бериб, ҳузур бағишлайди роҳат, руҳиятини озиқлантиради. Руҳ озиқланганда эса, бутун тана роҳатланади. Бу шундай роҳатки, бошқа бирор лаззат унга тенглаша олмайди. Чунки тана озуқалари орқали ҳосил бўладиган лаззатлар ортида машаққатлар туради. Бу роҳат ортида эса англанган сайин хурсанд бўлиш ва кўнгил кўтари-лиш юз беради. Ҳа, киши қандай улуғ Зотга банда эканини англаса, бу дунёдаги қийинчилигу машаққатларнинг барчаси тезда ўтиб кетишини тушунса, қилаётган озгина ҳаракатларига қанчалар улуғ мукофотлар ваъда қилинганини ҳис этса, ўзининг нақадар фахру ифтихор қиладиган улуғ обрў-мартабада эканини англайди. “Улуғ тасаввуф олимлардан бири Бишр раҳматуллоҳи алайҳ ушбу шеърни қайтариб юраркан:
Сенинг кулинг бўлмоҳлигим ифтихорим, фахримдир, МенингРаббим бўлмокдигинг шонимдир, шарафимдир”(Ҳофиз Ибн Ражаб.“Шарҳу ҳадис Лаббайкаллоҳумма лаббайк”, 67-бет.).
Олимлардан бири “Дунёдаги энг тотли нарсани татиб кўрмасдан ўтиб кетган кишилар дунё аҳлининг энг бечораҳоллари ҳисобланади,” дебди. Шунда ундан: “Энг тотли нарса нима?” деб сўрашибди. У: “Аллоҳ таолони таниш дунёдаги энг тотли нарсадир” - дея жавоб берган экан.
Матнда баён қилинган мисраларнинг руҳни жонлантириши баён қилинди. Руҳ ҳақида Қуръони каримда бундай хабар берилган:
(Эй, Муҳаммад!) Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар.. Айтинг: «Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир». Сизларга эса оз илм берилгандир (Исро сураси, 85-оят).
Яъни, руҳнинг нима экани фақатгина Аллоҳ таоло биладиган махфий нарсалардан ҳисобланади. Инсонларга бу тўғрисида оз илм берилган, шунга кўра, улар кўп нарсалар ҳақида эшитдик, итоат қилдик, дейишдан ўзга чоралари йўқдир.
Имом Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий “Ҳужжатуллоҳил Болиға” китобида “Руҳнинг ҳақиқати” номли алоҳида боб ажратганлар ва ўша бобда қўйидагиларни ёзганлар: “Руҳ тўғрисида идрок этиладиган нарсаларининг энг биринчиси шуки, у тирик жонзотлардаги ҳаётнинг асосидир. Жонзотлар руҳ пуфланиши сабабли тирилиб, унинг ажралиши сабабли ўладилар”(1-жуз 52-бет.).
Саҳоба ва уламолар руҳ масаласида бирор фикр айтган бўлсалар, улар бу борада, албатта, бирор далилга асосланиб айтган бўладилар. Зотан, руҳ масаласи ғайб оламидир. Бу борада инсоннинг ақли ноқисдир.
Шунингдек, олимлар руҳ масалаларини чуқур шарҳ қилмаганлар. Чунки аксар халойиқ руҳоният оламини билмаслар. Ҳар киши ҳам руҳониятни (яъни, руҳий олам ишларини) фаҳм қилмоққа қодир эмас. Шунинг учун руҳ хусусида келган қатъий далилларни келтирамиз:
Руҳлар 4 хил бўлади:
1. Авлиёларнинг руҳлари. Уларнинг руҳлари жасаддан чиқиб, мушк ва кофур суратини касб этадилар. У зотларнинг руҳлари жаннатда бўлади, у ерда еб-ичиб, неъматлардан баҳраманд бўладилар. Кечаси тушганда эса, Аршнинг остида осилган қандилларга чиқадилар.
2. Шаҳидларнинг руҳлари. Уларнинг руҳлари жасадларидан чиққанидан кейин жаннатдаги яшил қушлар қорнида жойлашадилар. Еб-ичадилар ва неъ-матлардан баҳраманд бўладилар. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далолат қилади:
«Аллоҳ йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар. Балки улар тирик, Раббилари ҳузурида ризқланмоқдалар. Улар Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсалардан хурсандлар...» (Оли Имрон сураси, 169-170-оятлар).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ йўлида ўлдирилганларни асло ўликлар деб ҳисобламанг! Аслида (улар) тирикдир - Парвардигорлари ҳузурида (жаннат неъматларидан) ризқланиб турурлар” ояти ҳақида сўраганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларнинг (шаҳидларнинг) руҳлари яшил қушнинг қорнида, аршнинг остида осилган қандилларда бўлади. Жаннатда хоҳлаган жойига сайр қилиб юради. Сўнг ўша қандилларга яна қайтади», - дедилар. Имом Муслим ривояти(Абул Муьин ан-Насафий. «Баҳрул-калом». Байрут: «Дорул-кутубул-ил-мия», 2005,165-бет.).
3. Итоаткор ва осий, гуноҳкор мўминларнинг руҳлари. Итоаткор мўминларнинг руҳлари жаннатдаги ҳеч нарсадан баҳрамандлик топмайдилар, лекин жаннатга қараган ҳолда бўладилар. Гуноҳкор мўминларнинг руҳлари ҳавода юради. Бунга далил:
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: «....Итоаткор мўминларнинг руҳларига келсак, жаннат боғларида бўлади-ю, ҳеч нарса емайди ва ҳеч нарсадан баҳраманд бўлмайди. Лекин жаннатга назар солиб туради. Осий (гуноҳкор) мўминларнинг руҳлари эса, ер ва осмон орасида ҳавода бўлади...... Имом Муслим ривояти.
4. Кофирларнинг руҳлари. Уларнинг руҳлари етти қават ер остида, Сижжийнда бўлади. Уларнинг руҳлари азоб чекади. Бунга далил:
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «.... Кофирларнинг руҳлари етти қават ернинг остида Сижжийнда қора қушларнинг қорнида бўлади. Уларнинг руҳлари жасадларига муттасил бўлади. Руҳлари азобланганда жасадлари алам чекади. Худди қуёшга ўхшайди, ўзи осмонда, нури ерда». Имом Муслим ривояти.
Шунингдек, киши ухлаганда руҳи ундан чиқади. Шу билан бирга у (руҳ) алам чекса, бадани ҳам алам чекади. Ёки унга бирор роҳат етса, (вужуд) ҳатто жилмайиб, кулади(Абул Муъин ан-Насафий. «Баҳрул-калом». Байрут: «Дорул-кугубул-ил-мия». 2005,166-бет.). Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи далолат қилади:
«Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларни эса, уйқуси вақтида олур. Бас, ўлишига ҳукм қилганларини ушлаб қолур, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборур...» (Зумар сураси, 42-оят).
Ҳар лаҳзада қанчадан - қанча одамлар жон берадилар. Уларнинг жонини ким олади? Ҳар бир одам кунига маълум муддат ухлайди, ўшанда у ўликка ўхшаб ётади. Шунда унинг жони нима бўлади? Бу саволларга юқоридаги оят жумласида жавоб бор. Жонларни ўлим вақтида ҳам, ухлаган вақтида ҳам оладиган зот Аллоҳдир. Тандан жон чиқиши катта вафот, ухлаганда тана билан жон орасида алоқанинг кучсизланиши кичик вафот дейилади. Чунки ухлаган одамнинг жонини ҳам Аллоҳ таоло олган бўлади. Кимнинг қазоси етган бўлса, уйқусидан қайта уйғонмай, кичик вафоти катта вафотга айланиб қолаверади. Аллоҳ ажали етмаганларнинг жонини қўйиб юборади. Улар белгиланган ажалгача яшаб юрадилар.
Ояти карима ва ҳадиси шарифлар чиндан ҳам ўлимнинг ҳақиқати жасаддан руҳнинг ажралиб чиқишига далолат қилади. Чиндан ҳам руҳ шундан кейин ё азобда, ё неъматда бўлади. Ҳақиқатдан ҳам, руҳнинг ўзи турли хафачилик ва ғамлар билан алам тортади ва тана аъзоларига тааллуқли бўлмаган ҳолда, хилма-хил шодлик ва хурсандчиликлар билан шодмон бўлади. Бу ҳолатлар руҳнинг ўзига хос сифатидир. Руҳга тегишли сифатлар руҳ жасаддан айрилганидан кейин унинг билан қолади. Аъзолар воситаси билан боғлиқ барча сифатлар жасад ўлиши билан то жасадга қайтадан руҳ келгунга қадар фаолиятини тўхтатади. Руҳ қабрда жасадга қайтиб келишигача бу сифатлар ундан узоқ-лашмайди ва руҳ қиёмат куни қадар кечикса ҳам, бу сифатлар узоқлашмайди. Аллоҳ таоло бандаларининг ҳар бирига нимани ҳукм этган бўлса, Ўзи билгувчи Зотдир.
Ўлимнинг маъноси - бадандан руҳ тасарруфоти-нинг узилиши (кесилиши). Ўлим баданнинг руҳга сабаб бўлишдан чиқиши ва инсон мол-мулки, аҳлу аёлидан узилиб, бу оламга номуносиб бошқа бир оламга тортилиши (ўтиши)дир. Агар бу дунёда уни хурсанд қиладиган ва истироҳатини таъминлайдиган нарсаси бўлса, ўлимдан кейин хасрат-надомати катта бўлади. Агар у бу дунёда Аллоҳнинг зикри билан суҳбат топишда шод-ҳуррам бўлса, ўлимдан сўнг унинг неъмати улуғ бўлиб, саодати камолотга етади. Агар у маҳбуби билан холи қолса, ундан турли тўсиқ ва машғул этадиган сабаблар кесилади. Зеро, дунёнинг ҳамма икир-чикирлари Аллоҳ зикридан машғул этувчидир(Аҳмад ибн Қудома Мақдисий. «Минҳожул қосидин». Тошкент. «Мовароуннаҳр» нашриёти. 2014,442,443-бет.).

Пўлатхон Каттаевнинг
"Исломда жаноза" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase