Баззор (машҳур муҳаддис, 905 йилда вафот этган. Басра, Ироҳ) ўз “Муснад”ида келтиради: “Ҳузайфа розияллоҳу анҳу деди: “Ё Расулуллоҳ, бизга халифа қолдирмайсизми?” деб сўрашди. Дедилар: “Мен сизга халифа қолдирсам, сиз халифамга итоат этмагайсиз ва (Аллоҳ) устингизга бало юборгай”,(Ҳоким, машҳур муҳаддис, 1012 йилда вафот этган. Нишопур, Эрон).Буни “Мустадрак”да ривоят қилган. Ровийларидан Абу Яқзон “заиф”.
Амр ибн Суфёндан (саҳоба ҳисобланади, катта лашкарбоши): “Жамал жангида ғалаба қозонгани сўнгида Али деди: “Эй одамлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқлик (лавозими) ҳақида бизларга бирон васият қолдирмаганлар, шунда биз Абу Бакрни халифа қилишни маъқул кўрдик ва у вафотигача (охиригача) тўғри бўлишни талаб қилди ва ўзи ҳам тўғри бўлди. Абу Бакр Умарни халифа этиб қолдиришни маъқул топди ва у ҳам тўғри бўлишни талаб қилди ва ўзи ҳам тўғри бўлди, шунда дин жуда кенг тарқади. Кейин баъзилар дунё талабига ўтишди, оқибатда Аллоҳнинг ҳукми юрадиган ишлар бўлди”, - (Аҳмад (буюк фаҳиҳ, муҳаддис, 855 йилда вафот этган Бағдод, Ироҳ) ва Байҳаҳий ( муҳаддис, сўфий, 1066 йилда вафот этган Нишопур, Эрон)ривояти).
Абу Воилдан (тобеин): “Бизга халифа ( ўринбосар) қолдирмайсизми?” - дейишди Алига. У деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халифа қолдирмаганлар, мен қолдираманми? Аллоҳ одамларга яхшиликни раво кўрса, мендан кейин уларни ўзларининг яхшилари атрофида бирлаштиради, худди пайғамбари вафотидан кейин ўз яхшилари атрофида уларни бирлаштирганидек” (Ҳоким ва Байҳаҳий ривояти).
Заҳабий (муаррих, муҳаддис 1274-1348 йиллар, Дамашҳ, Сурия): “Рофизийларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуга васият қилганлар”, деган афсона ва уйдирмалар бор. Ваҳоланки, бу борада Ҳузайл ибн Шураҳбил шундай деган: “Алига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васият қилган бўлсалар, Абу Бакр Алига ҳукмдор бўлиб олармиди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан васият бор бўлса, Абу Бакр унга беписандлик қила олармиди?”(Ибн Саъд (машҳур тарихчи, 845 йилда вафот этган. Бағдод, Ироҳ) ва Байҳаҳий ривояти).
Ҳасан (машҳур тобеин) деди: “Али деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгач, ўйлаб қарасак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрни намозда имомликка ўтказган эканлар. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динимизга рози бўлган одамни биз дунёйимиз учун рози бўлдик”, (Ибн Саъд ривояти).
Бухорий “Тарих”ида деди: “Сафинадан (саҳоба): “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр, Умар ва Усмонга дедилар: “Булар мендан кейинги халифалар”. Бухорий деди: “Бунга риоя қилинмади. Зеро, Умар, Али ва Усмон “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халифа қолдирмаганлар”, дейишди.
Сафина: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидни қураётганларида бинога бир тош қўйдилар ва Абу Бакрга: “Менинг тошим ёнига ўз тошингни қўй”, дедилар. Кейин Умарга:“Абу Бакрнинг тоши ёнига ўз тошингни қўй”, дедилар. Кейин Усмонга: “Умарнинг тоши ёнига ўз тошингни қўй”, дедилар. Сўнгра булар мендан кейинги халифалар”, деб айтдилар”, (Абу Зуръа (ҳадисшунос, олим. 809-878 й. Рай, Эрон): бунинг исноди (ровийлари) ёмон эмас. Ҳоким, Байҳаҳий ва бошҳалар ҳам ривоят ҳилишган).
Бу ҳадис ҳамда Умар ва Алининг халифа қолдирмаганлар деган сўзлари ўртасида зиддият йўқ. Чунки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишлари олдидан бировни халифа қилиб қолдирмаганлар, дейишмоқчи бўлишган. Бу ҳадис эса илгари бўлиб ўтган бир ишорадир.
Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан