Балки бунинг ортида тиббиёт, астрономия, география, биология каби сеҳр ва тилсимлар билан боғлиқ жуда кўп илмлар бор дерсан.
Шуни билгинки, биз маънавий оламдаги диний илмларга ишора қилишимизнинг ягона сабаби Аллоҳга элтувчи йўл ва бу йўлдаги сафарни енгиллаштириш истагидир. Юқордаги саналганлар (астрономия, география, биология кабилар) ҳам илм, лекин уларнинг охират билан бирор алоқаси йўқ. Шунинг учун биз бу билимларга тўхталмадик. Саналганлардан ташқари яна кўп билимлар мавжуд бўлиб, олимлар бу илмлардан бехабар эмаслар, лекин ҳозир улар ҳақида тўхталишга эҳтиёж сезмадик.
Яна шуни айта оламанки, ҳали маълум бўлмаган қанчадан-қанча илмлар борки, уларни басийратга эришган инсонларгина ўрганиши мумкин. Инсоният бу илмларни ўзлаштиришга қодир. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ.
Шундай илмлар ҳам борки, бир пайтлар мавжуд бўлган, лекин бизгача етиб келмаган. Бугунги кунда бу билим-ларга эга бўлган инсонларни топиш имконсиз.
Яна бошқа турли илмлар ҳам борки, уларни англаб етишга инсониятнинг ақли ҳам, кучи ҳам етмайди. Бу хил илм билан фақатгина баъзи бир муқарраб фаришталар шуғулланади. Бу борада одам фарзандининг имкониятлари чегараланган. Ҳатто, фаришталарнинг юксак камолотга эга бўлса-да, уларнинг ҳам имконияти чегараланган. Худди ҳайвонларнинг нуқсонлари кўплиги сабабли имконият ва қобилиятларининг чегаранлангани каби.
Илмларининг чек-чегараси бўлмаган ягона зот - Аллоҳ. Унинг илми икки жиҳатида кўра бизникидан фарқланади. Биринчиси, Унинг илми чегара билмайди. Иккинчиси, Унинг илми имконият ва куч-қувватга боғлиқ бўлмаган илмдир. Аксинча, барпо этувчи ва вужудга келтирувчи бўлган Зот айнан Унинг Ўзидир. Унда комилликнинг чўққиси бор.
Шуни ҳам таъкидлашимиз керакки, саналган ва саналмаган илмларнинг барчаси Қуръонга боғлиқ. Бу билимларнинг ҳаммаси ягона Аллоҳнинг маърифат денгизидан сув ичган ва ундан таралган. Бу афъол (феъллар) денгизидир. Биз у денгизнинг соҳилсиз эканлигини айтиб ўтгандик. Агар денгиз суви билан Унинг калималарини ёзишга тўғри келса, Унинг калималари тугамасидан денгиз суви тугаган бўларди. Афъол денгизи бўлган Аллоҳнинг феъллари касаллик ва давога ўхшайди. Зотан Аллоҳ Иброҳим алайҳис-салом ҳақида шундай марҳамат қилади:
80. Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи(Шуаро, 80).
Бу илк феълини илмини мукаммал билган инсонгина англаб ета олади. Зеро тиббиёт касаллик ва унинг аломат-ларини (шифо ва унинг сабабларини) ўрганишдан иборат.
Қуёш ва ойнинг ўз орбитасида айланиши ҳам Аллоҳнинг феълларидандир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
5. Қуёш ва ой ҳисобдадир.(Раҳмон, 5).
5. У қуёшни зиё ва ойни нур қилгаи ҳамда сизлар йилларнинг ададини ва ҳисобини билишингиз учун унинг манзилларини ўлчовли қилган зотдир. Аллоҳ ўшани фақат ҳақ ила яратди. У биладиган қавмлар учун оятларини батафсил баён қилади. (Инсон ҳаёти давомида доимий ҳис этиб турадиган мавжудотлардан бири қуёш, яна биттаси ойдир. Лекин инсон уларнинг мавжудиятига ўрганиб қолганидан кўп ҳам эътибор бермайди.)(Юнус, 5).
8. Ва ойтутилса.
9. Ва қуёш билан ой жамланса(Қиёмат, 8-9).
13. У зот кечани кундузга, кундузни кечага киритур, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўигандир. Ҳар бири белгиланган муддатгача юрадир. Ана шу Аллоҳ-Роббингиздир. Мулк Уникидир. Ундан ўзга илтижо қилаётганларингиз эса, данак пўстлоғига ҳам молик эмаслар. (Арабларда ҳеч нарсага арзимас ва қадрсиз нарсани хурмо данаги устидаги ўта юпқа пўст-лоққа ўхшатиш одати бор. Қуръони Карим ҳам оятларни илк қабул қилиб олаётган шу халқнинг зеҳнига осон ўрнаштириш учун мазкур ўхшатишдан фойдаланиб, мушриклар ўзларича ибодат этиб юрган сохта худолари ўша хақир пўстлоқча нарсага ҳам молик эмасликларини таъкидламоқда. Улар ҳеч нарсага эга эмаслар, уларнинг ҳукми ҳеч жойда ўтмайди, дейилмоқда.)(Фотир, 13).
38. Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азизу ўта билгувчи зотнинг тақдир қилганидир. (Оятда қуёшнинг ўз истиқрори учун ажратилган маконда ва замонда жараён этиши-ҳаракатланиши ҳақидагина гап кетмоқда.)(Ёсин, 38).
Қуёш ва Ойнинг ўз ўқида маълум бир тартибда айланиши, Қуёш ва Ойнинг тутилиши, кечанинг кундузга кириши, бирининг ортидан иккинчиси келиши ҳақиқати фақат Ер ва осмонлар ҳақидаги илмлар орқали англашилади. Юқорида келтирилганлар бу илмларнинг бошланишидир.
6. Эй Инсон! Сени карамли Роббинг ҳақида нима ғурурга кетказди?!
7. У сени тўла-тўкис ва мўътадил қилиб яратган зотдир.
8. Ўзи хоҳлаган суратда сени таркиб қилди(Инфитор, 6-8).
Юқоридаги оятнинг том маъносини инсон тана аъзоларининг ички ва ташқи тузилишини, уларнинг сони, турлари, ҳикматлари ва фойдаларини яхши билган инсонгина тўлиқ англаб етади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг баъзи ўринларида бу хусусда ишора қилади. Бу илм аввалги ва кейинги инсонларнинг илмларидандир. Қуръонда ҳам аввалги ва кейингиларнинг барча илми жамланган.
Яна Аллоҳнинг марҳамат қилганидек,
29. Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг», деганини эсла.(Ҳижр, 29)
оятидаги руҳни, пуфлаб жон киргизиш ва шакл беришни билмаган киши бу оятни идрок этолмайди. Зеро, бу оятнинг ботиний мазмунида жуда кўп яширин илмлар борки, инсониятнинг кўп қисми бу илмларни ўрганишдан ғофил қоладилар. Ҳатто, баъзи олимлар ҳам бундай оятларни эшитганида ботиний маъноларини тушуниб ета олмайдилар. Агар мен Қуръони каримдаги феъллар билан боғлиқ оятларни изоҳлаш йўлидан борсам, бу жуда кўп вақт олган бўларди. Шунинг учун мавзуни қисқа қилишдан бошқа иложимиз йўқ. Биз Аллоҳнинг феъллари маърифатуллоҳга киришига ишора қилиб ўтгандик. Шу илм ҳаммасини ўз ичига олади. Биз қисқа қилган қисмларнинг барчасини бўлимларга ажратганимизда улар кўп қисмли бўлиб, батафсил ёритилишига тўғри келар эди. Шунинг учун сен Қуръони каримни тафаккур қилиб, унинг ғаройиб ҳолларини ўрганишга киришсанг, аввалги ва кейинги жамики илмларни ва олдинроқ тилга олинган мавзуларни билиб оласан. Бу борада Қуръонни тафаккур қилиш орқали улкан илмлардан то уларнинг икир-чикиригача билиб олиш мумкин. Чунки Қуръон соҳилсиз уммондир.
Имом Ғаззолийнинг
"Қуръони Каримнинг жавоҳирлари ва дурлари" китобидан